У нас есть только
оригинальные песни

ТОҲИР СОДИҚОВ 50 ДОЛЛАР ЮТИБ ОЛДИ, ЖАСУР УМИРОВ 200 ДОЛЛАР ЮТҚАЗДИ!

calendar 17.07.2010
2184


2010 йил ФУТБОЛ БЎЙИЧА ЖАҲОН ЧЕМПИОНАТИ ЎЗБЕК ЮЛДУЗЛАРИ ТАҲЛИЛИДА.

 

ФУТБОЛСЕВАР ва ФУТБОЛНИ "ЖИНИ СУЙМАЙДИГАН”  МАШҲУРЛАРНИ БИЛАСИЗМИ?

 

"Миллинонлар ўйини” қайси ўзбек юлдузи учун "бекорчилар ўйини”?! 

 

Спорт турлари  орасида футболчалик  одамларни "жинни” қилиб қўядигани бўлмаса керак. Атиги битта тўп, иккита дарвоза, фақат оёқлар ҳаракати...Стадион эса қўзғолган ари уясига ўхшаб қолади! Бир ой мобайнида Ер шарининг салкам 3 миллиард аҳолиси зангори экран, шулардан озгина фоизи ЖАРда баҳашам стадионларда "миллионлар ўйини”нинг гувоҳи бўлишди. Бир ой мобайнида бозори юрмаган оддий кафе ёки чойхона қолдимикан? Футбол  мўмай даромад учун ҳам эшик очгани рост бўлди! Йирик компаниялар рекламаси туфайли Жанубий Африка Республикаси спорт ташкилотлари анча фойда кўрган бўлса, давлат ҳар тўрт йилда бир маротаба ўтказиладиган шундай улкан лойиҳа амали, бутун дунё эътиборини жалб этиб, диққат-марказида бўлиш учун 3 миллиард доллардан зиёд пул сарфлади! Дарвоқе, футбол тарихида "саккизоёқ Пауль” деган ном муҳрланиб қолди. Фолга борма, фолсиз юрма дейишади. Бироқ, онгсиз сув ҳайвони очган фол тўғри чиқди! Хориж ОАВлари маълумотларига қараганда, саккизоёқ Пауль ўз вазифасини ўтаб бўлди (бошқа фол боқа олмайди!). Мутахассислар фикрича, у навбатдаги жаҳон чемпионати, яъни 2014 йил Бразилияда бўлиб ўтадиган "миллионлар ўйини”гача яшай олмайди! Энг қизиғи, фолбинлигига қизиқиб қолган бир бизнесмен Пауль учун 30 000 евро тўлашини билдириб, харидорлигини маълум қилганида, музей раҳбариятининг ғазабига дучор бўлди, холос.

 Бу йил ҳар қачонгидан-да, ўзбек футбол ишқибозлари учун FIFA ўйинлари энг қизиғи бўлди. Ахир жаҳон футбол тарихида илк маротаба ўзбек арбитри иштирок этди. Равшан Эрматов- бугун миллат қаҳрамонига айланди, десак муболаға бўлмас. Хуллас, пойтахтнинг турли гўшаларида, футбол намойиши бор масканларда кўча-куйда умуман кўриниш бермайдиган, камёб машҳурларимизни ҳам учратиш имкони пайдо бўлди. (Аслида футбол ишқибозларининг шоу-бизнес юлдузлари билан нима иши ҳам бор?!) Сайтимиз томонидан ўтказилган уникал-сўровномада эса кўплаб машҳурларимизнинг футбол ҳақидаги фикрларини очиқ баён этишди. Сиз ҳам танишинг. Бу қизиқ!

(Саволларимиз Паул башорати, мухлислик, финал ўйинлари атрофида берилди!)

Рухшона: Испания терма жамоасига мухлис бўлдим. Кўп дугоналарим билан гаров ўйнадим. Финал учрашувида эса холамнинг ўғлидан мр3-плеер ютиб олдим. Паулга ишондим. Жаҳон чемпионатида фақатгина 6 та ўйинни қолдирдим.

 Сирожиддин: Ўйин бошидан тўртта жамоа чемпион бўлишига умид қилдим. Булар: Аргентина, Германия, Голландия ва Бразилия. Саккизоёқ башоратига эса умуман ишонмадим.

 Жаҳонгир Позилжонов: Фақат Аргентина иштирок этган ўйинларни томоша қилдим. Чунки фақатгина шу терма жамоага мухлисман. Нафақат Паулга, мен умуман фолга ишонмайман.   

 Анвар Санаев: Футбол томоша қилаётган одамларни кўриб, футболга жуда ҳам қизиққим келади. Лекин ҳеч ҳам бунинг уддасидан чиқа олмаяпман. Испания ва Голландия терма жамоаларининг финал ўйинини томоша қилдим. Голландиялик ўйинчиларга ва мухлисларга жуда ҳам ачиндим. Шуни таъкидлаб ўтмоқчиманки, нидерландияликлар, терма жамоа мағлубиятини ҳам пойтаҳт Амстердамда катта тантана билан кутиб олгани мени қаттиқ таъсирлантирди.

Дилдора Ниёзова: Чемпионат бошидан Испанияга мухлислик қилдим. Энг ҳайрон қолганим, Паул башоратининг тўғри чиққани бўлди. Саккизоёқ қўлга ўргатилмаган бўлса... Чемпионат давомида атиги учта ўйинни томоша қилдим. Финал ўйинини "Туркистон” саройи ёнидаги бир кафеда, омма билан бирга томоша қилдим.

Даврон Эргашев: Аргентина терма жамоасига мухлислик қилдим. Сабаби, бу жамоанинг мураббийси машҳур Диего Армандо Марадона. Фолга ишониш ширк ҳисобланади. Ҳисобим бўйича, 20 дан ортиқ ўйинни томоша қилдим. Янги Зеландия, Корея, ЖАР терма жамолари ўйинларини умуман кўргим келмади.

 Жамшид Абдуазимов: Ўйин жадвалини кўздан кечирар эканман, Аргентина, Испания, Голландия терма жамолари ғолиб бўлишига умид қилдим.  Аргентинада Лионел Месси, Голландияда эса Ариэн Роббен, Ван Перси каби матонатли ўйинчилар бўлса,  Испания 2008 йилда "Европа чемпиони”  номига сазавор бўла олди. Саккизоёқ  чеспионатнинг 6 та ўйинини тўғри башорат қилди. Башорат ўз йўлига, бироқ, ғалаба ўйинчиларнинг ўзига боғлиқ. Фақатгина икктита ўйинни ўтказиб юбордим.

 Шуҳрат Қаюмов: Мен бу ўйинни бекорчилар ўйини дея атайман. Копток кетидан қувиш бу фойдали иш эмас. Инсон бошқаларга нафи тегадиган ишлар билан шуғулланиши керак.  Ундан кўра боғбонлик қилиш афзалроқдир. Умрини футболга бахшида этган, футболни ётиб олиб кўрадиган одамларни ҳеч ҳам тушунмайман. Бу ўйинни томоша қилсам, чарчаб кетаман. Футбол, бокс, каратэдан кўра сузиш, от спорти ва бадан тарбия машғулотларига кўпроқ қизиқаман. Инсон танасига жароҳат етказадиган спорт турларини қадрламайман.

Шохруххон:  Бразилия, Португалия ва Испания терма жамоларининг мухлисиман. Уларнинг ичида фақатгина Испания ишончимни оқлади. Энди бир ками саккизоёққа ишонишим қолувди!? У онгсиз мавжудот бўлса. Ўзини кимлигини билмайди-ю, футболни қандай башорат қилсин?!  Чемпионатнинг 60 фоиз ўйинини  томоша қилдим.

 Фарҳод Саидов, "Сарбон” яккахони: Футболга умуман қизиқмайман.

 Шоира Отабекова: Бразилия терма жамоасининг мағлубиятига сиқилдим. Бир нарсани  таъкидламоқчиман, саккизоёқ фолига ишондим. Аввало, Худо, бироқ бу Худонинг мўъжизаси бўлиши мумкин. Чемпионатнинг жуда кўп ўйинларини томоша қила олмадим. Финал учрашувида ўрнимдан бир дақиқа ҳам  жилмадим. Биз борган кафеда Севара Назархонни оиласи билан учратдим.

 Мадина Мумтоз: Германия терма жамосига мухлислик қилдим. Суръатга олиш ва тўй хизматларим боис Паулнинг башоратини финал учрашувидан кейин кўрдим. Аммо бундай башоратларга ишонмайман. Уругвай ва Германия ҳамда финал учрашувини томоша қилдим. Қолган барча ўйинлар натижаларини радиоканаллар орқали тингладим.

 Жасур Умиров: Фақат Голландияга мухлислик қилдим. Ҳар доим дўстларим билан томоша қилдим. Улар кучли жамоаларнинг, мен эса кучсизларининг ёнини олдим.  Башоратга ишонмадим. Чемпионатнинг 5 та ўйинини ўтказиб юбордим. Энг ачинарлиси, финал учрашувида севимли жамоам Голландиянинг мағлубияти бўлди. Устига-устак 200 доллар ютқазиб қўйдим.

 Ёдгор Саъдиев: Испания терма жамоасига мухлислик қилдим.  Умуман саккизоёққа ишонмадим. Ҳамма ўйинларни томоша қилдим.

 Тоҳир Содиқов: Испания терма жамоасига мухлислик қилдим ва улар мени  уялтиришмади. Анави саккизоёқ башоратига эса ишондим. Менга қолса, бизнинг байроғимизни ҳам у яшайдиган уйга туширганимизда, балки, бизни ҳам танларди. Жаҳон чемпионатида ғолиб бўлармидик?! 30 кун ТВдан кўзимни узмадим. Ҳатто такрорий намойишларни ҳам кўрдим. Энг муҳими, финал учрашувида дўстларим билан гаров ўйнаб,  50 доллар ютиб олдим!

Абдураҳмон Позилжонов, "Акфа Медиа” директори: Футболга қизиқаман лекин жаҳон чемпионатини кўра олмадим. Вақт топа олмадим. Агар ўйинларни кўрганимда албатта Испания терма жамоасига мухлислик қилардим. Менга аввалдан ушбу жамоанинг ўйини ёқади.

 Зиёда: Мен очиғи футболга қизиқмайман.

 Адиз Ражабов: Чемпионат бошланган кундан бошлаб, Камерун терма жамоасига мухлислик қилдим. Саккизоёқ башоратига ишонмадим, Испаниянинг финалдаги ғалабаси бу таъсодиф деб биламан. Хамма ўйинларни томоша қилгим келди лекин фақатгина 4 ўйинни кўрдим.

 Шаҳноз:  Англия, Бразилия ва Португалия терма жамоаларига мухлислик қилдим. Лекин Испания 2008 йилда Европа чемпиони бўлган, жуда яхши ўйнашди жахон чемпиони номига ҳаққоний эришаолди. Финалда Голландиянинг ўйини бошидан менга ёқмади, ҳудди боғча болалари каби ҳаракат қилишди. Энг ачинарлиси Англия ва Бразилиянинг  финалга чиқа олмагани  бўлди. Чемпионатнинг чоракфинал, яримфинал ва финал учрашувларининг барчасини томоша қилдим.

 Мустафо: Аргентина терма жамоасининг ашаддий муҳлисиман. Саккизоёқ башоратини эса тушунмадим, нима бу ўзи, бунақа нарсаларга умуман ишонмайман. Агар аниқ ҳисобласам атиги 3 та ўйинни қолдирибман.

 Мирзабек Холмедов: Футболга унчалик ҳам қизиқишим йўқ.

 Жаҳонгир Отажонов: Чемпионат бошидан севимли жамоам Италияни қўллаб-қувватладим.  Саккизоёқ башоратини кўриб, хайрон қолдим, рости ишондим. 2 кун аввал  Германия сафаридан Тошкентга қайтиб келдим. Жахон биринчилигини немис футбол ишқибозлари билан бирга катта экранларда томоша қилдим.

Яндекс.Метрика