У нас есть только
оригинальные песни

ХЎРЛАНГАН КЕЛИН

calendar 12.01.2016
9213

Юртбошимиз таъкидлаганларидек, "Оилавий тарбия масаласида хатога йўл қўй­маслик учун аввало ҳар қайси хонадондаги маънавий иқлимни ўзаро ҳурмат, ахлоқ-одоб, инсоний муносабатлар асосига қуриш айни муддао бўлур эди". Жамиятда қабул қилинган ахлоқ меъёрларини писанд қилмай, оилавий низолар келтириб чиқараётганлар ҳам афсуски учраб турибди. Шундайлардан бири Чориевлар оиласидир. Оила бекаси Адиба Чориеванинг салбий хулқи оиладаги муҳитга ўз таъсирини ўтказди.

Бадхулқ қайнона найранглари

У қариндошлик ришталарини янада мустаҳкамлашни ният қилиб ўғли Достонни бир ёш катта бўлишига қарамай, жияни Сайёра Ярашевага уйлантиришга аҳд қилди. 2009 йилнинг куз ойида улар турмуш қуришди. Юқорида таъкидланганидек, Адиба Чориеванинг салбий хулқи боис ҳали келинлик либосини ечишга улгурмаган Сайёра турли баҳона ва сабаблар билан камситила бошланди. У ўғлига оилада эр хотинга нисбатан қаттиққўл бўлиши кераклигини таъкидлар экан, онасининг гапини икки қилмайдиган фарзанд жуфти ҳалолини арзимаган баҳоналар билан сўкадиган, ҳатто қўл кўтариб, урадиган бўлди. Онанинг "панд-насиҳатлари" туфайли улар ўртасида тез-тез келишмовчиликлар пайдо бўлиб, муқаддас оила деворлари нурай бошлади. Қайнона эса икки ёш ўртасидаги низоларни бартараф этиш, уларнинг турмушини мустаҳкамлаш ўрнига келинини рўзғор юмушларини бажара олмаслигини рўкач қила-қила, ҳатто унинг ҳомиладор бўлишига ҳам қарамай, ўғли Достон билан биргаликда муттасил равишда камситиб, ҳа­қоратлаб, калтаклашга бош-қош бўлади.

Ҳомиладорлигига ҳам қарамай...

Ачинарлиси, Адиба Чориева ҳомиладорлик даврининг ўзига яраша оғирликлари бўлишини яхши билса-да, келинини рўзғор юмушлари билан ортиқча уринтирмаслик ўрнига, хўрлаб келади. Охир-оқибат қайнона ва эр томонидан ўтказилган тазйиқ ва калтаклар ҳомилага ўз таъсирини ўтказади. Достон Чориев ҳамда Сайёра Ярашеваларнинг ўзаро турмушидан 2012 йил январь ойида нуқсонли фарзанд туғилиб, 3 ойгина ҳаёт кечирди. Эри ва қайнонаси томонидан хўрланиши етмагандай, қалбининг бир парчаси бўлмиш фарзандининг ҳаётдан кўз юмиши Сайёрага руҳан қаттиқ таъсир этди. Буни қарангки, шундай оғир дамда она-бола Сайёрага далда бўлиш ўрнига, уни боланинг ўлимида айблаб, камситиб, калтаклаб, турли даражадаги тан жароҳатлари етказишди.

Азоблардан қутулишнинг “бирдан-бир йўли”

Хўрланиш ва калтакланишларга чидай олмаган Сайёра назарида ўзини осибгина буларнинг барчасидан қутулиш мумкинлигини ўйлаб, жонига қасд қилади.

Судда судланувчи Достон Чориев айбига иқрор бўлган ҳолда, ғаразли, паст ниятлар замирида бундай қилмишга қўл урганлигини таъкидлади. У Ўзбекистон Рсепубликаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топилиб, суд томонидан белгиланган муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Адиба Чориева эса юртимиздаги инсонпарварлик тамойилларига биноан, амнистия актига кўра жазодан озод этилди. Ўйлаймизки, А.Чориева бундай бағрикенгликдан ҳамда ўйламай қилган ишлари туфайли оилага кулфат келтирганидан ўзига тегишли хулоса чиқариб олади.

Яндекс.Метрика