У нас есть только
оригинальные песни

Инсонларга ишончни қайтарувчи 10 ҳикоя

calendar 28.12.2015
1784

Бу дунёда биргина сўз, биргина ҳаракат ҳам инсоннинг бутун умрига татигулик таъсир кўрсатиши, бир умр ёдида қолиши мумкин. Меҳр, оқибат, яхшилик асло унутилмайди. Қуйида ана шундай меҳрга тўла инсонийлик ҳақидаги ҳикоялар эътиборингизга ҳавола этилмоқда.

 

***

Укам жониворларни яхши кўради. У йўлида учраган жониворни уйга олиб келади, уларни боқади, даволайди. У 12 ёшда, унинг тенгдошлари компьютер ўйинларига қизиқишади, у эса кун бўйи жониворлар орасида. Ҳаттоки дарс ҳам қилмай қўйди. Ота-онам у агар уйга яна бирорта ҳайвон олиб келадиган бўлса бир ҳафта уйдан чиқармасликларини айтишди. Укам кўчага чиқиб битта қафасга яраланган қуш, кучук ва мушукни олиб келди ва «Даволашимга бир ҳафта етади!» деди.

 

***

Мен озиқ-овқат магазинида сотувчиман. Районимиз кичкина, шунинг учун ҳамма бир-бирини танийди. Мен ҳам доимий мижозларимни танийман.

Мен 8 ёшли болакайга эътибор қарата бошладим. У оддий, лекин озода кийинади. Магазинга ҳар доим рўйхат билан келиб харид қилиб кетади.

Яқинда билсам, унинг уч нафар ака ва опаси бор экан. У энг кичиги экан. Онаси уни туғаётиб вафот этган. Дадаси эса турмуш қийинчиликларига дош беролмай ичкиликка берилиб кетган. Оила боқиш ташвиши энг катта фарзанд зиммасида. У ишлаб пул топади. 14 ёшли синглиси эса уйларни йиғиштиради, кирларни ювади.

Болакай яқинда хурсанд келди: унга кучук сотиб олиб беришибди. Унга қараб йиғлагим келди. У тенги болалар айфони бошқача рангда эканлигидан хафа бўлишади. У эса кучук олиб беришгани учун ўзини бахтли сезмоқда.

 

***

Ҳар йили биринчи декабрдан бошлаб янги йил кунигача ҳар куни қизимга пари номидан хат ёзиб почта қутисига ташлайман. Хатда қизим учун кичкинагина вазифа ва совға бўлади. Қизим декабрни орзиқиб кутади. 

Хатларни ишдан бўш вақтимда ёзаман, тушлик вақтида магазинга бориб совғачалар сотиб оламан, қизимга вазифалар ўйлаб топаман. Ҳамкасбларим учун мен доим ўйланиб юрадиган, тунд аёлман, аслида эса париман.

 

***

Университетда тўртинчи курсда ўқийман. Ота-онам билан яшаганим учун жуда камбағал талаба эмасман, лекин улардан пул сўрамасликка, стипендиямга яшашга ҳаракат қиламан. Биринчи курсда ўқиётганимда пулимни тежай олмай ҳаммасини ишлатиб қўйдим. Қорним жуда оч эди. Ошхонага кириб, бир стакан чой сўрадим ва ёнимдаги тангаларни санаб буфетчига узатдим. Буфетчи аёл берган чойни олиб уятдан қулоқларим қизарганча нарироққа бордим ва чой ҳўпладим... Билсам, мен тангаларни санагунча буфетчи чойимга смородинали қиём қўшиб қўйибди. Текинга. Шу воқеани эсласам, қалбимга илиқлик югуради.

 

***

Мен 10 ёшда, синглим эса 4 ёшда эди. У Қорбобо аслида йўқ деб айтди. Мен эса унга: «Истасанг, ҳозир Қорбобога телефон қиламан. Унинг рақамини биламан», дедим.

Гўшакни олиб, тўғри келган йигирмата рақамни тердим, «Нотўғри рақам тердингиз» деган сўзни эшитиб қолмаслиги учун синглимдан нарироққа турдим ва уни Қорбобо билан суҳбатлашаётганимга ишонтириш учун тайёрландим. Лекин кутилмаганда нариги тарафдан эркак кишининг овози эшитилди: «Алло».

«Алло», қўрққанимдан гапириб юбордим ва синглим менга диққат билан қараб турганини кўрдим. Энди ортга йўл йўқ эди.

«Бу Қорбобоми?» Синглим қўлимдан гўшакни тортиб олди. 

— Қорбобо, бу сизми?

— Ҳа.

— Салом, Қорбобо!

— Исминг нима?

— Настя.

— Салом, Настенька! — синглимнинг кўзлари қувончдан порлаб кетди.

— Нима қиляпсиз?

— Совға тайёрлаяпман.

— Менгаям совға опкеласизми?

— Албатта!

— Раҳмат, Қорбобо, кутаман.

— Кўришгунча!

Синглим қувончдан сакраганча йиғлаб мени қучоқлаб олди.

— У ростданам бор экан, Миша!

— Албатта, бор, жиннивой.

Мен ҳам ўзимни тутиб туролмай йиғлаб юбордим.

 

***

Илк марта пул топишга ҳаракат қилганимда мен 10 ёшда эдим. Мен ипдан салфеткалар тўқир ва уларни ижодкорлар уйига топширардим. Салфеткалар сотилгач, менга пулини беришарди. Ҳар сафар меҳнатим учун ҳақ олганимда фахрланар ва қувонардим! Фақат ёшим ўттиздан ўтгандагина мен тўқиган барча салфеткаларни холам сотиб олганини ва уйида асраб олиб қўйганини билдим.

 

***

Бир куни эскалатордан тушаётгандим. Ёнимдан ҳасса пастга қараб туша бошлади. Эскалатор узун, ҳасса эса тезлик билан думалар, ҳеч ким ушлаб олишга улгурмасди. Ишқилиб, ҳассасини тушириб юборган кишини бирортаси туртиб йиқитиб юбормасин-да деб ўйладим. Бир пайт қарасам, одамлар пастдан тепага қаратиб бояги ҳассани қўлма-қўл узатишяпти. Ҳасса эгасига етиб борди. Хурсанд бўлиб кетдим. Одамлар, қанчалар яхшисизлар!

 

***

Дўстимнинг тўйига кетаётгандик. Йўлда гул дўконига кириб гул сотиб олдик. Дўкондан чиқиб нарироққа етганимизда 10 ёшли бир бола ортимдан югуриб келди ва қўлимга бир нарса тутқазди: «Мана буни дўкон олдида тушириб қўйдингиз». Қарасам пул, чамаси  чўнтагимдан пластик карточкамни олганимда тушириб қўйганман. Пулим 40 мингдан ортиқроқ эди. Мен оғзимни очиб раҳмат айтишга ҳам улгурмадим, бола аллақачон ғойиб бўлганди.

 

***

Эрталаб кефир сотиб олиш учун магазинга кирдим. Кефир олиб кассага яқинлашдим, кассир саволга кўмиб ташлади: «Акция бўйича товар оласизми?», «Пакет керакми?», «Табассум-чи?». Кассир аёлнинг охирги саволини тушунмай анграйиб қарадим ва беихтиёр табассум қилдим. Аёл эса менга деди: «Яхши. Сотилди». Кунни шундай ажойиб бошлаб бергани учун ўша аёлдан миннатдорман.

 

***

Уйга кетяпман. Кеч соат 10. Ёмғир ёғяпти. Пулим фақат автобусгагина етади, мен нон ҳам сотиб олишим керак. Кайфиятим жуда ёмон. Ичимда ҳаётнинг гўзаллиги ҳақида қўшиқ айтиб кетяпман. Бекатда бир қари амаки турган экан. Ёмғирда ивиб кетибди, унинг ёнига бориб боши устига соябонимни тутдим. Автобуси келгач, қария кетди. Бир эр-хотин келди. Уларга ҳам соябонимни тутдим. Улар ҳам мен кетадиган автобусга ўтиришди. Эътирозимга қарамай, мен учун ҳам йўлкира тўлашди. Йўлкирамнинг пулига уйга нон сотиб олдим. Жилмайиб қўйдим. Ҳаёт қанчалар гўзал!

Яндекс.Метрика