У нас есть только
оригинальные песни

Jismingizga rasm soldirmang! Yoxud taturirovkaning zararlari xususida

calendar 09.06.2015
3180

Савол: Кўча-кўйда баъзи ёшларни учратиб қоламан, қўлларига ва бошқа тана аъзоларига ҳар хил суратларни махсус куйдириб ёзувчи мосламаларда катта қилиб чиздиришади. Кимдир ўзи севган қўшиқчининг номини ёздиради, яна кимдир яхши кўрган қизининг расмини ва шунга ўхшаш нарсаларни  қўлига, кўкрагига чиздиради. Аянчлиси, айрим чет эл телеканалларида "татуировка” деб аталувчи ушбу амал бугунги кунда оммавий маданиятнинг бир кўриниши сифатида  кенг тарғиб қилинмоқда. Саволим, бу каби хатти-ҳаракатларга ислом дини қандай муносабат билдиради?”.

                        Алишер, Тошкент шаҳри, Учтепа тумани

Барча мавжудотлар орасида ҳар жиҳатдан тўла ва комил қилиб яратилган инсонни ўзи энг катта мўъжиза эканлигини ҳар бир дин ва ҳар бир миллат эгалари эътироф этадилар. Аллоҳ таоло отамиз Одам (а.с.) ни яратиб у кишига Момо-Ҳавво онамизни ҳамроҳ ва жуфт қилди. Булар ила то қиёматгача ер юзида давом этадиган бутун инсоният наслини таратди. Шу билан бирга  инсонни ўзга мавжудот ва махлуқотлардан ўзгача тарзда ва гўзал, аъзоларини мутаносиб шаклда яратди.

Ҳар неъматни борида қадрланг!

Бу ҳақда Аллоҳ таоло Каломи шарифининг кўпгина оятларида айтиб ўтган. Жумладан Мулк сураснинг 3-оятида шундай марҳамат қилади:

"(Эй, инсон!) Раҳмоннинг яратишида бирор тафовутни (нуқсонни) кўрмайсан. Бас, кўзингни яна (самога) қайтаргин-чи, (унда) бирор ёриқни кўрармикансан?”.

Эркак кишига руҳан ва жисмонан эрлик хусусиятини ато этди. Аёлга эса унинг табиатига мувофиқ нозик ва латифликни туҳфа этди. Бироқ, ушбу неъматларини омонат сифатида бериб, уларни асраб-авайлашни буюрди.

Ҳар бир инсон ўзига берилган барча аъзо неъматлари устида тафаккур қилса ёки ўша аъзоларнинг биридан маҳрум бўлган киши ҳақида ўйлаб кўрса, буларнинг барчаси инсон учун бебаҳо неъмат эканлигини аниқ тушуниб етади.

Кишига бутун ҳаётида Аллоҳ таоло томонидан инъом этилган аъзоларини асраб-авайлаши зарур амаллардандир. Чунки Ҳақ таоло одам фарзандини ўта кўркам ва сунъий гўзаллик унга сиғмайдиган даражада гўзал ва чиройли қилиб яратди. Қуръони каримнинг "Тийн” сураси 4-оятида шундай марҳамат қилди: "Ҳақиқатан, Биз инсонни хушбичим ва хушсурат (шаклда) яратдик”.

                                   Ой юзидаги доғлар

Ҳозирги пайтда эркак ва аёллар томонидан ўз чиройига футур етказишни хоҳлайдиганлар минг афсуски топилиб туради. Баданига ҳар-хил нақшлар, суратлар, эътиқодий рамзларни чиздириш ҳолатлари учрайди. Бу нарсалар умумий ном билан "татуировка” деб аталади.

Хўш, бу ҳақда муқаддас Ислом динимиз таълимотида нималар дейилган? Албатта исломда "татуировка”, яъни киши баданига игна ёки бошқа воситалар билан чизиш, ёзиш қаттиқ қораланган.

Бунда, авваламбор, инсон ўзига азият бериши ва Аллоҳ таоло томонидан берилган аъзоларга хиёнат қилиши бор. Шу сабабли, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай амални қилган ва унга кўмаклашган кишиларга лаънат бўлишини таъкидлаганлар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд  розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қилган ривоятларида У зот: "Игна билан баданига сурат чизувчи аёл ва чиздиртирувчини, соч улайдиганни ва улатадиганни, ҳусн учун тишларининг орасини очувчини ва Аллоҳ халқ қилган нарсани ўзгартирувчини лаънатлаган”, деб айтдилар. (Имом Бухорий ривояти)

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда соч уловчи ва соч улатувчи аёлни, игна билан баданига сурат чизувчи аёлни ва чиздирувчини, оғриқсиз баданига сурат чизувчини лаънатланган (Абу Довуд ривояти).

Аллоҳ таоло каломи шарифида:  Бас, (эй, Муҳаммад!) Юзингиз (ўзингиз)ни доимо тўғри бўлган динда (Исломда) тутинг! Инсонларни ўша асосда яратган Аллоҳнинг яратувчилигини (англангиз!) Аллоҳнинг яратишига ўзгартириш йўқ. Энг тўғри дин шудир, лекин кўп одамлар (буни) билмаслар. (Рум сураси         30-оят)

Ушбу оятдан маълум бўладики, Аллоҳ таоло инсонга берган, умри, соғлиғига зиёни етмаган аъзони банда қандай йўл билан бўлсин ўзгартириши мумкин эмас.

Демак, юқоридаги оят ва ҳадиси шарифлардан хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, татуировка қилиш ва қилдириш Аллоҳ яратган хилқатни ўзгартириш ҳисобланиб, лаънатланган ва қаттиқ қайтарилган ҳамда шайтонни рози қилиб, Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган ишдир. Бундай ҳолатларни "Аллоҳ таоло яратган хилқатни ўзгартириш ва у ҳаром амал”, деб айтиш мумкин.

Жалолиддин Ҳамроқулов,

Тошкент ислом институти "Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири
Яндекс.Метрика