"Лукойл" раҳбари 50 метрлик яхтасини сотиб юборди

Россиянинг "Лукойл" раҳбари ва асосий эгаси Вагит Алекперов ўзига тегишли 50 метрлик Galactica яхтасини сотиб юборди, деб хабар бермоқда Forbes нашри.

Яхта ўтган йилнинг мартида 21 млн еврога сотувга қўйилганди, бироқ жорий йилнинг февралида нархи туширилгандан кейин 19,5 млн еврога сотилди. itBoat яхта компанияси асосчиси Никита Горчаков Forbes’га яхта "ўзининг кичиклиги" сабабли сотилганини маълум қилди.  

Алекперов учун яхта Голландиянинг Heesen Yachts верфида қурилган. Алекперов бу верфни унинг асосчиси Франс Хисендан 100 млн долларга сотиб олганди. Яхта 2009 йилда сувга туширилган.

Айни вақтда Алекперов учун янги Galactica Super Nova яхтаси қурилмоқда.

Апрелда яна бир россиялик миллиардер Михаил Прохоров 61 метрлик Solemar яхтасини сотганди. Яхта сотилган нарх ва уни ким сотиб олгани ошкор қилинмаган, бироқ яхта Yachting Partners International брокерлик фирмаси томонидан 27,5 млн еврога таклиф қилинганди.


Комментарии (0) | Добавить: 16.05.2016
Faqat ro'yhatdan o'tgan foydalanuvchilar izoh qoldirishi mumkin. Marhamat ro'yhatdan o'ting!
[ Регистрация | Kirish ]