У нас есть только
оригинальные песни

Бақбақа ва салқиган қовоқдан халос бўламиз!

calendar 14.11.2016
1443

Табиат аёлга ҳусн деб аталмиш бебаҳо совға инъом этган.  Биз, аёллардан фақатгина табиатнинг мана шу туҳфасини сайқаллаб, уни йиллар давомида авайлаб сақлаш талаб этилади. Ташқи кўринишимиздаги кўнглимиз тўлмаган жиҳатларни эса тузатишнинг имкони мавжуд. Бунинг учун озгина қунт қилсак бўлгани!  

Бодом қовоқ – гўзаллик белгиси
Шарқ халқларида азал-азалдан бодом қовоқ қизлар жозибадор саналган. Ёшликда бетакрор кўринадиган бодом қовоқлар 35 ёшдан сўнг улғайгани сари салқиб, ҳақиқий муаммога айланиши турган гап. Шу сабабдан аксарият аёллар ундан халос бўлиш йўлларини излай бошлайди. Муаммога ечим топиш мақсадида энг соддасидан тортиб тиғ остигача бўлган барча усулларни кўриб чиқиш тавсия этилади.  

Унутманг, бодом қовоқлик кўп ҳолларда наслдан наслга ўтиши ҳам мумкин. Ташқи кўринишдаги бу ажралиб турувчи белги ёш улғайгани сари ўз соҳибасига бироз ноқулайлик туғдиради. Салқиган қовоқлар чеҳрани чарчаган ва ғамгин кўрсатади. Шу сабабдан бу муаммо устида ёшликданоқ бош қотириш даркор. 

Қовоқ учун кундалик машқлар: 
Машқ: кўзларни имкон қадар катта очиб беш сония давомида шу ҳолатда турилади. Сўнг уларни маҳкам юмиб, яна бешгача саналади.  Машқни бажариш вақтида пешона кафт билан ушлаб турилади, акс ҳолда ажинлар пайдо бўлиш хавфи ортади. 

Машқ: бармоқлар билан қошларни имкон қадар бир-бири томон яқинлаштирилади. Бу машқни ҳар куни икки маҳал саккиз маротаба такрорлаш тавсия этилади.  

Пардоз билан камчиликларни беркитамиз
Пардоз-андоз бизни янада гўзаллаштириш билан бирга юзимиздаги камчиликларни тузатиш имкониятига эга. Бодом қовоқларни пардоз воситалари ёрдамида бироз кичикроқ кўринишга келтирса бўлади. Бунинг учун бир нечта  қоидаларга амал қилсак бўлгани:   

Муҳим қоидалардан бирини доим ёдда сақланг: бодом қовоқларни кўзни очиб турган ҳолда бўяш лозим. Одатда кўпгина аёллар тен ва суюқ қаламни кўзни юмган ҳолда қовоққа суртишади. Бодомқовоқ санамларга эса бу усул тўғри келмайди. 

Бу муаммодан азият чекувчи гўзаллар қошларига етарлича эътибор қаратиши лозим. Яъни қошлар доим парваришланган, ингичка, камондек эгилган бўлиши лозим. Акс ҳолда, тартибга келтирилмаган қошлар қовоқларни янада бўрттириб кўрсатади. 

Тўқ рангли тенларга ихтиёр берган афзалроқ. Бироқ уни бутун қовоқ бўйлаб эмас, фақатгина ташқи бурчакка суртиш яхши самара беради.     

Киприкларни ҳам унутиб қўйманг. Юзнинг юқори қисмига эътиборни қаратиш учун пастки киприклар бўялмайди. Юқори киприкларга эса қалин қилиб туш суртиш лозим. 

Ялтироқ тенлар бодом қовоқ аёлларнинг  ашаддий душманидир.  Қаймоқранг, маржонранг ва ўта тўқ рангдаги тенлардан фойдаланиш юзни  толиққандек кўрсатади. Маслаҳатимиз, улардан фойдаланишда эҳтиёт бўлинг! 

Пластерларнинг фойдаси тегиши мумкин 
Ёши катта аёлларга  ажин тушган ва салқиб қолган қовоқларни беркитишда кўмак берадиган махсус пластирлар ҳам бор. Уларни қовоққа ёпиштириб, устидан пардоз қилинса, муаммо кўзга ташланмаслигига эришилади.   

Блефаропластика
Мутахассислар муаммонинг охирги чораси сифатида блефаропластика жарроҳлик амалиётини тавсия этишмоқда. Бу амалиёт ёрдамида қовоқдаги ортиқча ёғ, мушак тўқималари ва тери олиб ташланади. Замонавий эстетик жарроҳлар лазерли блефаропластика оддийсига нисбатан самаралироқ эканлигини таъкидлашмоқда. 

Тошкент шаҳридаги клиникалардаги ўртача нархи 750 минг.

Аёлларни  5-10 ёшга каттароқ кўрсатувчи азалий муаммолардан бири бу — бақбақадир. У нафақат тўладан келган хонимларда, балки озғин санамларда ҳам учраши мумкин.  Бақбақадан халос бўлишнинг бир қанча усуллари мавжуд. Агар ундан қутулишга жиддий киришган бўлсангиз, ишни ортиқча вазнни йўқотишдан бошланг. Таомномангизга клетчаткага бой махсулотларни киритинг. 
 
Бақбақага қарши машқлар
Машқларни кўзгу қаршисида ёлғизликда бажарган маъқул.

1–машқ  
Оғизни имкон қадар каттароқ очиб, ияк олдинга қараб итарилади. Аста секинлик билан оғиз  ёпилади. Бу машқни бир кунда йигирма мартадан такрор бажарилса, нафақат бақбақалардан халос бўлиш мумкин, балки ияк ва бўйинда пайдо бўлаётган  майда ажинларни йўқотишга ҳам  эришилади.  

2–машқ 
Стулга ўтириб, тирсак стол устига қўйилади. Сўнг бош бармоқни иякка  қўйиб, кўрсаткичини эса қулоқ орқасига олиб борилади. Аста-секин оғиз очиб ёпилади. Машқни илк бажаришда, бу ишни беш маротаба, кейинги сафарларида эса йигирма марта қилиш мумкин.  

3–машқ  
Бўйинни олдинга чўзиб, мушакларга босим берган ҳолда барча унли ҳарфларни бирма-бир талаффуз қилинг. Іар бир унли ҳарфни талаффуз қилганингиздан кейин мушакларни бўшаштиринг. Машқни кунига 10 мартадан такрорласангиз натижаси сизни узоқ куттирмайди. 

Пардоз қилинг!
Бақбақаларни кўздан беркитиш учун шарфга ўраниб юриш шарт эмас. Аксинча бу аксессуар кўпчиликнинг эътиборни тортиш хусусиятига эга. Демак, кундалик пардоздан асосий мақсад – бақбақаларни яшириш. Ёдингизда бўлсин, юздаги ортиқча муаммоларни тўқ рангли тонал крем ёрдамида бартараф қилса ҳам бўлади.  Демак, бақбақанинг устига тўқ рангли тонал крем суртиб, энгакка тери рангидаги, энгакнинг энг қуйи қисмига эса очроқ рангдаги упа суртиб, айёрлик қилиш мумкин. Пардоз натижасида юз шакли ўзгариб, эътиборни бақбақадан чалғитади.

Тақинчоқлар-чи? 
Ер юзида битта аёл қолса ҳам заргарга иш топилади дейишади. Бироқ бўйнида муаммоси бор аёлларга катта ҳажмли тақинчоқлардан воз кечишларини тавсия қиламиз.  

Минерал тузлар
Бақбақадан халос бўлишда минерал тузлардан унумли фойдаланиш самара беради. Бунинг учун бир пиёла газланмаган минерал сувда бир ош қошиқ денгиз тузини эритилади. Пахмоқ сочиқни шу сувда намлантириб, икки учидан тутилади.  Сўнг нам сочиқ билан энгакни аста шапатиланади.  Бу машқни ҳар куни икки маҳал бажарилса, чамаси икки ойларда натижани сезиш мумкин.

Озонотерапия
Юқорида саналган чора-тадбирлар кўнгилдагидек натижа келтирмаса, келгуси қадамни кескинроқ қўйишга тўғри келади. Озонатерапия жиддий эсттетик муолажалардан бири саналади. Бақбақа устига озон ва кислородли суюқликни игна ёрдамида юбориш билан кечадиган ушбу муолажа энгаклардаги ёғларни эритиш хусусияти туфайли самарали ҳисобланади. Бироқ жараён оғриқли кечгани сабаб кўпчилик бу усулга рози бўлавермайди. Тошкент шаҳридаги эстетик клиникалардаги  бу муолажанинг бир маротабалик ўртача нархи 30 минг сўмни ташкил этади.  

Лазерли липосакция
Умумий анестезияни талаб қилувчи муолажа саналади. Шу боис, аёл бу амалиётга киришишдан аввал бир қанча шифокорлар кўригидан ўтиши лозим. Бу жарроҳлик амалиётида шифокор бақбақа соҳасида микроскопик кесик ҳосил қилиб, тери остига ёғларни эритувчи махсус дори жўнатади. Сўнг лазер нури ёрдамида ёғни эритиб, 1 мм ҳажмли ингичка игналар ёрдамида тортиб олинади. Қулайлиги эса биргина муолажанинг ўзи кифоя. Камчилиги эса ўта қимматлигида.

Яндекс.Метрика