У нас есть только
оригинальные песни

Ижтимоий тармоқлардаги рекламанинг аҳамияти

calendar 27.05.2015
1663

"Кузатишларимизга кўра, сўнгги ўн йил ичида янги маҳсулотларни бозорга олиб кириш бўйича глобал силжишлар содир бўлди. Янги маҳсулот, хизмат, бизнес ва ҳамжамиятларни йўлга қўйувчи компания раисларидан бири бўлганим туфайли мен бу масала юзасидан кўплаб ҳолатларга гувоҳ бўлганман. Интернет янги маҳсулотларни жорий этиш жараёнини батамом ўзгартириб юборди: эндиликда компаниялар тизерларни ўз "агентлари” ёрдамида йўлга қўйишмоқда, келажакдаги маҳсулотлар тўғрисида журналистлар, блоггер ва фойдалаувчиларга маълумот беришади, онлайн режимда янги маҳсулот тақдимотини трансляция қилиб, уларнинг брендини реклама қилганларга бонуслар ҳозирлашмоқда. Янгиликларнинг 24 соат ва 7 кун давомида айланиши ҳозирги кунда янги маҳсулотни ишга тушириш жараёнини анча осонлаштиради, бошқа томондан эса янги маҳсулотларни жорий этиш мураккаблашиб боряпти.

Йўлга қўйишнинг янгича шакли исталган ҳажм ва соҳадаги брендларга мижозларни жалб этиш нуқтаи-назаридан чексиз имкониятлар ҳадя этмоқда, шу билан бирга фойдаланувчиларнинг ўз фикрини ижтимоий медиа орқали эркин маълумот алмашиши туфайли брендни реклама қилишда муайян қийинчиликларга ҳам сабаб бўлмоқда. Фойдаланувчилар онлайн-муҳокамага брендни баҳолаш бўйича фикрдош бўлганларни киритиб, брендни кўкларга кўтариши ёки аксинча ер билан битта қилиши ҳам мумкин.

Янги маҳсулотни тадбиқ этишни қўллаб-қувватлашда ахборот воситасини танлаш ҳақида гап кетар экан, энг аввало, мўлжалланган аудиторияни ҳисобга олиш керак. Schneider Associates томнидан ўтказилган "2014 йилнинг энг эсда қоларли маҳсулоти тақдимоти” сўровномаси натижалари шуни кўрсатадики, ҳар бир авлод вакили муайян турдаги медиа воситаларидан фойдаланар экан. Кексалар, бэби-бумер ва ХХ аср авлодлари бу борада журналларни афзал кўришади. Кейинги авлод вакиллари эса Facebook ва Twitterни хуш кўришса, Z ва iGeneration вакиллари бренд ва майдончаларга ишонмаслик назари билан қарайдилар, улар ҳатто бегона бўлса ҳам кўпроқ фойдаланувчилар фикри билан қизиқишади. Бирор-бир маҳсулот ҳарид қилишдан аввал истеъмолчилар ҳозирда олти ва ундан ортиқ маълумот манбаларини кўздан кечиришади. Турли информацион воситалардан фойдаланиш тенденцияси брендларни яратиш ва обрўни сақлаб қолиш, фойдаланувчилар қалбидан жой эгаллаш ва савдолар ҳажмини ошириш борасида муайян қийинчиликларга сабаб бўлмоқда.




Ўтказилган сўровларга кўра, ҳозирги кунда Facebook янги маҳсулотни реклама қилиш борасида телевизион рекламадан кейинги ўринни эгалламоқда. Брендлар эксклюзив, вақт билан чегараланган акцияларни ўз ишқибозларига маълум қилишда  Snapchatдан фойдаланишади ва бу йўл билан виртуал ва реал чакана савдо орасидаги масофани камайтиришмоқда. SXSW 2015 нинг севимли фарзанди Meerkat ёрдамида одамлар смартфондаги тўғридан-тўғри узатиш (трансляция) ёрдамида барча жараёнларни онлайн амалга ошириш имконига эга. Кундан-кунга айнан мазкур иловага ўхшаганлари кўпайиб боряпти.

Брендлар истеъмолчиларни жалб этишга тезкор ва ижодкорлик билан ёндашишлари керак. Маркетинг бўйича менежерлар учун қуйида бир неча тавсиялар келтирилган бўлиб, уларни амалга ошириш натижасида информацион  манбалардан максимум даражада фойда олиш мумкин.

1. Ижтимоий тармоқларга маҳсулотларни илгари сурувчи асосий манба эмас, қўшимча восита сифатида муносабатда бўлинг.

Taco Bell учун янги маҳсулот The Cool Ranch Doritos Locos Taco ҳақида сирлиликни сақлаб қолиш энг тўғри қарор бўлди. Бренд ижтимоий тармоқларда Манхеттеннинг Meatpacking District туманида гул билан савдо қиладиган дўкон Cool Ranch Tacosларни тарқатаётганлигини маълум қилди, бунинг учун эса парол: "Кўк рангдаги гулдаста”ни айтиш талаб этилган. Ижтимоий тармоқлардан бу қадар оқилона фойдаланиш, маҳсулотни реклама қилишнинг мумкин бўлган усулларидан биридир. Taco Bell расмий тақдимотга қўшимча тарзда айёрликни ҳам ишга солди: компания ҳодисани миллий информацион агентликлар томонидан ёритиб борди ва Super Bowl рекламасини йўлга қўйди.

2. Маҳсулот тақдимотини тўғри манзилга етказишда ижтимоий тармоқлардан фойдаланинг.

2014 йилнинг июнь ойида Harvard Business Reviewга янги телефон Аmazon Fire phone тўғрисида ёзганимизда, Amazon смартфонлар бозоридаги етакчилик бўйича ўз ўрнини йўқотмоқда эди. Нима учун уларнинг Fire phoneни шуҳрат қозонмади? Зерикарли рекламалардан ташқари маҳсулот моҳиятан олиб қараганда умуман оммага кенг ёйилмади. Apple услубларини кўр-кўрона кўчириб, яъни янги маҳсулотни илгари суриш бўйича тадбирлар, онлайн шаклда янгиликлар рукни ва техник хусусиятларни муҳокама қилиш бўйича блоглар яратиб, Amazon ижтимоий тармоқларда интеграциялашган ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириши керак эди.

3. Фойдаланувчиларнинг муайян маҳсулотга нисбатан ҳиссий боғлиқлигини шакллантиришда ижтимоий тармоқлардан фойдаланинг.

2012 йилда Hostless ўзининг банкротлигини эълон қилганида Twinkie ишқибозлари классик америкача ошхонасини йўқотганликларини мотам сифатида қабул қилишди. Бу бренд янги "Тарихдаги энг юқори истакка эга бўлган қайтиш” шиори билан янги маҳсулотни йўлга қўйгунига қадар айнан шу ҳол давом этди. Барча ОАВдаги муваффақиятли кампаниядан сўнг, Hostless маҳсулотни ижтимоий тармоқларда ҳам қўшимча рекламасни амалга оширди. Эски маҳсулотни қайтадан йўлга қўйиш Twitterда 350 миллион ва Facebook да 500 000 дан ортиқ ишқибозларнинг фикрларига сабаб бўлди.

4. Мақсадли аудиториянинг демографик хусусиятларидан келиб чиқиб, ижтимоий тармоқлардан фойдаланинг.

Мадонна 80-йиллар радиостанцияларини эгаллайди, бироқ ўсмирлардан "Поп-мусиқа қироличаси ким?” деб сўрасангиз, у шубҳасиз Селена Гомес, Тейлор Свифт ва Ариана Гранде номларини қайд этади. Шунинг учун, Мадонанинг "Living for Love" қўшиғини реклама қилишда карьераси бошланишида овози жаранглаган, синалган MTV каналлари ва радиога мурожаат этмади. Бунинг ўрнига хонанда замонавий поп-мусиқа иштиёқмандларини жалб этиш мақсадида Snapchatда янги платформа - Discover platformни ишга туширди.

5. Брендга алоқадорлик ҳиссини уйғотиш ва уни илгари сурувчи инсонларни тақдирлаш мақсадида ижтимоий тармоқлардан фойдаланинг.

Брендни реклама қилувчи ишқибоз ва агентларда ижтимоий тармоқлар ёрдамида маҳсулотларни ютиб олиш имконияти мавжуд бўлса, бу янги фойдаланувчиларни жалб этади. Янги маҳсулотларнинг тақдимоти мазкур танловлар мақсадига жавоб беради, чунки брендлар маҳсулотини бепул тарқатиш эвазига истеъмолчиларга сотиб олмай туриб ишлатиб кўриш имкониятини тақдим этадилар. Биз мижозимиз Sunstar GUMга ҳар ой Facebookда лоторея ташкил этишда ёрдам берамиз, бу эса бренднинг машҳурлик даражасини оширади, фойдаланувчилар базаси кенгайшига олиб келади. Мижозлар аудиториясининг ошиб бораётганига гувоҳ бўламиз, бу эса сотиш натижаларида яққол намоён бўлади.

6. Янги маҳсулотни реклама қилаётганда блоглардан фойдаланинг.

Ўтган йили P&G янги маҳсулот Swiffer Sweep & Trapни омма эътиборига тақдим этди. Корпорация ўзининг асосий аудиторияси – ота-оналар ва уй эгаларига  ижтимоий тармоқлар орқали таъсир кўрсатишнинг янги усули зарурлигини англаб етди. Нью-Йоркда бўлиб ўтган "Аҳамиятга эга бўлиш” шиори остида ўтган маҳсулот рекламасига бағишланган кечага P&G ёш блоггер-оналарни болалари билан таклиф қилди, улардан ҳамма жойни ёйиб ташлаш сўралди ва кейин Swiffer Sweep & Trapнинг вужудга келган тартибсизликни бартараф қилиш бўйича имконияти намойиш этилди. Блоггерлар бўлиб ўтган тадбир бўйича кўплаб суратлар олишди, кейин уни шахсий варақларига жойлаштиришди. Мазкур компания вакиллари аудиторияга таъсир ўтказишни билишади, айниқса, янги маҳсулотни реклама қилиш бўйича, чунки блогни ўқувчилар тавсия этилаётган маҳсулотдан фойдаланиб кўришни истайдилар.

7. Суҳбатлар яратиш, у ерга фойдаланувчиларни жалб этиш ва мазкур муҳокамаларни ижтимоий тармоқларда кузатиш мақсадида хэштэглардан фойдаланинг.

Хэштэглар янги маҳсулотни илгари суриш бўйича чатларни кузатиш учун жуда қулай. Мисол учун, Wendy’s янги Pretzel Bacon Burgerнинг очилиши муносабати билан тамоқда  #PretzelLoveSongs хэштэгини ишга туширди. Унда фойдаланувчилардан мазкур хэштэгни киритиб, маҳсулот бўйича ўз фикрларини билдириш сўралди. Компания мавзу бўйича фикрларнинг мониторингини ўтказиб, ўз акциясида энг ашаддий мухлис ва юлдузлар, масалан, Ника Лашени ўз видеосида куйлаб беришини сўради.

8. Компания B2B ички томондан қандай ишлашини намойиш этиш мақсадида визуал ижтимоий тармоқлардан фойдаланинг.

Pinterest ёки инстаграм халқ истеъмоли маҳсулотларини реклама қилиш учунгина мўлжалланган қабилидаги нотўғри фикрлар мавжуд. General Electric мазкур фикрнинг янглиш эканлигини исботлади, инстаграмда ўз маҳсулот ва хизматларининг тарнсляциясини амалга ошириш борасида махсус майдончани ишга туширди. Инстаграмда жойлаштирилган фото ва видео ёрдамида компания ўз мижозларига General Electricнинг кўп йиллик тарихи ва маданияти ҳақида сўзлаб беришга сазовор бўлди.

9. Истеъмолчилар ўзларига керакли бўлган маҳсулотни ўзлари яратишлари учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланинг.

Ҳар қандай фирманинг вазифаси – занжирдаги сўнгги истеъмолчи учун зарур бўлган маҳсулотни яратишдан иборат. Ижтимоий тармоқлар айнан мана шундай имкониятни яратиб беради. Янги маҳсулотни илгари суриш ҳақида гап кетганида, ижтимоий тармоқларнинг вазифаси реклама қилиш билангина чегараланмайди: тармоқ маҳсулот яратилгунига қадар катта аҳамиятга эга бўлади. Айнан шу йўл билан Lay’s "Шу қадар мазалики, ўзингни тиёлмайсан!” кампаниясини ташкил қилди. Компания ўз ишқибозларини янги чипсларга таъм топишга чақирди. Ғолиб сифатида япон васаби ерқаламапири танлаб олинди. Сиз сўрайсиз, Lay’s эса истакларингизни амалга оширади.

10. Ижтимоий тармоқларнинг бор имкониятидан фойдаланиш учун бир қадам олиднда бўлишингиз керак.

Гап бу ерда маҳсулот ёки компанияда эмас: сиз ва сизнинг ходимларингиз (пиарчи, сотувчи, реклама билан шуғулланувчи, маркетолог, ишлаб чиқарувчи ва б.лар ) ижтимойи тармоқлардаги ҳаётни севишлари керак ва унинг тараққиётини синчковлик билан кузатиш, иловаларни юклаш ва янги сайтлар билан қизиқишлари керак. Сиз Meerkat ёки Periscop иловалари тўғрисида улар ёшлар орасида мегахитга айлангунига қадар хабардор бўлишингиз керак. Сиз орқада қолиб, аллақачон актуаллигини йўқотиб, эскирган иловаларни юклаб олишни истамассиз?

Маҳсулотингизни ижтимоий тармоқларда самарали реклама қилиш учун юқорида келтирилган тавсияларимиз сизга ёрдам беришига ишонамиз. Эришган натижаларингизни эса биз билан ўртоқлашишни унутманг! Фикр-мулоҳазаларингиз биз учун муҳим. Manab: xabardor.uz
Яндекс.Метрика