У нас есть только
оригинальные песни

Kuyovjo'ralar yoki “zamonaviy o'g'rilar”

calendar 12.08.2017
1697

Сирдарё вилоятининг Боёвут туманидаги 14-умумтаълим мактаб ўқитувчиси Шуҳрат Ҳакимов тўйларда учраётган айрим “замонавий” ортиқча одатларни қисқартириш ҳамон қийинчилик билан кечаётгани ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
 
— Масалан, келинни олиб келиш учун йўл олган  “карвон” машиналар картежидаги автомобиллар сони 10-15 тадан камайгани  йўқ. Боз устига, картеж энг охирги русумдаги ва бир хил рангдаги енгил машиналар бўлишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 20-30 нафардан ошадиган куёвжўраларнинг хурмача  қилиқлари эса асабга тегмоқда, — дейди Шуҳрат Ҳакимов
 
Сирдарёлик устознинг айтишича, бир қариндошининг тўйида куёвжўралар хонадаги жавон ва  сандиқларнинг эшикларини очиб, у ерда нима бўлса, ҳаммасини ўмарган. Уй соҳибаси қараса, жавон ва сандиқлардаги буюмлар йўқ. У дарҳол  куёвжўралар ўтирган автобус ва енгил машиналар томон югурган. Нима кор-ҳол юз берганидан хабардор бўлган автобус ҳайдовчисининг қони қайнаб: “Еб-ичдиларинг, ҳурматларингни билсаларинг бўлмайдими? Шу ишни қилгани уялмадингларми, қани туш ҳамманг, машинадан!”, дея куёвжўраларни урушиб берган.
 
Аёлларнинг зардаси, эркакларнинг дўқ-пўписалари кучайгач, “ҳазилкаш” йигитлар ўз айбларини тан олиб, ўмарган нарсаларини уй эгасига қайтарган. Жўраларнинг баъзилари эса гўё ҳеч нарса бўлмагандай: “Куёв томонда одат шунақа!”, деган.
 
Яна бир тўйда меҳмонлар ўтирган хонадан ғала-ғовур аралаш, идишларнинг  синган товушлари эшитилган. Шоша-пиша эшикни очган аёллар ҳангу манг бўлиб қолишибди. Не кўз билан кўришсинки, куёвжўралардан 5-6 нафари бўшаган чинни идишларни кўрпача остига  қўйиб, оёқлари билан босиб синдиришаётган экан. Тоқатлари тоқ бўлган мезбонлар йигитларга қаттиқ-қаттиқ гапирса, куёвжўралар:
 
– Биз томонда одат ўзи шунақа, куёвжўралар идишларни синдирадилар, – деб жавоб берганлар.
 
“Бу қандай одат бўлди? Тўқликка шўхликми ёки қадриятларимизни оёқости қилишми? Бу каби ҳолатлар ўзгалар меҳнатини қадрламасликдан ташқари, қудалар орасида ҳурматсизлик, кўнгилхиралик пайдо бўлишига сабаб бўлиб қолмайдими? Келин тараф куёв томонни ҳафа қилиб қўймаслик, орага совуқчилик тушмаслиги учун баъзан бундай воқеаларга индамай чидашар. Лекин андишанинг ҳам чегараси бор-ку,” дейди муаллим Шуҳрат Ҳакимов. 

Яндекс.Метрика