У нас есть только
оригинальные песни

O'FF prezidentligi saylovi: u qanday o'tadi va kimlar ovoz berishga haqli?

calendar 08.09.2017
1844

Аввалроқ хабар берганимиздек, жорий йилнинг 12 сентябрь куни Ўзбекистон Футбол Федерациясида ташкилот низомига мувофиқ ҳисобот-сайлов конференцияси ўтказилади.
 
Конференция доирасида Ўзбекистон Футбол Федерациясининг президентлик сайлови бўлиб ўтади.
 
Бундан ташқари, шу куни ЎФФнинг янги раҳбарият таркиби, янги тузилмани тасдиқлаш каби масалалар ҳам кўриб чиқилади.
 
Эндиликда ЎФФ президенти сайлови қандай ўтиши ҳақида батафсил маълумот бериб ўтамиз.
 
Номзодлар
Сананинг расман эълон қилиниши — номзодларнинг илгари суриш учун муҳим жиҳат ҳисобланади. ЎФФ низомида (27.2-модда) шундай дейилган.
 
“...Ижроқўм навбатдаги конференция қачон ва қаерда бўлишини белгилайди. ЎФФ аъзолари конференцияга 6 ҳафта қолгунига қадар ёзма равишда бундан хабардор этилиши лозим.”
 
27.3-моддада шундай ёзилган: “Расмий хабарнома конференцияга 2 ой қолгунига қадар тақдим этилиши лозим. Расмий хабарномага кун тартиби, Президентнинг қилинган ишлар ҳисоботи, молиявий ҳисобот, аудиторлик ҳисобот ва қолган керакли ҳужжатлар бириктирилган бўлиши лозим”.
 
ЎФФ аъзолари керакли ҳужжатларни олишганми ёки йўқми — бундан бехабармиз. Бироқ улар барчасини вақтида олишганини ва конференция санасининг кеч эълон қилиниши ЎФФ расмий сайти туфайли содир бўлганини тахмин қиламиз.
 
Хуллас, ЎФФ аъзолари конференция ўтишига 2 ой қолганида кун тартибини олишди, ЎФФ Президенти сайловидаги саволларни кўришди.
 
Кейин нима бўлади?
 
Кейин ЎФФ низомининг 39.3-моддаси ишга тушади.
 
“ЎФФ Президенти бўлиш учун фақат ЎФФ аъзолари ўз номзодларини қўя олишади. ЎФФ аъзолари ўз номзодини ёзма равишда Бош котибиятга конференция бошланишига 4 ҳафта қолгунига қадар юборишлари лозим.”
 
Конференция бошланишига 4 ҳафта қолган вақт бу — 15 август. Яъни бир ҳафта олдин номзодларни қабул қилиш тўхтатилган. Аммо ҳеч ким номзодлар ҳақида ҳеч нима билмайди...
 
Бу иккита нарсани англатиши мумкин — ё номзодлар йўқ, ё номзодлар ўзларини “панада” тутишни исташмоқда.
 
Аммо шу ерда ЎФФ низомининг 39.4-моддасига қараймиз: “Бош котиб Конференция бошланишига камида икки ҳафта қолгунига қадар номзодларни ёзма равишда ЎФФ аъзоларига юбориши лозим”.
 
Яъни 29 август куни ЎФФ бош котиби ЎФФ Президенти бўлиш учун номзодлар рўйхатини юбориши лозим. ЎФФ бу номларни қачон оммага эълон қилиши кераклиги низомда қайд этилмаган.
 
Сайловчилар
 
ЎФФ Президентини — ЎФФ Конференцияси сайлайди. Шу боис фақат конференция делегатлари — сайлаш ҳуқуқига эгалар.
 
ЎФФ низомининг 22.1-моддасида шундай ёзилган: “Конференция 80 нафар делегатдан иборат. Барча делегатлар билан танишинг:
 
а) ҳар бир вилоят федерациясидан — 2 нафардан делегат;
 
б) Профессионал футбол лигасидан — 1 нафар делегат;
 
в) ҳар бир клубдан — 1 нафардан делегат;
 
г) Аёллар футбол Ассоциациясидан — 1 нафар делегат;
 
д) футзал Ассоциациясидан — 1 нафар делегат;
 
е) Аёллар футбол Ассоциацияси, аёллар футзали ва пляж футболидан — 1 нафар делегат;
 
ж) Ўзбекистон фахрийлар кенгаши — 1 нафар делегат;
 
з) Терма жамоалар марказидан — 1 нафар делегат;
 
и) Республика мураббийлар ва ҳакамлар тайёрлаш мактабидан — 1 нафар делегат;
 
к) Республика олий спорт усталари мактабидан — 1 нафар делегат;
 
л) Футбол клублари қошидаги болалар-ўсмирлар мактабидан — 1 нафардан делегат;
 
м) Футбол мухлислар клубидан — 1 нафар делегат;
 
н) футболчилардан — 1 нафар делегат;
 
о) ҳакамлардан — 1 нафар делегат;
 
п) мураббийлардан — 1 нафар делегат;
 
р) ЎФФ аъзоси бўлган қолган ташкилотлардан — 1 нафар делегат”
 
Бу рўйхат бўйича бир нечта савол бор. Масалан, Аёллар футбол Ассоциацияси ва Аёллар футбол Ассоциацияси, аёллар футзали ва пляж футболи ўртасида қандай фарқ бор?
 
Футболчилар, ҳакамлар ва мураббийлар ўз делегатларини қандай танлашади?
 
ЎФФ низоми 22.2-моддасида шундай ёзилган: “Ҳар бир делегат ЎФФ аъзолари билан аффилир бўлиши лозим, у ЎФФ аъзоларининг тегишли органи томонидан сайланган ёки танланган бўлиши керак. Делегатлар шахсларини тасдиқловчи хужжатга эга бўлишлари зарур”.
 
Айтганча, делегатларнинг умумий сони 80 эмас, 75 нафар чиқмоқда. Ҳатто “Насаф–2” жамоасини алоҳида клуб деб олсак, делегатлар сони 76 нафар бўлади.
 
Сайлов жараёни
 
ЎФФ Президенти сайловининг биринчи турида ғолиб бўлиш учун делегатларнинг 3 дан 2 қисми овозини олиши керак. Яъни 80 тадан 54 та. Иккинчи ёки ундан кейинги турлардаги ғалаба учун овоз берувчиларнинг ярмидан кўпи, яъни 41 та овоз олса етарли бўлади.
 
ЎФФ Матбуот хизмати айни пайтда ЎФФ Устави асосида ўтказиладиган Ҳисобот-сайлов конференциясига тайёргарлик кўраётганини маълум қилди.
 
Ҳозирда ЎФФ Президентлигига номзод бўлган шахслар ҳақида ахборот тайёрланиб, ФИФА ҳамда ОФК ташкилотларига юборилади. Шундан сўнг, ЎФФ Президентлигига номзодлар номи оммага расман эълон қилинади.
 
Шунингдек, сайлов тадбирида ОФК ва ФИФА ташкилотларидан вакиллар ҳам иштирок этади.

Акмалхон Эшонхонов

Яндекс.Метрика