У нас есть только
оригинальные песни

Amal qilish shart bo'lgan odob qoidalari

calendar 23.11.2016
2168

Баъзи инсонларга бир қарашда, икки оғиз суҳбатнинг ўзида маҳлиё бўлиб қоласиз. Айримлар эса илк танишувдаёқ ҳафсалангизни пир қилади. Бунга сабаб нима? Ахир сиз ҳали у ҳақда тўлиқ маълумотга эга эмассиз-ку! Мутахассисларнинг таъкидлашича, инсоннинг ўзини тута билиши, яъни одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилиши муносабатларда муҳим роль ўйнаркан. Демак, ҳар доим ҳамма жойда барчада яхши таассурот уйғотиш учун уларга амал қилишимиз шарт!

  • Автобусда ёшлар қарияларга, эркаклар аёлларга, аёллар эса кексаларга, ҳомиладор ва ёш болалиларга жой беришлари шарт. Яна жамоат транспортларида овозингизни баралла қўйиб телефонда сўзлашиш ёки ҳамроҳингиз билан ниманидир муҳокама қилиш ўринли эмас.
  • Бармоқ билан кўча-кўйда кимнидир ёки ниманидир кўрсатиш маданиятли кишиларга хос эмас.
  • Вагонда кетаётиб (поезд ёки метронинг), унинг шовқинидан ҳам баландроқ бақириш ва суҳбатдошига ниманидир тушунтириш биринчидан мушкул, иккинчидан одоб-ахлоқ қоидаларига тўғри келмайди.
  • Гул совға қилинганда уларни тепага қаратиб, кўтариб юриш лозим. Агар гуллар пастга қаратилган бўлса, бу совғани менсимаганликдан дарак беради.
  • Доим оғизда сақич билан юриш, ўқув масканлари, ишхоналар ва жамоат транспортида чайнаш, камига уни шишириш мумкин эмас.
  • Ер юзасига майда-чуйдаларни, сумкангиз ёки чўнтагингиздан чиққан кераксиз нарсалар ва писта пўчоқларини ташламанг. Доим чиқиндиларни махсус чиқинди идишга солишни одат қилинг.
  • Ёмғирпўш очиқ бўлганда ундан томаётган сув кимнингдир либосига тушмаслиги, бошига ва кўзойнагига тегмаслигига аҳамиятли бўлинг.
  • Жамоат жойида имо-ишоралардан ўта фаоллик билан фойдаланиш атрофдагиларга халақит қилиш билан бирга, у қадар чиройли кўринмайди ҳам. Хатти-ҳаракатларингизни ҳамиша назорат қилинг.
  • Зеб-зийнатларни ҳаддан зиёд ортиқ тақиш аёл кишининг бадавлатлигини эмас, дидсизлигини намойиш этади.
  • Исмингизни ўзгалар тўлиқ айтишларини истасангиз, ўзингиз ҳам ҳаммани исми билан чақиринг. Атрофдагиларга лақаб билан мурожаат қилиш одобдан эмас.
  • Йўл ўртасида тасодифан туриб қолиш ортингиздан келаётган инсонга ноқулайлик туғдиради.
  • Кўчада юриб, нимадир ейиш маданиятсизликдир. Албатта, ҳеч ким бирор боғдаги ўриндиқда ўтириб музқаймоқ ейишингизга қарши эмас, аммо жамоат транспортига, дўкон ёки музейга тишланган сомса ёки гамбургер билан кириш ярамайди.
  • Лаб бўёғини истаган жойда суртиб кетаверманг (масалан, жамоат транспорти, ишхона, кўча, бозор).
  • Машинада ҳайдовчининг ёнидаги ўриндиқни, одатда, унинг рафиқаси эгаллайди. Бегона аёл эса орқа ўриндиқда ўтиргани мақул.
  • Нон бўлакларига лаблардаги ёғни артиш нотўғри.
  • Овқатланиш пайтида чапиллатиш, таомни ҳидлаш ёки намойишкорона кавлаб кўриш мумкин эмас. Тишлар орасидаги таом қолдиқларини ҳамманинг олдида тозалаш ҳам одобдан эмас.
  • Писта чақиб юриш, унинг пўчоғини дуч келган жойга ташлаб кетавериш кишининг фаросатсизлигидан дарак беради. Чунки бу билан сиз шаҳар ёки ўз яшаш жойингизнинг ифлосланишига ҳисса қўшасиз.
  • Ручкани оғзига солганча хаёл суриш ўқувчиларнинг одати. Лекин баъзан катталарда ҳам бу одат учраб туради. Аммо ўзини ҳурмат қиладиган кишига бу ярашмайди.
  • Столдан бир нимани тушириб ёки тўкиб юборган бўлсангиз, ваҳима қилманг. Тўкилган суюқликни салфетка ёрдамида тозалаб олинг. Сочилган ушоқларни эса ҳеч қачон қўл билан дастурхондан сидириб олманг.
  • Ташқи кўринишга аҳамиятли бўлиш керак. Аммо ўзингизни тартибга келтираётиб (пойабзални тозалаш, сочларни тўғирлаш, упа, тушь суртиш) атрофдагиларга ҳалақит қилманг ва уларнинг диққатини тортманг. Бунинг учун махсус хоналардан фойдаланинг.  Метро, кўча-кўйда бу каби ишларни умуман амалга оширманг.
  • Тупуриш энг хунук одат. Кўчада хоҳ ёлғиз, хоҳ ҳамроҳ билан кетаётганда ер юзига тупуриш атрофдагилар ва инсонинг ўзига нисбатан беҳурматликдир.
  • Устки кийимингиз қор ёки ёмғир сабабли хўл бўлса, уни кирган хонангиздаги диван ёки креслога ташлаб қўйманг. Махсус илгич топиб, осиб қўйишга эринманг.
  • Фаросатли аёллар ювилган ички кийимларни кўзга ташланадиган жойларга илиб қўйишмайди.
  • Хат ўқишни ҳаммамиз яхши кўрамиз. Айниқса, севги мактублари бўлса. Аммо унутманг, хатлар, «SMS», интернет номалар, хабарларни эгасининг рухсатисиз ўқиш мумкин эмас.
  • Цирк, кинозал ёки театрда ўз жойингизга ўтиш учун қатор оралаб юришга тўғри келса, ўтирган инсонларга юзланган ҳолда ҳаракат қилинг.
  • Чарчаган бўлсангиз ҳам, уйқу ўз домига тортаса ҳам, оғзингизни очиб, эснаманг.
  • Шевада сўзлашишни сизга ҳеч ким тақиқламайди, аммо фуқаролар мурожаати билан шуғулланадиган касб эгалари иш вақтида фақат адабий тил меъёрларига амал қилишлари керак.
  • Этикет қоидаларини биладиган аёл ҳеч қачон учрашувга катта сумка билан келмайди. Чунки қоидага кўра, бундай ҳолда эркак киши унинг сумкасини кўтариб юришига тўғри келади.
  • Юмшоқ ўриндиқ ва стулда ҳар қандай вазиятда ҳам аёл киши (минг чарчаган бўлса ҳам) чиройли ўтириши керак. Креслога ёнбошлаб олиш, стулда ёки жамоат транспорти ўриндиқларида оёқлар орасини катта очиб ўтириш, шунингдек, «ўзини қўйиб юбориш» атрофдагиларга чиройли кўринмайди.
  • Якшанба куни соат 10:00га қадар танишларингизни безовта қилманг. Кўпчилик дам олиш куни чиндан ҳам дам олади.
  • Ўшқириш жуда ҳунук эшитилади. Айниқса, кўчада, бегона кишиларнинг олдида фарзандингизга баланд овозда бақиришингиз, уни урушишингиз ўзингизда ҳам тарбия етишмаслигидан далолат.
  • Қорнингиз жуда оч бўлса ҳам, бошқаларга таом келтирилмасидан аввал овқатланишни бошламанг.
  • Ғичирлайдиган ва таққиллайдиган пойабзални ишхонага киймаслик тавсия этилади. Чунки сиз бу билан ҳар сафар хонага кириб-чиққангизда ҳамкасбларингизнинг ишлашларига халақит қиласиз.
  • Ҳамма эшитадиган қилиб мусиқа тинглаш (уяли телефон ёки махсус мосламада) бошқаларга ноқулайлик туғдиради. Шунинг учун бундай вазиятларда қулоқчин (наушник)лардан  фойдаланиш керак.
  • Экилган майса устидан юрманг.

Санайверсак, ёзилмаган қонунлар, этикет меъёрлари талайгина. Аммо ҳар бир инсон ўз фаросатини ишга солса, атрофдагиларга аҳамиятли бўлса, ўз-ўзидан барча муаммоли вазиятлар бартараф этилади!

ИРОДА тайёрлади.

Яндекс.Метрика