У нас есть только
оригинальные песни

Koinot: qachon, qanday va nima uchun?

calendar 03.09.2017
1192

Азиз ўқувчилар, “Бу қизиқ” туркумининг давомида эътиборингизга турли мавзуларга оид қизиқарли маълумотлар тақдим этиш ниятидамиз...
 
Марҳамат, навбат КОИНОТ мавзусидаги тааллуқли 5 та қизиқарли маълумотларга!
 
Одамзоднинг ҳаёти жумбоқларга тўла. У чақалоқлигиданоқ турмуш тарзимиздаги такрорий воқеа-ҳодисаларга “кўникиб” боради.
 
Эрталаб тонг отади, тунда ухлашга ётилади, қорин оч қолганда овқат ейилади, чанқаганда сув ичилади...
 
Вояга етиб гўё кўпгина нарсаларни тушуниб англагандай бўламиз. Қуёш — марказда, у ўзидан иссиқлик чиқаради, атрофида бир нечта сайёрлар, шу жумладан бизнинг Еримиз ҳам айланади, бунинг натижасида бир йилда тўртта фасл ўзгаради, Ер ўз ўқи атрофида ҳам айлангани учун бир суткада кун ва тун алмашади ва ҳоказолар...
 
Бироқ айнан нима учун, қачон ва қандай бундай воқеа-ҳодисалар содир бўлишини ҳаммамиз ҳам билавермаймиз. Қисқа ва осон қилиб: “бу ёғини Худо билади, табиат шундай яратилган” деб қўямиз-қутиламиз...
 
Келинг, сиз билан биз билиб-билмаган 5 та табиат ҳодисасини таҳлил қилиб кўрамиз. Балки орттирган билимларимиз мантиқий хулосалар ясашимизга, табиатни, қолаверса ўзимизни чўқурроқ билишимизга ундар...
           
1-ҳодиса. Қуёш қандай нур сочади?
Қуёш — қуёш системасининг марказидаги сайёра. У суюқ плазмадан иборат ва шар шаклида.
 
Ердан ўртача 149.6 миллион километр узоқликда жойлашган.
 
Қуёшнинг таркиби тахминан 90% водород, 10% гелий, 0.15 дан камроғи бошқа газлардан иборат. Унинг ядросидаги иссиқлик кельвин шкаласи бўйича 15 млн ҳароратга тенг.
 
Қуёш энергияси жуда кучли ва битмас-туганмас. Тасаввур қилинг, 10 миллиардга тенг йирик электр станцияси ишлаб чиқариши мумкин бўлган энергияни Қуёш бир сонияда коинотга сочади!
 
Бу ҳодиса “термоядерли реакция” деб аталиб, у водороднинг гелийга айланиши ҳисобига амалга ошади. Ер пайдо бўлгандан бери Қуёш ҳали ўз водород ядро ёнилғи заҳирасининг ярмини ҳам сарфлагани йўқ.
 
Қуёш водород заҳираси тугагунга қадар ҳали яна миллиард йиллар давомида нур сочиб тура олади. Қуёш нури сайёрамизга иссиқлик қувватини олиб келади ва Ернинг нисбий ҳарорати мувозанатини сақлайди.
 
2-ҳодиса. Осмон нега ҳаворангда?
Ўз номидан аён, ҳаворанг — бу ҳавонинг ранги. У тим қора коинот ва кўзимиз орасидаги атмосфера қатламининг шартли ранги.
 
Аслида-ку, ранг — мавжуд эмас! У электромагнит тўлқинларининг “ҳосиласи”. Инсон кўзи мазкур тўлқинлар частотаси оралиғидаги фарқларни ранг сифатида қабул қилади. Тирик мавжудолар рангларни турлича қабул қилади, бу уларнинг кўриш тизими (асаб тизими) қандай ривожланганлигига боғлиқ.
 
Демак, қуёшнинг оқ нури — бу еттита асосий рангларнинг уйғунлашуви. У атмосферанинг еттита асосий қатламидан ўтиб, уни ёриб киради.
 
Фазо бўшлиғида эса қуёш нури “тўқнашадиган” ҳеч қандай газ (масса) йўқ. Шунинг учун биз коинотни қора рангда кўрамиз.
 
Масалан, тунда. Атмосфера қатлами бу қора рангни “юмшатиб”, бизнинг кўзимизга оч кўк бўлиб кўринади.
 
Бунга оддий мисол келтириш мумкин. Хўжалик ишларида ишлатиладиган қора бўёқни кам миқдорда олиб кўпроқ миқдордаги оқ рангдаги бўёққа қўшиб аралаштирсак, ҳаворангни эслатувчи рангбаранглик ҳосил бўлади.
 
 
3-ҳодиса. Нима учун юлдузлар масофаси ёруғлик йилида ўлчанади?
Коинотдаги юлдузлар, сайёралар оралиғидаги масофа шунчалик каттаки, уларни ҳатто миллионлаб километрларда ўлчаш ҳам ноқулай. Шу боис астрономлар янги ўлчов бирлиги — “ёруғлик йилини” киритишди.
 
Ёруғлик йили — бу ёруғлик нурининг вакуум шароитида бир йилда босиб ўтадиган масофасига тенг.
 
Нур секундига 300 км тезлик билан ҳаракатланади ва бир йилда 9.460 млрд. км масофани босиб ўтади.
 
Коинотдаги сайёралар орасидаги масофаларни ўлчашда ёруғлик йили ўлчов бирлиги қўлланилишининг аҳамиятини бир мисолда кўришимиз мумкин.
 
Масалан, Ерга, аниқроғи Қуёш системасига энг яқин юлдуз — Центавр. Уни яна “Кентавр юлдузлар туркуми” ёки “Центавр проксимаси” деб атайдилар.
 
У Ердан тахминан 4.3 ёруғлик йили узоқликда жойлашган. Энди тасаввур қилинг, Ердан Центаврга — соатига ўртача 150 км тезлик билан ҳаракатланувчи поезд 46 миллион йилдан кейин, замонавий самолёт эса 3–4 млн. йилда етиб боради...
 
 
4-ҳодиса. Нима учун бутун коинотни кузатиб бўлмайди?
XXI асрда коинотшунослик илми анча тараққий этди. Илмий кашфиётларнинг аниқ-тиниқлиги тўлиқ кафолатланмасада, тахминий, бироқ асосли далиллар билан, таққослаш ва кузатиш орқали коинот сирлари ўрганиб келинмоқда.
 
Масалан, илмий тилда “галактика” ёки “сомон йўли” деб аталадиган юлдузлар туркумида 1011 та юлдуз, яъни Қуёш мавжуд. Шулардан биттаси бизнинг бобоқуёшимиз.
 
Математикадан хабари бор киши бу сон жуда катта эканлигини яхши билади.
 
Астрономлар энг замонавий асбоб-ускунага эга бўлишидан қатъий назар бутун оламни бир вақтда кузатиш имконига эга эмас. Нега дейсизми?
 
Негаки узоқ галактикадан бизгача ёруғлик бир неча миллион-миллиард ёруғлик йилидан кейин етиб келади.
 
Аниқроғи, уларнинг ёруғлиги етиб келганда — юлдузларнинг ўзи мавжуд бўлмаслиги мумкин. Ёки айни пайтда мавжуд юлдузлар туркумидан ёруғлик бизгача етиб келгунча бизнинг сайёрамиз бўлмаслиги мумкин.
 
Демак, хулоса шуки, биз узоқ осмон кенгликларида кўраётган юлдузларнинг ёруғ нуқталари — бу миллион-миллиард йиллар олдин сочилган ёруғлик нури!
 
Ўша ёруғликни коинотга сочган юлдуз аллақачон ўз “ҳаёт муддатини” ўтаган бўлиши мумкин.
 
5-ҳодиса. Нима учун қуёш тутилади?
Ердан Қуёшгача бўлган масофа тахминан 149600000 километрга тенг эканлигини биламиз. Ердан Ойгача эса 400000 км.
 
Умуман олганда, осмон жисмлари бизга қанча яқин бўлса, шунча катта туюлади. Ерга нисбатан олсак, Ой Қуёшга қараганда 400 марта яқин. Айни пайтда Ойнинг диаметри Қуёшникидан тахминан 400 марта кичик. Шу сабабли Қуёш ва Ой бизга деярли бир хил катталикда кўринади.
 
Ой Ер атрофида ҳаракатлана туриб, маълум бир даврда Ер ва Қуёш ўртасидан ўтади ва унинг нурларини биздан тўсиб қолади. Айнан шу ҳолат “Қуёш тутилиши” деб юритилади. Меркурий ва Венера сайёраларининг тутилиши бундан мустасно. Ой иштирокидаги тутилиш тўлиқ доирасимон ёки қисман бўлиши мумкин.
 
Йил давомида ўртачага 2–3 маротаба тутилиш ҳодисаси рўй беради ва жараён 10 минутгача давом этади. Сайёрамизнинг айнан битта нуқтасида тўлиқ қуёш тутилиши 350 йилда бир марта кузатилади.

Яндекс.Метрика