У нас есть только
оригинальные песни

Мавлуда Асалхўжаева ва Дилсўз 2016 йилдаги ёрқин лаҳза, кўз ёш ва муҳаббатнинг умри ҳақида

calendar 05.01.2017
1200

Кўнгил. Хонандаларни кўнгил кишиси деймиз. Биз — аёлларга кўнгилчан, дея таъриф беришади. Онанинг кўнгли алдамайди, деганлари ҳам рост. Оилавий ҳаётларини йўлга қўйган, ижод завқидан баҳраманд яшаётганган Мавлуда Асалхўжаева ва Дилсўзларнинг бу борадаги кўнгил кечинмалари билан танишамиз. 

Мавлуда АСАЛХЎЖАЕВА, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист: 
2016 йил... Омадли, қувончли ва баракали йил бўлди. Учинчи бора буви бўлдим, энди уч нафар неварам бор! Йигирмата қўшиқ ёздим. Баъзида санъаткор ёзган қўшиқ тингловчи учун жуда чиройли туюлиши мумкин, аммо хонанданинг ўзи кутганидек чиқмайди. Янги қўшиқларимнинг ҳаммаси, аввало, ўзимга ёқди! Шунга қай бирига клип суратга олсам экан, деб бошим қотган. Хуллас, жуда кўтаринки кайфиятда хайрлашаяпман ўтаётган йил билан! 

Дуэт. Ижодимда дуэтлар омадли чиққан. Бирор хонанда билан ҳамкорликда куйлаш, бу икки томонга нафақат омад олиб келиши керак, санъаткорларнинг янги бир қиррасини кашф қилиши ҳам лозим. Ўзбекистон халқ артистлари Насиба Абдуллаева, Ғуломжон Ёқубов, Озодбек Назарбеков ва Гулсанам  Мамазоитовалар билан дуэт куйлашни истардим. 

Кўз ёшларимни биров кўрмасин, дейман. Дилим тўлиб кетса, ҳатто, жуда хурсанд бўлганимда ҳам ёлғиз қолиб, кўнглимдагиларни ўзимга тўкиб соламан. Шунда тўйиб-тўйиб йиғлайман. Кинолар, сериаллардаги ота-онасиз қолган болаларни, оғир хасталикка учраган инсонларни кўрсам ҳам, булар роль ижро этишаяпти, дея ўзимни ишонтиришга минг уринмай, шу образ ортидаги тақдирлар кўзларимни ёшлатади... Фикримча, бу ҳис ҳамма оналарга таниш ва яқин. 

Умр йўлдош... Санъаткор аёл учун турмуш ўртоғи ҳам шу соҳанинг вакили бўлганини фақат ютуқ, деб биламан. Санъатга кириб келган кезларимдаёқ тақдирим санъаткор билан боғланишини истардим. Тушунмовчиликлар, рашк аёлнинг эркин ижод қилишига яхшигина тўсиқ бўлади. Ижодкор учун тушунишлари муҳим. Ўзини ҳам, санъатини ҳам. Айрим аёллар санъатимни гуллаб-яшнашига имконият яратади, деган ўйда оила қуришади. Аммо гап фақат пул ёки ижод қилишини тақиқлашдамас, елкадош инсонининг унинг қўшиқларини ҳис қила билишида ҳам. 

Дилсўз яхши хонанда, тарбияли аёл. Менга ота ҳақида куйлаган қўшиғи жуда таъсир қилган. Умуман деярли барча қўшиқларини яхши кўриб тинглайман. Дард бор тароналарида. 

Ошхонада... Туркманча сомса пиширишни ҳам, ейишни ҳам қойиллатаман. Ҳатто, уйимизга яқин жойда очилган бир кафе ходимларига қандай тайёрлашни ўргатиб ҳам қўйдим. Хамирли овқатларни истеъмол қилишим бироз чегараланган бўлса-да, шу туркманча сомсани ҳар икки кунда егим, тез-тез ўз қўлларим билан пиширгим келади. Яқинларингиз севиб тановул қиладиган таомни тайёрлаш аёлга бошқача бир завқ беради-да барибир. 

Мен ва қизим. Маржонанинг феъли бироз оғир, мендек ҳамма гапни шарта-шарта гапирмайди. Ювошлиги сабаб кўпчилик менинг қизим эканлигини эшитиб ҳайрон қолади. Минг босиқ, тортинчоқ бўлмасин, тез-тез «Қайнота, қайнонангга яхши гапир», деб таъкидлаб тураман. Иккимизнинг ўхшаш томонимиз эса  битта — чақимчимасмиз! Ҳеч қачон бировнинг гапини бировга ташимаганман, қизим ҳам шу хислатни ўзлаштирганидан хурсандман. Ҳозир икки қизнинг онаси. Бир кун қўшиқ ёзибди, эшитсам, овози бинойидек. «Нега шу пайтгача қўшиқ куйлагим келади, деб айтмадинг?» десам, «Уялганман», дейди. У мендан ҳеч мақтов эшитмайди. Эркаланиб кетмасин, дейман-да. 

Вақт ҳукми. Йиллар инсонни улғайтиради, аммо кўнгил ёшлигича қоларкан. Шу сабаб мусиқий албомимдан ёшлар учун ҳам, катта ёшлилар учун ҳам қўшиқлар ўрин эгаллашига эътибор қаратаман. Ўрни келганда миллий қўшиқларни ҳам яхши кўриб айтаман. Муҳаббат ҳақида шўх тароналарни ҳам ёниб ижро этаман. Санъат ёш танламайди-ку ахир, у қаримайди, аксинча қалбларни ёшартиради. 

Афсус... Бирор нимадан қаттиқ пушаймон бўлганимни эслай олмаяпман... Нимаки бўлган бўлса, тақдирга битилганини кўриб келаяпман ва ҳаммаси учун миннатдорман!

 

ДИЛСЎЗ, хонанда:
2016 йил ёрқин, унутилмас лаҳзаларга бой бўлди. Қизим Дилсўз илк қадамларини ташлади. Тили чиқди, биринчи айтган сўзи — дада! У туғилганидан бери уйимизда бошқача кайфият, ҳар куни баҳор! Бир ёшга тўлгани, шодиёнани ҳис қилиб, яйрагани қалбимга ўзгача бир шукуҳ олиб кирди! 

Дуэт. Устоз санъаткорлар билан қўшиқлар ижро қилишни истайман. Қанийди, Ўзбекистон халқ артисти Насиба Абдуллаева билан бирга халқнинг дилидан жой оладиган тарона ёзсак. Бу орзумни ушлаштириш учун ҳаракат қиламан. Чунки Насиба опанинг ижроларини яхши кўриб тинглайман. Овозлари, қўшиқларининг мазмуни, куйларидаги сокинлик одамни сеҳрлаб қўяди.  

Кўз ёшлар. Кеча, 30 ноябрь куни «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида Ёшлар симфоник оркестрининг концерти бўлиб ўтди. Дастур аввалида Биринчи Президентимиз хотирасига аталган мусиқий асар янграб, суратлари экранда кўрсатилди. Бу лаҳзаларда нафақат мен, залда ўтирган барча санъат ихлосмандлари кўзларига ёш олишди. Тинчлик қадри, ватанга муҳаббат ва садоқат ҳислари киши қалбини тўлқинлантирмасдан қўймайди, ахир. Айниқса, она бўлгач, шу осойишта юрт фарзанди эканлигимга ва боламни бахтли келажак кутаётганига янада кўпроқ шукр қила бошладим. 

Умр йўлдошим ҳам санъат вакили эканлигининг ҳозирча фақат «плюс» томонларини кўраяпман. Бунинг «минус»лари борми-йўқми, ҳозирча билмайман. Мени тушуниши, қўллаб-қувватлаши, фикрлари билан ўртоқлашишлари ҳам фойдали, ҳам қизиқ. Мана, қизим туғилгач ҳам ижодда фаолман. Турмуш ўртоғим ҳам хонанда бўлганликлари учун бу соҳа катта танаффусларни хушламаслигини, ижод кишиси бахтни туйганда юрак-юракдан ижод қилинишини яхши биладилар-да.

Мавлуда Асахўжаева биз ёшларга устоз! Уларга доим қойил қолганман! Бирор тадбир ёки тўй-шамларга келсалар, меҳмонларни ўйнатмасдан даврадан чиқиб кетмайдилар. Шунақанги ёниб куйлайдиларки, жўшқинликлари ҳаммага бирпасда «юқади». Шўх тароналари тунд кайфиятдаги кишининг ҳам бирзумда дилини яйратиб, рақсга чорлайди.

Ошхонада... Пишириқлар тайёрлашни кичкиналигимдан яхши кўраман. Илк тажрибаларим унчалик ўхшамаган. Нуқул пирогларни куйдириб қўярдим. Онам тайёрлаб бўлганимдан сўнг хатоларимни айтиб ўргатардилар. Ҳеч қачон «Ўхшамабди, шунча масаллиқни увол қилибсан», деб уришмаганлар. Шунгами доим қўрқмасдан янги рецептларни синаб кўраман. Интернет орқали антиқа таом-салатларни ҳам ўрганиб, тайёрлаб кўришга чўчимайман. Ўзим асалли тортни яхши кўриб ейман. Бирор байрам ё баҳонани кутиб ўтирмай, вақтим бўлди дегунча пишираман. 

Мен ва қизим. Дилсўз ташқи кўриниши жиҳатдан кўпроқ дадасига ўхшайди. Феъл-атворини эса билмадим. Ҳали кичкина-ку, бу борада бирор нима дейиш қийин. Ҳозир у билан вақт ўтказиш жуда қизиқ. Салом беришни ўрганаяпти, ойи дея бошлади, «Қулоғинг, зирагинг қани?», десам, дарров кўрсатади-да, топағонлигидан ўзиям хурсанд бўлиб кетади. Жуда зийрак, ўзи ҳали яхши гапиришни билмайди-ю, лекин ҳамма гапга тушунади. Ўтган ҳафталардан бери кийимлари, ўйинчоқларини жойига олиб боришини айтсам, қилаяпти. Улғайса, орастагина қиз бўлишини тасаввур қилиб, бирпасда кўмакчимга айланишидан мамнунман.

Вақт ҳукми таъсир ўтказмайдиган бирор-бир инсон ёки нарса бўлмаса керак ер юзида. Албатта, тароналарим ҳам мен билан бирга улғаяди. Дейлик, ўн, йигирма йилдан кейин «Уйланасизми, йўқми?» каби қўшиқ куйламасам керак. Ҳозир ҳам ўйланиб-ўйланиб айтганман бу қўшиқни. Лекин эликка кирамизми, насиб қилса, етмишгами, севги ҳақида куйлайверамиз. Инсон ахир муҳаббат билан тирик. Муҳаббат ёш танламас экан, санъаткор ҳам «Энди ёшим ўтди, севдим деб куйласам уят бўлар», демайди.   

Афсус... ўзимга яраша афсусланадиган томонларим бор. Мактабда янада яхши ўқимаганимдан, инглиз тилини вақтида мукаммал ўрганмаганимдан хафа бўламан баъзида. Яна ҳаммаси ҳали олдинда, имкон бор, истагингни сўндирма, дея ўзимни овутиб ҳам қўяман. Қизим билан хорижий тилларни ўргана бошласам ҳам ажабмас. 

Шоира ШАГИАҲМЕДОВА Darakchi.uz

Яндекс.Метрика