Ajrashgan ayol bilan qanday muomala qilish kerak?

«Еганин ош деманг ёлғиз аёлнинг...» шундай шеър (қўшиқ) бўларди. Статистик маълумотларга кўра, ажрашишлар 80 фоиз ҳолатларда аёлларнинг ташаббуси билан амалга ошаркан. Ким айбдору ташаббускорлиги бошқа масала, бўлар иш бўлди. Энди бу кўнгли ярим аёлнинг бошқа хато қилмай, текис яшаб кетиши учун атрофдагилар нима қилмоғи керак? Токи у бошқа оилаларни ёки ўз ҳаётини барбод этмасин.

Ота-она

Албатта, юкнинг энг оғири ота-она зиммасида. Улар қизларини ажратиб олишни исташмаган, мажбур бўлишган. Ажрашмаса бебахт эди, ажраса ҳам бахтиёр эмас. Яна жондан азиз набиралар отасини соғиниб йиғлайди, қизи дув-дув ёш тўкади. Лекин нима бўлганда ҳам яшаш керак. Унутманг, ҳозир қизингиз ҳаммадан ҳам сизнинг мададингизга муҳтож. Унга ўтган ҳаётини, хатоларини, бахтсизлигини пеш қилманг, койиманг, «Ундай қилсанг бўларди, бундай қилмадинг-да», деб беҳуда насиҳат ўқиманг, чунки ўтган ишга саловат. Энди ҳеч нимани ортга қайтариб бўлмайди. Яхшиси, далда бўлинг, ёлғиз қолдирмаслигингизни билдиринг, ҳали ҳаммаси изига тушиб кетишига ишонтиринг. Кўча-кўйдан ёмон гап эшитсангиз, «Сени деб бошимиз эгилди» деманг, аксинча, дуо қилинг. Сиз қўлламасангиз, сиз яхши кўрмасангиз, сиз тўғри йўлга бошламасангиз, қизингиз бечора қайга борсин? Бировга хотин устига тегсинми? Ҳай-ҳай, шайтонга ҳай беринг.

Ака-укалар

Сизга ҳам осон эмас. Ахир, жигарингиз азобда, бир номард (куёв ҳақида шундай ўйлашингиз тайин) гулдек синглингизни бебахт қилди. Бошида шундай туюлади. Бора-бора турмуш ташвишлари билан андармон бўлиб, аламингиз босилади. Аммо уйингизда бир кўнгли ярим аёл борлигини унутманг. Аёлингизга, онангизга хайит-байрамларда совға олганда уни ҳам эътибордан четда қолдирманг, болаларингизни паркка олиб борганда жиянларингизга музқаймоқ кўтариб қайтиш кераклигини фаҳмланг. Энди синглингиз (опангиз) сизнинг қарамоғингизда, у худди аёлингиз, қизингиз каби сизнинг номусингиз. Аввалгидек бирор жойга кетаётганда сиздан рухсат сўрамаса ҳам, кеч қайтишини огоҳлантирмаса ҳам (энди у она, барибир уйига, болалари бағрига ошиқмай қаёққа ҳам борарди), барибир у суянадиган тоғ — сизсиз. Берган нонингизни миннат қилманг. Аввалгидек эркаликларини кўтара олмаслигингизни англатинг, аммо бошига мушкул тушса, доим ёнида туришингизни ҳам сездиринг.

Опа-сингиллар

Сиз опангизга (синглингизга) нисбатан омадлироқ экансиз, тиниб-тинчиб кетдингиз. Лекин жигарингизга қараб ачинишингиз, куюнишингиз табиий. Унга ачиниш эмас, ҳамдардлик керак ҳозир. Олдида ҳадеб эрингиз борлигини, болаларингиз отасининг бағрида ўсаётганини пеш қилаверманг. Албатта, ҳамма ажрашган аёллар ҳам фаришта эмас, ўзларидан ҳам ўтган жойлари бор. Улар қайтиб келиб, ота уйида қироличадек ҳаёт кечирмайдилар. Буни ўзлари ҳам биладилар, билмасалар билдириш сизга эмас. Сиздан меҳр, оқибат ва ҳамрозлик. Сирини айтса, онангиз ё акангизга чақманг, йўлдан адашаётганини кўрсангиз, остонага кўндаланг ётиб бўлса ҳам қайтаришга урининг-у, аммо фақат сизга ишониб айтилган гапларини ошкор қилманг.

Янгалар

Чиққан қиз чиғириқдан ташқари деган гапни янгалар ўйлаб топган бўлса керак. Узатиб тинчидик, деган қайнопангиз (қайнсинглингиз) бир боши бир неча бўлиб қайтиб келса, ҳаммадан ҳам сизнинг тинчингиз бузилиши тайин. Энди эрингизнинг пулини, меҳрини, эътиборини бўлишишингизга тўғри келади. Кундош билан кунлашиш мумкиндир, аммо қайнсингил билан имконсиз, чунки ўртада жигарчилик бор. Бу сиз учун ечиб бўлмас муаммо бўлиб туюлса-да, ҳаммаси вақти келиб изига тушади. Сиз сабрли бўлинг, зиддиятларга бурнингизни суқманг. Энг аввало, болалар ўртасидаги жанжалларга юқорироқдан, фалсафийроқ назар ташлашга урининг. Қайнсинглингиз акасига бошқа муаммо туғдирмаслиги учун сабрли бўлишингиз керак. Борди-ю, у қитмирлик қилиб ширин турмушингизни бузаётган бўлса, нари борса, рўзғорингизни бўлак қилиб олишингиз мумкиндир. Лекин барибир на уни уйдан сиқиб чиқара оласиз, на ўзингиз бу хонадонни тарк эта оласиз. Шундай экан, муроса қилишга урининг. Ажаб эмас, жойи чиқиб узатилиб кетар яна, тинчиб қоларсиз. Ё қайнона-қайнотангиз бошқа йўлини топишар. Унутманг, турмуш бузилиши деган бахтсизлик ҳар кимнинг бошига тушиши мумкин. Сингилларингиз, қизларингиз бор олдингизда. Шулар ҳаққи, сабр қилинг.

Қариндош-уруғ

Сиз тўй-ҳашамда, азаю-маъракада кераксиз. Сизларсиз бирор маросимни ўтказиб бўлмайди. Бироқ бировнинг бошига бахтсизлик тушганда ғийбатларингиз, гап-сўзларингиз билан, очиғи, ортиқчалик қиласиз. Қўлингиздан келса, мадад бўлинг, қайтган қизнинг собиқ эрию қайнбўйинлари тўғрисидаги хабарларни бу оилага ташиманг. «Мен билан бундай бахтсизлик содир бўлиши мумкин эмас, чунки мен у каби эмасман», деб кибрга берилманг, қайтар дунё бу. Ҳақиқий қариндош бўлсангиз, жигарнинг ишини қилинг – жим бўлинг!

Қўшнилар

Албатта, сизга иссиқ-совуқ жойи йўқдек. Лекин узоқдаги қариндошдан яқинроқ қўшнисиз. Қўшнингизнинг уйидан чиққан тиқ этган товуш сиз туфайли бутун маҳаллага ёйилиши ёки тўрт девор орасида қолиши мумкин. Қайтган қизни кўрганингизда ортидан ғийбат қилманг, у эшитмаса-да, сезади. Дили оғрийди, демакки, мазлумга айланади. Мазлумнинг дуосию қарғиши ижобат бўлишини унутманг. Сиз ҳам қиз ўстираётган, балки узатгандирсиз. Ғийбатга шайланган тилингизни ўшаларнинг дуосига буриб юборинг.

Дугоналар

Бебахт дугонангиз ота-онасига, опа-сингилларига айтмаган дардларини сизга айтган. Бошидан не ўтганини сиз кўпроқ биласиз. Балки ажраш деб маслаҳат бергандирсиз ё аксинча, ажрашаман деганда бу йўлдан қайтаришга роса урингандирсиз. Нима бўлганда ҳам, энди дугонангиз ёлғиз аёл. Кимдир ачинади, кимдир «ажаб бўпти» дейди, яна биров эрини қизғанишни бошлайди. Бироқ сиз асл дугона бўлсангиз, бу ишларни қилмайсиз. «Мен доим сен томонман» дея олмасангиз, дугоналар сафидан чиқинг, секингина у билан мулоқотингизни тўхтатинг.

Ҳамкасблар, танишлар, синфдошлар, хуллас, барча эркаклар

Сиз танийдиган аёлнинг бошига иш тушди — ёлғиз қолди. Унга боши очиқ хотин эмас, опа ёки сингил деб қаранг. Унинг оний ожизлигидан фойдаланишга уринманг. Нафс ёмон, биламиз, балки унинг ўзи сиз билан гап отишгиси келаётгандир, балки ўзини кўз-кўзлаётгандир (ёки сизга шундай туюлаётгандир). Аммо шу аёл ўрнида опа ёки синглингиз, ё бўлмаса қизингиз ҳам бўлиши мумкинлигини унутманг. Унга ёмон ният билан яқинлашманг. Оилангизни, фарзандларингизни ўйланг. Жилвадан йироқ, тоқатга яқинроқ бўлинг.

Ва ниҳоят, аёлнинг ўзи

Ўзингиздан ўтганини ўзингиз биласиз. Энди сизга икки баравар оғир. Лекин аҳволингизнинг ижобий томонлари бор. Сиз бахтдан умидвор бўлишингиз мумкин, эркин бўлолмассиз барибир (ахир, фарзандларингиз бор), аммо тинчроқ, хотиржамроқ яшашингиз мумкин. Сабр, ахлоқ ва ҳалоллик — мана шу уч сўзни билинг, қолганини унутинг.

Шаҳноза ТЎРАХЎЖАЕВА


Комментарии (0) | Добавить: 05.01.2017
Faqat ro'yhatdan o'tgan foydalanuvchilar izoh qoldirishi mumkin. Marhamat ro'yhatdan o'ting!
[ Регистрация | Kirish ]
MP3 va KLIP Izlash

«Новости»

Kino vaqti reklama qo'ymaslik mumkinmi? Qonunda nima deyilgan?
Eron isbotlangan gaz zaxiralari bo'yicha yetakchilik qilmoqda
Xitoy startapi 8 ming dollarlik elektromobillar sotishni boshlaydi
Nega avtosanoatimiz o'z aravasini o'zi tortolmay, hukumat yordami bilan sudralib kelmoqda?
Facebook seriallar suratga olishni boshlaydi
Shavkat Mirziyoyev Ramazon hayiti kuni bemorlar holidan xabar oldi
Xayr, maktabim! Mashhur yulduzlar maktab davrida qanday bo'lishgan?
Sankt-Peterburgda “rus Titanigi” haqida film suratga olinadi
AQSh uchinchi davlatlarga “bostirib kirishni” BMT orqali qonuniylashtirish niyatida
Durov: Telegram’ning to'sib qo'yilishi terrorchilarga muammo keltirib chiqarmaydi
Farhon va Shirin ijrosida yangi qo'shiq "Gulim Mani"
O'zbekistonda Ramazon hayiti namozi ado etildi
BAA prezidenti 2014 yildan beri birinchi marta omma oldida ko'rinish berdi
Rossiyada ishlashni istovchilar Toshkentda pullik imtihon topshirishlari mumkin
Zarina Nizomiddinovadan yangi Fotosessiya - 2017
Uzoq masofadan o'q uzish bo'yicha rekord yangilandi
Olimlar tavsiyasi: "Yozda vitaminlar iste`molida ehtiyot bo'ling"
Samsung tarixidagi eng qimmat flagman taqdimotiga oz qoldi
Jenifer Lopez katta ekranlarga qaytmoqda
Sobiq er yuzlab odamlar oldida xotinini chavaqlab tashladi
Google'da bo'sh ish o'rinlarini izlash funksiyasi ishga tushdi
Farg‘ona viloyatida ayol erini yog‘och bo‘lagi bilan o‘ldirib qo‘ydi
Messi «Barselona» akademiyasida to'p tepib yurgan paytlar (video)
Putin va Tramp musulmonlarni Ramazon hayiti bilan qutlashdi
Erdo'g'an Hayit namozi vaqtida hushidan ketdi
Jahonning eng yaxshi futbolchilaridan biri Lionel Messi 30 yoshga qadam qo‘ydi
Qarilikdagi aqli zaiflik xavfini kamaytirishning 6 usuli
Smartfonlar sinovi: Mikroto'lqinli pechdan qaysi smartfon omon chiqdi?
«O'zbekkonsert» xonandalarning Youtube’dagi bachkana kliplarini oldirmoqda
Qozog‘iston mobil internet tezligi bo‘yicha AQShdan o‘zib ketdi