У нас есть только
оригинальные песни

Shahzoda o'tkazgan press-konferensiyadan ma'lumotlar!

calendar 26.06.2010
3462

Shahzoda18-июнь соат 15.00 да «Тарона рекордс» студиясига "Ўзбегим таронаси” радиосидан, "Гранд” радиосидан ва бошқа ОАВ журналистлари йиғилишган эди. Орадан бироз вақт ўтиб, пресс-конференция бошланди. "Тарона рекордс” студияси директори Даврон Муқимов ҳам Шаҳзода билан биргаликда эди. Улар пресс-конференцияни очиқ деб эълон қилишгач, илк савол "Ўзбегим таронаси” радиосидан Сабина томонидан Шахзоданинг Муз-ТВ тақдимотида иштирок этгани ва таъссуротлари ҳақида бўлди.

Шаҳзода Муз-Тв тақдимотидаги иштироки ҳақида мамнуният билан сўзлаб берди. Тақдимотни бошқа йиллардагидан фарқли равишда 5 соат давом этгани ва қизиқарли бўлганлигини билдирди.

Шунингдек, Муз-Тв да хонандани 2 қўриқчи қиз ҳамроҳлигида келгани ҳақида ҳам саволлар бўлди. Хонанда уларга жавобан бу ҳолат унинг янги видео клипи "Люблю тебя” ("Сен учун” ) билан боғлиқлиги, ушбу клип ғоясига кўра, бир неча фильмлардан олинган сюжетлар борлиги, яъни, «Мушук аёл», «Гладиатор аёл», «Лара Крофт» каби бир неча имиджларда кўриниб, ўз муҳаббати учун курашишини (албатта клипда) айтиб ўтди.

Хонанда, 10 июнь куни Муз-Тв тақдимотидан ташқари, МТВ оқшомига "Тренди” дастури олиб борувчиси Снежанинг туғилган кунига таклиф этилганлиги, у ерда хонанда Дан Балан танишганлиги ва ҳозирда ижодий ҳамкорлик дуэт учун музокаралар олиб борилаётганлиги ҳақида, Муз-Твдан сўнг бўлган Авто патида Майкл Жексоннинг опаси Латойя билан ҳам танишганлиги, қисқа суҳбатда бўлганлиги, Латойя марҳум акаси Майкл Жексон ҳам шарқ санъатига қизиққанлиги ҳақида айтиб ўтганлигини, шунингдек Латойянинг ўзи унинг Ўзбекистонда бўладиган концертига келиш истагини билдирганлигини, уни жуда ҳам самимий, камтар инсон эканлиги ҳақида ҳам сўзлаб берди.

Хонанда тақдимотда Фешн-TB яъни, энг стильный видео мукофотини қўлга киритганлигини, у билан биргаликда ушбу мукофотга Жанна Фриске, "Виагра” гуруҳи, ҳамда "Винтаж” гуруҳининг клиплари даъвогарлик қилганлигини айтиб ўтди.

"Гранд” радиоси вакили Умархон томонидан хонандани нима учун бошқа давлатлар, ёки Европада эмас, айнан ижодий ҳамкорликни Москва билан боғлаганлиги ва бунда қандай мақсад борлиги ҳақида савол берилганида, хонанда бу ҳолат атайлаб қилинмаганлиги ҳақида айтиб, баъзида кўплар уни Москвада яшайди деб ўйлашларини ва уни кўрганларида Москвадан қачон келдингиз – деб савол беришларини, у эса бунга жавобан: Мен ҳеч қаерга кетмаганман, кетиш ниятим ҳам йўқ, фақат ишим юзасидан гастролларга бораман дейишини ҳам билдириб ўтди. Айнан, Москва масаласига келсак, бунга "Фотима ва Зуҳра” фильми сабаб бўлганлигини, бу фильм уни аввалига Шимолий Кавказга таништирганлигини, у ердан концертларга таклифлар бўлганлигини, у ерларга борганида ҳамма уни фильмдаги каби Зуҳра деб чақирганларини, Чеченистонда эса унинг фильмга куйлаган саунтрейки "Ҳаёт айт”ни бирга қайтариб куйлаганларини, ўйлашича шундан сўнг кутилмаганда "Гала рекордс” компанияси раҳбарияти (Директор Александр Блинов) уларни сайти орқали топганлигини ва таклиф этганлигини, суҳбатлашгач, шартнома тузиб, рус тилида ҳам қўшиқлар яратиш таклифини берганлигини, шундан сўнг Москвада карьераси бошланганлигини сўзлаб берди. Хонанда нима учун айнан Дж.Смеш билан дуэт куйлаганлиги ҳақида тўхталиб, Дж.Смеш ҳам ўша компания билан ишлашини, (худди "Тарона рекордс”да Шаҳриёр, Лола, ўзи каби), шунингдек у компанияда Максим, Жанна Фриске каби хонандалар ҳам борлигини, ўзи эса ҳозирда рус тилида янги альбом тайёрлашаётганлигини (альбомда "Тўрт қадам” қўшиғини ҳам русча варианти ҳам бўлишини) сўзлаб берди.
Гранд радиоси вакили Умархон Шаҳзодани Ўзбекистондаги концертини кутаётганлигини айтганида, Шаҳзода (бироз ҳазилга олиб): – "Тарона”да ҳар йили концертим режалаштирилади, (кулиб) агар имконият бўлса, баъзи кичик муаммолар батараф этилиши керак, концертга келсак, мен концертга тайёрман, агар эртага бўлса ҳам. Чунки мен ишлаяпман, агар эртага дейишса ҳам уддасидан чиқа оламан. (кулиб) Концерт масаласида яхши янгиликларимиз бор, лекин фақат бу ҳозирча сир – деди.
Инглиз тилида ҳам қўшиқ айтасизми дейилганда, хонанда "Люблю тебя” ("Сени севаман”) деб номланган қўшиқни инглиз тилида куйлаганлигини, лекин ҳозирча Тошкентда бу қўшиқ рус тилидаги варианти берилиб, кечроқ инглиз тилида тинглашимиз мумкинлигини айтди.
"Гранд радиоси” вакили Умархон томонидан берилган (радиотингловчилар фикридан келиб чиққан ҳолда) нима учун ҳозирда айнан рус тилида кўпроқ қўшиқ куйлаяпсиз? "Тўрт қадам” қўшиғингиздан сўнг куйлаган ўзбек тилидаги қўшиқларингиз жуда ҳам оммалашмаяпти, бу ҳолатда сиз кўпроқ эътиборни рус тилидаги қўшиқларга қаратяпсиз? деган саволига
Хонанда Шаҳзода: – Мен айнан шу саволни кутган эдим. Менга бу борада "Тарона рекордс” томонидан ҳам кўп саволлар бўлган эди. Гап шундаки, ҳар доим менинг янги альбомим сентябр ойида, яккахон концертимдан олдин чиқар эди. Бу йил эса улгура олмадик. 2 та альбом тайёрлагандик, олдинги йиллар ҳиссасини чиқариб, яъни "Севги бор” ва "Унутмадим”. Бу йил эса улгура олмаганлигимизни сабаби, параллел равишда Россияликлар учун альбом тайёрладик. Сизга айтсам, мени ҳозирда ўзбек тилидаги альбомим ҳам деярли тайёр, у ерда кўпгина ўзбек тилида қўшиқлар бор. Лекин, кичик сабабларга кўра, ушлаб турибмиз, ҳамма нарсани ўз вақти-соати бор – деб жавоб қайтарди.
Москвада ижодингизни бошладингиз, оз бўлса ҳам ютуқларга эришдингиз. У ерда четдан кириб борганларга кичик ютуққа эришиш ҳам жуда қийин. Сизга ҳам қийин бўлмадими, қўрқмадингизми деган саволга хонанда у ерда ижод жуда ҳам қийин эканлигини, хонандалар жуда ҳам кўплигини, шунчаки хонандалар эмас, маҳоратли, кучли хонандалар кўплигини, рақобат жуда юқорилигини, асосийси Москвада ҳеч ким фонограммада куйламаслигини, фақат жонли ижро талаб қилинишини айтиб ўтди.
– Бу жуда ҳам қийин. Бизда кўплар фонограммада куйлашади. Биз кўп вақт фонограммада ижро қилишга кўникиб қолганмиз – деди Шаҳзода. – Бизда жонли ижро қила олишмайди демоқчи эмасман. Бу ерда ҳам кўпчилик хонандалар жонли ижро қила олишади, фақат буни томошабин талаб қилмаганлиги учун хонандалар ҳаракат қилишмайди.
"Ўзбегим таронаси” радиоси вакили Сабинани у ерда жуда ҳам қийин деяпсиз, бунинг учун ўзингиз ҳам қўшимча вокал дарслари олдингизми деган саволига,
Шаҳзода: – Мен ҳали ҳам вокал дарслари оламан, масалан агар керак бўлса менга айтишади, мана бу ерга борилади концертга, жонли концерт бўлади. Агар жонли куйлай олмасанг қабул қилиша олмайди деб. Мен дарҳол вокал билан шуғулланишга киришаман. Кейин қайтгач, дам оламан. Лекин ҳозир, ҳар куни шуғулланяпман. Маҳоратни чархлаб бориш керак. Балки мен у ерда (Москвада) бирор Европа қўшиғини куйлай олмаслигим мумкиндир, лекин ўз қўшиқларимни куйлай оламан.
Москвада жуда ҳам ҳаяжонланган ёки қийналган вақтингиз бўлдими деб "Sayyod” жамоасидан Саида савол берганида,
Шаҳзода: – Нафақат Москвада, Тошкентда ҳам бундай вақтлар бўлган. Ўзи хонандага концертдан олдин ҳаяжонланяпсанми дейиш нотўғри деб ўйлайман. Чунки бу жуда катта масъулият. Сен нафақат ўзингга, балки 4000 минглаб томошабинларга ёқишинг, манзур бўлишинг керак. Ҳаяжонланмаслик мумкин эмас. Ўзини ҳурмат қилган ҳар бир хонанда ҳаяжонланади. Ҳар бир концертдан олдин, майли кичик бир чиқиш бўлсин, Тошкентдами, Фарғонадами, Марғилондами, бошқа ердами мен доим ҳаяжонланаман. Фақат Москвада эмас.
– Қийналган вақтингиз–чи, дейлик ўзингиздан норози бўлиб? деб Саида саволни давом эттирганда
Шаҳзода (кулиб): – Мен доим ўзимдан норозиман, бу мени минус тарафим бўлса керак. Мен доим ўзимни хатоларимни излайман, ўзимдан саҳнада норозиман, экранда ўзимдан норозиман, ўзимга ўзим энг катта танқидчиман. Менга доим нимадир ёқмайди, нимадир асабийлаштиради, мана буни бундай қилиш керак эди дейман.
Энг қийналган вақтга келсак, иккинчи клипимда энг қийин бўлган. У ерда эпизодсиз, соатлаб ишлаганмиз. Айниқса трюклар жуда қийин эди, каскадёр бажаришини таклиф қилишган, лекин мен ўзим бажарганман, ўзим қила олишим мумкин бўлган нарсани нима учун бошқа одам қилиши керак. Ёшим ҳам, имкониятим ҳам тўғри келади деб. Лекин кейин афсусландим, жуда ҳам қийин бўлганлигидан.
– Танқидга муносабатингиз? деб Саида яна савол берганида,
Шаҳзода: – Танқидга нисбатан муносатим яхши деб иккиюзламачилик қилмайман. Агар соғлом тўғри танқид бўлса, мен хафа бўлишим мумкин, лекин ўзим учун хулоса чиқараман, хафа бўлишим мумкин, лекин ҳисобга оламан. Аммо, танқид ўйлаб топилган бўлса ва менга алоқаси бўлмаса, бундан бир неча йил аввал шундай бўлган эди. Кўплаб ўйлаб топилган ва менга алоқаси бўлмаган қора пиар. Бу жуда ҳам оғриқли эди. Бир неча йил ўтиб, мени кулиб турган ҳолда кўриб, ишонмаслик мумкин, лекин менга жуда ҳам оғир бўлган эди. Ҳаммаси ўтиб кетди албатта. Бу менга лекин қатьийроқ ва қаттиққўлроқ бўлишимга ёрдам ҳам берди.
– Бундай ҳолатлар, қийинчилик билан қандай курашасиз? деб Саида саволни давом эттирганида,
Шаҳзода: – Ҳеч қандай. Вақт ҳаммасини даволайди. Журналистлар нимадир деб ёзса, албатта хафа бўламан, асабийлашаман, кейин вақт ўтиб ҳаммаси бефойда деб ўйлайман. (кулимсираб) Вақт ҳаммасига даво. Бошқалар мени яқиндан билишмайди. Ҳамма мени четдан билади. Кимдир мени хонанда сифатида билади, кимдир инсон сифатида. Шунинг учун, ниманидир исботлаш бефойда. Ўйлайман–ки, одамлар вақт ўтиб ўзлари ҳаммасини тушиниб олишади. Ўзимга келсак, масалан, Москвалик хонандаларданми, менга бирор хонанда ёқса, биринчи навбатда интервьюсига эътибор бераман. Мен учун интервью жуда муҳим. Мени уни қандай фикрлаши, ҳаётда қандай инсонлиги, психологияси қизиқтиради. Шундай ҳоллар ҳам бўлган, баъзи хонандаларни интервьюсини ўқигач, уларга бўлган эътиборим сўнган.
– Ўзингизга ўзингиз қандай савол берган бўлар эдингиз? – Саида яна савол берди.
Шаҳзода (кулиб): – Билмадим.
Шунда хонандага "Sayyod.com” жамоаси аъзоси сифатида мен ҳам савол бердим: –Россияга борганингизда, айнан ўша ерда кўнглингиздан ўтган энг биринчи сўзларингиз? Ўша ерга биринчи қадам қўйганингизда?
Шаҳзода: – Фақат Росссия эмас, қаерга борсам ҳам, жуда ҳам Тошкентга учгим келади.

"Ўзбегим таронаси”дан Сабина –Тошкентдаги концерт бериш масалалари қачон ҳал бўлади? деб савол берди.
Унга жавобан Даврон Муқимов: – Бу бизга боғлиқ эмас – деб жавоб қайтарди.
Орага бироз жимлик чўкди. Шаҳзода бироз титроқ товушда, кулимсираб ижодидаги яна бир янгиликдан бохабар этди.

Шаҳзода: – Мен янги фильмда суратга тушиш учун тайёргарлик кўряпман. Ўзбек фильми албатта. Сценарий муаллифи Евгения Палихова, режиссёр Елезавета Каралли. (бир неча фильмларда режиссёр ёрдамчиси бўлган, Яйра Абдуллаеванинг набираси) Бу бироз мистик фильм. Биласизми, кўпчиликка "Фотима ва Зуҳра” фильми жуда ёққан эди. Ўзим ҳам бу фильмдан жуда миннатдорман. Бу фильм туфайли мени концертларга таклиф этишган. Кўпчилик давомини сўраган. Лекин, бу фильмни давом эттиришни иложи йўқ. Шунинг учун, бу гал бу янги фильмга ўша актёрлар состави таклиф қилинди. Жуда ҳам қизиқ фильм бўлади. Кўп вақтдан бери мени кино борасида ижодимда танаффус бўлганлигини сабаби, мен ўзимга мос жиддий рол излаётгандим. Мактаб ўқувчиси каби ёш қизларни ижро қилиш ниятим йўқ, ҳақиқий рол кутдим. Мана ниҳоят, бу фильм, съёмкалар бошланади.
Москвалик режиссёрлардан ҳам кинога тушиш таклифлари бўлганми деган саволга Шаҳзода: – ҳа таклифлар бўлган, ҳали ҳам бор, бу фақат сир. Бир сафар ҳаммаси аниқ бўлганида, нима учундир россиялик ҳомийлар билан келишув тўғри келмади. "Жин” фильми, шарқона кўринишли қиз излашаётган эди деб жавоб берди.
– Актёр учун муҳими режиссёр эмас, ролни ўзи ва сценарий – деди хонанда. – Тўғри, режиссёр ҳам муҳим, лекин дейлик машҳур режиссёр бўм–бўш шунчаки кассабоп фильм олиши ҳам мумкин. Ёш режиссёрлар яхши фильм яратиши мумкин. Мусиқада ҳам шундай.
"Гранд” радиоси вакили Умархон: – Ўзимни ижодимдан келиб чиқиб савол беряпман. Лирикага қизиқаман. Баъзида баъзи мактубларни таъсирли бўлганидан ўқий олмайман. Демоқчиман–ки, Шаҳзодани ижодида ҳам шундай ҳол бўлганми, ўзини қўшиғидан таъсирланиб кўзида ёш билан қийналиб, куйлай олмаган қўшиқлар борми?
Шаҳзода (кулиб): – Мени ўзи асабим бўш, бу ҳол менда кўп бўлади.
– Кўпроқ қайси қўшиқда? деб Умархон саволини давом эттирди.
Шаҳзода: – "Тўрт қадам”, "Ўкинч”, жуда кўп. Ҳозир эса (бироз ўйланиб) Бу қўшиқни қандай ижро этаман билмадим, янги қўшиқ ёздик, "Она юраги”.
– Яна бир савол, муаммолар бўлади, чора излаймиз. Бу ҳолатда кимдир мадад бериши керак. Шаҳзодани шундай мадад берадиган, ташвишларни енгиб ўтишда елкадош бўлган инсонлари ким?
Шаҳзода: – Биринчи навбатда бу мени онам. Билмадим, кўпчилик хонанда қизлар ёшлигимда мен хонанда бўлишни орзу қилганман дейишади. Лекин, мен ҳеч қачон хонанда бўлишни орзу қилмаганман. Ҳозирда ҳам шоу бизнес одами эмаслигимни тушунаман. Айниқса, оғир дамлар бўлганида буни тушунганман, буни кўтара олмасам керак деб ўйлаганман. Баъзилар бунга тайёр, агар бирор ҳолат бўлса, кулиб, шунга яраша жавоб қайтариб кетаверишади. Менда эса, ҳозиргача қариндошларим ҳайрон бўлишади қандай қилиб Зилола хонанда бўлди деб. Чунки болалигимда мен жуда ҳам уятчан эдим, доим байрамларда бошқа болалар чиқиб шеър ўқишса, мен онамни орқасига беркинардим. Онам менга ўзимга ишонч туйғусини сингдирган. Онам ижод кишиси, бошқа соҳадан бўлгани билан, балерина бўлишни орзу қилган. (кулиб) У киши доим мен ичимда юлдузман, юлдуз бўлиб туғилганман дейдилар. Бу нарса менда йўқ. Улар менга жуда катта ёрдам берганлар саҳнага чиқишимга. Иккинчи бўлиб эса, "Тарона рекордс” компаниясидан жуда ҳам миннатдорман. "Жоним” гуруҳида 2 та қиз эдик. Ҳомиймиз йўқ. Бизга иккинчи солист дугонамнинг эри Вагиф Зокиров ёрдам берар эди. Бошқа кўмакчимиз йўқ эди. Эсимда "Тарона 2000” концерти бўлган эди. Ўшанда Вагиф Зокиров бизга "Тарона рекордс” компанияси бор. Биз сизларни у ерга олиб киришга ҳаракат қиламиз деган эди. Хуллас, бизни ўша концертда чиқаришга муваффақ бўлишган. Биз бундан шунчалик бахтли бўлганмиз–ки. Кейин бизни бу ерга таклиф этишди, контракт ва иш таклиф қилишди. Жиддий даражага, муваффақиятга эришишим шу компания туфайли. Ҳалигача қўллаб–қувватлашади. Мен ҳеч қачон маҳоратлиман, ўзимни ўзим яратдим демайман. Бу гапни ҳеч ким айта олмаса керак. Агар бир қўшиқ тайёрламоқчи бўлсанг ҳам, 10 кишини меҳнати кетади. Бу умумий меҳнат. Катта меҳнат. Агар уларни меҳнати, қувватлаши бўлмаганда, билмадим. Ўзимни кучли инсон дея олмайман.
Шоу бизнесга келсак, у мени анча қайта тарбиялади. 3–4 йил олдин, мен пушти кўзойнакда юрардим десам ҳам бўлади. Мен ҳаммани яхши кўрардим. Ҳамма ҳақида фақат яхши фикрда эдим. Агар бу одамга сен ёқмайсан, у сени ёқтирмайди дейишса ҳам, ўша одамни яхши дерди. Баъзи воқелардан сўнг, қаттиққўлроқ бўлдим, балки бу нотўғридир. Лекин одамларни ажратишни, фарқига боришни ўргандим.
Шу пайтда Даврон Муқимов: – Лекин, Бу яхши одам деган сўз бизда ҳали ҳам бор деб кулимсираб қўшимча қилди.
Шаҳзода ҳам (кулиб): – Улар ҳали ҳам ҳазил қилиб кулишади. Зилол, бу яхшими деб.
Гранд радиосидан Умархон: – Шаҳзода болалар уйларига бориб хайрия ўтказадиларми? Уларга қай даражада ёрдам берасиз? Уларни кўрганингизда қалбингизда нималар кечади? деб савол берди.
Шаҳзода эса: – Ҳа – деб жавоб беришим мумкин, лекин бу ҳақида ёзишларини истамайман деб жавоб қайтарди.
Умархон эса: – Бу шахсий савол – деди.
(Бошқаларга ибрат бўлиши учун бу саволни жавобини бир қисмини ёзишни лозим топдим.)
Шаҳзода эса: – Мен одатий болалар уйларига бормайман. Қорақамишдаги ногирон болалар уйига бораман. Кўпчилик ахир бу психологик жиҳатдан оғир–ку, дейди. Албатта, бу оғир психологик жиҳатдан. Лекин, ҳар қандай инсон уларга ёрдам бериши мумкин. Лоақал, бир соат вақтини ажратиб. . . .
Ўзбек шоу бизнесидан кимларни ёқтирасиз деган саволга хонанда: – Менга кўплар ёқади. Ўзимизда ишлагани учун эмас, лекин Нилуфар Усмонова ёқади. У шоу бизнес одами, хонанда, ўз олдига қўйган ҳар қандай мақсадга эриша олади. Кейин яна менга Манзура ёқади. Инсон сифатида уни кам биламан. Лекин, менга уни доим янгилик яратиши, нималардир ўйлаб топиши ёқади. Бизда кўпчилик хонандаларни (кулиб) бир–биридан фарқлаш қийин баъзида. Лекин, Манзура ўз иши билан шуғулланади. Яхши қўшиқлар яратади, клиплар суратга олдиради деб жавоб қайтарди.
Гранд радиосидан Умархон: – Ўзбек шоу бизнесидан дуэт ижро этиш учун таклифлар бўляптими? Режалар борми? деб савол берганида,
Шаҳзода: – Ҳа – деди.
"Ўзбегим таронаси”дан Сабина: – Сиз ўзингиз ҳал қиласизми буни ёки "Тарона”?
Шаҳзода: – Ўзим ҳал қиламан. "Тарона” дагилардан маслаҳат сўрайман. Чунки, уларни фикри мен учун жуда муҳим. Улар тажрибали. Агар улар бу муносиб таклиф эмас дейишса, уларни фикри билан ҳисоблашаман. Лекин, кўп ҳолларда ўзим танлайман. Менга хонандани ёшлиги ёки машҳур, машҳур эмаслиги муҳим эмас. Яқинда, танилмаган бир ёш хонанда билан дуэт куйлайман. Менга қўшиқни ёқиши ҳам муҳим.
Пресс–конференция ниҳоясида жамоамиздан Саида: – Сизни қийнаётган энг катта муаммо ва ҳозир айнан нимани ўзгартирган бўлардингиз? – деб савол берди.
Шаҳзода эса кулиб юборди ва кейин табассум билан: – Жавобларимда айтиб ўтганимдек, бу муаммо фақат концерт, жуда ҳам концерт бергим келяпти–деди. – Бу жуда ҳам кулгили, ўзим ҳам билмайман нима учун концерт беролмаётганимни. Бошқа ерларда концерт берганимда, ўша ердаги томошабинлар ўрнида ўзбек томошабинларини кўргим келади. Энг катта орзуим концерт бериш. Мени қийнаётган энг катта муаммо ва орзу бу концерт.

Шундан сўнг, пресс–конференция якунланди ва Шаҳзода келган журналистларга миннатдорчилик билдирди.
Феруза Фаттохова тайёрлади


Мазкур пресс-конференцияда қатнашмаганим боис, Ферузанинг тайёрлаган репортажидан асосий саволни хеч бир журналист бермаганидан ажабландим. Вахоланки МузТв тақдимот куни, гарчан бу тақдимотни кузатишга вақтим бўлмаган бўлса-да, нафақат мухлислар, балки анчагина журналистлар менга қўнғироқ қилиб бу хақида сўрашди. Баъзи миш-мишларку майли, лекин журналистлар Шахзода билан пресс-котиб бўлиб ишламаслигимни билишса керак деб ўйлагандим. Қизиғи бу саволни бериш учун имконият бўлиб пресс-конференцияга таклиф қилинганлари хам ташриф буюра олишмади.
Билмасам, ким бўлишидан қатъий назар, хеч кимга пресс-котиб бўлишни шахсан ўзимга эп кўрмайман. Улуғбек Отажонов ва Али Отажоновлар билан продюсер бўлиб ишлаган бўлсам, Озода Саидзода билан арт-директор сифатида хамкорлик қилганларим хақида очиқчасига сайтимда айтганман.
Хуллас, ўтламасдан муддаога ўтсам, чунки барибир бефойда.
Шахзода билан боғландим:
МузТв-2010 тақдимотида иштирок қилишингиз ва сахнада куйлашингиз хақида хабар берилганди. Ва Москвадаги баннерларда хам номингиз иштирокчи хонанда сифатида турганди, нима учун куйламадингиз?
-Ахамият берган бўлсангиз баннерда кўрсатилган Кристина Орбакайте, ВИАгра ва Жанна Фрискелар хам куйлашгани йўқ. Фақат мен ажралиб қолганим йўқ. Сабаби оддий, Москвада бўлиб ўтган сўнгги терактлар муносабати билан концерт ташкилотчиларига, маросимни соат 00-гача ўтказиш буйруқ берилган. Мазкур йўриқномага асосан кўпчилик қисқартирилди ва фақат номзодларгина қолдирилди.
Яндекс.Метрика