У нас есть только
оригинальные песни

10 dekabr – O'zbekiston Respublikasining Davlat madhiyasi qabul qilingan kun

calendar 10.12.2017
1116

Давлат рамзлари мамлакат суверенитети ва мустақиллигини ифодаловчи, халқнинг шаъну шавкати, ғурури, ор-номуси, тарихий хотираси ва орзу-умидларини ўзида мужассам этувчи муқаддас тимсоллардир.

Шу боис Биринчи Президент Ислом Каримов ташаббуси билан мустақилликнинг илк кунларидан халқнинг озодлик, ҳурлик сингари энг буюк орзу-интилишларини, маънавий қадриятларини ифодаловчи, Ватан мустақиллигини мустаҳкамлаш, юртга садоқат, бунёдкорлик ва яратувчанликка ундовчи Бош қўшиқни қабул қилишга асосий эътибор қаратилди.

1992 йил 10 декабрда “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги қонун имзоланди.

Мазкур қонунда белгиланганидек, мадҳия давлат суверенитетининг рамзи ҳисобланади, унга зўр эҳтиром билан қараш ҳар бир фуқаронинг ватанпарварлик бурчидир. 2010 йил 24 декабрда мазкур қонунга киритилган ўзгартишга кўра, фуқаролар, шунингдек, мамлакатда бўлиб турган бошқа шахслар мадҳиямизни ҳурмат қилиши шарт.

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов шеъри, Ўзбекистон халқ артисти, атоқли композитор Мутал Бурҳонов мусиқаси асосида яратилган мадҳиямизда мусаффо осмон, бахтли ва фаровон ҳаёт, халқнинг асрий орзулари, келажакка ёруғ умиди ва мустаҳкам ишончи теран ифодаланган.

ЎзАнинг хабарига кўра, ўтган йили мадҳиямиз мусиқаси муаллифи – Ўзбекистон халқ артисти, атоқли композитор Мутал Бурҳонов таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонланди. Бу йил давлат мадҳияси матнини битган атоқли шоиримиз, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов номини абадийлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Қарши шаҳрида Абдулла Орипов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернати ташкил этилди. 

Яндекс.Метрика