Бугун Ўзбекистонда “Сукунат куни”

Бугун, 3 декабрь Ўзбекистонда “Сукунат куни”.  

"Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги Қонунга кўра,сайлов куни ва овоз бериш бошланишига бир кун қолганида сайловолди ташвиқотига йўл қўйилмайди. 

“Сукунат куни”дан овоз бериш якунлангунига қадар оммавий ахборот воситаларида, теле- ва радиоканалларда сайловолди ташвиқоти тақиқланади, бошқа турдаги сайловолди ташвиқотини олиб боришга йўл қўйилмайди.

Қонунчиликка биноан, бу кунда номзодларга овоз беришга чақирадиган ташвиқот материаллари олиб ташланиши керак. Қонунда белгиланган тартибда жойлаштирилган босма ташвиқот материаллари - варақалар, плакатлар ва бошқалар жамоат гавжум бўладиган жойларда сақланмаслиги лозим. Бинолар, иншоотлар, ташқи реклама воситалари ва бошқа жойларга жойлаштирилган сайловолди ташвиқоти материаллари участка сайлов комиссиялари аъзолари, сиёсий партиялар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари томонидан олиб ташланади. Сайловолди ташвиқоти материалларини олиб ташлаш овоз бериш бошланишидан икки кун аввал соат 20:00 да бошланади ва овоз бериш кунига бир кун қолганида соат 00:00 да якунланади. Шундан келиб чиқиб, сайловга бир кун қолганда ҳеч бир жамоат жойида ташвиқот материали бўлмаслиги лозим.

"Сукунат куни"да рухсат бериладиган ягона ташвиқот тадбири, бу - сайловчиларни овоз беришга чорлашдир.


Комментарии (0) | Добавить: 03.12.2016
Faqat ro'yhatdan o'tgan foydalanuvchilar izoh qoldirishi mumkin. Marhamat ro'yhatdan o'ting!
[ Регистрация | Kirish ]