У нас есть только
оригинальные песни

Huawei hayratomuz smartfonini taqdim qildi

calendar 27.03.2018
1972

Кўзимиз ўрганган ва орқасида 2 та камера сенсори мавжуд смартфонлар ўтмишда қолди. Хитойнинг етакчи IT-компанияси бош камерасида 3 та сенсор мавжуд жаҳондаги илк смартфонни тақдим қилди. Улардан бири 40 мегапиксел аниқлигидаги сурат олади ва 5 карралик гибрид яқинлаштириш технологиясини таклиф қилади. Ҳали бундай жиҳатга эга бирор муқобил смартфон мавжуд эмас.

Шу билан бирга, Huawei P20 Pro нархи ҳам чакки эмас — 900 евро, яъни 1100 АҚШ доллари! Агар нисбатан арзонроғи керак бўлса, икки камерали Huawei P20 флагмани ҳам бор. Қуйида янги девайслар билан батафсил танишамиз.

Huawei P20 Pro'нинг жиҳатлари:
Дисплей: 6,1-дюймли, OLED матрицали, FullHD+ сиғимли (2240x1080 пикселли) ва томонлар нисбати -- 18,5:9 стандартли;
Чип: 8 ядроли, "сунъий ақл"га эга Kirin 970;
Хотира: 6 ГБ тезкор ва 128 ГБ доимий;
Камера: 16 Мп + 20 Мп + 40 Мп, f/1.6 + f/1.8 + f/2.4, 5 карралик яқинлаштириш, олд камера 24 Мп, олд камерада ҳам портрет режими бор;
Аккумулятор: 4000 мА соат;
Операцион тизим: Android 8.1 Nougat'нинг ўзлаштирилган EMUI 8.1 прошивкаси;

Камера
Бош камераси 3 та модулдан иборат бўлган жаҳоннинг илк камераси.
16 Мп сиғимли сенсор стандарт режимларда суратга олади;
20 Мп сиғимли модул эса оқ-қора суратларни юқори аниқликда олади;
40 Мп сиғимли камера эса рангли ва катталашган фокусдаги суратлар олишга мўлжалланган.

Камера кўҳна ва тажрибали немис фирмаси бўлган Leica томонидан ишлаб чиқарилган ва фототехника саноатининг сўнгги ютуқлари билан жаҳонда илғор.

Huawei катта ўлчамли пиксели билан ҳам мақтанмоқда: Huawei P20 Pro пиксели Galaxy Note 8 ва iPhone X'никидан бир ярим баробар катта.

Ёруғлик тақсимловчи объектив f/1.6 стандартли — ёмон эмас, бироқ бу борада Samsung Galaxy S9 (f/1.5) илғор. Аммо 20 мегапикселли оқ-қора сенсор ҳисобига смартфон қоронғуда ҳам энг таассуротли суратларни олиши керак.

Ҳар учала сенсор олган суратлар автоматик равишда яхлит ҳолга келади ва кенг динамик диапазонга ва табиий рангга эга бўлган тасвирлар ҳосил бўлади.

Камера билан боғлиқ яна бир жиҳат — ISO даражаси. Huawei'нинг маълум қилишича, смартфон бу борада ҳам мутлоқ ғолиб. ISO даражаси максимум 51 200 (анъанавий ISO даражаси 6400 бўлар эди) ни ташкил қилади.

P20 моделининг P20 Pro'дан фарқи — 40 Мп аниқлигидаги камера модули йўқ. Яъни, унда фақат 2 карралик зум татбиқ қилинган. iPhone X, Samsung Galaxy Note 8 ва бошқалар каби.

Ҳар иккала смартфона супер slow-mo видео (960 к/с, HD) ёзади. Бу борада Samsung Galaxy S9 билан бир хил. Видео сиғими Full HD (Xperia XZ2 каби) бўлса, зўр бўларди.

PS: 40 мегапикселли камералар шу вақтга қадар Nokia PureView смартфонида ҳам бўлган.

Экран
Huawei P20 Pro — 6,1 дюймли, AMOLED матрицали ва Full HD+ (2240x1080) пикселли экранга эга бўлган. Бу борада у iPhone X билан бир хил. Экран ўта сифатли ва ёрқин. Қолаверса, экран юқорисидаги ўйиғи билан ҳам бу смартфон iPhone моделига тақлид қилган. Шу шартмиди?

Huawei P20 экрани 5,85 дюймли ва IPS матрицали. iPhone X экрани билан бир хил. IPS матрица бўлса ҳам, унинг тасвирни акс эттириши жуда сифатли экани кўриниб турибди.

iPhone X моделидан фарқланиб туриш учун Huawei бармоқ изи сканерини экран остига жойлаштирган.

Дизайн
P20/Pro истараси iPhone X'ни эслатиб турибди. Сайқалланган металл синч, шишадан тайёрланган орқа панел, вертикал жойлаштирилган камералар, орқа панелда сканернинг йўқлиги. Apple флагманининг мувафаққияти Huawei'нинг бу қарорида ҳам ўз исботини топди.

Pantone институти билан ҳамкорликда флагманларнинг сирен рангли талқини ҳам тайёрланган.

Функционаллиги
Huawei P20 моделида 3400 мА соат ток сиғимига эга батарея ўрнатилган. Бу сиғим смартфонга бир ярим ёки икки кун ишлашига бемалол етади. P20 Pro эса 4000 мА соат сиғимли аккумулятор билан таъминланган. OLED экран ҳисобига бу смартфон янада узоғроқ ишлайди.

Ҳар иккала смартфоннинг доимий хотираси 128 гигабайтли, тезкор хотира эса 4 ёки 6 ГБ ҳажмида. Хотирани кенгайтириб бўлмайди.

Процессор — Kirin 970 бўлиб, у тасвирга олиш чоғида "сунъий ақл" технологиясидан фойдаланади. Бенчмаркларда бу чип Qualcomm Snapdragon 845 каби юқори балл тўпламаган бўлса ҳам, аслида фойдаланувчи учун зарур самарадорликни таъминлайди.

Корпус IP67 стандарти бўйича сувдан ҳимоя қилинган. Смартфонларда 3,5 мм ўлчамидаги аудио туйнукдан воз кечилган. Юқори талқинда эса Dolby стереодинамиклари мавжуд.

Рақиблари

Huawei P20 Pro жаҳоннинг энг қиммат смартфонларидан бўлади. Pro-версиянинг энг катта рақиби — Samsung Galaxy S9+. Албатта, iPhone X ҳам яна бир жиддий рақиб.

Huawei P20 модели ҳам ёмон эмас. S9'дан арзон бўлган бу смартфон қўш камераси ва имкониятлари билан сизни хушнуд қилади.

Яндекс.Метрика