У нас есть только
оригинальные песни

Дунёнинг энг бой банкири

calendar 13.12.2015
2750

Бразилиялик Жозеф Сафранинг бойлиги 15,7 млрд долларга етади. “Forbes”нинг маълумотига кўра, у дунёдаги энг бой банкир ва савдогарлар сулоласининг тўртинчи вакилидир.

Бразилиялик миллиардер Эдмон Сафра

«Банкирлик Сафра оиласининг ДНКсида бор», — деганди Британиянинг “Apax Partners LLP” инвестиция фондининг ҳамкори Валтер Пьяшек бразилиялик банкир Жозеф Сафра ҳақида “Euromoney” журналистларига. 75 ёшли бразиялик — ўз мамлакатида бойлиги жиҳатидан иккинчи ўринда туради. Жаҳон миллиардерлари рейтингида Сафра 52-ўринни, молиячилар орасида эса биринчи ўринни эгаллаган.

Жозеф Сафранинг бойлиги асосини “Banco Safra” банки ҳамда Швейцариядаги “J.Safra Sarasin” кредит муассасаси ташкил этади. Бундан ташқари, “Safra National Bank of New York” ва бутун дунё бўйлаб саноқсиз кўчмас мулк объектлари унга тегишли. “The Financial Times”нинг ҳисоб-китобига кўра, улар бошқарувида камида 200 млрд доллар маблағ мавжуд.

Молиявий ДНК

Сафранинг аждодлари Усмонийлар империяси давридаёқ молиявий сулола сифатида бойлиги билан танилган яҳудий сулоласидир. Жозеф ва унинг қариндошлари деярли интервью беришмайди, уларга қарашли банк ва молиявий компанияларнинг номлари оммавий ахборот воситаларида кам тилга олинади. Оиланинг бу даражада ёпиқлиги турли миш-мишларга ҳам сабаб бўлган — 1980–1990-йилларда Жозефнинг акаси Эдмон Сафрага тегишли банклар рус мафияси билан алоқадорликда, ноқонуний даромадларни легаллаштиришда ва «Иран-контрас» товламачилик ишида қатнашганликда шубҳа остига олинган.

Жозеф Сафра банкирлар сулоласининг тўртинчи вакилидир. Бу сулолага XIX асрнинг охирларида Усмонийлар империясига қарашли Суриянинг Ҳалаб шаҳрида асос солинган. Сафралар оиласи империянинг йирик савдо марказлари бўлган Ҳалаб, Искандария ва Константинопол шаҳарлари ўртасидаги тижорат ишларига пул тиккан ҳамда тиллафурушлик билан шуғулланган. «Сафра» сўзини арабчадан таржима қилинганда «сариқ» ёки «олтин» деган маънони билдиради. XX аср бошига келиб Сафралар оиласи Усмонийлар империясидаги энг таниқли банкирлар хонадонига айланган. Биринчи жаҳон урушида Туркия мағлубиятга учрагач, Якоб Сафра Франция қўл остига ўтган Байрутга кўчиб кетади. Ливанда Сафралар Иберия яриморолидан келган яҳудий муҳожирлар учун асосий банкирга айланишган.

Якоб тўрт фарзанд кўрган: Илай, Эдмон, Моисей ва Жозеф. Улардан икки нафари етук молиячиларга айланишган — 1932 йилда туғилган Эдмон ва ундан етти ёш кичик бўлган Жозеф.

Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Сафралар Яқин Шарқни тарк этишга мажбур бўлишди: биринчи араб-исроил урушидан кейин улар ўз бахтларини Янги Дунёда излашга қарор қилишди ва 1952 йилдан Бразилияда яшай бошлашди. «Отам тез орада Учинчи жаҳон уруши бошланади деб ўйларди», — деб эслайди Жозеф. Уч йилдан сўнг Сафралар Лотин Америкасининг энг йирик иқтисодий пойтахти Сан-Паулуда банк бизнесини йўлга қўйишди. Эдмон эса ўз ишини бошлашга қарор қилди. У дастлаб Европага, кейин эса АҚШга кўчиб ўтди.

Бразилиядаги омад

Жозеф Моисей билан бирга Бразилияда қолди. Акаси кетганидан сўнг айнан Жозеф Сафраларнинг банк бизнеси юритувчисига айланди: оиланинг барча молиявий активлари унинг бошқарувидаги “Banco Safra SA”га бирлаштирилди, лекин Жозеф ва Моисейнинг бизнесдаги улушлари тенг бўлинди. 2000 йил бошларида Жозеф Сафра “Safra National Bank of New York”, “Safra Luxembourg”, “First International Bank of Israel”нинг бир қисм улуши, “Aracruz” қоғоз фабрикасининг акциялари, чорвачилик хўжаликларига ҳам эгалик қилди.

Уни яхши билган бизнесменларнинг айтишларича, Жозеф ўта меҳнаткаш бўлиб, дам олаётган вақтида ҳам иш ҳақида ўйлайди. Жозеф Сафра куннинг исталган вақтида топ-менежерларига қўнғироқ қилиши мумкин. Улардан ҳар қандай вақтда дунёнинг исталган бурчагига иш бўйича сафарга чиқишга тайёр туриш талаб қилинади.  

Сафрага омад ҳар доим ҳам кулиб боқмаган: у бир нечта муваффақиятсиз харидларни ҳам амалга оширган. Улар орасида ВСР телекоммуникация компаниясига киритилган инвестиция бўлиб, 1998 йилда “Safra Group” бўлинмаси томонидан унинг фаолият юритиши учун 2,6 миллиард долларга Сан-Паулуда уяли алоқа хизмати кўрсатишга лицензия сотиб олинганди. Лекин кейинчалик бир неча юз миллион доллар арзон нархда сотишга мажбур бўлди. 2009 йилда “Safra Group” га қарашли “Aracruz Celulose” компаниясини рақобатчилари сотиб олишди.  

Жозеф 2006 йилда барча бошқарувни ўз қўлига олди — акаси Моисей ўз улушини 2 миллиард долларга унга сотди. Жозефнинг уч нафар ўғли бўлиб, уларнинг қайси бири отасининг ўрнини эгаллаши ҳозирча маълум эмас.  

Аканинг соясида

Эдмон Бразилияни тарк этгач, Женевада яшади. У 1966 йилда “Trade Development Bank” (TRD)га асос солди. Орадан тўрт йил ўтгач, Нью-Йоркда “Republic National Bank of New York” банкини очди. У 1983 йилда “TRD”ни “American Express”га 550 миллион долларга сотиб юборди.

Тез орада Эдмон америкаликлар билан ишлашдан зерикди, банкни тарк этди. “American Express” ундан шубҳалана бошлади. Компания Эдмон ва унга қарашли банклар турли товламачиликларга алоқадор эканлиги ҳақида шов-шув кўтарди. Суд жараёнларида Эдмон ғалаба қозонди. “American Express” кечирим сўради ва унга 8 миллион доллар тўлади. 1999 йилда Эдмон “Republic National Bank”ни Англиянинг “HSBC Holdings” компаниясига 10,3 млрд. долларга сотиб юборди.

Эдмон Сафра 1999 йилнинг 3 декабрида Монакодаги хонадонида ҳалок бўлди. У «хавфсиз хона» — талончилик вақтида яширинадиган жойида бўғилиб ўлди. У билан бирга ҳамшираси Вивиан Торренте ҳам ҳаётдан кўз юмди. Миллиардернинг яна бир ҳамроҳи — собиқ десантчи Тед Махер пичоқланганди. У уйга ҳужум бўлганини таъкидлади. Тергов давомида уйга Махер ўт қўйгани, миллиардернинг ҳаётини сақлаб қолиш эвазига ундан кўп миқдорда пул олишни мақсад қилгани аён бўлди.

Охирги йилларда Эдмон ва Жозеф орасидаги муносабат бузилганди. Эдмоннинг бойлигидан укасига мерос тегмади —Эдмоннинг бойлигининг ярми (800 млн доллар) хотини Лилига, ярми эса хайрия фаолиятига ажратилди.

Жозеф Сафра рақамларда

15 октябрь ҳолатига кўра бизнесмен дунёнинг энг бой кишилари рўйхатида 52-ўринда туради. Бир йил илгари у 55-ўринда эди.

Энг бой бразилияликлар рўйхатида у дунёдаги энг йирик “Anheuser-Busch InBev” пиво компанияси акциялари орқали 20 млрд доллардан ортиқ пул ишлаб топган Жорже Паулу Леманндан кейин иккинчи ўринда.

Сафра 2006 йилда акаси Моисейнинг “Safra Group” бизнесидаги улушини сотиб олиш учун 2 млрд доллар тўлаган.

Бутун дунё бўйича “Safra Group” бошқарувида 200 млрд доллар мавжуд.

2014 йил ноябрда Сафра Лондондаги «Бодринг» осмонўпар биноси учун 1,2 млрд доллар тўлаган.

Тил

Оиласидагилар араб, иврит, испан, инглиз ва француз тилларида гаплашган Сафра бошқалар тушунмай қолиши мумкинлигидан хавфсираб бразилияликларнинг она тили бўлган португал тилида деярли гапирмайди.

Қўриқлаш

Бизнесмен қўриқчи сифатида МОССАДда тайёргарликдан ўтган бразилияликларни ёллайди. Унинг акаси эса исроиллик қўриқчилар хизматидан фойдаланишни маъқул кўради.

Совғалар

Сафра иш жойида узоқ ўтирадиган ходимларининг хотинларига тақинчоқлар совға қилиши билан ном чиқарган. Шу билан бирга у ходимини куннинг исталган пайтида ишга чақирадиган қаттиққўл раҳбар сифатида ҳам танилган.

Хобби

Сафра сузишга қизиқади ва кунига камида 500 метр масофага сузади.

Камтарлик

Сафра Сан-Паулу яқинидаги ўта ҳашаматли уйи учун кўп бора узр сўраган. Вилла Бразилиядаги харобалар яқинида жойлашган.

Яндекс.Метрика