У нас есть только
оригинальные песни

Jiddiy xonimning nayranglari

calendar 05.01.2017
3706

«Макр»ларни ўқиб, гоҳида кулиб ҳордиқ чиқарсам, гоҳида ибрат оламан. «Мен ҳам ҳаётимда мана шу ҳийлани ишлатиб, вазият чиқиб кетсам бўларкан» деб қоламан. Ўйлаб қарасам, мен ҳам анча-мунча айёрликлар қилган эканман. Албатта, уларни ўзим ўйлаб топмаганман. Ёнимдагилар ёрдамида амалга оширганмиз. Шукрки, найрангларимнинг ҳаммаси яхшиликка хизмат қилган…

Феъл-атворим оғир-босиқ бўлгани учун атрофимдагилар ҳар қандай гапимга ишонади. Чунки унча-мунчага бировларни алдамаганман. Бу одатимдан вақтида синфдошларим ҳам, курсдошларим ҳам фойдаланишган.

— Дили, битта иш чиқиб қолди, — дерди синфдошларим. – Ўзинг ўқитувчига тушунтирасан.

— Бошим балога қолсинми?

— Балога қоладиган ишмас! Савоб… Сен айтсанг жиддий қабул қилади, рад этолмайди. 

Турли байрамлар-у, маданий ҳордиқларга рухсатни ана шундай қилиб олишарди.

— Дилноза, сизнинг қовоқларингиз керак, — дерди курсдошларим ҳам.

Айниқса, бу гапни курсимиздаги энг шўх йигит Азим кўп айтарди:

— Ноёб қовоқлар бизга асқотармикан?

— Нега керак бўлди қовоқларим?

— Тоққа чиққимиз келиб қолди.

— Қишда тоғда нима бор? – жўртага баттар қовоқ осаман.

— Барака топкур, Чимённи кўрмаганлар бор орамизда. Армонда қолмасликлари учун уларга кўрсатмасак бўлмайди.

Курс раҳбаримиз олдига қириб вазиятни тушунтирардим ва курсдошлар билан йўлга тушардик. Улар кейин борадиган манзилга етгунимизча мени тинч қўйишмасди:

— Дилноза ўқишни битиргунимизча ўзгарманг! Вазминлигингиз ва қимматли қовоқларингиз бизга жуда керак. Орамизда битта сизгина жиддий юра оласиз. Бу хислатингизни йўқотишни истамаймиз.

Хуллас, ана шундай майда-чуйдаларга хизмат қилган босиқлигим кун келиб тақдирларни ҳам ҳал қилди.

Биринчи макр

Тўртинчи курслигимизда ҳамма Дилфуза ва Ориф ҳақида гапира бошлади. Унча қизиқувчан бўлмаганим учун эътибор ҳам қилмабман. Кейин эшитсам, Ориф Дилфузани биринчи курслигимиздан буён севаркан. Дилфуза эса рад этгани рад этган эмиш. Ҳар доимгидек яна Азим ёнимга келди:

— Дилноз, яна жиддий қовоқларингиз керак.

— Нега? Қаерга борамиз? Бормаган жойимиз қолмади шекилли…

— Йўқ, бормаган жойларимиз бор ҳали.

— Курс раҳбаримиз ҳам билиб қолди. Назаримда, энди қовоқларим ҳам, ишонч билан гапиришим ҳам иш бермайди. Чунки охирги марта «бу сўнггиси, бошқа бунақа қилманглар», деганди.

— Қўрқманг, курс раҳбарига кирмайсиз. Дилфузани гапга оласиз.

— Дилфузага нима қилибди?

— Одам ҳам шунақа бўладими? Худди Марсдан тушганга ўхшайсиз. Орифнинг ичи куйиб кетди. Ҳадемай ўқишни битирамиз. Бир умр «муҳаббатим рад этдингиз, барча сўзлар майин бўлди», деб куйлаб ўтмасин. Бир ишни режалаштирдик. Фақат Дилфузани ишонтириш учун сиз кераксиз бизга.

— Нима деб ишонтираман уни? Тўрт йилдан буён Орифга ишонмаган қиз бир оғиз гап билан менга ишонарканми?

— Сиз мен ўргатган гапларни Дилфузага етказсангиз бўлди.

Курсдошларга йўқ деб бўлармиди? Аммо қарасам, ҳамма иш чаппасига кетяпти. Курсимиздаги шаддот Сурайё тинмай Орифнинг атрофида айланади. Чидолмадим.

— Азим, Дилфузани гапга олиб берасиз, дегандингиз. Бир-икки марта унга Ориф қаттиқ севишини айтдим. Лекин Сурайё қовун туширяпти-ку! Нега Орифнинг атрофда айланиб қолди. «Юрфак»да йигити бор эди-ку унинг. Вой ўлмасам, билса борми?

— Аҳамият берманг. У сценарий бўйича иш қиляпти. Сизга ҳам ўргатаман дегандим-ку!

— Вой, нимасини ўргатасиз? «Ориф сизни севаркан, нега ишонмайсиз?» дедим...

Азим гапларимдан думалагудек бўлиб кулди:

— Шу қадар соддасизки, шунинг учун ҳам ҳамма сизнинг гапингизга ишонади-да… Бўпти, яхши қилибсиз. Энди унақа деманг. «Дилфуза, эшитдингми, Сурайё йигити билан уришиб қолибди. Энди Орифнинг бошини айлантираётганмиш. Унинг қўлидан келади, «илинтириш»… Сен ҳали анқайиб шундай йигитни қўлдан чиқарасан», денг.

Шундагина бу Дилфузанинг рашкини келтириб, севгини ошкор эттиришнинг бир йўли эканлиги тушундим. Ўзимга топширилган ролни шундай ўйнадимки…

— Дилфуза, тўғриси айтсам, аҳмоқ экансиз, — бемалол бунақа дейишимга олдиндан шу мавзуда гапириб юрганим фойда берди. – Сизга неча марта айтдим. Охирги курсмиз. Ўқиш тугаса, тамом. Шу билан бир-биримизни қачон кўрамиз? Ҳамма келган жойига кетади, Ориф ҳам. Тўрт йилдирки, соянгиздек юрибди. Охири тақдирга тан бериб, қўл силтайди. Ота-онаси олиб берган бирортасига уйланади. Ёки бўлмаса… — шу гапни анчайин илмоқли қилиб гапирдим. Дилфуза ҳам нимага ишора қилаётганимни сезиб, жавдираб қаради. – Ёки бўлмаса, Сурайёга ўхшаганлар «илиб» кетади. У йигити билан уришиб қолганмиш. Аламидан Орифга тегиб кетиши ҳам мумкин. Ориф-чи? У қараб ўтирармиди? Чиройли қиз. Сизга жаҳл қилсаям уйланади-да…

Ростини айтсам, Дилфуза чўкиб қолди. Менимча, уям ичида ёниб юрган экан. Яна курсдошлар ҳам роса рол ўйнашяпти. Шулар таъсир қилганми, бечора қиз «ёрилди»:

—  Сурайёга ҳам ҳайронман, шунча йигит туриб Орифга ўралашганини-чи?

— Орифнинг ҳозир аросатда юрганини, алам устида уйланиши мумкинлигини билади-да… Сурайё шаддод қиз…

— Мен дугонасиман-ку, мени ўйламайдими?

— Сиз Орифга рўйхушлик берган бўлсангиз экан, ўйласа.

— Орифга ҳам ҳайронман. Нуқул ортимдан юрмай, уйга одам юборсин, ихтиёрим ўзимдамас-ку… — алам билан деди Дилфуза. Бу ҳаё-ибо билан айтилган сўзлар замирида буюк муҳаббат зоҳир эди.

— Шуни айтмасангиз қаердан билади у?!

— Қизиқсиз-а, Дилноза? Қанақа айтаман?

— Майли, ўзим айтаман, Орифга! Хушингни йиғ-да, Дилфузанинг уйига одам юбор дейман.

— Шошманг, Сурайёни севиб қолган бўлса-чи?

— Йўқ, Сурайёга мендан нари юринг, дебди, — билмайман бу гап қаердан тилимга келди. – У сизни севади.

Дилфуза ерга қараб жилмайди. Мен бу қувончли хабарни Орифга етказиш учун ўзимга сиғмай борардим.

Иккинчи макр

Курсдошларим билан қилган найрангим икки ёшнинг бахтли бўлишига сабабчи бўлганди. Уларнинг тўйида роса яйраганмиз. Бу курсдошларимнинг мендан энг охирги фойдаланиши эди. Шунга ўхшаш яна бир воқеани янги келинлигимда қайнонам ёрдамида амалга оширдим. Келин бўлиб келганимга уч ойлар бўлганди, чамамда. Катта овсиним билан қайнсинглим айтишиб қолиб, гаплашмай қўйишди. У қилдик-бу қилдик фойдаси йўқ.

— Сиз янгисиз, иккаласига ҳам гапиринг. Сизга ишонишади. Ҳам табиатан жиддийсиз. Гапингизга кириши мумкин. Бунақа юришгани ёмон. Одамлар нима дейди? – деди қайнонам бир куни.

— Нима деб гапирай? – дабдурустдан айтгани учун шошиб қолдим.

— Овсинингизга сиз каттасиз, денг. Бунисига кичиксиз, дейсиз. Ҳарҳолда сиздан уялишади. Мен гапиргандим, иккаласи ҳам тумшуғини бурди.

— Хўп, — дедим нима дейишни билмай. Аммо икки кунча ўйланиб юриб, зўр режа туздим. Биринчи бўлиб қайнсинглимга ёқадиган нарса қидирдим. Ишлатмаган янги, сочга тақадиган «ободок» бор экан. Асосийси, сандиқнинг тагига тушиб кетгани учун қайнсинглим умуман кўрмаган. Шуни олиб у киши яқинлашдим:

— Буни сизга янгам бериб юборди. Бунақа юришимиз яхшимас, ярашганимиз яхши, деди. Ҳадемай узатамиз, меҳмондек гап, айтинг, мендан хафа бўлмасин, деб тайинлади.

— Бунча чиройли, қаердан олибди янгам? – қизгинанинг хаёли ярашишда эмас, қўлидаги матоҳда эди.

— Сизга атаб олибди. Менимча, сиз ҳам бирор нарса олиб бориб, кечирим сўранг. Ҳадемай тўйингиз бўлса, кулиб эслаб юрасиз. Одамларнинг қулоғига етса, янгамни эмас, сизни ёмон дейишади. Янгам биринчи қадамни ташлаганидан фойдаланиб қолинг.

— Нима берай янгамга?

— Билмасам. Хоҳласангиз, менда шарф бор.

— Сиздан оламанми? Йўғ-ей, ҳозир дўконга чиқиб келай, янгам ёқтирадиган атир келган.

У югуриб чиқиб кетди-ю, зумда қайтди. Кейин менга зимдан атирни кўрсатиб, янгамга яқинлашди:

— Янга, мени кечиринг. Ёшлик қилдим-да! Бу сизга…

Ҳеч нарсадан хабари йўқ овсиним ҳам хижолат бўлишга тушди:

— Вой, сиз мени кечиринг. Ўзи нега кечирим сўраяпсиз? Ҳеч гап бўлгани йўқ-ку!

Уларни кўриб қайнонам менга миннатдор жилмайди.

Учинчи макр

Бу ишни эса яқинда ишхонада амалга оширдик. Ҳамкасбларим ҳам худди бошқалар каби мени яна айёрлик қилишга мажбур қилишди. Анча йиллардан буён бирга ишлайдиган, кўнгилчангина, йиғлоқи Мастура опанинг турмуш ўртоғи оламдан ўтди. Айни болалари ейман-кияман дейдиган паллада эмасми, шўрлик аёл довдираб қолди. Маъракаларини ўтказишга, бошқа майда-чуйдаларига ишхона томонидан моддий ёрдам қилинди.

— Бир амаллаб Мастура опага биз ҳам ёрдам қилишимиз керак. Шундай қилайликки, рўзғорига ёрдами тегсин.

— Пул йиғиб берамиз, — деди бир ёшроқ ходимимиз.

— Олмайди. Яна кўнглига ботиши мумкин, — эътироз билдирди яна бири.

Хуллас, роса маслаҳат қилдик. Охири уддабурон йигитимиз Аҳрор деди:

— Менга қолса, кўпроқ пул ташлаб компьютер олайлик. Ҳам болалари ўрганади, ҳам бир танишим бор ўшанга айтиб «paynet» очтирамиз. Рўзғорига фойдаси тегади.

— Компьютерни нима деб берамиз? – деди ёши каттароқ ходимамиз.

— Менга қўйиб беринг уни, — дедим мен. — Бу борада «ас» бўлиб кетганман. Болаларга айтамиз, сохта «ведемость» тайёрлайди. Ишхона томонидан мукофот тарзида берамиз. Кейин опага ўзим йўл кўрсатиб, Аҳрорга рўбарў қиламан.

Шу билан менинг режам бўйича иш юритдик. Йигитлар бир хафтада компьтерни олиб келишди. Тантанали равишда Мастура опага топширдик. Кейин ҳамма тарқалгач, секин опанинг ёнига ўтирдим:

— Опа, бундан энди фойдаланинг! Аҳрор-чи, жуда пишиқ бола. Таниши кўп. Шундай айтсак, битта  «paynet» очишда ёрдамлашади. Қарабсизки, бита ўғлингиз ишли, рўзғорингизга ёрдам…

— Вой, унда Аҳрор билан гаплашай…

Дарров Аҳрорни чақирдим. У ҳам ролини зўр ўйнади. Шундай қилиб, бир муштипар, ёрдамга муҳтож аёлга кўнглига тегмайдиган қилиб кўмак қўлини чўздик.

ДИЛНОЗА

Яндекс.Метрика