У нас есть только
оригинальные песни

Фиръавнлар қарғиши мавжудми...

calendar 15.05.2016
1256

2014 йилнинг август ойида усталар Қоҳирадаги Миллий музейни таъмирлаётганларида тасодиф туфайли қадимги Миср фиръавни Тутанхамон олтин ниқобининг соқол қисмини синдириб қўйишган эди.

Улар ҳеч ким билмасин деган ниятда соқолни ўз билганларича елимлашди. Бироқ елим оддий бўлгани сабаб унинг асоратлари тез орада фош бўлди. Бу ўз навбатида катта шов-шувларга олиб келди. Айни дамда Кристиан Экман раҳбарлигида германиялик ва мисрлик мутахассислар фирьавн ниқобини реставрация ишларини олиб бормоқда. Реставрация жараёни икки ой давом этади. Бу ҳақда ўтган ҳафтада Лойиҳа раҳбари баёнот берди. Унинг сўзларига қараганда таъмирлаш ишлари икки босқичда олиб борилади. Биринчи босқичда ёмон елимланган соқол кўчирилади ва қайта ниқобга елимланади. Иккинчи босқич эса анча мураккаб бўлиб, унда ниқоб қандай материаллардан ишлангани ўрганилади. Мухбирларнинг маълум қилишича, айни дамда Миср рамзи бўлмиш ниқоб музейнинг ойнали витринасидан олиниб, махсус бинога қўйилди.

Эрамиздан аввалги 1332-1323 йилларда хукмронлик қилган Тутанхамоннинг дафн маросимида ишлатилган олтин ниқоб Шохлар водийсида тадқиқот ишларини олиб бораётган британиялик олим Ҳовард Картер томонидан 1922 йилда топилган эди. Ниқоб олтин ва лазуритдан ишланган бўлиб, 19-ёшли фирьавннинг юзини акс эттириши айтилади. Тобут эса талон тарож қилинмаган эди.

2007-2009 йилларда Миср ва Ғарб олимлари энг замонавий жиҳозлар ёрдамида қадимги фиръавнларнинг мўмиёларини ўрганишди. Айримлар Тутанхамон Эхнатоннинг ўғли бўлган деса, бошқалар унинг отаси Сменхкара эканини айтишади. Бу фиръавн Эхнатоннинг укаси ёки ўғли экани тахмин қилинади. 2007-2008 йилги тадқиқотлар натижалари 2010 йилнинг 17 февралида эълон қилинди. Ўшанда олимлар Тутанхамоннинг отаси фиръавн Эхнатон эканини аниқлашган эди. Бироқ, айрим мисршунослар бунга эътироз билдиришди. Уларнинг фикрича, ўрганилган эпиграфика маълумотларида Эхнатоннинг фарзандлари орасида Тутанхамоннинг сурати акс этмаган. Шунинг баробарида, унинг онаси ким бўлгани ҳам аниқланмаган. Шуниси аниқки, унинг ўгай онаси бўлмиш Нефертити ўз даврининг энг гўзал ва нуфузли аёли бўлган эди. Тутанхамоннинг ёнига унинг рафиқаси ёки онаси дафн этилган бўлиши мумкин. Олимларнинг фикрича 19 ёшида вафот этган фиръавн ўгай онасига мўлжалланган қабрга дафн этилган бўлиши хам мумкин экан. Шу сабабли унинг қабри атрофи тадқиқот қилиниши лозим.

Ёшлигида Атон илохи шарафига Тутанхатон (“Атон сингари тирик”) деб аталмиш шахзода 10 ёшида тахтга чиқди. Отасининг ўлимидан кейин ўз номини Тутанхамон, Амон сингари тирик, деб ўзгартирди. 9 йиллик хукморонлигидан сўнг Тутанхамон 20 ёшга етмасдан номаълум касаллик сабаб сирли равишда вафот этади. Тахминларга қараганда Тутанхамон ўлдирилган бўлиши хам мумкин. Шунингдек, унинг аравадан йиқилиб тушиб, жарохат олгани боис вафот этгани хам айтилади. У Шохлар водийсига дафн этилган. Унинг Эйе томонидан уюштирилган фитна қурбони бўлгани борасида ҳам тахминлар мавжуд. Чунки айнан Эйе Тутанхамондан сўнг янги фирьавн бўлади.

Дафн маросими март-апрель ойларида бўлиб ўтгани тахмин қилинади. Чунки мўмиё ўрганилганида гуллар қолдиқлари топилган. Мўмиёлаш жараёни 70 кун давом этгани хисобга олинадиган бўлса, у холда Тутанхамон декабрь-январь ойларида вафот этгани ойдинлашади. Маълумки, қадимги Мисрда мана шу ойларда ов мавсуми ўтказилган. Фирьавннинг овга чиққанида аравадан йиқилиб ўлгани хақидаги тахминлар ҳам илгари сурилмоқда. Унинг қабри бошқа фиръавнларнинг қабридан фарқли равишда ўғрилар томонидан талон-тарож қилинмагани ҳам маълум бўлди. Жасад ёнидан қадимий саньат асарларининг топилгани шундан далолат беради. Бу топилмалар туфайли Қадимги Миср саройининг турмуш тарзи хақида атрофлича тасаввурларга эга бўлиш мумкин. Унинг ўлими ва сарой хонадонининг бошқа сирлари орадан 3 минг йил ўтиб генетиклар томонидан аниқланди. Маълум бўлишича буюк ислоҳотчи бўлмиш Тутанхамон Қадимги Миср маънавий ҳаётини тубдан ўзгартирмоқчи бўлган. Йиллар давомида тарихчилар наздида Тутанхамон 20 аср бошларига қадар иккинчи даражали фиръавн бўлиб келган. Ҳатто унинг ҳаётда бўлганига шубҳа билан қаровчилар ҳам топиларди. Шу сабабли хам Тутанхамон қабрининг очилиши археология тарихида ноёб ҳодиса сифатида қабул қилинди. Мўмиё бошдан оёқ олтин тақинчоқлар билан безатилган, қабрда эса фирьавн ҳаётлигида ишлатган буюмлар бор эди. Тутанхамонга тегишли бу топилмалар дунё сайёхларининг эътиборини тортди. Шоҳлар водийсига сайёҳлар, мухбирлар оқиб кела бошлади.

Шуни таъкидлаш керакки, фиръавнинг қабрини очишда иштирок этган олимларнинг сирли ўлимлари хақида газеталарда кўп ёзилди. Яъни, 22 нафар иштирокчи фиръавннинг қарғишига учрагани боис сирли вафот этгани борасидаги мақолалар анча шов-шувларга сабаб бўлди. Бироқ бу гапларнинг хаммаси газеталарнинг уйдирмаси бўлиб чиқди. Фактларга мурожаат қиладиган бўлсак, экспедиция аъзоларининг деярли ҳаммаси ўз ажали билан 70 ёшдан ошиб, ҳатто 84 ёшда вафот этган. Қабрни очишда иштирок этган Ҳовард Картер биринчи қурбон бўлиши керак эди, аммо у 1939 йилда 66 ёшда ҳаёт билан видолашганди.

Яндекс.Метрика