У нас есть только
оригинальные песни

«Мен севаман, сен севасанму?» Муносабатларингиз қанчалик мустаҳкам?

calendar 28.11.2016
2229

Ҳис-туйғуларингиз вақт ҳамда тақдирнинг синовларига бардош бера оладими? Бу саволга тўғри жавоб олиш учун севишганларнинг муҳаббатга бўлган муносабатларини аниқлаш талаб этилади. Келинг, бир уриниб кўрамизми?!

Бу тестни суйганингиз билан биргаликда ечишни тавсия этамиз. Ҳар иккингиз бир варақ оқ қоғоз ва қалам олинг. Ёрингиз саволларни овоз чиқариб ўқиса, сиз уларнинг рақами ва ҳар бирининг қаршисига «ҳа» ёки «йўқ» деб ёзиб чиқинг. Агар саволга нима деб жавоб беришни билмасангиз, сўроқ белгисини қўйинг. Асло бир-бирингизни жавобларингиз билан қизиқманг, уларга изоҳ берманг ёки талаб қилманг! Ана шундагина тестнинг натижаси ҳақиқий саналади.

  1. Сизнингча, муҳаббат бобида биринчи қадам эркак томонидан бўлиши керакми?
  2. Уни хурсанд этгувчи ишлар (сабабсиз кичик ҳадялар бериш, самимй мақтовларни айтиш)ни тез-тез бажариб турасизми?
  3. Атрофингизда бошқа инсонлар бўлганида ҳам, севгилингизга меҳрингизни уялмай кўрсата оласизми?
  4. Айнан бир-бирингиз учун яралганингиз ҳамда сизнинг жуфтлигингиз идеал эканлигига ишончингиз комилми?
  5.  «Жўш уриб турган ҳис-туйғулар вақт ўтиши билан совийди ва муҳаббат шунчаки одий ҳолатга айланади», деб ҳисоблайсизми?
  6. Агар турмуш ўртоғингиз билан ўртангизда муҳаббат йўқолса, оилани болалар ёки бошқа бирор сабаб учун сақлаб қолармидингиз?
  7. Ёрингизга ҳисларингизни очиқ-ойдин айта оласизми, аниқроғи тез-тез «Сени севаман!» деб?
  8. У сиз учун дунёдаги энг азиз инсон ёки чин дўстга айланиб улгурганми?
  9. Севги формуласини ўзингиз учун кашф этганмисиз? Уни қандай эканлигини тушунтириш қўлингиздан келадими?
  10. Кўнгил қўйганингиз билан ўртангизда кечаётган муносабатлар ҳаётингизга бевосита таъсир кўрсатадими?
  11. Севгилингизни соғинишдан кўра кўпроқ рашк қилишингизни тан оласизми?
  12. У билан муносабатдан ёки муомала қилишдан чарчаган вақтларингиз ҳам бўлганми?
  13. Севганингизни шумхабарлар ёки ёқимсиз янгиликлардан асрай оласизми?
  14. Ҳаётингиз давомида кимнидир жуфтингиз каби ардоқламаганмисиз? Бу қадар кучли ва самимий муҳаббатга дуч келмаганмисиз?
  15.  Қарашларингиз турфа хиллигидан баъзан ёрингизни ўзга сайёралик бўлса керак, деб ўйлаб қолмайсизми?

Йўриқнома

Энди жавобларга қараб балларни ҳисоблаймиз! Жуфт сонлар қаршисидаги «ҳа» ва тоқ сонлар қаршисидаги «йўқ» жавобларига 10 баллдан берилади. Агар худди шунинг акси бўлса, баллингиз 0 бўлади. Сўроқ белгиси қўйилган жавобларга 5 балл ёзинг.

100 баллдан юқори — РОМАНТИК. Сизнинг муҳаббатингиз улкан, садоқатлисиз. Ҳисларингизни намойиш этишдан уялмайсиз. Нохуш ҳолатлар юзага келганда туйғуларингиз сизга азоб бериши ҳам мумкин. Муносабатларда мушкулликлар пайдо бўлса, бу оғриқларга дош беролмай қолишингиз эҳтимоли юқори. Аммо бунинг барчаси муҳаббатдан воз кечиш учун важ бўла олмайди. Маслаҳатимиз, севги ҳаётингизни марказий нуқтаси бўлмасин, ҳисларингиз ақлингиз устидан ҳукмрон бўлишига йўл қўйманг!

50-95 баллгача — РЕАЛИСТ. Шубҳасиз, ишқ сиз учун муҳим, аммо яшаш учун яна бошқа сабабларингиз ҳам етарли. Ҳис-туйғулар юрагингизни бутунлай эгаллаб олганида ҳам, ҳушингизни йўқотмайсиз. Муносабатларни бузиши ёки сизга келажакда зарар келтириши мумкин бўлган ишларни асло бажармайсиз. Сиз мағрурсиз, аммо рашкчи эмас. Зийраксиз, бироқ шубҳаланмайсиз. Тушуна оласиз ва сабр қиласиз. Буларнинг барчаси мустаҳкам муносабатларни яратиш учун асқотади.

0-45 баллгача — ПРОГМАТИК. Ҳаётингизни барча жабҳасида, ҳаттоки, севгида ҳам ақл билан иш кўрасиз. Бирор кимга меҳрингизни кўрсатишдан аввал яхшилаб ўйлаб оласиз. Мушоҳада қилганингиздан сўнг ҳам «Кел, бир умр бирга бўламиз!» демайсиз. Асло! Ахир абадий муҳаббат фақатгина китобларда бўлишини яхши биласиз-да! Лекин ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин! Галилейнинг замондошлари ҳам бир вақтлар Ер ўз ўқи атрофида айланишига ишонишмаган. Аммо бу ишончсизлик Ернинг ўз ўқи атрофида айланишига ҳеч қандай тўсқинлик қилмаган.

 

Келажакка назар ташлаймиз!

Хўш, қандай жуфтликнинг муносабатлари мустаҳкам бўлади? Бир турга мансублари ёки ҳар хил бўлганларникими? Аниқлаймиз!

Романтик+романтик

Уларнинг муҳаббати шубҳасиз, чиройли ва завққа тўла бўлади. Аммо узоқ давом этмаслик эҳтимоли юқори. Муносабатларни сақлаб қолиш учун жуфтликнинг вақти-вақти билан осмондан ерга тушиб туришларига тўғри келади. Акс ҳолда уларнинг севги қайиғи рўзғор ташвишлари ёки рашк қояларига урилиб, чўкиб кетиши мумкин.

Реалист+реалист

Омадли жуфтлик. Муносабатларини буткул романтикадан ҳоли деб бўлмайди. Бироқ севишганлар ҳаётдаги ҳар бир воқеа-ҳодисага теран нигоҳ билан боқишади, масалаларни ақл билан ечишади. Бу эса уларнинг нафақат оилада, балки ҳаётда ҳам бир-бирларига ишончли ҳамкор эканликларидан далолатдир. Уларни қанчалик кўп режа, иш ва мақсадлар бирлаштириб турса, никоҳлари шунчалик мустаҳкам бўлади.

Прогматик+прогматик

Улар бир-бирларини яхши тушунишади, дунёқарашлари ҳам бир хил. Шу боисдан ҳам муносабатларидан кўп нарса кутишмайди. Ҳамма нарса ҳисоб-китоб асосида қурилса, оилада севгига жой қолармикан? Унутманг, «оила қўрғони»нинг ғиштларини севги билан жипслаштирмасангиз, у мустаҳкам бўлмайди!

Романтик+реалист

Бу икки инсон бир-бирини тўлдириб туради. Романтик оилада муҳаббат оловининг сўнмаслигини таъминласа, реалист турмуш сўқмоқларида дуч келган муаммоларни биргаликда енгиш учун йўл кўрсатади. Бу жуфтликнинг умри узоқ бўлиши шубҳасиз.

Романтик+прогматик

Бири қалбига қулоқ тутса, иккинчичи калькуляторига ишонади. Романтик оилавий муҳим саналарда, масалан, тўй кунларининг нечадир йиллигида унга осмондаги юлдузни совға қилишларини кутади, аммо... унинг ўрнига иккитагина нонни олади. Юлдуздан кўра, оилага нон кераклироқ-да. Умуман олганда, бундай жуфтликнинг тақдири ҳақида сўз очишга руҳшунослар қийналади. Иккови икки хил дунё-да...

Реалист+прогматик

Бирга яхши яшашади. Муносабатлари идеал даражада мустаҳкам деб бўлмайди, бироқ муаммоларни биргаликда енга олишади. Бундай жуфтликни олдинда бахтли ҳаёт кутмоқда, фақат реалист прогматикдан зерикиб қолмаса. Афсуски, бундай ҳолатни инкор этиб бўлмайди.

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА

Яндекс.Метрика