У нас есть только
оригинальные песни

Эрингизни бир қарашда тушунишга ҳаракат қилинг!

calendar 21.12.2016
1554


 

Биз — аёлларнинг изқуварлигимизга Шерлок Холмс ҳам ҳавас қилса арзийди. Рост-да, ахир эшикдан кириб келган жуфтимизнинг хатти-ҳаракатига қараб, унинг қандай кайфиятда эканлигию маош олдими-йўқми, тўғри уйга келаяптими ёки онажонисининг эшигига ҳам мўралаб қўйдими, хуллас, ҳамма-ҳаммасини билиб оламиз. Бироқ қанчалик зийрак бўлмайлик, ўтаётган ҳаётимиз кутилмаган «совға»ларга бой бўлиб, баъзан назоратни қўлдан чиқарамиз. Хўш, шундай вазиятга тушиб қолмасликнинг иложиси борми? Келинг, шу ҳақда суҳбатлашамиз.

 

СЕВАДИ-СЕВМАЙДИ....

«Эркаклар кўзи билан севади» деган гапни эшитгансиз. Буни қарангки, муҳаббат борасида эркаклар икки гуруҳга ажратилар экан. Бири эшитиш сезигиси билан, иккинчиси кўриш ҳисси билан севадиганлар.

  • Кўриш ҳиссиёти устунлик қилган эркаклар чиройли манзаралар, хушбичимим либослар ва албатта, гўзал аёлларга шайдо бўлишади. «Кўрамиз...», «Кўрсат-чи...», «Кўзимга иссиқ кўринди...», «Қараганда ёқимли», «Менга қараб гапир...» каби жумлалар бу тоифа эркакларнинг тез-тез қўллайдиган сўзлари. Бундай гўзаллик шайдосини фақат зийраклик билан назорат қилиш мумкин.
  • Эшитиш сезгисига бўйсунадиган эркак билан яшаш бир қарашда осон туюлса-да, аслида уларнинг бир қатор камчиликлари ҳам йўқ эмас. У худди магнитофонга ўхшайди. Қачон, қайси вазиятда нима деганингизни яхши эслаб қолади. Ва нуқта-вергулигача айтиб беради. «Сен қандай фикрдасан?» «Гапларинг ишончсиз чиқаяпти...» «Кел, гаплашиб ўтирамиз» кабилар улар тез-тез қўллайдиган жумлалар. Ушбу тоифа эркаклар яхши умр йўлдош ва мароқли суҳбатдош бўлишади. Ягона эътироз: ҳар бир гапни ўйлаб сўзламасангиз, бир кун келиб, қарши «қурол» сифатида фойдаланиши мумкин.

 

ҲИС-ТУЙҒУЛАР АСИРИ...

Яна бир тоифа эркаклар ҳам бор. Уларда жуфтини ҳис этиш туйғуси етакчилик қилиб, кўпроқ руҳий ҳолатга буйсунишади. Бирор қарор қабул қилишлари учун ҳам анча вақт талаб этилади. Сиз уни «...деб ўйлайман» «...менга шундай туюлди» «шундай бўлишини кўнглим сезганди» каби сўзларидан таниб оласиз. Агар жуфтингиз туйғулар асири бўлса, ундан дадилликни кутманг. Яхшиси, мустақил бўлиши учун кўмаклашинг.

 

ЭЪТИБОР ТАЛАБ ҚИЛСА....

Турмуш ўртоғингизнинг дастурхон атрофида ўтириб, пиёлани тақиллатиш ёки сочиқни буклаш одати бўлса, у шу йўл билан эътибор талаб қилаётганини билдиради. «Менга қарашинг учун атай шундай қилаяпман» деган ички нидони шу тарзда номоён этади. Одатда бундай эркаклар бироз жаҳлдор, қайсар ва меники тўғри, дейдишса-да, рафиқасининг диққат-эътибори билан мулойим мушукка айланишади.

 

«МЕНИНГ ЁРИМ АЛДОҚЧИ...»

Бирор айби ёки камчилигини яширмоқчи бўлган эркак, аввало, кўз нигоҳини олиб қочади. Сўзлаётганда кўзини ишқалаши, бурнининг устига тез-тез қўл тегизиши мумкин. «Роса чарчадим..» «Эртага гаплашайлик...» ва сўрамасангиз ҳам «Алдаётганим йўқ» деган жумлалар бирор нимани яшираётганини англатиши шубҳасиз. Сиқувга олганингизнинг фойдаси йўқ. Бир тарафдан баъзилар каби «Борим шу, истамасанг, катта кўча» демаётганига ҳам шукр. Бироқ ёлғончилик одатига барҳам бериш учун унинг ишончини қозонишингиз керак. Ҳар замон «Мен сизга ишонаман» каби сўзлар билан ўртадаги масофани қисқартиринг.

 

ҚЎЛИ ЧЎНТАГИДА...

Илк учрашувга чиққанингиздаёқ куёвтўра қўлларини шимининг чўнтагига суққани эътиборингизни тортди шундайми? «Намунча ўзини осмон билмаса» дегансиз-а ичингизда? Хўш, энди нима дейсиз?! Чиндан «осмон»микан ёки бу одати характериданми? Аслида, бу характер. Жиддий, ҳар нарсада аниқлик ва режали иш кўришни афзал билган эркакларга хос одат. Ҳа-я, бундай эркаклар аёлини қадрлайдиган ва оиласи олдида маъсулиятни ҳис этадиган бўлишади.

 

«КЎЗЛАРИ НИМА ДЕЙДИ?..»

Бу энг синалган ва ишончли усуллардан бири. Аммо «тергов» қилаётганингизни билдириб қўйманг. Яъни кўзларига тик қараманг. Бўлмаса, сирларимизни билиб олашида-я...

  • Эрингиз сиз билан суҳбатлашаётиб, кўзларини тез-тез пирпираётган бўлса, ё ёлғон гапираяти, ёки бирор воқеадан қаттиқ таъсирланган. Балки гапларингиздан тўлқинланиб кетгандир? Масалан, «Маошингизни беринг, янги кўйлак оламан», деган бўлсангиз...
  • Кўзлари катта очилган бўлса, суҳбат унга завқ бағишлаяпти. Шу билан бирга, эркакнинг ушбу ҳолати у билан кўпроқ вақт ўтказишингиз кераклигига ҳам ишорадир.
  • Бир нуқтада «қотиб қолган» нигоҳ ожизлик белгиси. Бундай инсонлар муаммоларга тез таслим бўлиб, чора топишга қийналишади.
  • Чақнаб турган кўзлар бир хил ҳаёт тарзидан тез зерикадиган эркакларга ҳос. Жуфтингиз ана шундай инсон бўлса, муносабатларингизга янгилик киритишдан эринманг.
  • Олма тераётган кўзлар. Эркак бирор айбини яшираяпти, оғиз жуфтлаб, нимадир демоқчи-ю, журъати етишмаяпти ёки ҳадик, хавотир, қўрқувни ифодалаши мумкин.

 

ҚЎЛЛАР ҲАРАКАТИГА КЎРА...

Қўллар нафақат аёлларнинг ташриф қоғози, қарши жинс вакилларининг феъл-атворини аён қилгувчи воситадир ҳам. Демак, диққатни қўлларига қаратамиз.

  • Суҳбат чоғи эрингиз қўл кафтини ташқарига қаратиб ҳаракатлантиради ёки шу йўл билан бирор нимани тушунтиради. Бахтингизни қўлдан чиқарманг! Бундай эркаклар қўли очиқ, саҳий ва меҳрибон бўлишади.
  • Гаплашаётганда бирор нарса-буюмга тегса, ноаниқ ҳаракатларни ифодаласа, билингки, у жуда зийрак ва ҳар бир ишни ўйлаб амалга оширадиган пухта инсон.
  • Савол берганингизда пешанаси, сочи, қулоғини ушлайверса, эркакнинг қатъийятсизлигини намойиш этади.
  • Қўлини мушт қилиб туккан эркак кўпинча урадиган эрлар тоифасига киритишади. Аслида, эса бу ҳаракат ички ҳолат ифодаси бўлиб, агрессия ёки бирор воқеадан жаҳлланишни билдиради. Қўрқманг, уларни ширин сўз билан мумдай эритиб оласиз.
  • Кечагина ювиб-дазмоллаб берган уст-бошини бесабаб қоқаверса, сиздан ёки бирор ишингиздан норози. Унинг йўқ жойдан муаммо ахтарадиган одати бор. Тинч яшайман десангиз, «Сизники маъқул» дея, мақбул иш тутинг.
  • Бу ҳолат сизга яхши таниш: сўзлаётган эркак соқол-мўйловини қашиб, қўллари билан тарайди. Зарурият юзасидан-да, деб ўйламанг. Бу муҳим қарор қабул қилинишидан олдинги ҳолат.

Мухтасар айтганда, эркакларни фош қилиш учун алоҳида тайёргарлик шарт эмас. Ҳатто имо-ишоралар тилини ўрганиш учун соатлаб китоб варақлашнинг ҳам ҳожати йўқ. Муҳими, аёллик заковатингизни ишга солсангиз, ҳар қандай ҳолатни ҳам тўғри таҳлил қилоласиз.

 МАРЖОНА тайёрлади

Яндекс.Метрика