loading...

 

Қиз узатиш, келин туширишнинг 10 муҳим қоидаси

Бахтли аёл эканлигингиз рост. Тақдир дунёдаги қанча яхши аёллар қолиб, сизга шу муниса қизни дунёга келтириш бахтини муяссар қилибди. Тахтли аёл эканингиз ҳақиқат, дунёда қанча оилалар ўғилларни тилаб турган пайтда, Яратган сизни паҳлавон билан сийлабди. Қизингизни покиза вояга етказдингиз, едириб-ичирдингиз, ҳар қадамида шерик бўлдингиз, билганларингизни ўргатиб, хатоларини кўрсатдингиз. Ўғлингизга ўзингиздан кўра кўпроғини беришга ва кўрсатишга уриндингиз, унга атаб уй қурдингиз, толеъини тилаб ўй сурдингиз. Энди улар патлари патила полапонга ўхшаб, учирмага тайёрланаяпти. Ўғлингизу қизингиз олий маълумотли бўлиши мумкин, бироқ ҳаёт мактаби олдида ҳали уларнинг ҳеч қанча тажриба ва билими йўқ. Шунинг учун ҳам танловда ёрдамлашиш сизнинг биринчи вазифангиз. Шунча йигит-қиз орасидан болангизга муносибини қандай саралаб оласиз, шу ҳақда гаплашамиз.

1-қоида. Аввало ўз оилангизнинг ижтимоий, моддий жиҳатларини тафтиш қилиб олинг.

Қиз узатаётганга: дейлик, сизнинг оилангиз зиёлилар оиласи, ёки бўлмаса моддий таъминоти ўртаҳол. Орзу-ҳавасни ўйламанг, ўзингизга, қизингизга аниқ баҳо беринг. Албатта, ҳамма ҳам боласини ўзиникидан ҳам яхшироқ оилага бергиси, қудалари эл-юрт ичида обрў топган бўлишини истайди. Аммо ажрашишларга олиб келадиган жуда кўп вазият имкониятларнинг тенг даражада эмаслигидан келиб чиқади.

Қизингиз ўқишда аъло баҳоларга ўқиётган бўлса-ю, қудаларингиз контракт тўлаш машаққатию билим олиш моҳиятидан бехабар бўлса, уни ҳатто ўқишга жўнатмай қўйишлари мумкин. Ё ўқишни битиргандан сўнг бир кун ҳам ишлатмаслик эҳтимоли бор. «Вой, сиздан ҳеч нарса керакмас» деган қудангиз 10 та тоғорасига ошириб жавоб қайтармаганингиз учун қизингизни кўзини очирмай қўйганида, «Тенгимизга берсак бўларкан», деб аттанг қилиб қолманг. Совчилар келганида, «Дадамиз ундоқ, қизимиз бундоқ», деб мақтовга берилманг, уларни диққат билан тинглаб, журъат билан солиштириб кўринг.

Келин тушираётганга: совчиликка келганингизда сизда келин бўлмишнинг уй-жойи, туриш-турмуши, дастурхони ҳақида аниқ тасаввур ҳосил бўлади. Кўнглингиз тўлмаётган экан, сиз учун булар алоҳида аҳамиятга эга экан, аввалбошданоқ иккиланманг. Чунки ички норозилигингиз охир бир кун низоларга сабаб бўлиши мумкин. Агар болангиз ўқиган, ишлаётган бўлса-ю, қиз ҳали ҳеч бирини мукаммалига етмаган бўлса, ўйлаб кўринг. Сизнинг яна бир фарзандга инвестиция киритишга, унинг оёққа туришини кутишга қурбингиз ва сабрингиз етадими? Агар келинингиз уйда ўтириб, юмушларингизни қилиши, сизга набира туғиб, авлодингизни давом эттириши муҳимроқ бўлса, ниятингизни бошидан аён қилинг. Ўғлингизнинг ёнига кириб, ҳам оилада, ҳам жамиятда сизга роҳат ва обрў олиб келадиган келин туширишни истасангиз, унда ана шундай мақсади бор қизни изланг. Унутманг, ваъдаларни ҳамма қудалар беради, фақат яхши ва мард инсонларгина сўзининг устидан чиқади.

2-қоида. Иш жойи, ҳунари, маълумоти аниқ бўлмаган куёвга қиз берманг/келин олманг.

Қиз узатаётганга: бир йил ўтмай қизингиз боласи учун каша, памперс, дори сўраб, сизга йиғламаслиги учун олдиндан куёвнинг мустақил оила бошқара олиш имкониятини ўрганинг. «Эртага катта бизнес бошлайман», «Индинга катта идорага суҳбатга бориб келади, иши аниқ бўлиб қолди» каби гапларга ишонманг. Эрларнинг бир ишнинг бошини тутмаганлиги учун ҳам ёш келинлар норасидаси билан ота уйига қайтиб келади. Агар йигит қизингизни севса, қудаларингиз эшигингизни қоқаверса, айтинг: «Куёв бўлмиш аввал ишга кирсин!»

Келин тушираётганга: эркак ва аёл моддий фаровонликка эришиш учун бирдек меҳнат қилаётган ҳозирги замонда аёлнинг ҳам қўлида дипломи ёки ҳунари бўлса, оиласининг бир турмуши икки ҳисса яхшиланади. Бир уй хотин уйда ўтириб, келинларингиз бир қозонга овқат солишни сансалор қилиб, бир-бири билан жиққа мушт бўлганидан кўра, ишлаб, ўз камини ростлаб юрганига нима етсин! Ҳозир қизлар коллежни битириб, иш жойига эга бўлмоқда. Дарров «Ишлайдиган келин керакмас» деманг, вақти келиб, корингизга шу келинлар яраши бор гап.

3-қоида. Она, бу — ҳар қандай оиладаги ҳал қилувчи куч.

Куёв (келин)ни маҳалладан қанчалик суриштирсангиз, унинг онасини ҳам қўни-қўшнилар, ҳамкасблари орасида қандай ўринга эгалигини ўрганиб чиқинг. Уялманг, «Ойилари қанақа инсон?» деган саволга ҳар ким қандай жавобни бераётганига диққат қилинг. Чиндан ҳам мақтовга арзигулик инсонни, ҳатто, энг ёмон қўшни ҳам ёмонга чиқаролмайди. Аммо бирор тузукроқ таъриф беролмай, «Ҳа, яхши оила, яна суриштириб кўринг», деб ер чизиб туришган бўлишса, ақл кўзингизни каттароқ очинг. Нафақат «Онасини кўриб, қизини ол» мақоли, балки «Онасини кўриб, қизингни бер», деган гап ҳам ўз ҳаётий исботларига эга.

4-қоида. Ўғлингизнинг (қизингизнинг) танлагани бўлса ҳам, синовдан ўтказишдан тортинманг.

Қиз узатаётганга: худди бошқа йигитлар куёвликка номзод сифатида қандай талабларни бажариши керак бўлса, бу йигит ҳам худди шу принципларингизга мос келадими, йўқми, ўйлаб кўринг. Йигитнинг кўкрагидан итарманг, лекин қизингиз билан эркин гаплашиб юришига ҳам қўйиб берманг. У билан очиқ суҳбатлашинг, кўп гап очиқ мулоқотда аён бўлади. «Севиб қолган йигит»га осон тутманг, унинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдирманг, бўладиган иш бўлса, бу ҳақда қатъий инкор қарор қабул қилсангиз ҳам, уни айтишни чўзиб ўтирманг. Мужмал таклифлар билан келган «севиб қолган йигитнинг совчилари»ни кутиб, қизининг умрини ўтказган қанча ота-оналар бор ёки «Хўп йигитча, опангиз узатилса, ўйлаб кўрамиз», деб ваъда бериб, шартта қизини бошқасига унаштириб қўядиганлар ҳам орамизда кўп. Қизингизнинг кўнглига ҳам қулоқ солинг, агар у танловда тажрибасизлик қилган бўлса, бақир-чақир қилмасдан нима учун рози бўлмаётганингизни қулоғига қуйиб боринг. Ана шунда куёвига кўнгли бўлмай узатилган қиз турмушнинг биринчи мушти тушгандаёқ, ҳаммасига сизни айблаб, тўрвасини йиғиштиришга тушмайди.

Келин тушираётганга: болангизнинг ройишини қайтарманг, кўпинча оналар ўғли севиб қолган қизнинг уйига бориб, ўзини нотабиий тутади, ялиниб ўтирмайман, дегандек муомала қилади. Оилавий ҳаётни лоторея дейдиган бўлсак, агар ўзи танламаган бўлганда ҳам, сиз топиб берган қизнинг ҳам қанча камчилиги бўлиши мумкин эди-ку! Шу ҳақда ўйланг, агар ростан ҳам бу оиладаги муаммоларни аниқ кўраётган бўлсангиз, фарзандингизга тушунтиринг, унга бошқа қизларни кўрсатинг. Солиштириш орқали ечимни ўзгартириши мумкин.

5-қоида. Шошилманг!

Қиз узатаётганга: қизларнинг совчиси босиб келадиган бир пайт бўлиши ҳақиқат, бироқ бу пайт 17 ёш эмаслигини ёддан чиқарманг! Синглингиз қизини чиқармасидан олдин сиз ҳам болангизни узатишингиз шарт эмас! Танловда адашмаслик, қизингизни қийнаб қўймаслик учун ҳам тўйга шошилманг. «Бундан яхшиси келмаслиги мумкин», дея қарор чиқарманг. Уйни тозалаш, овқат пишириш, муомалага киришишини, саломатлигини текширинг. Хом-хатала мевалардан компот ёпсангиз, отиб юборади-ку, болангизнинг ҳам оилага тайёр-тайёр эмаслигини зимдан кузатинг.

Келин тушираётганга: ўғил болалар уйланиш ёшига етганида, қиз танлашда шошиб қолади. Биринчи учрашувга чиққан қизи энг яхшисидек тасаввур уйғотади. Шундай экан, танловни етти ўлчаб, бир кесиш билан амалга оширинг. Энг муҳими, сизнинг қиз чиқарувчидан бир устунлигингиз бор, ўғил болаларда ёш билан боғлиқ муаммо йўқ, шунингдек, қаерга совчиликка бориш ва кимни сўрашни ўзингиз ҳал қиласиз. Болангизнинг орзу-ҳавасларига учиб, ёшгина қизни келин қилишга шошилманг. Аёлнинг итоатли бўлишига ёшнинг аҳамияти йўқлигини тушунтиринг. Яна бир муҳим жиҳат, ўзингизга савол бериб кўринг: ўғлингиз уйланишга тайёрми? Уйга ҳар куни ҳеч бўлмаганда 4 та иссиқ нон кўтариб келишни, вақти бемаҳал ота-онасига моддий кўмак беришни одат қилдими? Оилавий суҳбатларда эркин ва мустақил фикрига эгами? Одамлар, аёллар билан муносабатга киришаётганда босиқлик билан мурожаат қилаяптими? Жавобингизнинг ижобий бўлса, унинг номини айтиб совчиликка юраверинг.

6-қоида. Оилада қанча фарзанд эканлиги бахтни белгиламайди.

Охирги пайтларда «Боласи кам оилаларга қиз бераман (келин оламан)» деювчилар кўпайиб кетди. Қизингиз (ўғлингиз)нинг бахтини қариндошларнинг нечталиги белгиламайди. Ёлғиз ўғилга тегиб туриб ҳам, қайнонасининг тилини тополмай, орқага қайтганлар қанча. Катта даргоҳга келин бўлиб ҳам, ҳаётидан мамнун яшаётганлар сон мингта. Ёки бўлмаса, «Ёлғиз қиз бўлса, топган-тутганини меникига ташлайди», деб ўйласангиз, умуман қизининг ҳаётига моддий кўмак бермайдиган қудалар ҳам талайгина. Ризқ-насиба, уй-жой кабиларни атрофдагилар кимдир қилиб бериши ҳақида ўйламанг. Агар қизингиз (келинингиз) ва куёвингиз (ўғлингиз) меҳнат, билимдан қандай фойдаланишни яхши билса, оила аъзоларининг сонининг кўплиги уларни бахтли ёки алоҳида яшашига тўсқинлик қилмайди.

7-қоида. Қизингиз (ўғлингиз)нинг орзулари билан ҳисоблашинг.

Агар улар ўқимоқчи, бирор иш бошламоқчи бўлса, унинг орзу-ниятларини бўғманг. Ёрдам беринг, кўмаклашинг, унинг мақсадларидан қудаларингизни ҳам огоҳлантиринг. «Ёшинг ўтиб кетади», деб қизни илм йўлидан боришига, «Аёл бошинг билан цех очасанми?» деб тадбиркорлик қилишига тўсқинлик қилманг. Ўғилларингиз каби қизингиз ҳам нафақат ўзининг, балки сизнинг ҳам келажагингиздир. Шунинг учун ҳам фарзандларингизга беписандлик билан қараб, фақат тезроқ эгасига топшириб олиш ёки уйлантириб қўйиш ҳақида ўйламанг. Никоҳ юлдузи осмондан тушгунча йигит ҳам, қиз ҳам ўзини тиклаб олсин, жамиятда қаддини ростласин.

8-қоида. Қиз узатаётганда, келин тушираётганда таъма ва таънани йиғиштириб қўйинг.

Қиз узатаётганга: агар сиз «Куёв томон қалин пули кам берди», «Тўйни яхши жойда қилиб бермади», «Қўйган сарпосидан уялдим»каби гапларга ўралашсангиз, қизингиз ўша кайфиятда янги уйга кириб боради ва аввалдан негатив хулосалар билан ҳаётини бошлайди. Сўнг бир кун бу гапларнинг ҳаммаси қизингизнинг тилидан чиқиб, қуда тараф қулоғига етади. Сиз камчиликларга кўзингизни юминг, қудангиз ҳам сизнинг кам-кўстингизга кўнса ажабмас.

Келин тушираётганга: тарихдан маълум, манаман деган қудадан қиз олсангиз ҳам, қиз томон кўнглингиздек  уйингизни тўлдириб, истаганингиздек кўнглингизга йўл тополмаслиги аниқ. Ахир имконият ва дид, қарашлар ва қадриятларни ҳамма ўзича тушунади ва баҳолайди. Қайноначилик, қудачилик шуниси билан қизиқ-да. Келин томон ҳам нимани қойиллатиб, нимада суст бўлганини ўзи яхши билади, шуни тилга чиқармасангиз, келинингиз сизни ичдан яхши кўради, қудангизнинг ҳурмати ошади.

9-қоида. Идеали топилмаслиги аниқ, бироқ яхши оилани қидирсангиз, албатта, топасиз.

Қиз узатаётганга: яқинда бир қизнинг онаси «Бир йигит ва унинг оиласи жуда кўнглимга ўтиришади, агар ўшалар сўраб келса, албатта қизимни берардим, афсуски, бизда қиз томондан бориб бўлмайди» деганини эшитиб қолдим. Кўплаб давлатларда қиз томон ҳам совчилик қилиб, сўраб бориши миллий қадриятдир, ҳатто динимиз тарихида ҳам бундай ҳолатлар бўлган. Шундай экан, яхши оила эканига ишонч ҳосил қилсангиз, ўртага холис бир кишини гувоҳ қилишингиз, ишни ижобий ҳал этишингизнинг ҳеч бир ножоиз томони йўқ, назаримизда.

Келин тушираётганга: қиз қидираётганингизни ҳаммага хабарланг, қариндош-уруғлардан ёрдам сўранг, тўй-ҳашам, маросимларда қизларнинг ўзини тутиши, муомаласини кузатиб боринг, ана шунда вақтни бесамар ўтказмаган бўласиз. Ўғлингизни уйлантиришга етарли маблағ тўплаб, аниқ режа тузган чоғингизда шошиб қолмайсиз. Оилаларни солиштириш, қизларни таққослашга имконингиз бўлади.

10-қоида. Маслаҳатли ош тарқамас.

Ҳар бир оиланинг ўз қарашлари, қатъий талаблари бўлади. Масалан, кимдир санъаткорга қиз бермайман, отаси бўлмаган оилага қуда бўлмайман, севганига узатмайман, деб олдиндан чегарани аниқ чизиб қўяди. Бироқ ҳаёт, бу — ёзилмаган сценарий, кульминацияси ва якуни қандай бўлишини ҳеч ким билмайди. Кутилмаганда ўзингиз истамаган вазиятга рўбару бўлиб қоласиз. Шундай вазиятларда оиланинг катталари маслаҳатига қулоқ тутинг, кўпчиликнинг фикрини ўрганишдан эринманг. Улар сизга бир ечимни кўрсатиб бериши аниқ.

Азиза ҚУРБОНОВА


Комментарии (0) | Добавить: 12.10.2016

Добавить комментарий
Faqat ro'yhatdan o'tgan foydalanuvchilar izoh qoldirishi mumkin. Marhamat ro'yhatdan o'ting!
[ Регистрация | Kirish ]
MP3 va KLIP Izlash
loading...