У нас есть только
оригинальные песни

Бой бўлишнинг сири

calendar 04.01.2017
3130

Ҳозирги пайтда менга мол-дунёнинг кераги йўқ, мен камбағал ҳолда яшашни истайман, дейдиган одамнинг ўзи бўлмаса керак. Аслида, ҳалол меҳнат, севимли касб орқали пул топиш, бойлик орттириш айб ёки гуноҳ иш эмас. Динимизда ҳам  бу ҳол Аллоҳ ва  пайғамбаримиз буюрган хайрли амаллардан саналади. Фақат дунёга, мол-мулк тўплашга қаттиқ муҳаббат қўймаслик, уни керакли жойларга сарфлаш, бунда исрофга, қабиҳликларнинг олдини олиш талаб этилади.
Донишмандлардан бири мол-дунёни илоннинг заҳрига ўхшатиб, озгинасини истеъмол қилсанг, шифо топасан, кўпи эса сени ҳалок этиши мумкин, деган экан. Пулли, мол-мулкли бўлишнинг фойдали томонлари кўп. Мисол учун, у одамлардан нарса сўраш, бировга тобе бўлиш ҳамда камбағаллик асоратидан халос этади. Одамлар ўртасида ҳурмат, қалбларда эҳтиром ва ғурурни вужудга келтиради.
Бизда кўпчилик кўп пул топиш ниятида ўзини бозорга уради. Баъзида бозорларда нарх-навони ҳаддан ташқари баландлатиб юбораётган, тарозидан уриб қолаётган, молининг нуқсонини яшириб, одамларни алдашга уриниб, ёлғон қасамлар ичаётган “тадбиркор”ларни учратиб қоламиз.
– Бундай кишиларнинг  қанча машаққатлар билан топган пулларида ҳам, мол-дунёсида ҳам барака бўлмайди, – дейди тақводорлардан бири. – Улар ўз назарларида харидорни алдаб, анчагина пул ишлаб олган бўлишади-ю, лекин ҳеч қанча вақт ўтмай ўшанча пули сувга оққандай совурилганига тушуна олмай, гангиб қолаверишади. Ё ўғрига олдиради, ё ўзидан кўра устамонроқ муттаҳамнинг тузоғига тушади ёки бирор офатга учраб, баридан бир сонияда ажрайди... Савдонинг барча одоб қоидаларига риоя қилган, инсофни унутмаганларнинг бойлигига барака кириб, мол-давлатлари кўпайиб бораверади. Топган фойдасини уч қисмга бўлиб, бир қисмини аҳли-оиласига, бир улушини эҳсон, хайрли ишларга ажратаётган, қолганини тижоратининг равнақи учун сарфлаётган савдогарларимиз кўп. Уларнинг савдоси баракали бўлиб, пул, мол-дунё топиш билан бирга катта савобларга ҳам эришаяптилар.
Бугунги кунда аксарият одамлар  кўп пул топишни, бой-бадавлат бўлиб, тўкин ва фаровон ҳаёт кечиришни исташади. Ҳатто ёш болалар ҳам “катта бўлсам машина оламан, кўп пул топаман...” дея орзу қилишади. Хўш, инсон қандай қилиб бадавлат бўлиши мумкин? Бойишнинг йўли борми?
Америкалик психолог олим Харв Экер ўзининг узоқ кузатувлари ва тадқиқотлари орқали бой, ўртаҳол ҳамда камбағал инсонлар ўртасидаги психологик фарқни ўрганди. У бой инсонни нима бой қилади, камбағаллар нима сабабдан камбағал деган саволга жавоб топишга ҳаракат қилди. Харв Экернинг узоқ вақт олиб борган психологик сўровлари ва тадқиқотлари натижасида шу нарса маълум бўлдики, инсоннинг миллионер ёки камбағал бўлиши унинг меҳнатига ёки билимига боғлиқ бўлмай, балки ҳар бир одамнинг психологиясига, яъни қай тарзда фикрлашига боғлиқ экан.
– Масалан, агар дунё халқининг ҳамма бойлигини тортиб олсак, яъни барча бойлар ва камбағалларнинг мол-мулкини олиб, кейин қайтадан тенг тақсимлаб чиқсак, албатта, аввалги бойлар яна бой бўлишади. Олдин камбағал яшаганлар эса яна камбағал бўлиб қолаверади. Бунга сабаб нима?! Олиб борилган тадқиқотлар натижасида шундай хулосага келиш мумкинки, бойлар каби фикрлаш инсонни бой қилади. Камбағал каби фикрлаш эса одамни камбағаллаштиради, – дейди олим.
Тадқиқотчининг фикрича, камбағал ва ўртаҳол инсонларнинг фикрлаш тарзлари одатда ўхшаш бўлади. Ва бундай фикрлаш уларнинг камбағал ёки ўртаҳол бўлишига олиб келади. Миллионерлар ва бойлар уларга қараганда тамоман бошқача  фикр юритар экан. Инсон ўз психологиясини, яъни фикрлаш тарзини ўзгартирса, у ўз ҳаётини ҳам ўзгартиради, дея таъкидлайди олим.
Марҳамат, тадқиқотчи олим Харв Экер фикрлари билан танишинг ҳамда ўзингиз учун хулоса чиқаринг.
1-фикрлаш усули: бой инсонлар ҳар бир нарсанинг фойдали томонини кўра олади. Камбағал эса ҳар нарсанинг салбий томонини кўради. Бой кўлмакда ойни, камбағал лойни кўради, деганларида жон бор.
2-фикрлаш усули: бойлар кўпроқ пул топиш ва жамлашни, камбағаллар эса пулни сарфлашни ўйлайди.
3-фикрлаш усули: бой инсонлар доим илм олишга, янгиликларни билишга интилади. Камбағал одам ҳамма нарсани биламан деб ўйлайди.
4-фикрлаш усули: бой инсонлар қилган мeҳнати ва натижасига қараб даромад кўришни маъқул кўради. Камбағал ишлаган вақтига яраша пул топишни маъқул кўради.
5-фикрлаш усули: бойлар муваффақиятли кишиларга ҳавас қилса, камбағаллар ҳасад қилади.
6-фикрлаш усули: бой инсонлар бой бўлиш учун тинмай меҳнат қилади. Камбағал инсонлар эса бой бўлишни орзу қилади.
7-фикрлаш усули: бой кишилар катта нарсалар, глобал муаммолар ҳақида ўйлайди. Камбағал одамлар эса кичик нарсалар ёки фақат ўз уй-жойи хусусида фикр юритади.
8-фикрлаш усули: бой инсонлар фақат ғалаба йўлини излайди. Камбағаллар эса ютқазмасликни ўйлайди.
9-фикрлаш усули: бойлар “Менинг дўстларимга ёрдамим тегади” деб ўйлайди. Камбағаллар “Дўстларимни менга ёрдами тегади” дея фикрлайди.
10-фикрлаш усули: бой кўпроқ сотишни, камбағал кўпроқ сотиб олишни яхши кўради.
11-фикрлаш усули: бой кишилар фаол меҳнат қилишни, камбағал инсонлар кўпроқ дам олишни ўйлайди.
12-фикрлаш усули: бой инсонлар таваккал қилишни севади. Камбағал одам етти ўлчаб, бир кесишни яхши кўради.
Психологнинг қайд этишича, инсон бой ва миллионер бўлиши учун фақатгина ўз фикрлаш тарзини ўзгартирса бас, унинг ҳаёти ҳам тубдан ўзгаради!

Яндекс.Метрика