Истанбулда теракт уюштирган жиноятчини топишда киракашнинг кўрсатмалари қўл келмоқда

Коньяга оиласи билан келган террорчи бу ерда Юсуф Хожа исмини олган яна бир террорчи билан учрашган. Улар 15 декабрга қадар теракт режасини тузган.

Истанбулда Янги йил кечаси содир этилган терактни уюштирганликда гумон қилинаётган шахснинг фотосурати тарқалгандан сўнг, у ҳақдаги маълумотлар ҳам тўпланди. Бу ҳақда Туркиянинг “Hurriyet” нашри хабар бермоқда.
 
Аввалги маълумотларда террорчи 2 ой аввал оиласи, яъни рафиқаси ва 2 фарзанди билан Конья шаҳрига келгани айтилганди. Коньяда ўтказилган операция жараёнида террорчилар истиқомат қилган уйда ҳеч кимса топилмади.
 
Кейинчалик Измир шаҳрида ҳам ўтказилган бир неча қидирув операциялари давомида террорчиликка алоқадор қирғиз ва уйғур миллатига мансуб 27 кишидан иборат 3 оила вакиллари қўлга олинди.
 
Сўнгги маълумотларга кўра, Коньяга оиласи билан келган террорчи Юсуф Хожа исмли яна бир террорчи билан учрашган. Улар 15 декабрга қадар теракт режасини тузишган ва автобусда Истанбул шаҳрига келишган. Полиция улар автобус чипталарини олганини аниқлади.
 
Янги йил кечаси Истанбулдаги Reina ресторанига бостириб кириб, меҳмонларга қарата ўт очган террорчи у ердан чиқиб, таксига ўтирган. Такси ҳайдовчисига “Оқсаройга бораман. Аммо пулини Оқсаройда дўстим тўлайди”, деб айтган ва ундан қўнғироқ қилиш учун телефонини сўраган. Террорчи ҳайдовчининг телефонини қайтариб бериш чоғида дўстининг қўл телефонига туша олмаганини айтган.
 
Терактдан сўнг ўтказилган суриштирув жараёнида такси ҳайдовчисининг қўл телефонидан терилган рақам текширилди. Рақам 3 кун мобайнида ишлатилмагани аниқланди. Полиция бу чалғитиш мақсадида қилинганини тахмин қилди.
 
Террорчи жиноят содир этганидан сўнг, такси орқали яна ўзининг Истанбулдаги “қароргоҳи”га қайтиб боргани айтилмоқда. У Санта-Клаус кийимини ресторанда қолдириб кетгани туфайли ёнида пул бўлмаган. Ресторандан топилган кийим чўнтагидан эса 500 турк лираси топилган.


Комментарии (0) | Добавить: 05.01.2017
Faqat ro'yhatdan o'tgan foydalanuvchilar izoh qoldirishi mumkin. Marhamat ro'yhatdan o'ting!
[ Регистрация | Kirish ]