У нас есть только
оригинальные песни

Бахтли бола тарбиялаш сири

calendar 25.12.2015
1431

Япониялик Масару Ибука - кўп қиррали ва жуда истеъдодли инсон. Sony компанияси асосчиларидан бўлган жиддий бизнесмен болалар психологияси ва педогогикани чуқур ўрганган ва ўзининг “Уч ёшдан кейин кеч бўлади” деб номланган болаларни эрта ривожлантириш борасидаги ғаройиб қўлланмасини яратди.

У болани ривожлантиришдан мақсад уни вундеркинд қилиб тарбиялаш эмаслигини доимий тарзда қайд этган. “Эрта ривожлантиришнинг асосий мақсади – бу бахтли болаларни тарбиялашдир. Болага яхши мусиқа тинглаш, хорижий тилларни ўрганиш имконияти уни тилшунос ёки мусиқачи этиб тарбиялаш мақсадида берилмайди. Асосийси – бола ҳаётидаги хурсандчиликлар янада кўпроқ бўлиши учун унинг чексиз имкониятларини ривожлантиришдан иборат”, - деб ёзади у.

Қуйида Масару Ибуканинг “Уч ёшдан кейин кеч бўлади” асаридаги асосий маслаҳатларни келтириб ўтамиз. Ўз вақтида улар новаторлик ғоялари эди, ҳозирги кунда эса меҳрибон ва суюкли ота-отаналар учун нормал хулқ-атвор нормаларига айланиб боряпти.

Масару Ибуканинг асосий маслаҳатлари

1. Бола кичик ёшиданоқ инсониятнинг энг яхши ютуқлари ичида бўлсин.Мумтоз мусиқа тингланг, санъат асарларини кўрсатинг, бадиий адабиёт ўқиб беринг.

2. Болани тез-тез қўлингизда кўтаринг. Бундай мулоқот боланинг ақлий ривожланишида катта аҳамиятга эга.

3. Чақалоқ билан чучук тилда гаплашманг. Бола билан туғилган пайтидан бошлаб катталар тилида гаплашинг.

4. Бола билан ҳар куни шуғулланинг. Ҳатто бир кунлик машқ ҳам ҳайратланарли натижаларга олиб келади.

5. Боланинг олдида уришманг. Фарзандингиз салбий ҳолатларни таъсирчанлик билан ҳис этади.
6. Фарзандингизга сизнинг жойингизда бирга ухлашга рухсат беринг. Биргаликда ухлаш болага ривожлантириш таъсирини ўтказади.

7. Болани бошқа болалар билан мулоқотга киришишга руҳлантиринг. Бу бола ақли, рақобатбардошлилик, биринчи бўлиш хиссини оширади.

8. Фарзандингизга ўз манфаатларини илгари суриш ва ҳатто уришишни ҳам ман этманг. Баҳслар мулоқот қилиш кўникмаларини ривожлантиради.

9. Болани чекламанг. Бола қўллари билан амалга оширадиган барча машғулотлар унинг ақлий қобилияти ва ижодий кўникмаларини ривожлантиради.

10. Болани эҳтиёткорлик мақтанг ва жазоланг. Айниқса ўғил болаларни ишлари учун мақташ керак, жуда кам жазоланг.

11. Ўзингизнинг “яхши” ва “ёмон”ингизни болага сингдирманг. Болага ўз ҳаёт тажрибасини сизнинг ёрдамингизда олишига қўйиб беринг, вақт ўтиши билан у ҳамма нарсани ўзи фарқлай оладиган бўлади.

12. Болада бирор нарсага қизиқиш уйғотинг. Бунинг учун барча шароитларни яратиб беринг.

13. Ўтилганларни такрорланг. Бу бола миясида тўғри чизмаларни шакллантиради.

14. Болага нафақат она, ота ҳам керак. Ота ва фарзанд ўртасидаги мулоқотда ҳеч қандай чекловлар бўлмаслиги даркор.

15. Болалар ҳаёлоти (фантазия) сини аҳмоқона деб ҳисобламанг. Орзу ва ҳаёл қилиш қобилияти боланинг ижодий салоҳиятини шакллантиради.

16. Болага ўзингизнинг шахсий буюмингиз сифатида қараманг. Бундай эмас. Бундан ташқари, бу боланинг ўз кучига ишонмаслигига сабаб бўлиши мумкин.

17. Болада қўл орқали ҳис қилиш қобилиятини ривожлантиринг. Болага турли материаллар – юмшоқ ва қаттиқ, оғир ва енгил, текис ва ғадир-будир предметларни беринг.

18. Болага у сўраган барча ўйинчоқларини сотиб олиб берманг. Ўйинчоқларнинг кўплиги диққатни олади, бунинг оқибатида илм олиш мураккаблашади.

19. Болага деталлардан иборат ўйинчоқларни тақдим этинг. Бола ўйинчоқни ўзи йиға олганида қувончга тўлади. Тайёр ўйинчоқлар даврида бу жуда ноёб.

20. Боланинг кичик моторикасини - ясаш, аппликациялар, шаклларни кесиш ва йиғиш орқали ривожлантиринг. Маълумки, “боланинг ақли – унинг бармоқларининг учида”.

 

21. Бола билан пиёда сайр қилинг. Пиёда юриш жуда фойдали, ахир юриш вақтида тананинг 639 та мушакларидан 400 таси ҳаракатда бўлади.

22. Бола бирор нарса билан шуғулланишни бошлаганида натижага катта аҳамият кўрсатманг. Ахир унинг учун натижа эмас, жараён муҳим ҳисобланади. Унга қанчалик қизиқ бўлса, шунча меҳнат қилишига қўйиб беринг.

23. Бола иродасига қарши чиқманг. Унинг иродасига қарши иш қилишга мажбурлаш орқали унинг ўзига бўлган ишончини синдирасиз.

24. Болада ностандарт фикрлаш кўникмасини шакллантиринг. Стандартлар стандарт одам қилиб тарбиялайди.

25. Болаларни тарбиялашдан олдин уларнинг ота-оналари, яъни ўзимизни тарбиялашимиз лозим. Мақоламизни Масару Ибуканинг аъло даражали иқтибоси билан якунламоқчимиз:
“Фарзанд учун энг яхши тарбия – бу онанинг меҳридир. Ота-оналарнинг энг асосий машғулоти – фарзандларни тарбиялаш. Агар улар бунга рози бўлмасалар, унда нима учун фарзандли бўлишди?”

Яндекс.Метрика