У нас есть только
оригинальные песни

БИР ТЎЙКИ, МЕҲР-МУҲАББАТ ТАНТАНА ҚИЛДИ!

calendar 17.08.2015
5168

Бир тўйки, меҳр-муҳаббат тантана қилди...

Мақолани нега бундай номладик? Жавобини албатта топасиз.

Шукрки, она юртимиз осмони мусаффо, кунларимиз тинч ва баракали. Бунинг биргина исботи, ўзбекнинг ҳар кунида тўй садолари янграйди. Халққа ош тарқатилади, тўкин дастурхон ёзилади.

Куни кеча шундай бахтли тўйлардан бири элимизни хурсанд қилди. Бу тўй машҳур хонанда оиласи билан боғлиқ бўлгани учун эмас, опа-сингилнинг ўзаро улкан меҳри омма олдида намоён бўлгани ҳар қандай қалбда ҳурмат ҳиссини уйғотди.

Машҳур актриса, марҳума Тамара Шокированинг кенжаси – Насиба келин бўлди.

...Она бундай бахтли кунда жисман йўқ. Бироқ, қизларига меҳр-оқибатда берган тарбияси унинг ҳақига янада кўпроқ дуолар ёғдирди! Кенжа қиз бир оила бағрига қадами қутлуғ келин сифатида кириб бормоқда. Тўнғич қиз эса синглисига тиргак. Одамлар кўз олдида опа-сингилнинг ўзаро улкан меҳр-муҳаббатининг тантанаси зоҳир бўлди! Райҳоннинг ҳам ота, ҳам она, ҳам опа сифатида Насибанинг ёнида, ёнгинасида қалқон тургани, кўпчиликка ибрат бўлди!  Марҳума ота-онанинг бир пайтлар қилган орзулари амалга ошди. Бу орзулардан армон занжирлари ечилди! Энди улар армон эмас! Тамара Шокирова ёлғиз аёл боши билан катта қилган икки қизнинг ҳам бугун ҳаётда ўз ўрни бор, ўз бахти бор. Унинг руҳи шундай бахтли дамлардан бахтиёр бўлаётган бўлса, не ажаб?!

Ҳа, бир тўйки, унда меҳр-муҳаббат тантана қилди. Юртимиз тинчлиги абадий бўлиб, халқимизнинг ҳар куни тўй бўлсин! Оилалар, қариндош-уруғлар, жамики инсонлар ўртасидаги ришталар мана шундай меҳр-муҳаббатдан мустаҳкамланиб бораверсин!  

Мақола нега юқоридагидай номланганига жавоб топдингиз дея умид қиламиз.

Жаҳонгир Позилжоновнинг мусиқий чиқиши жуда шов-шувли бўлди. Унинг "Жамшид” номли хити айнан шу тўйда эгасини топгандай! Давранинг тўрида савлат тўкиб турган куёвтўранинг исми қўшиқда жаранг сочгани даврадаги рақсга файз киритди. Позилжонов келинчакни ҳам унутмади. "Насиба” деган қўшиқ янграганда, файз устига файз қўшилди. Хонанда ё махсус "сюрприз” қилди ё олдинроқ куйлаб қўйган бу қўшиғи ҳам айнан эгасини топди! Нима бўлганда, ҳам Жаҳонгир қойил қолдирди!

***

Тўйда келин-куёвни қутлаб, куйлаганлар рўйхати: Жаҳонгир Позилжонов, Саида, "Беном”, Мавлуда Асалхўжаева, Сардор Раҳимхон, Шоҳруҳхон, Муниса Ризаева, Улуғбек Раҳматуллаев, "Садо”, Зиёда.

***

Хонанда Акбар Райҳоннинг яқин дўстларидан бири. У билан "гап” ҳам ўйнайди. Хонанда тўйнинг бошидан охиригача тик туриб, хизматда бўлди. Акбар бошчилигидаги "Садо” ансамбли садоси "Якка сарой”ни "титратиб” турди! Акбар бошловчилик ҳам қилди. Унинг ёнида эса энг севимли бошловчи Нилуфар Сотиболдиева кўмакдош бўлди.

***

Нилуфар Сотиболдиева тўйга онаси ва эрка қизалоғи Амани билан ташриф буюрди. Келин либосидаги жажжи қизалоқ деярли барча меҳмонларнинг диққатини онасидан кўра кўпроқ жалб этди. Катта микрофонни митти қўлчалари билан ушлаб олган Амани нималарнидир куйлагандек ё онаси каби ёқимли гапиришга тақлид қилиб, у ёқдан бу ёққа чопди. Микрофонни унинг қўлидан олиб қўйишлари билан кўзёш тўкди. Микрофонга шу қадар меҳр қўйган бу қизалоқ улғайиб, хонанда эмас-у, ҳойнаҳой, волидаси каби севимли бошловчи бўлса керак-ов!  Қизалоқни бувиси минг чандон юпатмасин, у микрофонни ўз эгаларига беришни истамади. Шу  боисдан, Нилуфар Акбар билан битта микрофонда ишлашига тўғри келди! Эҳ, Амани, Амани!

***

Райҳон тўрда ибо ила нур сочиб турган жигари – келинчак учун махсус ёзган қўшиғини ижро этди. "Келинчак” эксклюзив тарзда Насибага аталди! Қўшиқ сўзлари шу қадар териб олинганки, ҳар қандай қалбни тўлқинлантиради. Чунки, шу биргина қўшиқда бир олам меҳр жамланганди! Келин-куёв эса "Келинчак”ка мос тарзда дунёнинг энг романтик тўй рақсини тақдим этишди. Меҳмонлар бахтли ёшларнинг муҳаббатдан яралган қалб кечинмаларига  шу гўзал рақс орқали гувоҳ бўлишди.

 

Тўй ва шоуларни ташкил этишда шов-шувли ғоялари билан танилган талант - Ҳасан Раҳимов яратган муҳташам декорация меҳмонларда жуда катта таассурот қолдирди. Рестораннинг тўридаги гулларга бурканган "бахт қасри" узоқ йиллар эсланишига шубҳа йўқ!

Ушбу тўй дастурининг ташкилий масалаларида ва кўнгилдагидек ўтишида "ProArt" маркази раҳбари Жавлон Камаловнинг хизмати алоҳида таҳсинга лойиқ.  

Jasur Hamrayev

Яндекс.Метрика