У нас есть только
оригинальные песни

O'zbekistonda yangi telekanal ish boshladi

calendar 13.11.2014
6316


Қувонч билан хабар берамиз, хабар бериб - билим оламиз, билиб олиб - ривожланамиз, ривожланиб - яратамиз! Бу 12 ноябр куни тест режимида дастурларини эфирга узата бошлаган янги "Mening yurtim” телеканали фаолиятнинг асосий тамойилидир.


Маданий-маърифий, мусиқий-кўнгилочар, ёшларга йўналтирилган канал муассислари – Ёшлар маданият ва санъат маркази, "Камолот” ЁИҲ, Ўзбекистон Электрон ОАВ Миллий Ассоциацияси, "Ўзбекнаво” ЭБ.


2014 йилнинг апрелида "Жаҳон матбуоти эркинлиги куни”га бағишлаб ўтказилган медиа-кунлар давомида ёш журналистлар, ЎзЭОАВМА аъзолари ҳамда бир қатор ёшлар ташкилотлари томонидан эндиликда телетомошабинлар "MY5” логотипи остида кўришлари мумкин бўлган янги "Mening yurtim” телеканал фаолиятини йўлга қўйиш борасида таклиф киритилган эди.


"M” ва "Y” – "Mening Yurtim” сўзларининг биринчи ҳарфлари. MYинглиз тилидан таржима қилинганда "меники” маъносини беради. "Меники” деб эса ўзига ёққан ва яхши кўрган нарсага нисбатан айтилади. Мусассисларнинг таъкидлашича, логотипда бундай қисқартмалардан фойдаланиш телеканални замонавий аудиторияга янада яқинлаштиради. Муваффақиятли тугалланган иш белгиси "5” рақами эса ушбу медиа-брендга асосли қўшимча ҳисобланади. Айтганча, айнан "5” телевизион пульт марказида жойлашган.


Телеканал фаолияти ёшларда теварак-атрофдаги воқеликка, умид ва ишончга тўла ҳаётий позицияга нисбатан яратувчанлик ва бунёдкорлик руҳида муносабатда бўлишларини шакллантиришга қаратилган. Айнан шунинг учун ҳам "Mening Yurtim” телеканалига безак беришда ҳаётнинг энг ёрқин онларини ёдга солувчи рангларда фойдаланилган. Шунингдек, эстрада, кино, театр, спорт юлдузлари иштирокидаги турли жанр ва кўринишдаги дастурлар телетомошабинларнинг вақтларини мазмунли ўтказишларини таъминлайди. Аудитория севимлилари кутилмаган ҳолатларда намоён бўлади: улар миллий ҳамда умуминсоний қадриятларни қамраб олган қизиқарли репортажлар, роликлар, муаллифлик телелойиҳалар қаҳрамонларига айланишади. Бундан ташқари мамлакат ёшлари ҳаёти, республикада ўтказилаётган маданий-оммавий ёшларга мўлжалланган тадбирлар мижодий гуруҳ объективида бўлади. Шубҳасиз, буларнинг ҳаммаси Ўзбекистон аудиторияси миллий манфаатларини қондирувчи оригинал телемаҳсулотларни тайёрлаш тизимини ривожлантириш имкониятини беради.    


Телеканал Кузатуви кенгаши раиси, "Камолот” ЁИҲ Марказий кенгаши раисининг ўринбосари Феруза Муҳаммаджонованинг сўзларига кўра, пойтахт ва Тошкент вилоятининг 5 миллионлик аҳолисига ҳар куни ЎзЭОАВМАнинг ёш ижодий гуруҳлари томонидан тайёрланган 20 соатлик қизиқарли ва ўзига хос контент ўзбек ҳамда бошқа тилларда тақдим этилади. 


Булар "MY5-NEWS”, "Сирдошлар”, "5+5”, "Топ-дизайнер”, "Бешинчи фасл”, "Кинолайф” каби ахборот ва маданий-маърифий кўрсатувлар, мусиқий-кўнгилочар  дастурлардир.

Эфир дастурлар жадвалини ишлаб чиқишда асосий эътибор бой тарихимиз, юртимизнинг анъана ва урф-одатлари, бутун жаҳон маданият ва санъати, илм-фанига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган Шарқнинг етук аллома ва олимлари ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильмларга қаратилди. Шу билан бирга телетомошабинлар миллий ва жаҳон кинематографларининг энг сара бадиий фильмлари, телесериаллари ҳамда мультфильмларини томоша қилишлари мумкин. Телеканалда мусиқа турли ёшдаги аудитория қизиқишларига жавоб беради ва мос келади. Йўналиш кенг: мумтоз мусиқадан тортиб, сўнгги music-трендларгача. "Mening yurtim” бир ойда мингта ижтимоий рекламани эфирга берувчи ягона телеузатувчи бўлади. Шунингдек, "Бунёдкор” ёшлар телеклуби томонидан "Камолот-NEWS”, "Бизнес-тренинг” ҳамда "Камолот”да меҳмонда” лойиҳалари ҳам тақдим этилади.

Айни кунларда тақдимот ролиги ҳамда мусиқий блокни ўзида жамлаган техник эфир дастурлари 29-рақамли канал орқали эфирга узатилмоқда. У Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилоятини қамраб олади. "Mening yurtim” маъмурияти пойтахтимиздаги Ёшлар ижод марказида жойлашган бўлиб, яқин кунларда контентни яратиш бўйича қатор тадбирларни ўтказишни режалаштирган. Ўз навбатида ушбу телемаҳсулотлар декабр ойида Ўзбекистон Республикаси Конститутцияси куни арафасида бошланиши мўлжалланаётган тўлиқ эфир вақтида намойиш этилади.

Яндекс.Метрика