loading...

 

Ёрим ташлаб кетмасин, десангиз... 4 асосий қоидага амал қилинг!

Оила қурганингизга бир неча йил бўлди. Фарзандлар, кундалик ташвишлар, рўзғор икир-чикирлари... Хуллас, энди асал ойидаги муносабатларни фақат ширин хотира сифатида эслаш мумкин. Сиз-ку бу «зерикарли» ҳаётга амаллаб кўникарсиз, аммо эрингиз-чи? Кўчадан бирортасини топиб олса-я?!! Тўхтанг! Шу жойда тушкун хаёлларга чек қўйинг. Чунки муносабатларингизни ёрқин ва қизиқарли қилиш имконияти ҳали мавжуд. Фақат «нима қилиш керак» эмас, «нима қилмаслик лозим» деган саволнинг жавобини билиб олсангиз кифоя.

1. Бўлар-бўлмасга қўнғироқ қилаверманг!

Аёл киши ҳаётидаги ҳар қандай икир-чикирни ким биландир муҳокама қилишга мойил. Аввалига онаси, опа-синглиси, дугоналаридан иборат «текин қулоқ»лар рўйхатига турмушга чиққач, ўз-ўзидан эрини ҳам киритиб қўяди. Аммо шундоқ ҳам катта ташвишлар билан банд шўрлик эр бу «мўътабар» рўйхатга тиркалишга розими-йўқми — бу ҳақда аёл ўйлаб ҳам ўтирмайди. Шундай қилиб, эркакнинг иш вақти айни қизғин нуқтага етганда «Вой, дадаси, шунақанги ажойиб юбка сотиб олдимки...» деб бошланувчи «кутилмаган қўнғироқ» бўладию оила бошлиғининг сочига яна камида ўнта оқ оралайди.

Бу одатни ташланг! Тез-тез қўнғироқлашиб туриш бизни дугоналаримизга яқинлаштириши мумкиндир, аммо эркак киши билан бу умуман тескари натижага олиб келиши ҳеч гап эмас. Ахир унинг учун телефон — ахборот алмашиш воситаси! МУҲИМ ахборот алмашиш воситаси! Сиз эса ҳар соатда қўнғироқ қилавериб, унинг асабига тегасиз. Янги сотиб олинган либос — муҳим ахборот эмас! Буни ёдда сақланг!

Очиғини айтганда, аёллар эрларига бекорга қўнғироқ қилишмайди (унинг овозини эшитишимиз билан муносабатларимиз кўнгилдагидек эканини яна бир бор ҳис этиб, хотиржам бўламиз). Шунга қарамай, қоидани бироз ўзгартиришга тўғри келади. Оз муддатга «эфирдан йўқолинг». Энди хавотирланиш навбати уники: қаерда юрибсиз, нима билан бандсиз, нега жим бўлиб қолдингиз, болалар яхшими?.. Албатта, сизга бефарқ бўлмаган турмуш ўртоғингизни вақти келиб шу саволлар безовта қила бошлайди. Фақат муҳим жиҳатни унутманг: вақтинча жимлигингиз эркак кишини менсимаслик ёки ундан қочишга айланиб кетмасин! Шунчаки муносабатларингизни илиқ сақлаб туриш ташаббусини (гўёки) унга беринг.

2. Фақат ўзингизни тиқиштираверманг!

«Бир оиламизми, демак, барча бўш вақтимизни бирга ўтказишимиз, таътилга бир вақтда чиқиб, бирга дам олишга боришимиз, эрим ҳар оқшомни фақат оила даврасида ўтказиши керак...» Бўлмаган гап! Мутахассисларнинг фикрича, мустаҳкам оила сири тунги навбатчиликларга ҳам боғлиқ экан! Улар қисман ҳақ. Қисқа айрилиқ бир-бирингизни соғиниб қолиш имконини яратади: кечқурун телефонлашиб, кунни қандай ўтказганингиз ҳақида суҳбатлашиш, тонгда жуфтингизни алоҳида тайёргарлик билан кутиб олиш имкони туғилади. Агар туну кун бирга бўлсангиз, вақт келиб, умумий мавзулар ҳам тугайди, бир-бирингизнинг жонингизга тегиб қолишингиз мумкин. Бирор севимли машғулоти, ҳунари, илми, хуллас, эр ва рўзғордан бошқа ташвиши ҳам бор аёллар турмуш ўртоқларини кўпроқ мафтун этадилар. Бордию хотиннинг ҳаётдаги ягона ташвиши эри бўлса, бундан эркак киши чарчаши мумкин.

Демак, эрингизга раҳмингиз келсин. Уни илоҳийлаштирманг. Чунки кун келиб бу «оғир юк»ни кўтара олмай, қочиб кетиши мумкин. Ҳафтада бир марта бўлса-да унинг оиладан ташқарида ҳордиқ чиқариш, ошналари билан чойхонада паловхўрлик қилиш ёки футбол матчини бевосита стадионда томоша қилишга ҳаққи борлигини тан олинг. У кетганида сиз ҳам дам оласиз, вақтингиз ва эътиборингизни ўзингизга сарфлайсиз. Рухсат ололсангиз, онангизникида ётиб қолинг, дугоналарингиз билан учрашинг. Натижада бир-бирингизни соғинасиз ҳамда ўртоқлашиш учун талай янги мавзулар билан оила бағрига қайтасиз. Қолаверса, ёлғизликдан қўрққанингиз ёки зерикканингиз учун эмас, эрингизни севганингиз учун у билан бирга эканингизни исботлайсиз.

3. Кечинмаларингизни ундан яширманг!

«Гаплашиб олишимиз керак» дейишингиз ҳамоно эрингиз оёғини қўлига олганча қочиб қолишга тайёр туради. Сиз буни яхши билганингиз учун худди партизанлардек матонат билан норозиликларингизни ичга ютиб, жим юраверасиз. «Кўчада тупураверадими? Нима бўпти! Хуррак отадими? Чидаса бўлади! Асосийси, оила тинч...» дейсиз. Афсуски, бундай эмас. Тинч оққан сувнинг туби ғалвали эканини ўзингиз ҳам биласиз. Кун келиб, бу аламларингизни ичга ютишга жой қолмайди ва ҳаммасини вулқондек ташқарига отасиз. У эса... «Наҳотки шунақа бўлсам?! Нега энди тилинг чиқиб қолди?» дейди.

Маслаҳат шуки, ёрингиз билан очиқ ва самимий бўлинг. Унинг сизга ёқмайдиган, асабингизга тегадиган жиҳатларини танбеҳ эмас, ҳамдардлик оҳангида ўзига билдиринг. Эркаклар муносабатларда ойдинликни хуш кўришади. Аммо ўзларидан нима талаб қилинаётганини очиқ айтмасангиз, тушунишлари қийин бўлади. Ишора қилинг!

4. Кўрпани ўзингизга тортманг!

Баъзан рўзғор икир-чикирларини эримизга билдирмай, ўзимиз ҳал қилмоқчи бўламиз. «Шундоқ ҳам ишдан чарчаб келди», деймиз уни аяган бўлиб. «Ўзим бирпасда қилиб қўяман, майда-чуйдалар билан унинг бошини оғритмай», дея олижаноблик қиламиз. Натижада рўзғор ишларига аралашмай қўйган эркак бора-бора уларга қизиқмай ҳам қолади. Асосийси, рўзғор учун масъуллик ҳиссини йўқотиб қўяди. «Электр ҳаққини қачон тўлаганингни қаердан биламан? Бу қоғозларингни тушунмайман, ўзинг қарай қол», дея ғирт эркакларнинг вазифасига кирувчи ишларни ҳам сизга юклайдиган бўлади.

Рўзғор ишларининг бир қисмини, масалан, коммунал тўловлар, бозор-ўчар кабиларни унинг зиммасига юкланг. Бунда унинг босган ҳар қадамию сарфлаган ҳар сўмини назорат қилиш фикридан воз кечинг. Бир-икки хато қилса ҳам охири ўз пулини ақл билан сарфлашга ўрганади. Натижалар ҳақида эса сўрамасангиз ҳам ўзи ахборот беради. Мана кўрасиз!

Энг асосийси!

«Яхшиям сиз борсиз, дадажониси!» денг! Юқорида айтганларимизга юз фоиз амал қилганингиз билан туйғуларингизни изҳор эта олмасангиз, фойда бериши қийин. Эрингизга унинг ўз ҳаётингизда нақадар муҳим аҳамиятга эгалиги, сизнинг суянган тоғингиз эканини айтиб туринг. Фақат буни ҳам ўрнида, меъёрида қилинг. Тўтиқушдек такрорлаб, жонига тегиб кетманг. Асосийси, самимий бўлинг, эвазига самимият оласиз.

Мутахассис фикри

Шаҳноза ҲАЛИЛОВА, амалий руҳшунос: — Эрим ташлаб кетмасин десангиз, биринчи навбатда уни йўқотиб қўйишдан қўрқманг. Акс ҳолда йўқотиш эҳтимолингиз ортади, холос. Бугунги кун билан яшанг. Аёл бутун борлиғини тўлалигича эрига бағишлаб, ўзини унутиши керак эмас. Ўзингизни парваришлаш, соғлиқни тиклаш, ташқи кўринишингиз билан шуғулланишни кундалик одатга айлантиринг. Ўзини қадрлайдиган ва севган аёлни бошқалар ҳам авайлаб-асрайди. Эркак уйига дам олиш, эртанги кунга куч йиғиш ва янги муваффақиятларга илҳомланиш учун келади. Ҳар қандай даъвонгизни у овқатланиб, бироз ҳордиқ чиқариб, хотиржамлашганингиздан кейин айтинг. Аёлларнинг турмушга чиқмаган қизларга айтадиган бир маслаҳати бор: «Идеал эр бўлмайди, тегавер. Камчиликларини кейин ўзинг тўғирлаб олаверасан». Бу гапларга қулоқ осган келинчак тўйдан кейин енг шимариб эрини тарбиялашга киришиб кетади. Ўзини ҳурмат қиладиган эркак эса бунга чидай олмайди. Жуда тарбиялашни истасангиз, фарзандингиз туғилишини кутинг. Эрни еру кўкка ишонмай, кўнглига ҳадеб қарайвериш ҳам унинг ташқаридан аёл қидиришига сабаб бўлади. Аёл она бўлгач, фарзанди билан бирга эрига ҳам оналарча ғамхўрлик қила бошлайди. Психологик соғлом эркакка эса она ролини бажараётган хотин билан яшаш осон бўлмайди. Эрингизга рафиқа бўлинг, она эмас. Эркаклар кўпинча хотинларнинг кўп гапиришидан нолишади. Албатта, аёлларнинг нутқий имкониятлари эркакларникидан юқори. Лекин гапиришнинг ўзи камлик қилади, эшитишни ҳам ўрганинг. Ичингиздаги ҳамма гапни тўкиб-сочавермай, эрингизнинг кўнглидагиларни ҳам билишга, унга биринчи рақамли сирдош бўлишга ҳаракат қилинг.

Шаҳноза ТЎРАХЎЖАЕВА


Комментарии (0) | Добавить: 18.11.2016

Добавить комментарий
Faqat ro'yhatdan o'tgan foydalanuvchilar izoh qoldirishi mumkin. Marhamat ro'yhatdan o'ting!
[ Регистрация | Kirish ]
MP3 va KLIP Izlash
loading...