У нас есть только
оригинальные песни

“Мени бир камчилигим бор – бефарқ бўлолмайман”

calendar 09.09.2015
1694

Бироз кириш қилайлик. Мени бир камчилигим бор – бепарво, бефарқ бўлолмайман. Бир неча йил олдин қишлоқдан шаҳарга кўчиб келдим ва ҳали-ҳануз нега бу ерда ёрдамга муҳтож кишининг ёнидан беэътибор ўтиб кетиш ёки болали аёлни ижара ҳақини тўлай олмагани учун уйдан улоқтириб ташлашни одатий ҳолдай қабул қилишларига ҳеч тушунмайман. Тўғри, истисно ҳоллар ҳам бўлиб туради, бироқ тез-тез эмас.

Менда эса тескари, кимдадир катта муаммоси борлигини кўрсам юрагим оғрийди. Ўзимни ҳеч нимани сезмагандай, кўрмагандай тута олмайман. Кимдир бахтсиз бўлса, бахтли бўла олмайман. Шунинг учун кимдир ҳақиқатан ёрдамга муҳтож бўлса, албатта, ёрдам қўлини чўзаман. 

2006 йил. Бир куни ишим тугагач, савдо марказига бордим. У ердан чиқаётганимда эса эътиборимни ёш она ва кичкина қизалоқ тортди. Аёлнинг тушкун руҳда эканлиги аниқ сезилиб турарди:

— Нима керак сенга?!

— Овқатлангим келяпти, — деди секингина қизалоқ.

Улардан бир неча қадам нарироқда ота-оналар фарзандларига турли хил ширинликлар сотиб олар эди. Қизалоқнинг одмигина кийинганидан ва хафа бўлиб гапирганидан унинг ғашлик қилмаётгани, аксинча, ҳақиқатан ҳам бирор нима егиси кўриниб турарди. Аммо унинг онаси жаҳл қилиб, уни туртиб юборди. Қизалоқ унинг ҳаётини издан чиқарганини айтиб бақирди ва кўздан ғойиб бўлди. Бирор нима дейишга ҳам ҳайрон қолдим. Қизча ўрнидан турди, онаси қаерга кетганини тушунолмай, бир четга ўтиб, йиғлай бошлади. Бу йиғи талтайган боланинг бақироқ йиғиси эмас эди, бу силтаб, қўпол муомала қилиниб ташлаб кетилган боланинг мунгли, сўзсиз йиғиси эди. 

Қизалоққа жуда ачиндим, бироқ бу ишга аралашишга иккиландим. Онаси қайтиб келади ва улар ярашиб олади, деб ўйладим. 20 дақиқача ўтди. Қизчанинг ёнига ҳеч ким яқинлашмади, энг асосийси, унинг онасидан дарак ҳам йўқ эди. Бошқа бундай ўтиролмасдим. Унинг ёнига бориб, юпатишга тўғри келди. Шуни айтиш керакки, нотаниш бола билан гаплашаётганда ўзингизни ноқулай ҳис қиласиз, гўё атрофдаги ҳамма сенга ёмон ниятли одамга қарагандай бўлади. Бироқ аслида атрофдагиларнинг биз билан иши ҳам йўқ эди.

У бироз уятчан эди, аввалига мен билан гаплашишга қўрқди, лекин унинг онасини топишни сўраб соқчини чақирганимдан сўнг, у менга ишона бошлади. Биз унинг ёши олтидалигини, ёши Даша эканлигини билиб олдик. Унинг оч қолганлиги ёдимга тушиб кетди. Унинг онасини кутаётган вақтимиз мен унга егулик сотиб олиб бердим. Аввал у рад қилди, аммо очлик устунлик қилди. Кейинроқ билсам, қизча кун бўйи ҳеч нима емаган экан. Аёл билмадим қаерга йўқолди, хуллас, полиция чақиришга мажбур бўлдик. Қизчани унинг ота-онасини топиб, топширишлари учун қонун ҳимоячилари қўлига топширишдан бошқа йўлим қолмади. Аммо шу билан ҳаммаси жойига тушиб кетмаслигини ҳис қилдим. Бахтимга, полицияда танишим борлиги сабабли қизчанинг кейинги тақдири тўғрисида бохабар бўла олдим.

Аён бўлишича, қизалоқнинг дадаси онасини аллақачон ташлаб кетган, аёл эса фарзандини ёлғиз катта қилишга мажбур бўлган. У жуда кам пул топарди, чунки ҳомиладорлик унинг ҳаёти ва карьерасини издан чиқарганди. Аёл буни қизига доим эслатиб турарди. Натижада аёл боладан бутунлай қутилишга қарор қилган ва уни шунчаки ташлаб кета қолган. "Нима бўлибди? Барибир Меҳрибонлик уйига олиб боришади”. Қизча йиғлаб онасидан кечирим сўраган ва уни уйга олиб кетишини айтиб ёлворган. Аммо онаси ундан воз кечган. Даша жуда қийналган. Қисқа қилиб айтганда, аёлда оналик меҳридан заррача ҳам йўқ экан. 

2008 йил. Аёлим билан ва ниҳоят Дашани қиз қилиб олдик. У саккиз ёшда, 2-синфга боради. Бунгача мураккаб ҳужжат ишлари туфайли унинг Меҳрибонлик уйида яшаб туришига тўғри келди. Аммо биз тез-тез Дашани бориб кўриб турардик, унга ва бошқа болаларга совғалар олиб борардик. Баъзи танишларим бола асраб олишга салбий қарашади: "Бировнинг боласи. У сенга нега керак?”

2015 йил. У 15 ёшга кирди. Вақт кўз юмиб очгунча ўтиб кетади-я?! Уни асраб олганимга афсусланаманми йўқми, шу ҳақда тез-тез сўраб туради. Асло. Ҳеч қачон афсусланмаганман, афсусланмайман ҳам.

Нега мен буни сизга айтиб бердим? Мана шундай одатларим учун танишларим мени кўнгли бўш дейишади. Эмишки, инсонларга қанча яхшилик қилсанг ҳам эвазига ҳеч нима олмайсан. Адашасиз! Эвазига мен бу дунё учун бефойда инсон эмаслигим англайман. Демак, менинг ҳаётим бемазмун, бемаъно, арзимас эмас.

Ҳаёт бешафқат, аммо ҳар биримиз уни ўзимизнинг эзгу амалларимиз билан яхши томонга ўзгартиришимиз мумкин. Шундай экан ўзингизга ҳеч кимга ёрдамим керак эмас, деган фикрни сингдирган бўлсангиз, шунчаки атрофингизга яна бир бор яхшилаб қаранг!

Яндекс.Метрика