У нас есть только
оригинальные песни

Ҳақиқатда умрингизни мазмунли қила оладиган 30 маслаҳат

calendar 01.10.2015
2068

  Ҳаётни яхши тарафга ўзгартириш учун ҳаракат қилиш керак, лекин доим ҳам ишни нимадан бошлашни билмайсиз. Қуйида келтирилаётган 30 маслаҳат қуруқ гаплар эмас, улар синовдан ўтган ҳаёт таржрибаларидир.

1. Вақтингизни тўғри одамлар билан бирга ўтказинг

Тўғри одамлар кимлар — уларни бир мартагина суҳбат қуриб ёқтириб қоласиз. Бу одамлар ҳам сизни ёқтиришади ва сизни доим тўғри йўлга йўналтириб туришади. Улар сизга тириклигингизни эслатиб туришади. Бунинг устига улар сизни қандай бўлсангиз шундайлигингизча қабул қилиш билан бирга, қандай бўлишни истасангиз, ана шундай ҳам қабул қилаверишади.

2. Муаммоларингиз билан тўқнаш келишдан қўрқманг

Муаммоларингиз сизни фазилатлаб бермайди. Шахсингиз мавжуд муаммоларингизни қандай кутиб олишингиз ва уни ечишингизга қараб шаклланади.

Аксари ҳолатларда муаммоларни ҳал этишга киришилмагунча, улар шундай тураверади. Бунинг учун бутун бир ҳаётингизни бағишлашингиз шарт эмас, ишни бирор-бир нимадан бошланг.

Керакли йўналиш сари кичик қадам, ҳаракатсиз ўтиргандан кўра, минг марта афзал.

3. Ўз-ўзингизга нисбатан адолатли бўлинг

Бирор-бир нарсани ўзгартиришни истасангиз, ҳеч қачон ўзингизни ўзингиз алдаманг. Вазиятга борича қаранг. Аслида қандай инсон бўлишни истаётганингизни ич-ичингиздан англаб етинг. Ҳаётингизнинг барча жабҳаларида ўзингизга нисбатан ёлғон ишлатманг. Чунки сиз ҳаётда ҳисобга оладиганиз ягона инсонсиз.

Ёлғон тасаввурларсиз, аслида ким эканлигингизга боқинг. Бу ишни бир мартагина қилинг. Ана шунда қандай яшаб келганингиз, қандай яшамоқчи эканлигингиз ва бунга қандай этиб эришиш мумкинлигини чуқур тушуниб етасиз.

4. Бахтингизни юксак ўринга чиқаринг

Эҳтиёжларингиз муҳим аҳамиятга эга. Ўзингизни қадрламасангиз, баҳоингизни билмасангиз ва эҳтиёжларингизни ҳисобга олмасангиз, шуни билингки, ҳаётингиз оғирлашгандан-оғирлашиб кетаверади.

Ёдда тутинг: бошқаларнинг эҳтиёжларини ҳам ҳисобга олган ҳолда, ўзингиз ҳақида қайғурсангиз бўлади. Агар оёққа туриб олсангиз, ёрдамга эҳтиёжи бор одамларга ғамхўрлик қиласиз. Бу эса ўзингизга бўлган ишончни оширади.

5. Ўзингизга нисбатан фахрда ва самимий бўлинг

Агар кимгадир ўхшашни истасангиз, ўзингизни йўқотиб қўясиз. Бундай қилишни бас қилинг, ўзингиздан уялманг. Ўзингизни ўз шахсиятингиз, кучингиз ва гўзаллигингиз билан борича қабул қилинг. Ўзингизни қандай ҳис этаётган бўлсангиз шундай бўлинг, энг яхшиси борингизча қолинг.

6. Ҳақиқий онларни тутиб олишни ўрганинг ва унда яшанг

Ҳозирнинг ўзидаёқ мўъжиза юз бериши мумкин. Ҳозир — айнан сизга керакли ва фойдали лаҳзалардир. Ҳозир — бу ҳаёт.

Шу боис келажакда қилмоқчи бўлаётган буюк ишларингиз ёки ўтмишда қила олмаган, хатога йўл қўйган ишларингиз ҳақида ўйлашни бас қилинг.

Шу ерда ва ҳозир яшашни ўрганинг. Оқиб бораётган ҳаётингизни бир маромда яшайверинг: орқага ҳам қараманг, олдинга ҳам сакраманг. Ҳаётнинг гўзаллигини айни лаҳзалардан қидиринг.

7. Хатоларингиздан олган сабоқларни қадрланг

Хатолар — бу яхши, улар бўлиб келаётган жараённинг пиллапояларидир. Агар бир нимага қаттиқ интилмасангиз ёки уни ўрганишга киришмасангизгина хатога йўл қўймайсиз.

Таваккал қиласиз, хатога йўл қўясиз, ютқизасиз, йиқиласиз ва кейин ўрнингиздан туриб, яна уриниб кўрасиз. Ана шу сизни оёққа турғизиб, яна олдинга қадам ташлашга ундаётган нарсани, йўл қўйган хатоларингизни қадрланг, улардан сабоқ олинг.

Тўғри мақсадлар сари қўйилган илк қадамлар доим қоқилишларга бой бўлади. Йўл қўйишга қўрқаётганингиз навбатдаги хато, балки муваффақият сари олиб бориши мумкин бўлган йўлдир.

8. Ўзингизга нисбатан юмшоқ бўлинг

Агар бирор-бир дўстингиз гоҳида ўзингиз билан ўзингиз гаплашгандек, сиз билан суҳбатлашса, унга қанчагача бардош бера олган бўлардингиз? Агар ўзингизни ичингизда ёки овоз чиқариб сўксангиз, ҳурматингизни жойига қўймасангиз, бошқалар ҳам сизга нисбатан ана шундай муносабатда бўлади.

Агар ўзингизни севмасангиз ва ҳурмат қилмасангиз, бошқалар буни умуман қилишмайди.

9. Сизда нима бўлса, ўшандан завқ олинг

Кўпчилик одамга теккан касаллик. Уларнинг назарида агар улар ҳозирги ҳаётларида янада кўпроқ нарсаларга, масалан, чиройли офисга, машинага, ҳовлига эришишса, гўё бундан ҳам бахтли ва зўр яшашлари мумкиндек.

Афсуски, бу нарсаларга эришиш осон эмас, бунинг учун вақт керак. Уларга эришган тақдирингизда ҳам, қаршингизда бахтли бўлишингизга сабабчи бўлиши мумкин бўлган бошқа бир нарсалар пайдо бўлади. Бунинг натижасида, бутун умр ишлайсиз ва қилаётган ишингиздан заррача бўлса-да, завқ ола билмайсиз.

Шу боис нимага эришган бўлсангиз ва қўл остингизда нима мавжуд бўлса, ана ўша нарсалардан завқ ола билинг. Ҳар тонгда ўрнингиздан турганингизда, сизда бор неъматларга шукрона келтиринг. Буни ҳар куни такрорланг.

10. Мустақил равишда бахтингизни изланг

Агар кимдир сизни бахтли этишини кутаётган бўлсангиз, унда кўп нарсаларни қўлдан бой бериб қўясиз. Нимага қодир бўлсангиз, шунинг учун ҳам жилмайиб қўйинг. Ўзингизни ўзингиз ҳозир, айни дамларда қандай ҳолатда бўлсангиз, шундоқлигингизча бахтли ҳис этишга ҳаракат қилинг. Ва ана шунда олдингизда турган барча йўллар позитивга бой бўлади, қувончга тўла бўлади.

Бахт кўпинча уни қандай ва қай ҳолатда излаган вақтингизда ҳозир бўлади.

Шу боис бахтни қидирмоқчи бўлсангиз, бу ишни ҳозироқ бошланг.

11. Ўз ғояларингиз ва орзуларингизга имкон беринг

Ҳаётда имкониятлар кам учрайди, аксари ҳолатда уни ўзингиз излашингизга тўғри келади. Сизда ҳеч қачон ғояларингиз иш бериши мумкинлигига ишончингиз бўлмайди, аммо юз фоиз амин бўлингки, ҳаракат қилмасангиз ғояларингиз ҳеч қачон иш бермайди.

Кўпчилик ҳолатларда ғоялар уларни ҳаракатга келтирган маҳаллари иш беради. Унинг нима билан тугаши: муваффақиятлими ёки навбатдаги ҳаёт сабоғи биланми, аҳамиятсиз. Ҳар қандай ҳолатда ҳам сиз ғолиб бўласиз.

12. Ташламоқчи бўлган навбатдаги қадамингизга нисбатан ишончингиз комил бўлсин

Сиз тайёрмисиз! Шу ҳақида ўйланг. Олдинга сари навбатдаги қадамни ташлаш учун сизда барча нарса мужассам. Шунинг учун қаршингизда турган имкониятдан фойдаланинг ва комили ишонч ила қадам ташланг. Бу юксалишингиз борасида сизга аталган совға бўлади.

13. Янги муносабатлар ўрнатинг

Ишончли, тўғри, сизни ҳурмат қиладиган ва ўзгаришларингизни тўғри қабул қила оладиган инсонлар билан муносабат ўрнатинг. Сиз билан фахрланадиган ва меҳрингизни, муҳаббатингизни қадрлайдиган дўстлар топинг. Одамларнинг амалларига қараб баҳо беринг. Улар айтаётган сўзлар ва улар тўғрисида айтилаётган гапларга умуман эътибор қилманг.

14. Учрашаётган одамларингизга имкон беринг

Бу оғир эшитилиши мумкин, аммо сиз атрофингиздаги барча билан дўстлашиб кета олмайсиз. Вақт ўтиб инсонлар ҳам, имкониятлар ҳамўзгаради. Вақти келиб айрим муносабатлар ўтмишда қолади, айримлари мустаҳкамланади.

Янги пайдо бўлган имкониятлардан фойдаланинг ва ўз хизматини қилиб бўлганларидан эса воз кечинг. Гўёки янги бир ҳудудга кириб бораётгандек, янги муносабатлар ўрнатинг.

Ҳаётингизни бир умрга ўзгартириб юборадиган сабоқларга, муаммоларга ва одамни қарши олишга тайёр туринг.

15. Фақатгина ўтмишдаги ўзингиз билан мусобақалашинг

Бошқалардан ўрнак олинг, бошқаларни қадрланг, улардан ўрганинг, аммо ёдингизда тутинг, ҳеч қачон улар билан мусобоқалашманг. Бу вақтни зое кетказиш бўлади

Сиз фақат биттагина одам билан мусобоқалашинг — ўзингиз билан.

Шунинг учун ҳам мусобоқалашингки, илгариги ўзингизга нисбатан янада яхшироқ бўлинг. Олдингизга мақсад қўйинг, унга интилаверинг, интилаверинг. Илгариги натижаларингизни яхшиланг. Ана шундагина ҳаммаси сизнинг фойдангизга ҳал бўлади.

16. Ўзингизни ўзгалар муваффақиятидан хурсанд бўлишга ўргатинг

Ўзгалар сизга ёқишини ва бу ҳақида уларнинг ўзларига ҳам айтишга ўрганинг. Атрофингиздаги одамларнинг барчаси яхши инсонлар эканлигига ишонинг. Шунинг учун кимда-ким муваффақиятга эришса унга ҳавас билан қаранг, шодланинг. Уларни қўллаб-қувватланг, ғалаба тиланг ва вақти келиб, улар ҳам сизга шундай қилишади.

17. Оғир вазиятларда руҳингизни кўтаринг

Ҳаётингизда оғир вақтлар бошланса, ўзингизни қўлга олинг. Икки марта чуқур нафас олиб чиқарингда, бу оғир синовлар сизни кучли қилиши мумкинлиги ҳақида ўйланг.

Қўлга киритган ғалаба ва ютуқларингиз ҳақида ўйланг, уларда сизда мавжуд нарсалардир. Ўзингизда бор нарсаларга диққатингизни қаратинг, йўқларига эмас.

18. Ўзингизни ва ўзгаларни кечиришни ўрганинг

Ҳаммада ҳам қачонлардир ўз қилмишидан пушаймон бўлиш ёки ўзгаларнинг адолатсизлигидан азият чекиш ҳислари ўтган. Бундай тажрибаларни ҳам бошдан ўтказиб туришга тўғри келади. Ҳаётнинг бир текис эмаслиги аниқ. Биз бу оғриқларни қайта ва қайта бошимиздан ўтказиб турамиз ҳамда дунёнинг алдамчи бир нарса эканлигини тушуниб етамиз.

Бунинг ягона чораси — кечиришдир. Аммо бу ўтган ишларни унутиш,уларни хотирадан ювиб ташлаш, дегани эмас. Бу ўтган ишлардаги оғриқларни бартараф этиш ҳамда ундан ўзингизга керакли сабоқ чиқариш, деганидир.

19. Атрофдагиларга ғамхўрлик қилишни бошланг

Ён-атрофингиздагиларга ғамхўр бўлинг, агар тўғри йўлни билсангиз, уларга ўша йўлни кўрсатинг. Ўзгаларга қанчалик кўп ёрдам берсангиз,ўзингизга ҳам ана шундай ёрдам кўрсатаётган бўласиз. Муҳаббат ва яхшилик доим қайтади.

20. Ички овозингизга қулоқ тутинг

Агар бу ёрдам берса, ўз ғояларингизни яқин инсонингиз билан бўлишинг, аммо қарор чиқаришда интуициянгизга қулоқ солинг. Ўзингизга нисбатан адолатли бўлинг, юрагингиз нима деб турган бўлса, ана ўшани қилинг.

21. Стресс даражасини кузатиб боринг ва қисқа танаффуслар қилинг

Тинчланинг, чуқур нафас олинг. Бир нафасга тўхтанг, кучингизни ўлчаб кўринг ва ана шундан кейингина яна аниқ мақсадлар сари одимланг.

Ишингизда тўқишишлар учраяптими, унда сизга қисқа танаффус ёрдам беради. Бу ақлингизни тиниқлаштиради, маҳсулдорлигингизни оширади. Шу билан бирга бу танаффуслар тўғри мақсад сари ташлаётган қадамларингиз сиз ўйлаганчилик аниқ йўлдан кетяптими йўқми, шуни билиш учун ортга назар ташлашга имкон беради.

22. Кичик хабарлардан ҳам гўзаллик ясанг

Тўй, бола туғилиши, хизматдаги ўсиш ёки лотереядан ютиш каби катта янгиликлар ўрнига, ҳаётимизда содир бўлаётган, бир қарашда кўзга ташланмайдиган хабарлардан бахт қидиринг.

Ҳар кун ўрнингиздан турганингиздаги қаҳва ҳиди, янги узилган қайноққина ноннинг муаттар бўйи, ишкомда қўнганча сайраётган қушлар овози, буларнинг бари унутилмас лаҳзаларга айлансин сиз учун. Ана шулар битмас-туганмас бахт зарраларидир. Ана шундай кичик нарсалардан қувонч,бахт излашга ҳаракат қилинг ва сизнинг ҳаётингиз ўша пайтнинг ўзидаёқ нурга тўлади.

23. Мукаммал бўлмаса-да, нарсаларни қабул қилишни ўрганинг

Унутманг: мукаммал дегани яхши дегани эмас. Одамлар учун ўзларини ва бутун дунёни яхшилашга ўргатувчи энг катта сабоқ шуки, нарсаларни қандоқ бўлса, шундоқлигича қабул қилиш керак.

Гоҳида атрофдаги одамлар ва буюмларни борлигича қабул қилиш яхши натижаларга олиб келади. Бу дегани оддий ҳаётга рози бўлиш ёки ўзгартириш керак бўлган нарсалардан кўз юмиш лозим, дегани эмас. Шунчаки айрим ҳолларда номукаммал нарсаларни ҳам қабул қилишни ўрганиб олиш керак.

24. Мақсадингиз сари ҳар куни интилинг

Нимани орзу қилганингиздан қатъи назар у томон ҳар куни тинимсиз ҳаракат қилинг. Ҳар бир кичик қадам, ҳар бир кичик ҳаракат сизни мақсад сари ҳаракатлантиради.

Орамиздан кўпчилигимиз орзуларимиз, мақсадларимиз ҳақида ўйлайди, аммо камчилик киши улар томон ҳаракатланади. Бу ҳаракатлар қачонки, мақсад сари борсаккина ўз якунига етади, унгача эса йўқ.

25. Туйғуларингизга нисбатан очиқ бўлинг

Қийналаётган бўлсангиз, уни бошингиздан ўтказиш учун, унга вақт беринг. Аммо қобиғингизга ўралиб қолманг, онгингиз қаъридаги оғриқларни унутишга урунманг. Яқин инсонларингиз билан суҳбатлашинг, нималарни ҳис этаётганингиз ҳақида уларга айтинг ва уларга тинглаш имкониятини ҳадя этинг. Бу оддий ҳақиқат ўз кучини ташқарига чиқаради: биринчи қадамлар ўз самарасини беради. Сиз ўзингизни олдингидек яхши ҳис этасиз.

26. Ўз ҳаётингиз учун елкангизга масъулият олинг

Ўз танловингиз ва ўз хатоларингизни қабул эта билинг ҳамда улар билан шуғулланинг. Агар сиз ўз ҳаётингиз учун масъулиятни ўзингиз зиммангизга олмас экансиз, бу ишни бошқа биров амалга оширади ва ана шунда сиз ўзга ғоя ва мақсадларнинг қулига айланасиз.

Ўз ҳаракатларингизни бошқара оладиган ягона одам ўзингизсиз. Аммо тан олиш керак буларнинг бари осон бўлмайди. Бироқ сиз ҳаётингизда учрайдиган барча вазиятларда қўрқмасдан масъулиятни зиммангизга олиб, уни ҳал этишга ҳаракат қилинг.

27. Энг муҳим алоқаларни фаол қўллаб-қувватлаб туринг

Яқин кишиларингизга нисбатан очиқ ва холис муносабатда бўлинг. Уларга яхши кўришингизни, сиз учун кўп нарсалар қилишганини тез-тез айтиб туринг. Сиз барча учун ҳеч кимдирсиз, аммо айримлар учун ҳамма нарсасиз. 

Ўзингиз учун уларнинг кимлигини билинг ва бу муносабатларнинг қадрига етинг.

Ёдда тутинг: сизга дўстларнинг саноғи керак эмас, сизга уларнинг сифати керак.

28. Ўзингиз назорат эта биладиган нарсаларга диққатингизни қаратинг

Сиз барчасини ўзгартира олмайсиз, аммо нимадир қилишингиз мумкин. Кучингизни, диққатингизни ва зеҳнингизни ўзингиз назоратга олиб турган нарсаларга қаратинг. Шу боис буларнинг барини ўзгартиришингиз мумкин бўлган нарсаларга йўналтиринг.

29. Вазиятларни амалга ошадиган ва яхши томонга ўзгартиринг

Аввало, инсон бирор-бир ишга қўл уришидан олдин ўша ишни бажара олишига ишониши керак. Ёмон фикрлар ва синдирувчи ҳиссиётлардан қочишнинг ягона йўли позитив ҳиссиётларни чақира билмоқдир.

Ички овозингизга қулоқ солинг ва ёмон кайфиятни дарҳол яхшисига ўзгартиринг. Бунинг учун ўзингизга ёққан барча усуллардан фойдаланинг ва мақсадингиз сари яна бир қадам олдинга ташланг.

Сиз ўзингиз билан бўлаётган вазиятларнинг барчасини назорат қила олмайсиз, аммо ана шу вазиятларга бўлган муносабатингизни бошқара олишингиз мумкин. Ҳар бир кишининг ҳаётида яхши ва ёмон дақиқалар бўлади. Энг асосийси қийин вазиятларда доим позитив кайфиятни сақлаб тура билишдир. Бу ҳаётдаги омад ва муваффақиятни таъминлайди.

30. Айни дамда қанчалик бой эканлигингизни аниқ тушуниб етинг

Америкалик ёзувчи Генри Дэвид Торо бир сафар шундай деган эди:

Бойлик — бу ҳаётни бутун борлиғича ҳис эта билиш қобилиятидир.

Оғир дамларда ўзингизда бор барча яхши нарсаларни кўра билинг.

Сиз оч қорин билан ухламаяпсиз, кўчаларда тунамаяпсиз, нима кийишингиз ўз ихтиёрингизда. Умрингиз дақиқаларини қўрқув соясида ўтказмаяпсиз.

Сизда тоза сув истеъмол қилишнинг чексиз имконияти ва тиббий ёрдамдан фойдаланиш ҳуқуқи бор. Интернетга бемалол кира оласиз ва ўқишни ҳам биласиз.

Бизнинг оламимизда кўпчилик сизни ўта даҳшатли бой, деб ҳисоблайди. Шу боис ўзингизда бор нарсаларга шукр этиб яшашни ўрганинг.

Сарвар Анвар ўғли тайёрлади

Яндекс.Метрика