У нас есть только
оригинальные песни

Аҳад Қаюм Аҳмадбойга атаб шеър битди

calendar 27.06.2016
2920

Аввалроқ, Тошкент вилояти, Чиноз тумани, “Ўзбекистон” қишлоқ фуқаролар йиғини, Навоий кўчаси 85-уйда яшовчи фуқаро Аҳмаджон Турсунбоев бошчилигидаги “молиявий пирамида”га нуқта қўйилгани, Турсунбоев бир неча йиллар давомида одамлардан машина, мол-ҳол, қимматбаҳо буюмлар, катта миқдордаги миллий ва хорижий валютани йилига камида 100 фоизлик дивиденд тўлаш, яъни икки баробар қилиб қайтариш шарти билан олгани ва ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан унинг уйи ва корхоналари тинтув қилиниб, 13 миллиард 139 миллион сўм ва 7 миллион 900 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар топилгани ва Турсунбоевнинг ноқонуний фаолиятига нуқта қўйилиб, ўзи ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эдик. Бу воқеа сабаб Аҳмадбойга ишониб қолган минглаб одамлар бошини чангаллаб қолди. Ким пулларидан, ким автомобилидан айрилди.
 
Бутун республикага, ҳатто, қўшни давлатларга ҳам овоза бўлиб кетган мазкур воқеа ҳануз одамлар тилидан тушмай келяпти. Ёш шоир Аҳад Қаюм навбатдаги шеърини ушбу ҳолатга бағишлаб, унда Аҳмадбой номини тилга олди.
 
Одамлардан тўплаб қанча олтин-зар,
Қайтараман дебсиз икки баробар.
Жабр қилиб элу-юртга дардисар,
Энди ҳеч ким раҳмат демас, Аҳмадбой.
Бу ишингиз яхши эмас, Аҳмадбой!
 
Бечоралар ишлатмайин каллани,
Калла деса опкелибди саллани.
Сиз ҳам пойлаб айни керак паллани,
Фил ҳам ахир сизча емас, Аҳмадбой.
Бу ишингиз яхши эмас, Аҳмадбой!
 
 
Биров ҳақи юқмас эмиш бировга,
Жонингизни қўйибсизда гаровга.
Бекор қибсиз сувлар сепиб оловга,
Кетди пуллар Камаз-камаз, Аҳмадбой.
Бу ишингиз яхши эмас, Аҳмадбой!
 
Алмашибсиз пахталарни тахтага,
Айрим кунлар тахталарни пахтага.
Пулим етар дебсиз тилла яхтага,
Ўзингизни босинг бир пас, Аҳмадбой.
Бу ишингиз яхши эмас, Аҳмадбой!
 
Хафа бўлманг шоир Аҳмад Қаюмдан,
Шеър ёзинг деб талаб қилишди ундан.
Ранжиманг сиз энди асло ҳеч кимдан,
Бу сўзларим сизга бир дарс, Аҳмадбой.
Бу сўзларим сизга бир қарз, Аҳмадбой.
Бу ишингиз яхши эмас, Аҳмадбой!
 
Одамлардан тўплаб қанча олтин-зар,
Қайтараман дебсиз икки баробар.
Жабр қилиб элу-юртга дардисар,
Энди ҳеч ким раҳмат демас, Аҳмадбой.
Бу ишингиз яхши эмас, Аҳмадбой!
 
Аҳад Қаюм ушбу шеърни ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифаси орқали эълон қилар экан, бу мисраларни битишига мухлислардан келган таклифлар сабаб бўлганини маълум қилган. 

Яндекс.Метрика