У нас есть только
оригинальные песни

Омад сари етакловчи 9 одат

calendar 30.12.2015
3415

Дунёда ҳар бир нарсанинг ўз қонунияти, ёзилган-ёзилмаган қоидалари бўлади.  Бахт, руҳий ва жисмоний куч муваффақиятга эришишнинг асосий тамойилларидан ҳисобланади.  Омадли бўлиш қийин, деб қўл қовуштириб ўтириш ақлли кишиларнинг иши эмас.

Бугун эътиборингизга ҳавола этаётганимиз - муваффаққиятга эришишнинг айрим қоидалари ҳаётингизда ижобий ўзгаришлар ясайди, деган умиддамиз.

 

Эрта уйғонинг!

Барча муваффақиятли инсонлар – эрта уйғонувчи “қуш”лардир. Эрта уйғонишда ҳикмат кўп. Тонг уйғоқ кишига тетиклик ва илҳом бағишлайди. Ётоғида тонг оттирмайдиган, тонг отиб-отмай бугунга мўлжаллаган ишларини режалаштирадиган одамларнинг иши унумли бўлади. Эртадан бошлаб сиз ҳам барвақт уйғонишга ҳаракат қилинг. Орадан бироз вақт ўтиб ҳар куни эрта уйғонишга одатланасиз. Албатта, бу ишларингизга ҳам, руҳий ва жисмоний ҳолатингизга ҳам ижобий таъсир этмай қолмайди.

 

Ўқиш-ўрганишдан тўхтаманг!

Кунда ҳеч бўлмаганда телевизор ёки компьютер олдида ўтказадиган вақтингизнинг бир соатини қизиқарли ҳамда фойдали китоб ўқишга сарфласангиз, сиз ақлли инсонлар қаторида экансиз. Бу машғулот сизга маънавий озуқа, миянгизга дам бериш билан бирга тафаккурингизни ўткир қилади, дунёқарашингиз кенгаяди. Атрофингизда рўй бераётган воқеаларга теран нигоҳ  ташлайсиз. Дўст ва яқинларингиз учун сиз билан мулоқотда бўлиш қизиқарли бўлади. Бу эса шубҳасиз сизни ҳурмат қилишларига сабаб бўлади.

 

Ортиқча нарсалардан халос бўлинг!

Вақт-вақти билан ҳаётингизда, туйғуларингиз ва миянгизда “тозалаш” ишларини амалга оширинг. Дейлик, қачондир ким биландир тортишгансиз, зиддиятга боргансиз. Буни юрагингизда кўтариб юришнинг кераги йўқ. Муваффақиятга эришишингиз учун халақит берадиган нимаики бўлса ҳаммасини миянгиздан ва қалбингиздан ўчириб ташланг. Ўтмишдаги хатоларингиз билан яшаманг. Ҳаётда омад ва бахтга эришиш учун ёқимсиз хотиралар ўрнини ёрқин орзулар билан тўлдиринг!

 

Ҳаётингиз сокин бўлсин!

Муттасил стресс ва тартибсизлик муваффақиятсизликка олиб боради. Ҳаётдан завқланиб яшаш, оптимистик қарашлар омадга эришишга ёрдам беради. Ҳаёт шовқинларидан бир зум тин олинг. Ички овозингизни эшитинг, нима хоҳлайсиз, нима қилсангиз хотиржам тортасиз? Бу саволларга жавоб топган онингиздаёқ уларни амалда бажаринг. Шошқалоқлик одамга панд беради, аммо ғафлат ҳам яхшилик аломати эмас. Ҳаётда меъёрга амал қилишни унутманг.

 

Жисмоний фаоллик

Мунтазам жисмоний фаоллик соғлик гаровидир. Албатта муваффақиятга эришиш учун саломатлик муҳим ҳисобланади. Спорт машғулотларига қатнашиш одатингизга айлансин. Хоҳланг, спорт залларига боринг, хоҳланг, ҳар куни уйингизда бир соат мобайнида жисмоний машқлар билан шуғулланинг ёки рақсга тушинг. Ҳаракат – ҳаёт дегани. Жисмоний фаоллик ўз-ўзидан кайфиятингизни яхшилайди. Яхши кайфиятда бажарилган ишлар эса албатта омад ва муваффақият олиб келади.

 

Ҳар куни тажриба тўпланг

Инсон қанча кўп ҳаётий тажрибага эга бўлса шунча кўп омадли бўлади. Ҳар кун, ҳар дақиқадан ибрат олинг. Тажрибангиз ортгани сари имкониятларингизни баҳолай оласиз. Бу эса шахсий ҳаёт ва ишда муваффақият қозонишингизга ёрдам беради.

 

Ёқимли муҳит

Ҳаётда бахтли инсон, муваффақиятли  ишбилармон бўлиш учун ўзингизга ёқимли муҳит яратиб олинг. Асабингизни бузадиган, тинмай нолийдиган, пессимист, ҳаётдан норози инсонлар билан мулоқотда бўлмасликка ҳаракат қилинг. Атрофингизда ўзингизга нисбатан ақлий салоҳияти юксак, кўпни кўрган, кўпроқ муваффақиятларга эришган кишиларни тўпланг. Уларнинг ҳаёт тажрибаларини ўзлаштиринг, маслаҳатларига қулоқ тутинг. Унутманг, инсон маънавий даражаси ўзидан баланд бўлган кишилар билан мулоқот қилгани сари юксалади, кўпроқ нарсаларни ўрганади. Ўрганиш, изланиш эса шубҳасиз омад калитидир.

 

Унутилмас воқеаларни қайд этиб боринг

Агар сиз ўзингиз билан боғлиқ унутилмас, қизиқарли ва яхши ҳолатларни қайд қилиб бориш учун дафтар тутсангиз, кейинчалик бу сизнинг одатингизга айланади. Бу ҳолат сизга ўзингиздан қониқиш ҳиссини бағишлайди. Сизга берилган қобилият ва имкониятлар учун ҳамиша шукур қилинг. Ўзингизга ёрдами теккан яқинларингиз, дўст, ҳамкасбларингизга тез-тез миннатдорчилик билдиринг. Шукур қилганингиз сари ҳолатингиз яхшиланаверади. Шукроналик, миннатдорчилик омад рекордларингизни янгиланиши учун қулай имкониятлар туҳфа этади. Мўъжизаларни узоқдан кутманг, ўзингиз яратиб қўя қолинг! Ахир улар шундоқ ёнгинангизда-ку!

 

Изланишдан тўхтаманг!

Эдисон ўн мингта омадсиз тажрибадан сўнг электр лампочкани ихтиро қилишга муваффақ бўлди.  Уолт Диснейнинг лойиҳаси 303та банкдан ўтмаганди. Мақсади йўлида жаҳд билан ҳаракат қилган Дисней номини бугун билмайдиган одамнинг ўзи деярли йўқ. Жек Кенфилд ва Марк Хансенларнинг “Қалб учун товуқ шўрва” китоби дунё миқёсида бестселлер асар ҳисобланишини биласизми? Айнан шу китоб бир пайтлар 134 ношир томонидан рад этилганини-чи? Шундай экан, муваффақият қозонишингизга ишонинг! Орзуларингиз амалга ошишини истасангиз изланишдан тўхтаманг ва бир жойда ўтириб қолманг!

Аслида, ёруғ дунёда яшаётганимиз, қўл-оёғимиз бутун, соғ-саломатлигимиз, оиламиз борлиги, ота-она, жигарларимиз, фарзандларимиз омонлиги, касб-коримиз ортидан ризқ-насибамиз етиб турганининг ўзи —катта омад. Ана шу неъматларга шукур қилсак, ўзимизда бор нарсаларни қадрласак, омад ва муваффақият бизни ҳеч қачон тарк этмайди!

Яндекс.Метрика