У нас есть только
оригинальные песни

ЛАБ ШАКЛИНИ ҚАНДАЙ ЎЗГАРТИРИШ МУМКИН?

calendar 05.10.2016
2024

Кўзгуга қараб, ташқи кўринишингиздан яна норози бўлаяпсизми? «Табиат Шаҳзодага ато этган табиий ёноқлар-у Анжелина Жолиники каби жозибали лаблар менда ҳам бўлсайди...» дея хўрсинишингиз нимаси? Тўғри, Жолининг лабларига деярли барча аёлларнинг «рашки» келади. Аммо бугун тиббиёт соҳасидаги имкониятлар шунчалик кенгки, лаб шаклини, ҳатто, Жолиникидан ҳам чиройлироқ кўринишга келтириш мумкин. Шошилманг! Ҳамёнингизни қулоғидан чўзишгаю эрингизни лол қолдиришга улгурасиз ҳали. Аввал йўл-йўриқлари билан танишинг.

Мутахассис  пластик хирург  Ҳамидулла АСАДОВ.

«Эртага докторга бораман!»

Лаб шаклини ўзгартириш ҳар кимнинг шахсий танлови бўлса-да, мутахассис томонидан икки хил кўрсатма бўлганидагина, муолажа таклиф этилади. Биринчиси, эстетик жиҳатдан ёндашув, яъни лаб шакли ингичка, юпқалиги, пучқайган кўриниши ҳамда бурчакларининг сўлғин ҳолатда бўлиши ва ушбу аъзога ажин тушишидир.

Иккинчи усул пластик реконструктив операция (муолажа) бўлиб, асосан лабда туғма нуқсонлар, чандиқлар бўлганда лаб кўринишига тузатиш киритилади.

Асосий усуллар қайсилар?

  • Жарроҳлик усулига мурожаат этилиши юқорида таъкидланганидек реконструктив операция (муолажа) бўлиб, масалан, ингичка лабни тери кесимлари орқали катталаштириш ёки лаб бурчаклари тушган бўлса, шаклини ўзгартириш мумкин. Лаб ҳажм жиҳатдан катта бўлганда ҳам операция йўли орқали кичрайтирилади.
  • Жарроҳлик бўлмаган туридан бири биогель ёрдамидаги муолажадир. Биогеллар махсус лабораторияларда синтезланиб, таркибида гиалурон кислотаси бўлади. Аслида, ушбу кислота инсон организми учун бегона эмас. Кичиклигимизда гиалурон кислотасининг фоизи юқори бўлади, улғайганимиз сари эса камайиб бораверади. Биогель ёрдамида лабда юзага келган йўқотишлар ўрнини тўлдириш мумкин. Муолажа 10-15 дақиқа давом этиб, лабнинг маълум қисмларига гель юборилади. Синтезлангани ҳисобига маълум вақтдан сўнг сўрилиб кетади. Зичлиги кам бўлган гиалурон кислотаси 5-6 ойда, зичлиги юқори бўлган қуюқроқлари эса 1-1,5 йилда сўрилади.
  • Ҳам ёғ, ҳам биогель юбориш тури. Ҳозирда самарали натижа кўрсатаётган усуллардан бири. Бунда инсон танасининг маълум қисми, масалан, қорин ёки оёқ сони соҳасидан кичик шприц ёрдамида ёғ олиниб, лабга юборилади. Ёғдан сўнг биогель юборилиши муолажа таъсирини кучайтиради. Бу усулнинг афзаллиги узоқ вақт сақланиб туришидадир. Бир йил давомида гель аста сўрилса-да, ёғ сўрилиб кетмайди. Шунинг ҳисобига муолажа натижаси кўпга етади.

Олтими ой ёки бир йил?

Хоҳишингиз ва коррекциялаш турига кўра олти ой ёки бир йилда бир марта қўлланиладиган усулларни танлашингиз мумкин. Агар бу ёғ+биогель усули бўлса, такрорий муолажа 2-3 йилда бир марта ўтказилиши ҳам мумкин.

Шишлар...

Бўлиши табиий. Чунки лаб соҳаси шиллиқ қаватдан иборат жуда нозик аъзо. Ҳатто лабимизни тишлаб олсак ҳам, салгина шиш пайдо бўлади. Пластик муолажадан кейинги шишлар эса содир бўлиши мумкин бўлган ҳолатлардан.  Аммо хавотирга ўрин йўқ. 1-2 ҳафтада кўрмагандай бўлиб кетасиз. Фақат шифокор тавсияларига амал қилиб, иссиқ ичимлик ичилмаслиги, лабга зўриқиш бермаслик, оғизни кескин ҳаракатлантирмаслик кабиларга риоя қилсангиз бўлгани.

Қарши кўрсатмалар борми?

Қон касалликлари, ҳомиладор ва эмизикли аёлларга пластик жарроҳлик муолажалари тавсия этилмайди. Яна бир муҳим ҳолат, пластик жарроҳлик амалиётлари фақат шифокор косметолог ёки пластик жарроҳ томонидан бажарилиши керак! Бу турдаги муолажа учун зинҳор оддий косметолог хизматларидан фойдаланманг!

Бир марталик иньекциялар...

Реклама эълонларида «бир марталик, арзон, натижаси кафолатланган» каби ёзувларни кўрган бўлсангиз керак. Лаб коррекцияси бўйича бир марталик муолажадан авваллари фойдаланишгани рост. Бундай иньекциялар таркиби силикон ва акрил гелларидан иборат бўлиб, нархи жуда арзон. Қолаверса, инсон организми учун зарари бор. Сўрилмайдиган гель тури бўлган ушбу воситалар йиллар ўтиши билан лабда тугун кўриниши ҳосил қилади. Бу эса ҳунук кўринади.

Бўрттириб юборманг!

Бугун ижтимоий тармоқларда лабини ҳаддан ташқари катталаштирган қиз-аёллар сурати кўпайиб кетди. Бир қарашда юз-кўзидан олдин лабининг чўччайиб туриши сизнинг-ча чиройлими? Тўғри, ташқи кўринишни ўзгартириш ҳар кимнинг ўз диди, фаросати ва дунёқарашига боғлиқ. Аммо меъёрни унутмаслик керак. Бўрттириб юборилган гўзаллик ҳеч қачон қадрланмаган. Аксинча, кулгига олинган, холос.

 

Яндекс.Метрика