У нас есть только
оригинальные песни

Эдгар По: даҳшатнинг реаликка айланиши

calendar 29.09.2015
1899

  Машҳурлар ҳақида жуда кўплаб гапирилган. Уларнинг шахсий ҳаёти ва ноёб истеъдоди одамларни доим қизиқтириб келган. Ана шундай шахслардан бири Америклик машҳур ёзувчи, шоир, адабий танқидчи ва муҳаррир Эдгар Аллан Подир. У 1809 йилнинг 17 январида АҚШнинг Балтимор шаҳрида туғилди. По ўзининг "қийноққа солувчи” ҳикоялари билан шуҳрат қозонди. У америкалик ёзувчилар ичида биринчилардан бўлиб кичик ҳикоялар ижод қила бошлади. По замонавий детектив қонунларини ишлаб чиқди. Унинг ижоди илмий-фантастик жанрининг пайдо бўлишига сабаб бўлди. Умрининг охирига қадар такрорланмас асарлар яратди, мақолалар ёзди. Аммо унинг ажали бевақт келди. У бор йўғи 40 ёшида оламдан ўтди.


Унинг сирли ҳаёти ва нодир асарлари ҳақида бир қатор дунё адабиётшунос олимлари қоғоз қоралашган. Шунинг учун бугун биз унинг ижоди ҳақида эмас, ёзувчининг сўнгги кунлари ҳақида сўз юритмоқчимиз. Зеро Эдгар Аллан По АҚШ даги энг обрўли зотлардан бири ҳисобланган ва умрининг сўнгги дамларида унинг ҳаёти алғов-далғов бўлиб кетади. Хўш, бунинг сабаби нимада эди?

Қўрқинчли тахминлар

Ёзувчининг сўнгги кунлари ҳақидаги тахминлар ҳамон мужмаллигича қолмоқда. Сабаби у ижодининг охирги йилларида қандайдир сирли ва ғойибий нарсалар ҳақида ёзганини эътироф этиш мумкин. Тунлари унинг уйида ҳар-хил овозларни эшитишган. Полиция бориб текширганида эса, "Мен қаҳрамонларим образига кираяпман”, деб жавоб беради. По руҳонийларнинг олдига тез-тез бориб туради ва уларга уни Шайтон билан юзлаштиришларини илтимос қилади. 

Ношир дўстлари унга ҳар қанча илтимос қилишмасин, у газеталарга ҳикоя ёзмай қўяди. Сабабини сўрашганида эса, "Мен ёзган ҳикояларим, Тангри томонидан тавқи лаънатга учради, у туфайли Шайтон рақс тушаяпти. Бу ҳолат мени ақлдан оздиради”, деган тушунарсиз жавоб беради. Буни қарангки, вафотидан олдин уни ўзи яшаган Балтимор кўчаларида телбасифат ҳолатда юрганини кўришади. 

Понинг яқин дўсти Жозеф Уолкер шундай дейди: "Унинг кўриниши жуда ачинарли эди. Кўрган одам қашшоқ дайди, деб ўйларди. По кимдандир ёрдам кутарди. Аммо ўша ёрдам, ўлимига қадар келмади”.


По руҳиятидаги алғов-далғовлик

Ёзувчини дарҳол "Church Home and Hospital” деб номланган шифохонага ётқизишади ва у умрининг сўнгги кунларини ана шу ерда ўтказади. Понинг дўстлари унга нима бўлганига қизиқишади. Нега бундай афтодаҳолга тушиб қолганининг сабабини сўрашади. Лекин у жавоб бермайди. Адиб билан сўнгги лаҳзаларгача бирга бўлган унинг шахсий доктори Жон Жозеф Морон ҳам, Понинг ҳолати ҳақида, аниқ бир нарса дея олмайди. Доктор ўзининг қайдномаларида, "Эдгар кўп ичади. Бир кун келиб ичкилик умрини завол қилишидан қўрқаман”, деб ёзганди.

Орадан анча йиллар ўтиб, ёзувчининг ўлими сирини аниқлашга жуда кўп уринишлар бўлди ва олимлар турли ҳил тахминларни илгари суришди: ўз жонига қасд этиш, қотиллик, касаллик ва алкоголь глюцинацияси.

Руфус Уилмат Гризвольд афсонаси

Бир умр ўзининг ашаддий рақиби деб эълон қилиб келган Руфус Уилмат Гризвольд,  Людвиг тахаллуси остида Понинг ўлимига атаб таъзиянома ёзади. Таъзиянома жудаям ҳақоратларга тўла бўлиб, унда ёзилишича По пияниста, енгилтак ва руҳий касал бўлган. Энг қизиғи По бор будини айнан Гризвольдга қолдиради. Бу эса, ўз навбатида, одамларнинг ҳайратига сабаб бўлади.

Ёзувчининг дўстлари эса бу ҳолатга умуман бошқача фикр билдиришади. Уларнинг айтишича ҳаётда ҳеч қандай Руфус Уилмат Гризвольд деган одам бўлмаган, аксинча бу По ўйлаб топган навбатдаги сирли қаҳрамонлардан бири бўлган. Демак бундан келиб чиқадики, адиб ўзи ўйлаб чиқарган қаҳрамон орқали ўз қилмишларига иқрор бўлмоқчи бўлган. Ушбу таъзиянома халққа маълум бўлгач, унинг дўстлари Подаги барча камчиликларни инкор этишади, аммо қўлларида етарли асос бўлмагани сабабли, уларга ҳеч ким ишонмайди. 


Аслида эса...

1849 йилнинг 27 сентябрида По Ричмонд шаҳри (Виржиния штати)дан чиқиб, Нью-Йоркка кетади. Ана шундан кейин то 3 октябрга қадар уни ҳеч ким кўрмайди. 3 октябрда эса уни беҳуш ва телбасифат ҳолатда Балтимор кўчаларидан топиб олишади. Понинг бундай ҳолатидан қўрқиб кетган дўсти Уолкер ўзи танийдиган доктор Жозеф Э. Снодграссга қўйдаги маънода хат ёзади: 

"Қадрли жаноб! Сизга бўлган юқори даражадаги ҳурмат ва эҳтиромимни билдириб, шуни маълум қиламанки, машҳур ёзувчи ва барчамизнинг яқин дўстимиз ҳисобланмиш Эдгар Аллан По жудаям оғир аҳволда. У кун бўйи беҳуш ётади ва бир нарсалар деб алаҳсирайди. Унга зудлик билан тиббий ёрдам керак. Кулбамизга дўстим Эдгарни кўриб қўйгани келсангиз, сиздан бениҳоя даражада миннатдор бўлардим. Эҳтиром ила У.Уолкер”.

Кейинчалик доктор Жозеф Э. Снодгросснинг тасдиқлашича, ёзувчи қаттиқ маст ҳолатида бўлган. Унинг бундай хулосага келишига, Подан келаётган ароқнинг бадбўй ҳиди сабаб бўлган. Доктор ўзининг қайдномаларида ёзувчининг ўша пайтдаги кўриниши ҳақида ёзар экан, унинг жирканч қиёфага кириб қолганини, сочларининг бетартиб тузиб ётганини, кўзларининг киртайиб қолганини, ювиқсиз юзларини ва нурсиз, маъносиз қарашларини айтиб ўтади. Ўша пайтда унинг эгнида ўта расво, ювиқсиз ва ўлчови катта кийимлар бўлган. Понинг шахсий доктори Ж.Ж Морон ҳам унинг эгнида жулдур кийимлар борлигини тасдиқлаган. Аслида По кийим кечак борасида ўта талабчан бўлиб, унинг дидига аёллар ҳам ҳавас қилишган. Бироқ у нега бундай вазиятга тушиб қолди? Буни унинг ўзидан бошқа ҳеч ким билмасди. По эса буларни тушунтириш даражасида эмасди. Топиб олинганидан кейин орадан икки кун ўтган бўлишига қарамай у кўзини очмас, тинмай алаҳсирар, бир нималар деб ғулдурарди. 

Доктор Морон ёзувчини ўзининг шахсий касалхонаси бўлмиш "Washington College Hospital” га олиб ўтиб, ўша ерда даволашни бошлайди. Шифокор ёзувчини кўргани келганларга уни кўрсатмас, унинг палатаси алкоголь беморларни даволаш бўлимида жойлашган бўлиб, деразалари панжара билан маҳкамланган, хонанинг ичи совуқ ва нурсиз эди. 


Нотаниш кимсалар

По ўлимидан олдин қандайдир Рейнолдс исмини айтиб бақириб чиқади. Унинг яқинлари адибнинг бундай исмли таниши борлигини билмасликлари боис, гап ким ҳақида кетаётганини англашмайди. Айрим тахминларга кўра, Понинг "Артур Гордон Пимнинг саргузаштлари ҳақида қисса” китобини ёзишига сабабчи бўлган муҳаррир ва тадқиқотчи Жерамей Н. Рейнолдсни эслаган бўлиши мумкин. Яна бир фактга кўра ёзувчи оғир ҳолатда топиб олинган участка нозирининг исми шарифи ҳам Генри Р. Рейнолдс бўлган. Ёзувчи вафотидан кейин доктор Мороннинг гапларига қараганда эса По Рейнолдс исми билан бирга, "миссис Герминг” номини ҳам тилга олади. Чунки адибнинг Балтимор шаҳрида Генри Герминг деган қариндоши яшаган. Бундан ташқари у рафиқаси Рейчмонд номини ҳам тилга олади. По худди хотини тирикдек у билан гаплашиб чиқади, чунки рафиқаси тўйларидан кейин уч йил ўтгач оламдан ўтганди.

Орадан бироз фурсат ўтиб, По бақиришдан ва шовқин солишдан тўхтайди. У энди анча тетиклашиб қолганди. Шунда доктор Морон унга: "Ҳаммаси яхши бўлади, жуда яқин орада дўстлар даврасига қайтасиз” дейди. По унга жавобан: "Дўст учун энг катта яхшилик, уни отиб ташлаш” деб жавоб қайтаради.

Ёзувчи касал ётганида унинг олдига ҳеч кимни қўймаганлиги сабаб, доктор Морон Пони охирги кўрганлардан бўлди. Морон у ҳақида жуда кўп воқеликларни такрор ва такрор айтиб юрган. Аммо унинг гаплари ҳақиқатга қанчалик яқинлигини ҳеч ким исботлай олмайди. 

Ёзувчи ўз жонига қасд қилганми?

1875 йилда маълум бўлишича, доктор Морон ёзувчининг ўлимидан икки кун кейингина, яъни 9 октябрдагина одамларга унинг ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган. Морон вафотидан сўнг деярли бир аср мобайнида, докторнинг қайдномалари ва кундалиги қидирилди, аммо ҳеч нарсага эришилмади. Шу сабабли ҳам Э.А По ўлимининг сабаби ҳалигача сирлилигича қолмоқда. Айримлар По депрессия ҳолатида ўз жонига қасд қилган деб ўйлашади. Бунга сабаб қилиб, ёзувчи ўлимидан бир йил олдин, яъни 1848 йилдан бошлаб, соғлиқ учун катта зиёни бор алкоголь ичимликлар ва аллақандай таблеткалар қабул қилишни бошлаганини кўрсатишади. Аммо бу По ўз жонига қасд қилган деган хулосани исботламайди. Бугунга қадар энг ишончли далиллар машҳур ёзувчи Томас Майн Риднинг фикрлари ҳисобланиб келмоқда. У Эдгар Аллан По ҳақида шундай деган эди:

"Эдгар дунёнинг ишларига бутунлай қўл силкиди. Унинг учун бутун олам ҳибсхонага айланган эди. Ер юзида уни қизиқтирадиган ва яшашга ундовчи бирорта ҳам омил қолмаганди. У рафиқасидан эрта айрилди, фарзнади ҳам йўқ эди. Фақатгина манфаат юзасидан мурожаат этадиган қариндошлари эса йироқда эди. Шунинг учун унинг рафиқаси, боласи ва яқин дўсти ичкилик бўлди. Энди у бундан ўлиб қутула олса керак”.

Сўнгги иқрор

Эдгар Аллан Понинг сўнги ижоди, касалхонада, ўлими олдидан ёзиб қолдирган хат ҳисобланади. Унда шундай сўзларни ёзганди:

"Гумбазли осмон мени қабул қилишга тайёр турибди ва Худойим ўзининг қудратини кўрсатишни бошлади. Иблис эса ноумидлик тўлқинлари узра қалқиётган танам ва руҳимга эгалик қилишни истайди. Мен нега туғилдим, нега яшадим, нега ўлаяпман? Оҳ онажоним...Гуноҳкор мурғакни ўз танангда олиб юрганинг учун Яратган сени азоблардан озод қилсин. Менга берсин ўша қийноқларини. Қоронғулик ва совуқ... Мана қаер экан биз борадиган жой. Занжирларни ортмоқлаб юриш мумкиндиру, бироқ инсон келтирадиган иснодни ортмоқлаш қийин экан. Мен одам бўлиб эмас, Иблис бўлиб яшадим ”.

1849 йилнинг 7 октябрь куни Эдгар Аллан По ўзининг сўнги сўзларини айтиб жон берди: "Худойим менинг бадбахт руҳимга ёрдам бер...”.

Ёзувчи вафот этгач, орадан анча йиллар ўтгач, 1875 йилда унга атаб ёдгорлик ўрнатишди. Унда адиб билан бирга унинг рафиқаси ва қайнонаси дафн этилган. Ёдгорлик деворларида эса қўйдаги сўзларни учратиш мумкин: "Сен бизнинг хотирамизда сирли чеҳранг билан қолиб кетдинг”. Manba: xabardor.uz

Яндекс.Метрика