У нас есть только
оригинальные песни

Karera haqida 21 yoshgacha nimalarni bilib olishimiz zarur?

calendar 28.12.2014
4902


Агар ҳар биримизда ўсмирлик йилларига қайтиш имкони бўлганда, бугунги тажрибангизга асосланган ҳолда, ўзингизга қандай маслаҳатлар берардингиз? Бу ҳақда Родерик Конвининг маслаҳатларига эътибор беринг. 

"Ўрнимдан туриб, ишга кетишга ҳозирланаётганимда, кўплаб одатий ва бироз — шундай деб ҳисоблаймиз — ноодатий ишларни қиламан. Кўпчилик одамларда бўлгани сингари мен ҳам будильник сигналини орқага суравераман, суравераман ва ниҳоят ўзимни уйғонишга мажбур қиламан, ювинаман, нонушта қиламан, кийинаман ва (энг асосийси) бир финжон қаҳва ичаман.  


Кофеинли шу қайноқ ичимликни ичганимда, менга унинг таъмидан лаззатланиб, аста-секин миямни уйғотаётганини ҳис қилиш ёқади. Худди шу вақтда ҳаётимнинг турли жиҳатлари ҳақида ўйлаб кўргим келади. Бу борада ҳеч қандай аниқ кетма-кетлик йўқ. Баъзан қандай улғайиб, тажриба тўплаганимни — болалигим, дўстларим, ютуқларим, эришганларим ва, албатта, карьерам ҳақида ўйлайман.  

Айни пайтдаги даражамга кўра, карьерамда юқори натижаларга эришганман дея оламан. Ўқитувчилик вазифамни муваффақиятли бажармоқдаман. Мен ўрта мактабда инглиз тилидан дарс бераман. Мени ўрнак олишга арзийдиган киши деб билишади. Кўп йиллар давомида юзлаб ўқувчиларга дарс берганман. Баъзидар коллежга кирган, баъзилар эса йўқ. Лекин ҳар бирининг менинг фаним бўйича билим даражаси илк бор синфимга қадам қўйган пайтидан анча ўсди. Бу улкан масъулият, айниқса, олинган (ёки олинмаган) билим одамларнинг кейинги ҳаётига таъсир қилишини билсанг. Шунга дахлдорлигимдан ўзимни бахтиёр сезаман. 

Коллежни тамомлаганимда, карьерам бу йўналишда ривожланишини ва ҳозирги даражамга етишимни тасаввур ҳам қилмагандим. Ҳаётимнинг бу даври, шубҳасиз, кураш эди. Агар бирон йўл билан ўзимга 21 ёшдалигимда профессионал карьера борасида энг муҳим маслаҳатларни бера олганимда, нима дейишимни билардим. 

1. Ноаниқлик — бу бутунлай табиий.

Ҳеч ким келажакни олдиндан айтиб беролмайди, ҳеч ким. Карьерангизда ёки ҳаётингизда бўладиган ҳамма ишларни билишнинг иложи йўқ. Шундай пайтлар бўладики, довдираб қоласиз. Бу бутунлай табиий. Саросимага тушгач, ўзингизга нима ёқиши, нима ёқмаслигини англашингиз осон бўлади. Ўзингиз жуда қизиқадиган, бутун умр шуғулланишни истаган ишингизни "кашф қилишингиз” мумкин. 


Сизни йўналтиришлари, ёрдам қўлини чўзишларини истайсиз. Бу ҳам табиий. Ёрдам сўраш заифлик белгиси эмас. Бу ўсишни, бошқалардан тажрибасидан сабоқ чиқаришни хоҳлаётганингиз белгиси. Бошқа одамлар ҳамма саволларга жавоб беролмайди. Бу ҳам табиий. 

2. Хатолар сизнинг қандайлигингизни белгиламайди, улар шунчаки сабоқ бўлиб хизмат қилади.

Ўлим ва солиқлар сингари хатолардан қочиб қутулиб бўлмайди. Хатолардан ҳеч ким суғурталанмаган. Ҳар ким хато қилади. Уларга қандай муносабат билдиришингиз муҳимроқ. Бу сиз учун нима: режалаштирилган ишдан воз кечиб, ҳаммасини ташлаш кераклиги аломатими? Ёки ниманидир ўзгартириш кераклигинингми? 


Ҳар гал бирон янги нарсани синаб кўрганингизда, албатта хато қиласиз. Бу табиий. Тажриба ошганда, хатолар камайди, уларнинг оқибатларини ҳам бартараф этишни ўрганасиз. 

Баъзан хатолар азоб чекишга, ҳафсаланинг пир бўлишига сабаб бўлиши мумкин, айниқса, сиз бефарқ бўлмаган, сиз қайғурадиган одамларга дахлдор бўлса. Кимнингдир ҳафсаласини пир қилдингиз. Довдираб қоласиз. Бу осон эмас. Бу кўнгилсизликка чидаш, тан бериш ва олдинга ҳаракат қилиш — шу нарса ўсишга ва комиликка интилишга ёрдам беради. Хатоларини тан оладиган одам албатта муваффақият қозонади. 

3. Ҳар ким ўз бахтини ўзи яратади

Балки, буни англашингиз учун маълум вақт керак бўлар, лекин ҳаётингиз учун бутун масъулият ўз зиммангизда, уни ўзингиз бошқарасиз. Биламан, буни тўлиқ ҳис қилиш қийин бўлиши мумкин, айниқса, бутун умр  бошқаларнинг қоидаларию кўрсатмаларига амал қилишга мажбур этишган бўлса. Бу сиз эшитган энг илҳомлантирувчи, куч бағишловчи фикр: сиз ва фақат сиз ўз ҳаётингиз учун жавобгарсиз. Фикрларингизни сиз билан содир бўладиган деярли ҳамма нарса назорат қилади ва белгилайди. Оилангиз, дўстларингиз, карьерангиз ва ҳаёт тарзингиз — ҳаммаси фикрларингиз ва ҳаракатларингизга бевосита боғлиқ. 


Кайфиятингизни ўзингиз белгилайсиз. Оптимист ёки пессимист бўлишни ўзингиз танлайсиз. Бахтли ёки асабий ва тунд бўлишни ўзингиз ҳал қиласиз. Ҳаётингизда қандай воқеалар бўлишини билмайсиз, лекин уларга қандай муносабатда бўлишни ўзингиз ҳал қилишингиз мумкин. Оптимист, хушмуомала, шафқатли ва меҳрибон бўлинг. Одамлар илҳом ва ҳаётларига ижобий таъсир кўрсатадиган инсонларга яқин бўлишни ёқтиришади.   

4. Бўш вақт пулдан қимматроқ бўлиши мумкин

Кўпчилик одамлар карьера йўлини икки сабабга кўра белгилайди: қизиқиш ва пул. Одамлар ўзларини намоён этишлари ва фидокорона меҳнатларини кўрсатишлари мумкин бўлган соҳада муваффақият қозонишни хоҳлашади. Шунингдек, яхши пул топишни исташади. Пул ҳамма нарса дегани эмас, аммо айнан пул сизнинг ҳаёт тарзингизни белгилайди. Карьеранинг бошида одамлар, одатда, бўш вақтларини ўйлашмайди, лекин кейинчалик ҳамма бу ҳақда ўйлай бошлайди.  


Вақт — пул, деб бекорга айтишмайди. Ишда ўтказган вақтингиз қимматли ҳисобланади, айнан шунинг учун сизга ҳақ тўлашади. Ишдан ташқаридаги вақтингиз ҳам қийматга эга. Бу вақт — сизнинг дам олиш, ҳордиқ чиқариш, қилишингиз зарур бўлган ишларни қилиш учун берилган вақтингиз. Бўш вақт ҳам ҳаётингизга қувонч олиб келадиган қизиқарли ишлар билан шуғулланишга имкон беради. 

5. Ишни шахсий ҳаётдан ажратиш керак эмас, бу ҳам ҳаёт.

Иш ва шахсий ҳаёт ўртасидаги мувозанатга эришиш ва уни ушлаб туриш доимий кураш ҳисобланади. Одамлар ишга ҳам, оилага ҳам эга бўлишни истагади. Аммо ҳақиқат шундаки, сиз ҳаётингизни бу тариқа ажратолмайсиз. Сиз доим ё уйда, ё ишда бўласиз (баъзида эса бир вақтда у ерда ҳам, у ерда). Бу икки жабҳа бир-бирига таъсир қилади. Ҳаётни иккига ажратиш, бу икка жабҳа ўртасида чегара ўрнатишга уриниш — таназзулга учрайдиган ғоя. 


Ҳаётингизда уйга ҳам, ишга ҳам ўрин бор. Оилавий мажбуриятлар ва бандлик ўртасидаги тегишли мувозанатни сақлай билиш зарур. 

Вақт ўтгач, бу аниқ билинади, аммо буни фақат каттароқ бўлганимиздан кейингина тўла англаймиз. Ўтмишимни ўзгартиролмаслигимни биламан, аслида, бундай қилмаган ҳам бўлардим. Хизмат пиллапоясидан кўтарилган сарим ҳаётимда юз берган воқеаларнинг бари (тажриба, олинган сабоқлар ва хатолар) мени ҳозирги даражамга, фаолиятимда эришган ютуқларимга олиб келди. Умид қиламанки, менинг тажрибам фаолиятини энди бошлаётганларга ёрдам беради”.


Яндекс.Метрика