У нас есть только
оригинальные песни

Noutbuk xarid qilayotganda 10 ta ommaviy xato

calendar 28.05.2017
2009

Лаптоп ёки ноутбук бугун ҳар бир мутахассис, ижодкор ёки талабанинг яқин кўмакчисига айланган. Ноутбук харид қилгани борганда сотувчидан сиз ноутбукда нима қила олишингиз мумкинлигини эмас, ноутбук сиз учун нималарга қодир эканини сўранг.

Балки сизда бунгача ҳам ноутбук бўлган ва ўзингизга яраша талабларга эгадирсиз. Ҳар эҳтимолга қарши, ноутбук харид қилаётганда кўпчилик қиладиган қуйида 10 та хатони билиб қўйганингиз яхши.

 #1-хато: Энг арзон моделга диққат қилиш

Арзон девайс ҳаммага ҳам ёқади, бироқ унда бизга керакли барча жиҳатлар бўлмаслиги мумкин. Мисол учун, 2 ядроли ёки 4 ярдоли лаптопларни танлаш жараёнида сиз арзонлигини ўйлаб, 2 ядроли гаджет харид қилсангиз, унинг техник имконияти бир вақтнинг ўзида бир нечта иловалардан фойдаланишга кифо қилмаслигини англашингиз лозим. 2 ядро – бу кераклича кучли тизимга эга бўлмаган ноутбукда бўлади ёки ундан имкон қадара узоғроқ фойдаланиш мумкин бўлмайди. Пул эмас, эҳтиёжга кўра лаптоп танлаган – мақсадга мувофиқ.

#2-хато: Жуда кўп тўлаш

Қиммат ноутбук доим ҳам “яхши гаджет” дегани эмас. Мисол учун, 2016 йилги MacBook ноутбукида Touch Bar, яъни клавиатуранинг юқори қисмида махсус экранда сенсор панел қўшилган эди. Шу билан бирга, ноутбукнинг нархи ҳам кутилганидек сезиларли даражада қимматлашган эди. Кейинчалик Touch Bar’га қизиқиб уни харид қилганлар афсус қила бошлашди. Баъзида ишлаб чиқарувчи маркетинг сиёсатини деб турли ном ва жиҳатларни рўкач қилиб, гаджетларини қимматроққа сотишга уринишади. Мана шу кичик эҳтиётсизликдан сиз ҳам эҳтиёт бўлинг.

#3-хато: Бугун яшайдиган ноутбук олишдан тийилинг

Фақат шу куналрга хизмат қиладиган гаджет олиш – хато. Айниқса, уларнинг нархи тобора қимматлашиб бораётган бир пайтда бу — чўнтак учун зарар. Янги ноутбук сизга камида 2-3 йил хизмат қилиши керак. Шунинг учун, процессор имконияти, тезкор хотира ва қўшимча техник имкониятларни яхшилаб ўрганинг.

Мисол учун, янги Microsoft Surface Laptop ноутбуки $1,000 доллар турса ҳам, унинг тезкор хотираси  4 гигабайт ва доимий хотира сиғими 128 гб. Ваҳоланки, бу тезкор хотира у қадар ҳам қувонарли эмас. Бугунги ноутбуклар ўртача 8 ГБ тезкор хотирага эга бўлиши керак. Акс ҳолда, лаптоп бир вақтда бир нечта иловаларни қайта ишлашга қийналиб қолади.

#4-хато: Порт ва мослашувчанлик интерфейсига диққат қилмаслик

Бугунги кунда кўплаб ноутбукларда зарур портлар мавжуд эмас. Мисол учун, гаджетда камида 2 та USB-портининг бўлиши мақсадга мувофиқ. Баъзида бир вақтнинг ўзида флешкани, сичқончани ёки бошқа қурилмани ноутбукка улашга тўғри келади.

Шунингдек, бугун аксарият лаптоплар CD-диск ўқийдиган портсиз ишлаб чиқарилмоқда. Бунга ҳам диққат қилинг. Ёки Apple ноутбукларида фойдаланаётган Thunderbolt 3 порти уни кабел ёрдамида бошқа қурилмалар билан осон улашга ёрдам беради.

Мисол учун эски – USB 2.0 портига эга қаттиқ дискли қурилмалар янги – USB 3.0 Type-C универсал портига эга гаджетларни қўллаб-қувватламайди. Қолаверса, кўпчилик ноутбукларда уни проекторга улашга ёрдам берадиган HDMI порти бўлмайди. Шу жиҳатга ҳам эътибор қаратинг.

 

#5-хато: Юқори сиғимли экранга диққат қилиш

4K сиғимли дисплейга эга ноутбук бир қарашда яхши танлов. Бироқ, бу – доим ҳам тўғри эмас. Мисол учун, экраннинг ҳар дюймида 200 та пикселнинг бўлиши аслида мақсадга мувофиқ. Пиксел сиғими юқори бўлган лаптоплар одатда менюни кичрайтириб кўрсатади. Боиси, пиксел сиғими қанча юқори бўлса, илова рамзлари, шрифтлар ва дисплейдаги визуал воситалар шу қадар қисқаради.

Шу билан бирга, юқори сиғимли экран – аккумуляторнинг ашаддий душмани. Экран қанча юқори бўлса, батарея сиғими ҳам шунчалик катта бўлиши — мақсадга мувофиқ.

Мисол учун, MacBook Pro Retina технологиясидаги Full HD экранга эга. Унинг аккумулятори 4K экранли ноутбукларникига қараганда 2 соат узоғроққа етади.

#6-хато: Харид қилмасдан аввал эринмай фойдаланиб кўриш

Дўконда сотувчи имкон қадар харид жараёнини қисқартириб, гаджетини тезроқ «ўтказиш» ҳаракатида бўлади. Тез-тез ва қисқа-лўнда қилиб ноутбукни кўкларга кўтариб, кўзингизни шамғалат қилади. Айниқса, биринчи марта ноутбук харид қилаётган бўлсангиз, шошиб қолишингиз – табиий.

Харид чоғида ноутбукни очиб, унинг клавиатура ва трекпад (клавиатура қуйисидаги сенсор майдонча)нинг фойдаланишга қулайлигини, дастурий таъминоти ва ички платформасини ва бошқа жиҳатларини диққат билан ўрганинг.

 

#7-хато: Ўлчам аҳамиятсиз, деб ўйлаш — хато.

Ноутбук масаласида ўлчам – аҳамиятли жиҳат. Бугунги кунда ихчам ноутбуклар кўпайиб кетди. Шунингдек, енгилгина ултрабукни кўтариб юришни ҳамма ҳам орзу қилади. Аммо, бу – ноутбук, смартфон эмас. Биз бунда ҳужжат ёки бирор жиддийроқ илова билан ишлаймиз. Кичкина экран эса кўзимизни толиқтириб, саломатлигимизга жиддий зарар етказади.

Энг камида, 13 дюймли ноутбук харид қилинг. Узоғи билан эса, 15 дюймли ноутбукларни олиш керак. Шунингдек, катта экранли лаптопларнинг шрифт ўлчами катта ва ҳарф теришга қулай.

 #8-хато: Битта ўзига хос жиҳатга «ёпишиб олиш»

Лаптоп харид қилаётганда калта ўйлаш керак эмас. Айниқса, ундаги бирор функция сизни ўзига жалб қилган бўлса-ю, бошқа жиҳатларга кўз юмсангиз – хато қиласиз.

Мисол учун, кўпчилик йирик тезкор хотирага мафтун бўлиб, ноутбукни дарров харид қилиб қўя қолади. Тўғри, катта рақам ва арзон нарх – ҳаммага ҳам ёқади.

Агар иш юзасидан иловалардан фойдаланиш мақсадингиз бўлса, камида 8 гигабайтли тезкор хотирага эга лаптоп танланг. Ундан ошиғи учун пул ўлаш – эҳтимол сизнинг вазиятингизда хатодир.

 

#9-хато: Ултрабукларга маҳлиё бўлиб қолиш

Сўнгги йилларда енгил ва ихчам ултрабуклар ноутбукларнинг ўрнини эгалламоқда. Айниқса, Chromebook деган тури арзонлиги билан диққатга сазовор. Аммо, уларнинг функцияси чекланган бўлиши мумкин. Chromebook’нинг хотираси ҳам кичик, маълумотларни «булутли» хотира хизматларида сақлашга тўғри келади. Агар сиз қимматли маълумот билан ишласангиз – ахборот хавфсизлиги жиҳатидан уларни бегона жойда сақлаш – хавфли. Microsoft Surface Book ҳам имкониятлари чекланган ихчам девайс.

Ултрабук ихчамлашгани сайин – имкониятларингиз қисқариб бораётган бўлиши мумкин.

 

#10-хато: «2 таси 1 да» формадаги ноутбуклар танлаш

Сўнгги вақтларда ҳам планшет, ҳам ноутбук вазифасини бажарадиган гаджетлар кўпайиб кетди. Бироқ, планшет асосан ҳордиқ чиқариш учун. Ноутбук эса интернетдан тезкор фойдаланиш, кўплаб иловаларни очиш, керакли дастурни юклаб олишда барибир тезкорлиги ва қулайлиги билан ажралиб туради. Ажраладиган бўлса ҳам, клавиатуранинг борлиги гаджет ноутбук қиладиган ишни қилади, дегани эмас.

Яндекс.Метрика