У нас есть только
оригинальные песни

Юнесконинг жаҳон маданий мероси: Терракот армияси.

calendar 14.06.2016
1188

Оддий бир тасодиф жаҳоншумул ҳодисаларга сабаб бўлиши мумкин. 1974 йил бир гуруҳ деҳқонлар Хитойнинг Шанси вилоятидаги Лишань тоғида қудуқ қазиш мақсадида қазишма ишларини олиб боришар экан, кутилмаганда лойдан ишланган ҳайкалларни топиб олишди. Шу тариқа “Жаҳоннинг саккизинчи мўъжизаси” сифатида кўрилаётган Терракот армияси ҳайкаллари кашф қилинди.

Эрамиздан аввалги 247 йилда Цинь ҳукмдори Чжуан Сян Ван вафот этганидан сўнг, тахтга унинг ўғли 13 ёшли Ин Чжэн ўтиради. Тарихга Цинь Шихуанди номи билан кирган Ин Чжэн эрамиздан аввалги 221 йилда (яъни тахтга ўтирганидан 25 йил ўтиб) Хитойдаги еттита тарқоқ давлатни бирлаштириб, илк бор марказлашган давлат - йирик империя яратади ва эрамиздан аввалги  207 йилга қадар бу империяга ҳукмронлик қилади.  Буюк Хитой деворини қуриш ҳам унинг номи билан боғлиқ. Хитой тарихчилари унинг ниҳоятда бешафқат бўлганлигини ёзиб қолдиришган. Император нима учундир китобларни ёмон кўрган. Масалан, эрамиздан аввалги 213 йилда унинг фармонига биноан мамлакатдаги барча китоблар оловга ташланган, муаллифлар эса ўлдирилган. Маълумотларга қараганда 460 нафар хитойлик донишманд тириклайин кўмилган. Тарихчи Сима Цяньнинг маълумотига ишонилса, император вафот этгандан сўнг унинг ёнига рафиқалари, хизматкорлари, тан соқчилари – жами 70 мингга яқин киши тириклайин дафн этилган.

Императорнинг мақбараси Сиан шаҳридан 33 километр шарқда жойлашган. Мақбарани қўриқлаш учун қизғиш – жигарранг тупроқ бўлмиш - Терракотдан 8 минг ҳарбий аскар ва отларнинг ҳайкаллари ишланган. Айни шу ҳайкаллар 1974 йилда маҳаллий деҳқонлар томонидан топилди. Ўшанга қадар Терракот армияси ҳақида деярли ҳеч ким ҳеч нарса билмасди. Шундан сўнг, бу ерда археологларнинг кенг қамровли қазишма ишлари бошланди. Биринчи босқич 1978-84 йилларда, иккинчи босқич 1985-86 йилларда, учинчи босқич эса 2009 йилда бошланди.    

Мутахассисларнинг сўзларига қараганда, мақбарани қуриш эрамиздан аввалги  247 йилда бошланган. Бунинг учун 700 мингдан ортиқ ишчи ва усталар жалб қилинган. Қурилиш 38 йил давомида олиб борилган. Цинь Шихуанди вафотидан кейин ҳам ўз империяси устидан ҳукмронлик қилишда давом этишига ишонган. Бошқа маълумотларда император ўлимидан кейин нариги дунёда ўзини қўриқлаши учун лойдан ҳайкаллар ясаш тўғрисида фармон бергани айтилади.

Терракот армиясининг ҳар бири 150 килогамм келадиган ҳарбий аскар ва ҳар бири 200 килограмм келадиган отларнинг ҳайкаллари Хитойнинг турли минтақаларида ясалиб, Сианга олиб келинган. Тананинг асосий қисми бир қолипда бўлиб, бош қисми, қўллар мутлоқо бир-бирига ўхшамайди. Ҳайкаллар бир неча кун мобайнида 1000 даража иссиқликда “пиширилган”.

Хитой Фанлар Академиясининг ботаника институти олимлари ҳайкалларни ўрганишар экан, отлар шу жойнинг ўзида ясалган, деган хулосага келишди. Шуниси эътиборга сазоворки, 8 мингта аскарнинг қиёфаси бир-бирига мутлақо ўхшамайди. Олимлар лой ҳайкалларни ясашда императорнинг тан соқчиларидан фойдаланилган бўлиши мумкин, деган фикрларни айтишади. Ҳайкалларнинг бўйи 160 сантиметрдан 210 сантиметрга тенг. Улардан кимдир тик турган бўлса, кимдир қилич ушлаб жангга тайёргарлик кўрмоқда. Яна кимдир тиз чўккан ҳолда ўтирибди.

Айни дамда Император мақбарасидан 1,5 километр узоқликда жойлашган мажмуада 3 та чуқурлик бўлиб, биринчи чуқурликда 6 мингта пиёда, суворий ва ўқчиларнинг ҳайкаллари бор. Иккинчи чуқурликда эса атиги 100 та аскарнинг ҳайкали мавжуд. Энг кичик чуқурликда 68 та ҳайкал бўлиб, бу ер қўмондонлик штаби экани тахмин қилинмоқда.

1980 йилда император қабридан 20 метр узоқликдан ҳар бири 300 та деталдан иборат 2 та бронза арава, 2000 йил бошларида мажмуадан машшоқ, акробат ва амалдорларнинг ҳайкаллари топилди. Қазишма ишлари ҳамон давом этмоқда.

1987 йилда мазкур мақбара ЮНЕСКОнинг жаҳон Маданий мероси рўйхатига киритилди. Қадимий  Терракот ҳарбийларини сақлаб, келажак авлодларга етказиш мақсадида усти ёпиқ стадионни эслатувчи баҳайбат павильон барпо этилган. Таҳлилчилар Сиандаги Терракот ҳайкаллар тарихий аҳамиятга эгалигини таъкидлашмоқда. Бу ҳайкалар 22 аср аввалги Хитой армияси ҳақида тўлиқ маълумот беради. Бундай ташқари бу ҳайкаллар ҳақиқий мўъжизадир. Айни шу мўъжизани ўз кўзи билан кўриш мақсадида ҳар йили 2 миллионга яқин сайёҳ Хитойнинг қадимий пойтахтига ташриф буюради. ХХ асрнинг энг ноёб топилмасини кашф қилган бешта деҳқондан бир нафари вафот этган. “Саккизинчи мўъжиза”нинг очилишига катта ҳисса қўшган ва хозирда сайёҳлар билан суратга тушиб, уларга дастхат ёзиб бераётган тўрт нафар деҳқоннинг ўзи бир мўъзизадир.

Яндекс.Метрика