У нас есть только
оригинальные песни

Кундош кундошга пахта отадими? Аёллар нега изтиробда?

calendar 03.10.2016
2570

Бу дунё синовлари турфа. У одамзотни турли йўллар билан синаб, сўнг шунга яраша ажрини ҳам беради. Бугунги қаҳрамонларимизнинг дарди, синови жуда залворли. Улардан сабр-бардош билан бирга меҳр-оқибат ҳам талаб қилади. Чунки улар кундошига сабр, турмуш ўртоғига меҳр бериб яшашга мажбур.

 «ҚИЗИМ КУНДОШИМДЕК…»

Матлуба, 42 ёш, Жиззах вилояти:

— Менинг дардим кимларгадир кулгили туюлар. Аммо дарднинг катта-кичиги бўлмас экан. Зиғирчаси ҳам азоб беради, юрагингизни эзади. Аслида мен қийинчилик кўриш учун келгандекман дунёга. Чунки мен эримнинг иккинчи турмушиман. Турмуш қурган йилимиз хотини қизини ташлаб кетганди. Эрим иккаласи бир-бири билан умуман келиша олмагани учун ажрашишган экан. У қизчасини ташлаб кетганидаёқ, ҳайратга тушганман. Она ҳам боласидан шунчалар осон воз кечадими, деб. Ҳозир ўша қизалоқ ўн беш ёшда. Бўйи чўзилиб, кап-катта қиз бўлиб қолган. Уни ўзим оқ ювиб, оқ тарадим. Онаси ташлаб кетганида кичкина бўлса-да, роса қийналганди. Ичикиб қолганди. Унинг шу азобларини кўрганим учун ҳам ўз онасидек бўлишга, меҳр беришга ҳаракат қилдим. Бора-бора у ҳам менга ўрганди. Мен онасидек яхши кўради деб юрардим. Афсус…

Эрим ҳозир хорижда. Отаси йўқлиги учунми, у ўзини жуда эркин ҳис қилиб қолган. Иккаламиз умуман келиша олмаяпмиз. Гўёки ота-онасининг ажрашиб кетганига мен айбдордекман. Менинг болаларимга, яъни ука ва сингилларига ҳам душмандек қарайди. Болаларим ундан кичкина бўлгани учун ҳеч нарсани билмайди. Уни ўз опаси деб билишади. Яхши кўриб осилади, қучади. У эса жеркиб беради.

Бир-икки марта насиҳат қилгандим, бошим балога қолди. Шунақа гаплар гапирдики, уни таниий олмадим. Шу ёшида ундан бунақа гап чиқишига ишонмайман. У ойиси билан учрашиб туради. Менимча, қизини у бузяпти. Онаси билан кўришиб келганда кўпроқ терс бўлади. Менинг меҳрибонлигимни кўриб, вақт ўтиб, яна юмшайди. Худди бир уйда кундошим билан яшаётгандекман. Унинг қилиқлари ёмон кундошникига ўхшайди.

— Қизим, сени ўзим катта қилганман. Ўз қизимдек яхши кўраман. Нега ўзгариб қолдинг? — дедим муроса қилиш учун.

— Ўзингизни меҳрибон она қилиб кўрсатманг. Дадам қувиб юбормасин, деб менга яхши қарагансиз. Онам билан дадамнинг ярашиб олишидан қўрққанингиз учун ҳам менга меҳр бергансиз. Агар бундан қўрқмаганингизда менга ўгайлик қилган бўлардингиз?

— Ўзинг эсла-чи? Мен шу уйга келганимдан кейин онанг даданг билан ярашишга ҳаракат қилдими? Бирор марта келдимики, мен қўрқсам? Сенинг қийналганингни, ичикканингни кўрганим учун ҳам бағримга олганман.

Шунақа гапларимдан кейин ўйга толиб, ўзига келгандек бўлади. Лекин кейин яна…

Бу ҳақда турмуш ўртоғимга айта олмаяпман. Чунки у ҳам мен йўқлигимда ўгайлик киляпсанми, дейиши мумкин. Қандай йўл тутишга ҳайронман.

Маслаҳат: — Сингилжоним, жуда катта савоб иш қилибсиз. Маслаҳатим, ўн беш ёшли қиз ўз онаси билан топишибди, демак, уни энди ўз онасига бериш керак. Чунки ҳали бу жуда кичик муаммо. Қиз боланинг тақдири эса нозик масала. Эртага у кимнидир севиши, турмушга чиқиши бор. Муаммонинг каттаси ана ўшанда бошланади. Агар Худо кўрсатмасин, кейинги тақдирида бирор нохушлик бўлса, севганига тегмаса ёки бахтсиз бўлса ҳам калтак сизнинг бошингизда синади. Шунинг учун уни вояга етказганингизга, тарбия берганингизга ачинманг. «Яхшилик қил, сувга ташла, билса балиқ билади, билмаса Холиқ», дейишади. Сизнинг яхшилигингиз ҳам бошқалардан қайтади. Энг тўғри йўл, эрингиз билан маслаҳатлашиб, қизни ўз онасига беринг.

«МЕН-КУ, КЎНИКИБ БЎЛДИМ…»

Севара, 40 ёш, Тошкент вилояти:

— Эрим яхши жойда ишлайди. Топиш-тутиши яхши. Азалдан маълумки, топарман-тутарман эркакларнинг хуштори ҳам кўп бўлади. Эркак қарамайман, деган тақдирда ҳам аёлларнинг ўзи йўлдан уради. Кундошли бўлишимда эримнингми ё ўша аёлнинг ҳиссаси каттами, аниғини билмайман. Қарс икки қўлдан чиқади деган гап ҳам бор. Хуллас, саккиз йилдан буён турмуш ўртоғим бошқа аёл билан юради. Уни никоҳлаб олди. Очиғи, буни билганим заҳоти жанжал қилдим. Бу билан эркакни уйдан совутганингиз қоларкан. Ўша аёлга янада яқинроқ бўлишига замин яратаркансиз, холос. Эрингиз сизни тушунишдан, фарзандларини ўйлашдан кўра, хуштори билан бўлишни афзал кўраркан. Буни англаганим учун ўша аёл билан гаплашиб кўришни режалаштирдим. Бир эмас, бир неча бор гаплашдим ҳам.

— Бизни тинч қўйинг. Бахтимни кўра олмаяпсизми? Эрингиз сизни яхши кўрмаса, айб менда эмас, — деди у без бўлиб.

Кўриб турганингиздек, ҳеч фойдаси бўлмади. У эримга янада қаттиқроқ осилиб, вазият беш баттар ёмонлашди. Мана, ўша-ўша эрим у билан яшайди.

Олий маълумотли бўлсам-да, ишламайман. Бунга турмуш ўртоғим рухсат бермаган. Чунки моддий томондан ўзи таъминлайди. Ҳеч нарсадан камимиз йўқ. Минг шукурки, болаларим ҳам катта бўлиб қолди. Улар билан отасининг муносабати жуда яхши. Тез-тез улардан хабар олиб туради. Мен билан эса умуман гаплашмайди. Назаримда, болаларимнинг руҳиятига бу таъсир қиладигандек. Чунки улар ҳам бошқа ўртоқларини, уларнинг ота-онасининг муносабатини кўриб-билиб юради. Табиийки, солиштиради. Эртага бу уларга ёмон таъсир қилмасмикан, деб қўрқаман. Мен-ку, кўникиб бўлдим. Аммо болаларим нима бўлади?

Маслаҳат: — Сингилгинам, агар юрагингизда эрингизга нисбатан озгина меҳр бўлса, икки жинс ўртасидаги муҳаббат эмас, болаларингизнинг отаси сифатида меҳр сақланган бўлса, сабр қилинг. Эрингизнинг бошқа аёл билан яшаётгани у қадар катта фожиа эмас. Ҳаётда фарзандларининг келажаги учун бегона эркаклардан (кундошингиз каби) саховат кутиб яшаётган аёллар қанча? Сизнинг эса ўз эрингиз, болаларингизнинг отаси бор, ҳаёт. Агар бунга бардошингиз етмай ажрашсангиз, фарзандларингизга бу ҳозиргидан ҳам ёмон таъсир қилади. Эрингиздан хавотир олманг. От айланиб қозиғини топади…

ҲАР КУНГИ АЗОБ

Насиба, 46 ёш, Самарқанд вилояти:

— Мен кундошлик балосини ҳеч кимга тиламайман. «Эр бермоқ — жон бермоқ» деганлари рост. Бу жон беришдан ҳам оғирроқ деган бўлардим. Чунки жонингиз бир бор олинади. Бу савдо эса ҳар куни сизни азоблайди. Гап-сўздан, одамларнинг нигоҳидан бир қийналсангиз, болаларингизни ўйлаб яна изтироб чекасиз. Хуллас, тугамас азоб деса ҳам бўлади.

Тўртта фарзандим бор. Иккитаси талаба, иккитаси ўқувчи. Эрим 4-5 йилдан бери бир аёлга илакишиб қолган. Аёлнинг миллати ўзбек эмас. Мен буни билганимдан кейин ўзимни босолмай жанжал қилдим. Чунки болаларимиз ҳам катта бўлиб қолганди.

— Мени ўйламасангиз, болаларни ўйланг, — дедим эримга. Фойдаси бўлмади.

Аёл киши — ожиза. Қўлидан нима ҳам келарди. Йиғладим-сиқтадим, бақирдим-чақирдим. Қайтанга буни ҳамма билгани, овоза бўлгани қолди. Уларга эса зиғирча таъсир қилмади. Фойдаси бўлар деб ўша аёл билан ҳам гаплашдим:

— Сен ҳам мен каби аёлсан. Нега тушунишни истамайсан? Кўриб турибсан, болаларим катта бўлиб қолган. Ўқийди, эсини танийди. Ҳадемай тўйлар қиламан, деб ўтирибман. Бу қилиқларинг уларнинг келажагига таъсир қилади. Тўрт кунлик роҳатингни деб менинг болаларимнинг бахтига чанг солаётганингдан қўрқмайсанми? Бунинг ҳам жавоби бор.

— Сенда бола бўлса, мана, менда ҳам бор. Сенга эр керак бўлса, менга ҳам керак.

У юзимга тик қараб шундай деди. Йўқ жойдан боласи эримнинг бўйнига тушгани қолди. Улар билан муроса қилмоқчи бўлганим сари ўзимга зиён қиляпман. Эрим қайнона-қайнотамга мени ёмон дебди. Энди ҳаммаси мендан камчилик қидириб, айблайди. Жанжал қилиб ҳам чарчадим. Бирорта зоғ менинг ҳам кўнглим, ғурурим, орзуларим борлигини ўйлаб кўрмайди. Нима қилишга ҳайронман.

Маслаҳат: — Кўнглингизга олманг-у, назаримда, сизда ҳам озгина айб бор. Чунки қайнона-қайнотангиз сизни анча йилдан буён билади. Оқ-қорани ажрата олади. Шундай экан, уларнинг фикри бундай тез ўзгариб қолиши мумкин эмас. Ўзингиздан ҳам айб ўтган бўлиши мумкин. Кейин унча-мунча эркак аёл кишини ёмонламайди. Энг пасткаш эркаккина шундай қилади. Сизга маслаҳатим, ўзингиздаги салбий хислатларни йўқотишга ҳаракат қилинг. Ижобий фазилатларингизни юзага чиқариб, ўзингизга эътиборли бўлсангиз, ҳаммаси яхши бўлади.

Н.УСАНБОЕВА 

Яндекс.Метрика