У нас есть только
оригинальные песни

Япония Бош Вазирининг рафиқаси Акиэ Абэнинг Ўзбекистонга ташрифи ниҳоясига етди

calendar 06.08.2016
1117

Бироз аввал, Япония Бош вазири Шиндзо Абэнинг рафиқаси Акиэ Абэ Ўзбекистонга ташриф буюргани ҳақида хабар берган эдик.
 
Акиэ Абэ 4 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова ҳамроҳлигида Ўзбекистон Амалий санъат музейига ташриф буюрди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
 
Акиэ Абэнинг ушбу ташрифи Япония Бош вазири Шиндзо Абэнинг Ўзбекистонга расмий ташрифининг мантиқий давоми бўлди. Ташриф Ўзбекистон-Япония ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади, дейилади хабарда.
 
Акиэ Абэга миллий либослар ва чолғу асбоблари, каштачилик, зардўзлик, заргарлик, ўймакорлик, кандакорлик ва кулолчилик асарлари, улардаги безак ва нақшларнинг маънолари ҳақида маълумот берилди. Кашта ва гилам тўқиш, металлга нақш солиш жараёни жонли тарзда кўрсатилиб, мумтоз куйлардан намуналар ижро этилди.
 
Акиэ Абэ япон ҳарбийлари мангу қўним топган масканни зиёрат қилди. Меҳмон ватандошлари хотирасига бунёд этилган ёдгорлик пойига гулчамбар қўйди. Бу жой обод масканга айлантирилгани, юртдошларининг хотираси абадийлаштирилгани учун Президент Ислом Каримовга миннатдорлик билдирди.
 
Куннинг иккинчи ярмида Татьяна Каримова ва Акиэ Абэ Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театрига ташриф буюрдилар. 
 
Акиэ Абэ Япония билан Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳалар қатори маданий-гуманитар йўналишда ҳам изчил тараққий этаётганидан мамнун эканини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон давлат академик Катта театри маҳобати ва кўркамлиги билан унутилмас таассурот қолдирганини, япониялик санъаткорлар ижросидаги концерт халқларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшишини қайд этди.
 
Концерт дастуридан ўрин олган “Ниндзя аёл”, “Хаёл куйи”, “Сакуранинг минг дарахти”, “Кузги ой”, “Қақнус”, “Мовий осмон” каби куй-қўшиқ ва рақслар томошабинлар олқишига сазовор бўлди. 

Шунинг билан Япония Бош вазирининг рафиқаси Акиэ Абэнинг Ўзбекистонга ташрифи ниҳоясига етди. 

Тошкент халқаро аэропортида Акиэ Абэни Ўзбекистон Республикаси Президентининг рафиқаси Татьяна Каримова кузатиб қўйди. 

Яндекс.Метрика