У нас есть только
оригинальные песни

Бахтли бўлишнинг тўққиз тамойили

calendar 15.12.2015
2815

Кўпчилигимиз бахтга эришишни жуда қийин деб ҳисоблаймиз. Ҳар бир инсон бахтли бўлишни истайди. Негадир кўпчилик бахтли бўлишни истаган ҳолатда, қийин йўлни танлайди. Аслида бахтли бўлишнинг қонунияти жуда оддий ва осон. Агар унга ҳамма бирдай амал қилганида эди, дунёда ўзини бахтсиз ҳис қиладиган инсонлар бўлмасди.  Психологлар, файласуфлар томонидан бахтли ҳаёт учун асқотадиган маслаҳатлар жуда ҳам кўп. Уларга кимдир амал қилади, кимдир эса йўқ. Бугун биз сизга бахтли бўлиш учун асқотадиган ва илм-фан томонидан исботланган ўнта қоидани тавсия қиламиз.

Тушкунликни жисмоний машқлар ёрдамида енгиш

Жисмоний машқлар, ҳаракат фаоллиги кундалик ҳаётимиз учун муҳим аҳамиятга эга эканлиги илм-фан томонидан исботланган. Тадқиқотчилар ҳам “Мукаммал бахтиёрлик” китобида жисмоний машқларни канда қилмаган инсон ўзини бахтли ҳис қилиши, соғлом ва тетик бўлишини таъкидлайдилар. Уларнинг навбатдаги тадқиқотларида руҳий тушкунликдан азият чекаётган инсонлар уч гуруҳга бўлинади. Биринчи гуруҳдаги беморлар фақатгина дори-дармонлар, иккинчи гуруҳдагилар жисмоний машқлар, учинчи гуруҳдагилар эса дори-дармонлар билан бирга жисмоний машқлар билан ҳам даволанишди. Муолажалардан сўнг олти ой ўтгач, биринчи гуруҳда даволанган беморларнинг 38 фоизи, учинчи - дори-дармонлар ва жисмоний машқлар билан аралаш даволанганларнинг 31 фоизида руҳий зиқликнинг қайталаниши кузатилган. Иккинчи гуруҳ, яъни оддий жисмоний машқлар билан даволанган кишиларнинг бор-йўғи 9 фоизидагина тушкунлик қайталанган. Демак, жисмоний машқлар билан даволанган беморлар гуруҳида энг яхши натижа кузатилган.

Тадқиқотлар натижаси руҳий тушкунликдан халос бўлишнинг энг яхши йўли - жисмоний машқлар эканини исботлади. Қолаверса, ўз танасига ғамхўрлик қилган, жисмоний ҳолати, кўринишидан мамнун бўлган соғлом инсонлар ўзларини бахтли ҳис қилишлари исбот талаб қилинмайдиган ҳақиқатдир.

Жисмоний машқлар, ҳаракат фаоллигининг инсон организми ва руҳиятига наф келтиришига шубҳа йўқ. Хўш, шундай экан, сиз нимани кутяпсиз? Ҳозироқ жисмоний машқларни бошланг ва бу фаолликни ҳар куни давом эттиринг. Бора-бора бу ҳол одатингизга айланади.

Уйқу вақтига амал қилмаслик - жиддий хато

Биз ҳаётимизнинг учдан бир қисмини уйқуда ўтказиб юборамиз, деб ўйлаймиз ва камроқ ухлашга ҳаракат қиламиз. Олимлар бундай ўйлайдиган инсонлар адашишларини таъкидлайдилар. Тиниқиб ухлаш инсонга хуш кайфият бағишлаш билан бирга бахтиёрлик ҳиссини ҳам беради. Тушдан сўнг бирозгина мизғиб олиш кишига тетиклик бағишлайди. Уйқуга тўймай уйғонган кунларимизда руҳий муаммоларга дуч келишимиз, кайфиятсиз, тушкун юришимизни кўпчилигимиз ўз ҳаётимиз мисолида исботини кўрганмиз. Шундай қилиб, кун бўйи хушчақчақ, қувноқ, тетик юриш ва бахтиёр бўлиш учун уйқу вақтига амал қилишни унутманг. Меъёридан кам уйқу инсон жисми ва руҳи учун зиён бўлганидек, меъёрдан ортиғи ҳам зарар ҳисобланди.

Мобил телефон, планшет ва компьютерга камроқ қаранг.

Одамлар гаджет - мобил телефон, планшет, ноутбуклардан ҳаддан ортиқ фойдаланиш, интернетдаги ижтимоий тармоқларда кўп вақтини ўтказиш билан ўзларига бахтсизлик сотиб оладилар. Калифорния давлат университети профессори, фалсафа фанлари доктори, психология клиникаси психологи Рамани Дурвасула “Одамлар оддий жонли мулоқот қолиб, турли гаджетларга вақтларини сарфлаяптилар” дея таъкидлайди. Одамлар ижтимоий тармоқлардаги дунёларига боғланиб, ҳаётларида бўшлиқ пайдо қиляптилар.

Афсуски бу ҳолат борган сари авж олаяпти. Айниқса ёшлар виртуал оламдаги дўстларининг янгликликларини ўтказиб юбормаслик учун қайта-қайта гаджетларини қўлга олаверадилар. Бу нормал турмуш тарзини бузади. Агар ўзингизни бахти ҳис қилишни истасангиз, гаджетлар ва интернетда оқилона, унумли фойдаланишни йўлга қўйинг. Қимматли вақтингизни техника қурилмаларига ва беҳуда постларни ўқиш, ўзингиз танимайдиган, билмайдиган виртуал дўстларингизнинг суратларини томоша қилишга сарфламанг.

Тоза ҳавода сайр қилиш

Гарвард университетининг нотиғи, “Мукаммал бахтиёрлик” китобининг муаллифи Шон Ачор тоза ҳавода йигирма дақиқа сайр қилиш билан нафақат кайфиятни кўтариши, балки хотирани яхшилаши, ўтган фурсат мобайнида янги ғоялар, фикрлар туғилиши мумкинлигини таъкидлайди. Лондондаги иқтисодиёт ва сиёсат мактаби тадқиқотчилари томонидан ўтказилган тадқиқот натижаси ҳам ушбу фикрнинг тўғри эканини тасдиқлайди. Тоза ҳаво, қуёшли кун ва денгиз соҳили кўпчилик инсонларнинг орзусидаги жой. Шаҳар ҳаёти муҳитида ҳам қуёшли кунларда баҳаво гўшалар, хиёбонларда кўнглингизга яқин инсон билан ёки ёлғиз ўзингиз сайр қилишингиз мумкин.

Одамларга ёрдам беринг

Кимдир сизга ўзингизга пул сарфлагандан кўра, бошқа инсонга совға олганингиз ёки бирор кишининг (унинг бегона ё сизга яқин бўлиши муҳим эмас) эҳтиёжига зарур бўлган пулни берганингизда кўпроқ қувонишингиз мумкинлигини айтса, ҳайрон бўлманг. Бу ҳақиқат. Тиниб-тинчимас олимлар бу борада ҳам тадқиқот ўтказдилар. Иштирокчилар икки гуруҳга бўлинди. Иккала гуруҳга ҳам маълум миқдорда пул берилди. Биринчи гуруҳ вакиллари ўзига, иккинчи гуруҳ вакиллари эса бошқалар учун нимадир харид қилишлари керак эди. Тақдқиқотлар натижаси ўзи учун пул сарфлаганлардан кўра бошқаларга совғалар харид қилган инсонлар ўзларини кўпроқ бахтиёр ҳис қилишларини тасдиқлади. Миллионерлар ва миллиардерлар орасида эҳтиёжмандларга ёрдам кўрсатиш билан шуғулланадиганлари жуда кўпчиликни ташкил қилиши ҳам бежиз эмас. Инсон атрофидагиларга қанча кўп ёрдам қўлини чўзса, ўзини шунча бахтли ҳис қилади. Инсонларга ёрдам бериш фақат пул сарфлаш, моддий кўмакдан иборат бўлмайди. Кўнгилли равишда беморларга, ногиронлар, жисмоний имконияти чекланган кишиларга суҳбатдош бўлишингиз мумкин. Кексаларга китоб ўқиб беришингиз ёки моддий имконияти йўқ кишиларга ўзингиз биладиган бирор хорижий тилни ўргатишингиз ёки бирор фанни ўзлаштиришида ёрдам беришингиз мумкин. Шу каби одамларга фойдали ишларга ёрдам бериш ҳам сизга бахт ҳиссини улашади.

Яқинларингиз билан кўпроқ муносабатда бўлинг

Яқин инсонларингизга ғамхўрлик қилинг. Улар билан кўпроқ вақтингизни ўтказинг. Бу ҳам сизни хурсанд қилади, ҳам яқинларингизни бахтиёр этади. Оилангиз, дўстларингиз ёнингизда эканини ҳис қилганингиз сари ўзингизни бахтли ҳис этасиз.

Ҳаммасига, ҳамма нарсага шукур қилинг!

Ҳаётингиздаги барча инсонлар, рўй бераётган воқеалар, сизга берилган нарсалар учун шукур қилинг! Кўп тадқиқотлар шукур - инсонга ҳаётда энг кўп ижобий таъсир кўрсатувчи восита эканини тасдиқлайди. Шунинг учун ҳаётингиздаги майда-чуйда нарсалар учун ҳам миннатдор бўлинг ва дунёда сиздан кўра бахтсизлар борлигини унутманг.

Буюм эмас, хотира тўпланг!

Биз бахтни пулга сотиб олиб бўлмайди, деб гапирамиз-у амал қилишга келганда аксини қиламиз. Шуни унутмангки, ҳаётда эсда қоладиган саёҳатлар ва уларда тўпланган тажриба, ширин хотиралар умр бўйи инсонни бахтиёр қилишга қодир бўлади. Яқинда ўтказилган яна бир тадқиқот нарса-буюм, ҳатто инвестицияларга ажратиладиган пулдан ҳам кўра саёҳатларга сарфланадиган маблағлар инсонга бахтиёрлик нашидасини суришга ёрдам беришини исбот қилди. Сиз ҳам буни синаб кўришингиз мумкин.

Ўзингизни севинг!

Аслида юқоридаги тавсияларни бажаришингиз ва ўзингизни бахтли ҳис қилишингиз учун аввало ўзингизни севишингиз керак. Яратган сизни меҳр-муҳаббат билан яхши кўради, нега энди сиз ўзингизни севмаслигингиз керак? Ўзингизни яхши кўришингиз - Аллоҳни севишингиздир, чунки у бандасини севади ва унга ҳамиша меҳрибон бўлади. Атрофингиздагиларни севинг. Табиатни, одамларни, Аллоҳ сизу бизга берган неъматларни севинг. Афсуски, замонавий одамларнинг кўпчилиги муҳаббат кучини унутиб қўймоқдалар. Балки шунинг учун ҳам ўзини бахтсиз ҳис қиладиганлар кўпайгандир эҳтимол. Ўзини севган инсон руҳига, жисмига фойдали бўлган маҳсулотларни истеъмол қилади, саломатлигига эътиборли бўлади. Гўзал, хушқомат, соғлом танадаги руҳ эса шукроналикдан мамнун бўлади. Бу бахтиёрликнинг энг асосий шартларидан бири ҳисобланади.

Яндекс.Метрика