У нас есть только
оригинальные песни

ЙҲХ қоидаларининг бузилиши: жарималар, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб қўйиш, жарима майдончаси

calendar 18.02.2016
2067

Транспорт воситаларини бошқариб кетаётган ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилиши ўзи ва бошқаларнинг хавфсизлиги ва эркинлигини кафолатлайдиган энг муҳим масалалардандир. Зеро мазкур тартиб-қоидалардан кўзланган асосий мақсад ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш билан бир қаторда, ҳуқуқбузарликлар содир этилиш сабаблари ва бунга олиб келган шарт-шароитларни аниқлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, қонунийликни мустаҳкамлашдан ҳам иборатдир.

Қонун-қоидаларни билмаслик ёки уларни унутиб қўйиш эса жазодан озод қилинишга асос бўлмайди. Чунки қонун барча учун баробар, унга ҳар ким албатта риоя қилиши шарт.  Булар қуйидагилар:

1. Хавфсизлик камарисиз ва шлемсиз (мотоциклда) транспорт воситаларини бошқариш ва йўловчилар ташиш энг кам иш ҳақининг бешдан бир қисми (бугунги кунда 26048 сўмни ташкил этади)

2. Носозлиги бўлган, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган ёки мажбурий техник кўрикдан ўтказилмаган, шунингдек, ишлаётганида ташқарига чиқараётган ифлослантирувчи моддаларнинг миқдори, шовқин даражаси белгиланган меъёрлардан ортиқ бўлган транспорт воситаларини бошқариш энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисми (65120 сўм)

3. Транспорт воситаларини пиёдалар йўлкаларидан юргизиш, йўл белгилари билан белгилаб қўйилган талабларга, одам ташиш, транспорт воситаларини қувиб ўтиш қоидаларига риоя этмаслик, йўловчиларга лой сачратиш, сутканинг қоронғи вақтида ёки кўриш чекланган шароитларда ёритиш асбобларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисми (65120 сўм)

4. Ҳайдовчининг ёнида транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлари, транспорт воситасига эгалик қилиш ва уни воситасини рўйхатдан ўтказганлик ҳақидаги (ёки эгаси йўқлигида ундан фойдаланиш ёки уни тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқловчи) ҳужжатлари бўлмаган, шунингдек, ҳайдовчида суғурта полиси, лицензия карточкаси ёки йўл варақаси ёнида бўлмагани ҳолда транспорт воситаларини бошқариши энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисми (65120 сўм)

5. Транспорт воситасининг тормоз тизими, руль тизими ва уловчи механизмида носозлик бўлса ёки улар махсус рухсатномасиз қайта ўрнатилган бўлса энг кам иш ҳақининг бир баравари (130240 сўм)

6. Ташкилотларга қарашли транспорт воситаларини ишдан ташқари вақтда, улардан фойдаланиш шартларига мувофиқ келадиган тарзда махсус жиҳозланмаган жойда сақланиши фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида (130240 сўм), мансабдор шахсларга эса — икки баробари (260 480 сўм)

7. Давлат стандарти меъёрларига мувофиқ бўлмаган қорайтирилган ойнали транспорт воситаларидан, худди шунингдек ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қўшимча нарсалар ўрнатилган ёки қопламалар суртилган транспорт воситаларидан фойдаланиш энг кам иш ҳақининг бир баробари (130240 сўм)

8. Товуш сигналини сабабсиз бериш, транспорт воситаларига уни ишлаб чиқарган корхона назарда тутмаган товуш чиқарувчи ва ёритувчи қурилмаларни ўрнатиш, шунингдек, уларни ўзгартириб ўрнатиш энг кам иш ҳақининг бир баробари (130240 сўм)

9. Транспорт воситасини бошқариш пайтида монитордан (дисплейдан) теле-, видеодастурларни томоша қилиш учун фойдаланиш, транспорт воситасига ўзбошимчалик билан монитор (дисплей) ўрнатиш энг кам иш ҳақининг бир баробари (130240 сўм)

10. Монитор транспорт воситаси салонининг олд қисмига ўрнитилса энг кам иш ҳақининг икки баробари (260480 сўм)

11. Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 20 километрдан кўп бўлмаган катталикда ошириб юбориши энг кам иш ҳақининг бир баробари (130240 сўм)

12. Ҳайдовчининг светофорнинг тақиқловчи сигналига ёки йўл ҳаракатини тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасига бўйсунмасдан ўтиши энг кам иш ҳақининг икки баробари (260480 сўм)

13. Транспорт воситасини суғурта полисисиз бошқариш ёхуд ўз транспорт воситасини суғурталашдан бош тортиш фуқароларга энг кам иш ҳақи (130240 сўм), мансабдор шахсларга эса — уч баробари (390720 сўм)

14. ЙҲҚнинг бузилиши авария ҳолатини келтириб чиқарса битти минимал иш ҳақи миқдорида жарима солишга сабаб бўлади (130240 сўм)

15. Ҳайдовчиларнинг корхона ва ташкилотларга қарашли транспорт воситаларидан шахсий бойлик орттириш мақсадида фойдаланиши энг кам иш ҳақининг икки баробари (260480 сўм)дан беш баробаригача (651200 сўм)

Шунингдек, қуйидаги ҳолатларда автомобилни бошқариш ҳуқуқидан вақтинчалик маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши мумкин:

1. Ҳайдовчиларнинг тормоз тизимида, рул бошқарувида ёки уловчи қурилмада носозлиги бўлган ёхуд тегишли рухсатномасиз қайта жиҳозланган транспорт воситаларини бошқариши транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан олти ойгача муддатга маҳрум этиш

2. Транспорт воситаларини пиёдалар йўлкаларидан юргизиш, йўл белгилари билан белгилаб қўйилган талабларга, одам ташиш, транспорт воситаларини қувиб ўтиш қоидаларига риоя этмаслик, йўловчиларга лой сачратиш, сутканинг қоронғи вақтида ёки кўриш чекланган шароитларда ёритиш асбобларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш уч марта ва ундан ортиқ маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан олти ойгача муддатга маҳрум этиш

3. Транспорт воситасини бошқариш вақтида ҳайдовчиларнинг телефондан фойдаланиши маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан олти ой муддатга маҳрум этиш

4. Транспорт воситасини бошқариш пайтида транспорт воситаси салонининг олд қисмига ишлаб чиқарувчи корхона томонидан ўрнатилган монитордан (дисплейдан) теле-, видеодастурларни томоша қилиш учун фойдаланиш, транспорт воситаси салонининг олд қисмига ўзбошимчалик билан монитор (дисплей) ўрнатиш маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан олти ойдан бир йилгача муддатга маҳрум этиш

5. Транспорт воситасини белгиланган тезликдан ошириб ҳайдаш маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йилдан икки йилгача муддатга маҳрум этиш

6. Ҳайдовчининг светофорнинг тақиқловчи сигналига ёки йўл ҳаракатини тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасига бўйсунмасдан ўтиши икки марта маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йил муддатга маҳрум этиш

7. Мотоцикллар ва бошқа транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўлларда йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солувчи ёки авария ҳолатини келтириб чиқарувчи гуруҳ бўлиб ҳаракат қилишда қатнашиши маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан олти ойдан бир йилгача муддатга маҳрум этиш

Қуйидаги ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилганда эса автомобиллар вақтинчалик сақлаш учун жарима майдончаларига қўйилиши мумкин:

• агар транспорт воситасининг ҳайдовчиси бўлмаса ва тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларининг бузилиши йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳаракатланишига халақит берса;

• транспорт воситаларининг ҳайдовчилари милиция ходимининг транспорт воситасини тўхтатиш тўғрисидаги қонуний талабини бажармаса;

• маст ҳолатда траснспорт воситаси бошқарилганда;

• сохта ёки ўзгартирилган давлат автомобиль рақамларидан фойдаланилганда ёки улар бутунлай мавжуд бўлмаганда;

• лицензиясиз йўловчи ташилганда;

• йўл-траснпорт ҳодисаси содир бўлган ҳолатда ҳодиса жойини қочиб кетилганида;

• автомобиль бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган шахслар транспорт воситасини бошқарганида;

• транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлари, транспорт воситасини рўйхатдан ўтказганлик ҳақидаги, шунингдек транспорт воситасига эгалик қилиш, эгаси йўқлигида ундан фойдаланиш ёки уни тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда;

• транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса лицензия карточкаси ёки йўл варақаси ёнида бўлмаган ҳайдовчилар транспорт воситаларини бошқарганида;

• ишончномаларни, транспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш ва ижарага бериш шартномаларини белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказмасдан (ҳисобга қўймасдан) транспорт воситаларини бошқарганда;

• ҳайдовчини кўришни чекловчи турли қўшимча қопламалар, қорайтирилган ойналардан фойдаланиш, тормоз тизимида, рул бошқарувида ёки уловчи қурилмада носозлик бўлганда;

• транспорт воситаси турли жиноят ва ҳуқуқбузарликлар воситаси бўлганида.

Эслатиб ўтамиз, жарима ҳуқуқбузар томонидан унга жарима солиш тўғрисидаги қарор топширилган кундан бошлаб ўн беш кундан кечиктирмай тўланиши лозим.

Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган маъмурий ҳуқуқбузарлик учун солинган жаримани ҳуқуқбузар жарима солиш тўғрисидаги қарор чиқарилган кундан бошлаб олтмиш кундан кечиктирмай тўлаши лозим.
Ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахсларнинг мустақил иш ҳақи бўлмаган тақдирда, жарима уларнинг ота-оналари ёки улар ўрнини босувчи шахслардан ундириб олинади.

Яндекс.Метрика