У нас есть только
оригинальные песни

Manzura! Siz bilgan va bilmagan malumotlar!

calendar 10.01.2011
2434
 

Инсон тақдири азалдан битилгани рост. У инсон номидан бошлаб нишона берса ажабмас. 1978 йил рассом Муборак оиласида қизалоқ дунёга келди. Унга яхши ниятлар билан ўз хислатлари ва иқтидори ила элга манзур бўлсин учун Манзура дея исм қўйишди. 5 яшар қизалоқ боғча давриданоқ кўпчиликнинг диққатини торта бошлади. Унинг қўнғироқдек жарангдор овози боғча болаларию, мураббиялар эътиборини қозонганди. Қизининг истеъдодини сезган отаси дўсти, бастакор Карим Ҳожи билан маслаҳатлашган ҳолда, Манзурани Успенский номидаги мусиқа мактабига олиб борди. У бу билим масканида пианино ва вокал сирларини ўрганиб, истеъдодини чархлаб, ўзини тўла намоён этишига интилди. Санъатга бўлган улкан муҳаббат ёш Манзурани Неймер оркестрлигидаги Керубино ариясини маҳорат билан ижро этишига ундаб, ҳамманинг чин маънодаги ҳайратини қозонишига сабаб бўлди. Бу эса Манзуранинг олдинга интилишида, олға боришида катта умид ва куч ҳадя этди.

КАТТА ИЖОД ОСТОНАСИ
Ниҳоят, орадан анча вақт ўтиб, 1996 йилда Манзура опаси Нигина ва уларнинг дугонаси Наргиза билан биргаликда "СЕ-БОНУ” гуруҳини ташкил этишди. Истеъдодли хонанда Равшан Зокиров раҳбарлигида қизлар иккита қўшиқ куйлашади ҳамда "Офарин 96” кўрик танловида иштирок этиб 2 ўринга муносиб топилади. Шу йилнинг ўзида мактабни тугатган Манзура, Тошкент Давлат Консерваториясига муваффақиятли равишда ўқишга киради. Гуруҳнинг бошқа аъзоси Наргиза эса бу пайтда ўзини санъатшуносликка бахшида этишга қарор қилади. Шундай қилиб, трио опа сингилдан иборат "Осиё” дуэтига айланади.

ЙИЛЛАР ВА ЙЎЛЛАР
1997 йилда Муҳитдин Қамаритдинов раҳбарлигидаги "Биско бизнес” фирмаси берган катта мадад ҳамда "Осиё”нинг ўз устида тинимсиз ишлаши натижаси ўлароқ, биринчи албом "Ёлғизим” оммага тақдим этилади. Шу йилдаёқ "Ёлғизим” клипи ҳам кенг омма эътиборига ҳавола этилиб, гуруҳ тез орада мухлислар эътиборини забт этади. 2000 йилда Нигина дизайнерлик санъатига қизиқиб, қўшиқ куйлашга нуқта қўяди. Манзура эса истеъдодли режиссёр ва продюсер Рустам Саъдиев раҳбарлиги остида ижодини яккахон тарзда давом эттиради. Шу йили Мадина Мўминова режиссёрлигида ўзбек юлдузлари иштирокида суратга олинган "Тоҳир ва Зуҳра” фильмида рол ижро этишга таклиф этилади.
2001 йилда Манзура яккахон ижодининг сарҳисоби сифатида биринчи альбомини "Дея олмасман” номи остида мухлислар ҳукмига ҳавола этилди. Ушбу тўпламдан жой олган "Ман Манзура” таронаси орқали кўплаб ижодкорлар эътиборига тушиб, ижодий шашт ила йўлида давом этади. Орадан бир йил ўтиб, хонанда "Сен биласан” номли қўшиқ куйлаб, ўнлаб хит-парадларнинг юқори ўринларини эгаллаб, шу тарона номи ила яна бир янги альбом яратади.
2002 йил Манзура учун жуда омадли кечиб, у "Ниҳол” давлат мукофотига муносиб топилиб, тақдирланади. Ундан ташқари, "Муҳаббат синовлари” фильмига ҳам актриса, ҳам қўшиқчи сифатида таклиф этилиб, хонанда зиммасига ушбу картинанинг барча саундтрекларини яратиш ва ижро этишдек катта масъулиятли иш юкланади. Энг қизиғи, вазифани муваффақиятли адо этган хонанда ўзбек эстрадасининг машҳурлик шоҳсупасидан жой эгаллайди.
2004 йилда катта экранда намойиш этилиб, улкан муваффақхият қозонган "Муҳаббат синовлари 2” фильмининг ҳам барча саундтрекларини айнан Манзура куйлади.
Яна шу йили хонанда "Туркистон” саройининг ёзги саройида илк яккахон концерт дастурини тақдим этади. "Бевафо” номли ушуб концерт ҳамда альбом Манзурани санъатимизнинг катта рақобат майдонига олиб чиқди.
2005 йилда яратилган, санъаткор қизларнинг осон бўлмаган ҳаётига бағишланган, энг гўзал ва романтик лавҳаларга бой "Наҳотки сен” фильмида хонанданинг "Наҳотки сен” альбомига киритилган оммалашган қўшиқларидан фойдаланилади.
2006 йилда Манзура "Тарона” тақдимотида "Йил имиджи” номинациясининг ғолибаси дея топилади.
2007 йил Манзуранинг ташқи кўриниши ва ижодида бурулиш вужудга келади. Бу бутунлай ўзгаришни унинг мухлислари чексиз қувонч билан қарши олади. Шундай кўтаринки руҳият Манзурани янги альбом ёзишга ундайди. Мусиқий тўпламга кирган икки тарона "Тушларимга кир” ҳамда "Афсусдаман” мавсум хитига айланади. "Афсусдаман” шу йили яратилган ва мегахит бўлган "Паноҳ” фильмининг бош саундтреки сифатида ҳам ижро этилади.
2007 йил хонандага навбатдаги омадлари билан сийлай бошлайди. Манзурани яна кинога, бу гал катта қадамлар ила таклиф этишади. Абдувоҳид Ғаниевнинг дебют иши, технологик фильм "Севгинатор”да у бош ролни талқин этади. Унинг машҳур санъат фидойиси Мунаввара Абдуллаевадан олган уч йиллик актёрлик маҳорат сабоқлари томошабинлар кўз ўнгида Манзурани ҳақиқий актриса сифатида қабул қилишларига шундоққина замин яратади! Картинада у олдига қўйилган вазифани оқилана уддалаб режиссёр ишончини оқлайди. Бир вақтнинг ўзида робот ва оддий қиз образини яратган Манзуранинг иқтидорига мухлислари яна бир карра тан беради. Фильм ҳам бу борада яхшигина натижадан бесамар қолмайди. "Ижодий парвоз” ёшлар кинофестивалида картина Гран Прини қўлга киритади.
2009 йилда яратган "Мажнун ва Лайли” альбоми унга улкан шухрат улашиб, нуфузли тақдимот "MTVA”да «Йилнинг энг яхши аёл хонадаси» эътирофини қозонди.
2010 йилда экран юзини кўрган "Севгинатор 2” ҳам томошабинларнинг севимли фильмига айланди. Бунинг иккита асосий сабаби бор эди. Биринчидан омма муҳаббатини чин маънода қозонган Манзуранинг профессионал ижроси бўлса, иккинчидан у яратган саундтрекнинг тез орада хит даражасига етганидир.
2010 йилдаги навбатдаги ютуқ Рустам Саъдиевнинг илмий фантастик картинаси "Мен бу мен”га яратилган саундтрекдир. Қўшиқ икки латофатли хонандалар Манзура ва Райҳон ижросида янграб, ўзбек шоу бизнесида йўналиши ва ижро маҳорати бўйича янгиликка ўзиш бўсағасини пайдо қилди.
Сўнги пайтларда Манзура қатор қўшиқлар яратди. Энг қизиғи, уларнинг ҳар бири мухлислар учун росмана совға, бошқа ҳамкасблар учун ўрганиш ва ҳавас омили бўлишга хизмат қиляпти. "Севардим такрор”, "Мени нолам”, "Нетай”, "Қайнона”... Мана шундай кечди, унинг тақдири белгилаган йиллар, тақдир кўрсатган йўллари. Мактаб ўтган, устоз кўрган санъаткор қадам ба қадам ижод зинапояларини кечиб, ҳар бир поғонада ҳеч бўлмаса битта ютуққа эриша олган. Ҳаёт давом этар экан, ижодкорнинг ҳали яратилмаган қанча тароналари яширин.
 
Jasur
Яндекс.Метрика