У нас есть только
оригинальные песни

Бипаша Басу Каран Сингх Гровернинг учинчи хотини бўлди

calendar 02.05.2016
1667

Аввалроқ, актриса Бипаша Басу ва актёр Каран Сингх Гровер турмуш қуришаётгани ҳақида хабар берган эдик. 30 апрель куни Болливуднинг икки машҳур актёри ҳаёт йўллари ўзаро боғланди. Уларнинг никоҳ тўйида ҳинд киносининг энг кўзга кўринган юлдузлари меҳмон бўлишди. Улар орасида Амитабҳ Баччан, Абхишек ва унинг рафиқаси Айшвария Рай Баччан, Шоҳруҳ Хон, Салмон Хон, Ранбир Капур, Сонам Капур, Прити Зинта, Фараҳ Али Хон, Сушмита Сен, Санжай Датт, Дия Мирза, Арора Хон, Сунил Гровер, Бобби Деол каби кўплаб таниқли актёрларни кўриш мумкин эди.
 
Тўйда Бипашанинг қалин дугоналаридан бири бўлмиш Приянка Чопра қатнаша олмади. Сабаби, у ўша дамда АҚШда бирваракайига икки фильмда суратга тушиш билан банд. “Каунтико базаси” ҳамда “Малибу қутқарувчилари” фильмларида суратга тушаётган Приянка Чопра Бипашани Twitter’даги саҳифаси орқали табриклади.

“Мен дугонам Бипаша ва унинг ажойиб турмуш ўртоғи Каран учун жуда хурсандман. Сизлар ажойиб жуфтликсиз ва бахтга, ҳатто, ундан ортиғига ҳам лойиқсиз”, дейди у ўз табригида.
 
Тўйда Бипашанинг кўзларидан ҳаяжон ва қувончни илғаш қийин эмасди. Ўз ўрнида Караннинг ҳам хурсандчилиги ичига сиғмай, имкон қадар Бипашага эътибор бериш ва уларни тинимсиз равишда суратга олаётган ОАВ вакиллари, дўстлари ва оила аъзоларига кулиб қарашга ҳаракат қиларди.  
Тўй аввалида Бипаша қизил рангдаги миллий сарида меҳмонларга пешвоз чиқди, бироздан сўнг эса қаймоқ рангдаги бошқа бир либосни кийди. Каран эса суюкли ёри учун саҳнада муҳаббат ҳақидаги қўшиқларни куйлади.

Эслатиб ўтамиз, 29 апрель куни Болливуднинг икки машҳур юлдузи 37 ёшли Бипаша Басу ва 34 ёшли актёр Каран Сингх Гровернинг тўйи олдидан Бипашанинг қўлига хина қўйиш – Менди маросими ўтказилди. Ушбу маросимга Бипаша ва Караннинг дўстлари, оила аъзолари ва Болливуднинг қатор машҳурлари ташриф буюришди. 
Маълумот учун, Каран Сингх Гровер 1982 йилнинг 23 февралида Ҳиндистонда туғилган. Бипаша унинг учинчи турмуш ўртоғи саналади. Бундан аввал, у икки маротаба уйланган.
 Бипаша Басу 1979 йилнинг 7 январида Дехлида таваллуд топган. Бу унинг биринчи турмуши.

 

Яндекс.Метрика