У нас есть только
оригинальные песни

Josus ayollar: Sobiq DXQ ulardan qanday maqsadlarda foydalangan

calendar 13.08.2017
1617

Собиқ иттифоқ даврида Давлат хавфсизлиги қўмитасининг разведка бошқармасида хизмат қилувчи жосус аёллар кўп бўлмаган, аммо етарли эди. Аёлларни разведка хизматига қабул қилиш жараёни жуда қатъий талаблар бўйича амалга оширилган. Шунинг учун ҳам жосус аёлларнинг хизмати бебаҳо ва ҳатто, баъзи ҳолларда беқиёс бўлган.

Қўмитанинг ички талабларига кўра, бўлажак жосус аёллар руҳий жиҳатдан соғлом бўлиб, ўз-ўзини қатъий бошқара олиши, чет тилларни мукаммал билиш билан бирга албатта, назокату фаросатда беназир бўлишлари шарт эди. 

Ленин ҳақидаги болаларбоп китоблари билан машҳур бўлган ёзувчи Зоя Воскресенская ана шундай қобилиятларга эга бўлган моҳир жосус аёллардан бири эди. Унинг ҳақиқий исми Зоя Рибкина бўлиб, ташқи разведка соҳасида “Ирина” жосуслик лақаби билан 25 йил хизмат қилган. У махсус топшириқлар билан икки йил Харбинда бўлган, Германия, Австрияда яшаган, Ригада баронесса ниқоби остида хизматни ўтаган. Кейинчалик у Москвада ташқи разведка ишлари бўйича таҳлилий-назоратчи бўлиб хизмат қилган. Ёзувчилик фаолиятини эса, Зоя Рибкина, нафақага чиққанидан кейин бошлаган. 

Шуни таъкидлаш жоизки, собиқ иттифоқ даври Давлат хавфсизлиги қўмитаси хизмати сафида аёллар терговчи вазифасида ишламаган. Аммо 80-йилларда Хавфсизлик қўмитаси бўлинмаларидан бирини Галина Смирнова бошқариб, полковник унвонига эришган.

“Гўзал аёл ҳар қандай одамнинг эътиборини тортади”, дейди бир фильм қаҳрамони. Собиқ иттифоқ ДХҚ хизмати разведка бошқармаси кадрлар бўлими масъуллари учун эса бу сўзлар шиор мисол эди. Жосуслик хизматига фақат энг чиройли ва сарвқомат аёлларни қабул қилганлар. Номзод аёлнинг ташқи кўриниши бир неча кишидан иборат комиссия аъзолари муҳокамасидан ўтар эди.

Янги хизматчиларга жосуслик вазифаларидан ташқари, аёллик латофатини ишга солиш, эркаклар руҳиятини олдиндан сеза билиш қобилиятлари сингдирилар эди. 

ДХҚ жосус аёллари учун ташқи гўзаллик асосий қуролдир. Улар бу “қурол”ни ишга солиб, душман сирларидан воқиф бўлиши, махфий маълумотларни қўлга киритиши мумкин. Ана шундай ишвагўй жосус аёллардан бири актриса Ольга Чехова 1932 йилда Германияга махфий топшириқ билан жўнатилиб, у ерда рейхсмаршал Геринг билан яқиндан танишиб олишга муваффақ бўлган. Жосус аёл Германия давлат бошқаруви сиёсатида Гитлердан кейин иккинчи ўринда турувчи бу шахсдан билиб олган барча маълумотларни ватанига юбориб турган. Ольганинг чиройи ва актрисалик маҳорати яхши “иш бериб”, у нафақат Геринг билан балки бошқа амалдорлар билан ҳам яқин шахсий муносабатлар ўрната олган.

Шунингдек, Ирина Алимова ҳам ажойиб истеъдодларга бой жосус аёллардан эди. Ўтган асрнинг энг машҳур жосуси Рихард Зорге жосус аёлларни қанчалик ёмон кўрмасин, унинг фаолиятини айнан жосус аёл Ирина Алимова давом эттирган. Ирина Японияда совет резиденти сифатида фаолият олиб бориб, императорнинг рафиқасига яқин дугона бўлиш шарафига муяссар бўлган. Айнан Ирина орқали собиқ иттифоқ раҳбарлари Америка ҳарбий базалари жойлашган Япония ҳудудлари ҳақидаги маълумотларни қўлга киритганлар.
 
ДХҚ ташқи ва ички тазведка хизматида “тунги капалак” жосуслари ҳам бўлган. Разведка бошқармасининг бу бўлимига шижоаткор комсомол қизларни ишвали, аммо ўта совуққон қилиб Қозон шаҳри яқинида ташкил этилган махсус мактаб тарбиялаб берар эди. Махсус мактабда қизларга турли шаҳвоний фильмлар ёрдамида “ўта нозик иш” сирлари ўргатилар эди. Собиқ иттифоқ даврида бунақанги “кўрпаости” машғулотлар у ёқда турсин, ҳатто бу ҳақда гапириш ҳам тақиқланар эди. Аммо руслар таъбири билан айтганда: жангда ғолиб бўлиш учун ҳар қандай восита яхши! Шу мақсадда ДХҚ “кўча хонимлари”ни ҳам ёллаб ишлатган ҳолатлар мавжуд. Умуман олганда, Қозондаги махсус мактабда фақатгина қизлар эмас, балки “нозиктаъб” йигитчалар ҳам таҳсил олган.   
  
Ҳатто энг оилапарвар эркакни ҳам ром эта оладиган жосуслар нима учун керак бўлган, деган ҳақли савол туғилади. Компромат, яъни қарши маълумот йиғиш учун, албатта. ДХҚнинг қора рўйхатига тушган шахс ўзининг бадхулқи ёки кўнгилчанлиги сабаб, тез ва осонгина қармоққа илинган. Бунда махсус ўргатилган “тунги капалак” объект эътиборига тушиб, охир-оқибат висол учрашувига эришади. Объектнинг ташаббуси билан амалга ошган висол учрашуви аслида уюштирилади. Учрашув жойи гўёки тасодифан танланган хона эса аслида махсус жиҳозланган бўлиб, ҳодиса тасвири ва овози ёзиб олинади. Натижада ДХҚ объектга нисбатан босим ўтказа олиши учун далил, яъни компроматга эга бўлади. Албатта, объект ўзи ҳақидаги шармандали маълумотларни оммалашиб кетишидан қўрқиб, ДХҚга ёлланади ёки уларнинг талабини бажаришга мажбур бўлади. 

Собиқ иттифоқ даврида ДХҚнинг бу “найранги” ўтмай қолган ҳолат ҳам кузатилган. Масалан, Индонезиянинг президенти Аҳмад Сукарно (1945—1967 йиллар) энг сифатли америка киноплёнкасига ёзиб олинган “висол учрашуви”ни кўриб, СССР давлат раҳбарларининг кутилмаган бу “совға”сидан ғоят мамнун бўлган. Бунинг устига, Индонезия президенти бир эмас, бир неча нозанинлар билан учрашган ҳолати тасвирланган плёнкани кўпайтириб беришларини сўраган. 

Кутилмаган бу ҳолатдан сўнг собиқ иттифоқ давлат раҳбарлари Индонезия президентидан “умидини узган”и аниқ. Аммо Аҳмад Сукарнонинг ўзига қарши далилларга билдирган муносабати ханузгача жумбоқлигича қолмоқда: бу ё тактика, ё соддалик!

ДХҚ хизматида аёллар учун мақбул лавозимлар ҳам бўлган. 1979 йилда Юрий Андропов эшитиш мосламаларидан фойдаланишни жорий этганидан сўнг жойларга махсус аппаратлар, аниқроғи эшитиш нуқталари ўрнатила бошланди. Эшитиш пунктлари операторлиги лавозимларига аёлларни афзал билишди. Оператор аёлларга ўта қатъий талаблар қўйилар эди. Ўрнатилган тартибга кўра улар 50 дан ортиқ овозларни бир-биридан ажратиши, хорижий тилларни мукаммал билиши шарт эди. Оператор аёллар магнитафон тасмасига ёзилган сўзлашувларни стенография усулида қоғозга тушириш билан шуғулланган.

Айтиш жоизки, бугунги кун махсус хизматларида ҳам аёллар фаолияти беқиёсдир. Техника ва коммуникация технологияларининг жадал ривожланиши жосуслик хизматида аёлларнинг ишлашига йўл қўймайди. Аммо энг махфий маълумотлар сақланадиган объектларда фақат аёллар хизмат қилади.

Муҳайё Саидова

Яндекс.Метрика