У нас есть только
оригинальные песни

АСИЛБЕК ЎЗИНИ ЎЗИ ДАВОЛАДИ!?

calendar 13.08.2015
3325

Машҳурларга ҳам осон тутманг! Йўқ, машҳур бўлиш, танилиш муаммо эмас. Айниқса, бугунги тезкор ва ажиб замонда. Ҳозир, бирон қилиқ қилиб, ўзини ўзи видеога олиб, тарқатиб юборса, бўлгани! Одамлар оғзидаги гап ўша "қилиқ”чини шундай танитиб қўядики, гоҳо минг-минглаб доллар сарфлаб етиб бўлмас машҳурликка бир зумда эришиш мумкин. Машҳурликнинг юки оғир. У нафснинг қамчиси! Янада кўпроқ, ҳаммадан ортиқроқ бўлиш истагини уйғотади. Кейин васваса бошланади. Нега фалончи каби эмасман? Нега менда у каби кўп мухлисларим йўқ? Нега мени тўйга фалончи каби кўп таклиф этишмайди? Нега менга фалончи каби гонорар тўлашмайди? Хуллас, "нега”лар кети узилмайди... Ижод эса "эшак”ка айланади. Бошқа бировники отдек учқурлаб боряпти. Васваса балоси тушкунликка етаклайди. "Бечора” юлдуз ўз дардига ўзи қовурулади... Асилбек жуда тез танилди. Аввал раққос сифатида. Андижондаги тўй-тадбирларда антиқа қилиқлари билан оғизга тушди. Шов-шувли видеолар зудлик билан пойтахтга кейин барча вилоятларга тарқалди. Ким танқид қилди, ким кулди, ким шунчаки беэътибор бўлди... Жарангдор овози борлигини эса бир-икки қўшиқлари билан исботлагач, унга янги талант сифатида сал диққат қаратишди. Кутилмаганда, ҳаммаёқда унинг қўшиқлари янграй бошлади. Ўзбек шоу-бизнесида янги ном пайдо бўлди: Асилбек! Сўнгра янги миш-мишлар тарқалди: "Асилбек Шерали ҳофизнинг ўғли эмиш...”. Кейин бу миш-мишларга чек қўйилгандай бўлди. Ахир, продюсер сифатида хонанданинг ўз отаси кўзга ташланди... Хуллас, анча пайт ҳаммаси ўз маромида кечди. У тўйлардан аримай қолди. Бироқ, талаб бор пайтда, хонанда яккахон концерт бермади. Асилбек ўзига бўлган ишончни йўқотди. Унинг руҳиятида салбий ўзгаришлар бошланди. Бир суҳбатлашганимизда, хонанда ўша дамларда уни "ўқитиб” қўйишганини айтганди. Хонанда муллаларга бориб, ўзига дам солдириб турди. Бироқ, натижасиз... Орадан яна маълум ўтиб, у жонланиб қолди. Энди ўзига саҳна номини ўйлаб топди. Амануллоҳ. Неъматов фамилияси ўрнини шу номга алмаштириб, ижод қилди. "Мазалим” дея куйлади. Шу-шу "Мазалим” ижодга маза бермади чоғи, ТВда жўяли бирон клипи ҳам намойиш этилмади... Яна сукунат. Сўнгги бир-икки йил ичида омма орасида "Мен ҳали борман!” қабилида кўриниш беришга ҳаракат қилди. Бу гал на ТВда ё на радиода. Илғор замон тренди – ижтимоий тармоқларда! Саҳифаларига антиқа фотосуратлар, алламбало видеолар жойлаштирган хонандадан бирон ижодий янгилик садоси янграмади. Бир неча кунлар олдин эса санъатдан воз кечмоқчи эканлигини расман эълон қилди. Ҳа, юқорида айтиб ўтилган ғайриоддий жараёнлар унинг руҳиятида ҳақиқатан жиддий ўзгаришлар кечганидан дарак беради. Куни кеча эса Асилбек яна кутилмаган янгилик билан оммани ҳайратга солди. Бу гал у ўзини ўзи даволагандай... Шунча йиллардан бери депрессиядан азият чеккани, 5 дақиқалик видео эса дардига малҳам бўлганини ёзди. Шифокорлар турли ташхислар билан қатор дорилар рецептини тавсия этганини бироқ, у ўзида кечаётган ҳолатнинг асл сабаби серотонин гормони билан боғлиқлигини таъкидлайди. Серотонин гормони бош мия нейромедиатори ҳисобланиб, одатда, уни "бахт гормони” дейишади. Демак, Асилбек ўзини қийнаб келаёган асл дардни "бахт гормони” билан боғлар экан, унга банан ва қовунни кўпроқ истеъмол қилишни тавсия этамиз. Уларнинг иккаласида ҳам серотонин ишлаб чиқаришини кучайтирувчи моддалар бор. Ишқилиб, Асилбек ўзини ўзи даволагани рост бўлсин! Бўлмаса, яна санъатдан кетиш фикри туғилиб қолиши "хавф”и пайдо бўлиши мумкин. Кейин, буёғи чатоқ бўлади. Мухлислар унинг дардига ҳам, топган давосига ҳам ишонмай қолиш "хавф”и эса бундан-да чатоқ! А, лаббай? 
Жасур ҲАМРОЕВ
Яндекс.Метрика