У нас есть только
оригинальные песни

Ayol ishlasa, haddidan oshadimi?

calendar 09.01.2017
1479

Аёл жамиятда ўз ўрнини топса ва қилган ишига яраша моддий манфаат кўрса, у  ўзидан қониқиш ҳис қилади, хажаратларини қоплай бошлайди, оиласининг бирор корига ярайди, рўзғорнинг бир учини кўтаради, билими, малакаси ва ўзига бўлган ишончи ортади. Лекин оила бошлиғи бўлган эркаклар кўпинча бу гапни маъқуллашмайди: аёл киши ишласа, ҳаддидан ошар эмиш, димоғи баландлашиб, овози жаранглай бошларкан, агар турмуш ўртоғидан кўпроқ пул топса, менсимай қўяркан. Баъзи оилалардаги муносабатларга кўзгу тутсангиз, оилада эркак ва аёл вазифалари алмашиб қолганини, икки ўртадаги мувозанат йўқолиб, эр ва хотин бир-бирини писанд қилмай қўйганини кўрамиз.

 

«Келиним ўғлимни менсимайди»

Маҳфират ая, 60 ёш: — Ўғлим билан келиним иккиси севишиб турмуш қуришган. Икки фарзанди бор. Ўғлим тадбиркорлик билан шуғулланиб, егани олдида, емагани ортида бўлиб яшаган пайтлари келиним учун ўғлимдан яхшиси йўқ эди. Бироқ ўғлим яқин дўстига ишониб, «катта иш бошлаймиз» деб бор сармоясини бефойда бир ишга тикди-ю, ишлари орқага кета бошлади. Шундан бери ҳар хил ишнинг бошини ушлаб кўраяпти, омади ҳеч юришмайди. Келиним ҳамиша катта еб, катта гапириб ўргангани учун сал етишмовчилик бўлиб қолса, чидолмайди. Қарз-қурс қилиб бўлса ҳам кийим-кечак, керакмас буюмлар сотиб олаверади. Ишга чиққанига эндигина бир йил бўлди, ойлик маошини фақат ўзига сарфлайди. Насиҳат қилсам, ёқмайман.  Рўзғор харажатларини бутунлайича мен ва турмуш ўртоғим эплай оламиз. Эр-хотин икковининг уруши болалар тарбиясига таъсир қилади, деб қўрқаман.

Лола, 33 ёш: — Турмуш қурганимизга 10 йилдан ошди. Хўжайнимнинг яхши ва ёмон кунларида ёнида бўлдим, иложи борича уни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилдим, оилага фойдам тегиши учун ишга ҳам чиқдим. Лекин қайнота-қайнонамнинг ёрдамию менинг пул топишим унга ёқиб қолди, тепса-тебранмасга айланди. Кун бўйи уйда ўтиради, бирор ишга жойлаб қўйсак, «Мен раҳбар бўлганман, бировнинг қўлига қараб, қачон ойлик бераркан, деб кутиб ўтиришга тоқатим йўқ», деб дарров бўшаб олади. Ота-она ўғлини йўлга солиш ўрнига кун бўйи мени унга ёмонлаб ўтиришади. Худди мен кўчада ўйнаб юргандек. Болалар катта бўлаяпти, харажатлари кўпайиб боряпти. Қайтона-қайнонамдан боламнинг пайпоғи, расм дафтари учун пул сўраб ўтирмайман-ку! Оилавий келишмовчиликлар туфайли асабларим қақшайдиган бўлиб қолди, мен ҳам ҳаётга бир марта келаман, нима қилсам, аввалги ғайрати ўзига қайтаркан? Агар ишламасангиз, сиз билан ажрашаман деб қўрқитсаммикан?

Кўзгу нима дейди? Маҳфират ая кўпни ва узоқни кўргани учун ўғлининг бугунги омадсизлигини вақтинчалик, деб биладиУндаги хотиржамлик ана шундан. Бироқ ўғилнинг кибрли дангасага айланиб бораётганини хаспўшлаб бўлмайди. 60 ёшдан ошиб ҳам соғлигингиз, ўз тинчлигингизни ўйламай, кап-катта ўғлининг қўлига пенсиясини тутқазиб яшашни тўхтатишингиз керак. Келиним ўзгариб қолди, деяпсиз. Албатта, ўғил билан бирга келин ҳам улғайяпти. У бу оиланинг барча икир-чикирларини ёддан билиб, қайси вазиятда нима қилиш ва нима дейишни аллақачон ўзича ҳал қилиб бўлган. Ўғилнинг ўрнига ҳамма муаммони ҳал қилаверсангиз, унинг ўрнидан туриб, ҳаракатга келиши учун ҳеч қандай сабаб топилмайди-да! «Ишга чиққандан кейин хотинингни тили чиқиб қолди» деяверсангиз, ўғлингизнинг муаммолари баттар чигаллашади. Келинингиз билан ҳамкорга айланинг, ахир у ўз оиласи ва эрига ёмонлик тиламаслиги аниқ-ку! Ота-она ва рафиқа бирлашса, ўзига бўлган ишончи сўнган эркакни яхши ишларга илҳомлантириб, оёққа турғазиши мумкин!

Лола, эркакнинг омади унга умрининг охиригача ҳамроҳлик қилади. Ташвишга тушаётганингиз ўринли, аммо оила устуни бўлган эрни кўпчилик олдида, айниқса, ўз болалари ва ота-онаси олдида ҳар хил гап-сўзлар билан ерга уриб, ҳеч нимага эришмайсиз. Қанча меҳнат ва хизмат қилманг, ҳатто эрингиз шундай муомалага муносиб бўлса ҳам қайтона-қайнонангиз сизни оқламайди, кейинчалик эса гапингизга қулоқ осмайдиган, айбингизни юзингизга соладиган, отасини ҳурмат қилмайдиган фарзандларингиздан нолиб юрасиз. Қўйинг, ундан кўра ойижонингиз ва дадажонингизга маслаҳат солиб, турмуш ўртоғингиз ўзи нима хоҳлаётганига қараб, унга кўмаклашинг. Жанжални камайтириб, юракни кенг қилинг. Истаган одамингиздан сўраб кўринг, ҳар бир эркакнинг ҳаётида мана шундай иқтисодий инқироз палласи бўлади ва буни турмуш синови деб қўйибди. Агар шу «мушт»га чап берсангиз, кўп йиллик севгингиз, оилангизни асраб қоласиз.

 

«Ойим дадамни ҳурмат қилмайди»

Мафтуна, 15 ёш: — Икки укам бор. Ойим бозорда кийим-кечак сотади. Дадам эса икки кун боғчада, икки кун мактабда қоровул бўлиб ишлайди. Дадам кечаси ухламагани учун кундузи уйда дам олади. Ойим эса ишдан кела солиб, дадамни ишёқмас, дангаса, ҳамма ерни ёйиб ўтиради, ишида бир ухласа, уйида яна бир ухлайди, деб беҳурмат қилади. Авваллари онам унақа эмасди, отам ишдан келганида чиройли қилиб дастурхон ёзарди, кийим-кечагини озода сақларди. Ҳозир эса маҳалла, кўча-кўйда бемалол ёмонлаб ташлайверади. Дадам эса жуда яхши инсон, бизни мақтаб-эркалайди, ҳеч қачон қаттиқ гапирмайди.

Наргиза, 38 ёш: — Эрим оиланинг катта ташвишлари билан қизиқмайди, Ҳамма югур-югурлар менинг бўйнимда. Қачон қарама, «Мен кечаси ухламаганман» деб, ўзини аягани-аяган. Ахир у эркак киши, орзу-хаваслар билан яшаса, шунга яраша ҳаракат қилса, бўлмайдими?  Топган маоши ҳеч нарсага юқ бўлмайди, қоровулликни йиғиштириб, менга қарашса, иккаламиз бозорда савдо қилсак, оғиримиз енгил бўлармиди? Болаларим дадасига ён босади, улар менинг асабларим ва чарчоғимни ҳис қилмайди-да. Кўпчилик бозорда юриб, характеринг ўзгариб кетди, дейди. Эркак каби ишлаш кимни ўзгартирмайди, дейсиз!

Кўзгу нима дейди? Мафтунахон, ёш бўлишига қарамай, ота-онасининг ҳар иккисини яхши кўрувчи, ҳаётнинг синовларига, оиланинг муаммоларига жавоб топмоқчи бўлаётган, қизалоқ, балли сизга! Сиздан нима талаб қилинади? Онангизнинг ёмон гап-сўзлари таъсирига берилманг, ота-онангиз — катта одамлар, улар албатта, яхши бир ечимга келишади. Ўйлаб кўрсангиз, онангизга ҳам қийин, отангизга ҳам осонмас. Уларнинг бирортасига тарафкашлик қилишингиз шарт эмас. Уй ишларини ўз вақтида қилиб, онангизга ёрдамлашсангиз, ош-овқат, кийим-кечак ювишни унинг қўлидан олсангиз, укаларингизнинг дарсларига кўмаклашсангиз, онангизнинг кўнгли ёришади. Наргиза, сотувчилик бўладими ёки қоровуллик, ҳеч қайси бир иш осон эмас! Тунги вақтда ишлаш, ўзининг иссиқ уйи, ҳаловатидан кечиб, масъулият ва жавобгарликни ҳис қилишнинг ҳам ўзига яраша қийинчилиги бор. Тўғри, сиз даромадингизни кўпайтиришни, дейлик, уйингизни таъмирлатишни, болаларингизга янада яхши шароитни яратиб беришни, машина олишни орзу қилаётгандирсиз. Баъзи эркакларда ана шундай иштиёқ ва ғайрат ҳисси камроқ бўлади. Ташаббусни қўлга олинг-у, бироқ маслаҳатлашиш ва ишонишни унутиб қўйманг. Эркаклар ҳам бир фарзанд каби, уларга ишонсангиз, дўсти бўлсангиз, сиздан узоқлашмайди, гапингизга кўнади. Уй, бу — бозор эмас, унда олди-сотди қилмайсиз, лекин ўхшаш жиҳати ҳам бор: берилганга яраша оласиз. Ўзингиз гувоҳсиз, болаларингиз сизга эмас, дадасига суянаётганидан билаверинг, гап кимнинг қанча топишида эмас,  меҳрингизни яқинларингиздан дариғ тутманг!

Азиза ҚУРБОНОВА

Яндекс.Метрика