Xiaomi компанияси 31 май куни уч хил модификациядаги Mi 8 юбилей флагманларини расман тақдим этган ва кейинчалик уларни бирин-кетин савдога чиқарган. Шунингдек, ушбу туркумга оид яна иккита янги русумдаги смартфонни ҳам тайёрлаганидан хабарингиз бор.
«Хитойча Apple» ўзининг Mi 8 Explorer Edition русумли энг илғор флагманини савдога чиқарганидан бери бир ойдан ошиқ вақт ўтди. Аммо шу кунгача уни фақат ўз ватани – «Осмон ости салтанати» ҳудудида сотиб келаётир. Бугун – 2018 йил 8 сентябрда пайдо бўлган хабарга кўра, ушбу илғор флагман Хитойдан ташқарида ҳам расмий савдога чиқарилади.
Сингапур ҳукуматининг расмий идораси – Оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш бошқармаси (Infocomm Media Development Authority – IMDA) маълумотлар базасида янги смартфон ҳақида ахборот пайдо бўлган. Xiaomi маҳсулоти бўлмиш ушбу қурилма M1807E8A модел рақами билан белгиланган ва у Xiaomi Mi 8 Pro модели тарзида бозорга чиқиши айтилаётир.
Манбаларга кўра, Xiaomi Mi 8 Explorer Edition халқаро бозорга айнан Xiaomi Mi 8 Pro модели сифатида тақдим этилади. Сингапур эса ушбу гаджет расман сотувга чиқадиган мамлакатлар рўйхатида биринчиси бўлади.
Фақат биттагина жиҳат кузатувчиларда шубҳа уйғотмоқда: фойдаланувчи қиёфасини уч ўлчамли тарзда сканерлаш функцияси Mi 8 Pro моделида бўлмаслиги мумкин. Чунки унинг экрани тепасидаги «кемтик» кичкина, дейишмоқда инсайдерлар. Ким билади, балки бу ҳали Mi 8 Explorer Edition эмас, буткул янги смартфон бўлиб чиқар...
«Хитойча Apple»нинг шу пайтгача савдога қўйган кўплаб смартфонлари, ҳатто яқинда тақдим этилган «Тезкорлик устаси» – Pocophone F1 ҳам Ўзбекистонда расмий кафолат билан сотилмоқда.