У нас есть только
оригинальные песни

ҚОМАТНИ РАСО ҚИЛУВЧИ 15 ДАҚИҚАЛИК 15 ТАВСИЯ

calendar 06.10.2016
2186

15 дақиқа бўш вақт пайдо бўлди, хўш уни қандай сарфлаймиз? Севимли сериалимизни ўтказиб юбормаслик учун кераксиз рекламани томоша қилиш, ярим соатлаб телефонда беҳуда гап сотиш ёки ижтимоий тармоқларда кимларнингдир суратларига “like” босишга кетказилган вақтимизни ҳеч қачон беҳуда сарфладик деб ҳисобламаймиз. Аммо мана шу дақиқалардан қоматимиз гўзаллиги учун фойдалансак ҳам бўларди-ку... Келинг,  бефойда одатларимизни қоматимизга нафи тегадиганларига ўзгартирамиз.

1. Сакроғич мушкулингизни осон қилади.

Кунига 15 дақиқа сакроғичда сакрасангиз, 145 килокаллориядан халос бўласиз. Астойдил ҳаракат қилсангиз, 15 кунда нақд 2 килограмм ёғдан халос бўлишингиз мумкин.

2. Иккитаси бирда.

Рақсга тушишни ёқтирмайдиган инсон бўлмаса керак. Ҳам севимли, ҳам фойдали машғулотингизни ҳар куни бажаришга нима дейсиз? Айниқса, 15 дақиқа фаол рақс 130 ккал.дан халос этишини билганингиздан кейин, бу машғулотга муносабатингиз ўзгариши турган гап. Аммо ортиқча вақтим йўқ, деб баҳона қила кўрманг. “Каловини топсанг, қор ҳам ёнади”. Масалан, таом тайёрлай туриб ҳам рақсга тушса бўлади-ку.

3. Эринчоқлик қилманг.

Ҳар қандай уй юмушини ҳам ортиқча сантиметрлардан халос қилувчи машғулотга айлантириш мумкин. Масалан, 15 дақиқа тинмай энгашиб пол артсангиз 56 ккал. дан халос бўласиз. Худди шунча муддат қўлда кир ювиш ҳам 64 ккал.дан қутулишга ёрдам беради.

4. Тез юришга тобингиз қалай?

15 дақиқа жадал тезликда юриш  билан 111 ккал.ни йўқотиш имконини қўлдан бой берманг!

5. Реклама танаффуси мобайнида 75 ккал.дан халос бўлишга нима дейсиз?

Севимли сериалингиз орасидаги реклама танаффуслари вақтида қориндаги ёғлардан воз кечинг. Бунинг учун туриб, юриш, оила аъзоларингиз олдида ҳижолат қилиши мумкин бўлган ҳаракатларни амалга ошириш шарт эмас. Шунчаки, бурун орқали қорнингизни тўлдириб нафас олинг, 10 сония ушлаб туринг ва оғиз орқали чиқаринг. Бу машқ қорин мушакларни ҳаркатлантиради, танани кислород билан таъминлайди ва ортиқча 75 ккал.дан халос этади.

6. Юқори қаватда яшайман дейсизми?

Ахир бу ажойиб-ку! Бу ҳолатдан унумли фойдаланиб қолмасангиз чиндан ҳам танбал экансиз! Кунига 15 дақиқа зинадан чиқиб тушсангиз 113 ккал.лар сизни тарк этишини биласизми?

7. Хипча бел бўламиз!

Бел ва бўкса соҳасида ортиқча сантиметрлардан эса чамбарак (обруч) ёрдамида халос бўлиш мумкин. Кунига атиги 15 дақиқа айлантириб 115 ккал.дан холи бўлишга тобингиз қалай?

8. Бозорга борамиз!

Аёлларнинг энг севимли машғулотини фойдалига айлантириш имкони бор! Замон шунчалик ривожланиб боряптики, бозорга боришнинг ҳожати қолмагандек. Негаки,  керакли буюмларни ишхонага келтириб сотишади ёки интернет орқали буюртма қилиб қўя қоламиз. Аммо бир соатгина вақтингизни дўкон айланишга сарфласангиз ҳам 250 ккал.дан халос бўласиз, ҳам танлаш имкониятингиз кенглигини кўриб руҳингиз тетиклашади. 

9. Таомномангизни ўзгартиринг.

Агар, овқатланиш тартибини ўзгартирмай, фақат машқлар орқали сезиларли натижага эришиш мумкин, деб ўйласангиз хато қиласиз. Таомномангизга оқсилга бой маҳсулотларни киритинг. Масалан, нонуштага сули ёрмасидан тайёрланган бўтқа ёки қайнатилган тухум тановул қилишга одатланинг. 

10. Ҳар бир воситадан унумли фойдаланинг.

Шу жумладан қўл телефонингиздан ҳам! Бугунги кунда қўл телефонлари учун озишда ёрдам берувчи дастурлар бисёр. Ана шулардан бирини кўчириб олиб, кундалик истеъмол қилган таомларингизни ёзиб боринг. Организм очлик туфайли стрессга тушиб қолмаслиги учун белгиланган меъёр —  250 ккал.дан камроқ таом истеъмол қилсангиз, бир ойда 1 килограммгача ортиқча вазндан қутилишингиз мумкин.

11. Сайр қилишга одатланинг.

Биринчидан, бу жисмоний машқ эмас, ўзингизни мажбурлаб бажаришга хожат йўқ. Иккинчидан, шиддатли машқлардан кейин қорин тез очади, сайр қилганимизда эса очлик ҳисси безовта қилмайди. Натижада ҳам каллорияларимизни кетказамиз, ҳам камроқ таом тановул қиламиз.

12. Моддалар алмашинувини жадаллаштирувчи 15 маҳсулотни таомномангизга киритинг.

Цитрус мевалар, кўк чой, сут ва сут маҳсулотлари, бодом, ёғсиз товуқ гўшти, олма, исмалоқ, қизил ловия, карам, гулкарам, сули ёрмаси, аччиқ қалампир, помидор, саримсоқ, кўкатлар, денгиз маҳсулотлари (хеч бўлмаганда, денгиз карамидан тайёрланган салат) албатта дастурхонингизда бўлсин.

13. Контраст душ қабул қилинг.

Бу амалиёт ҳам моддалар алмашинувини яхшилайди. Иссиқ ва совуқ сув таъсирида қон айланиши тезлашади, натижада ички аъзоларга фойдали моддалар тезроқ етиб боради. Қувонарлиси, ортиқча ёғлар танани тезроқ тарк этади.

14. Овқатдан аввал бир пиёла илиқ сув ичинг.

Буни қарангки, бир дона ёғ молекуласини эритиш учун тўртта сув молекуласи керак бўлар экан. Агар организмга сув етишмаса, ёғларнинг эриш жараёни секинлашади. Сув эса қоринни тўқ тутиб, меъёрдан ортиқ таом истеъмол қилишнинг олдини олади. Аммо бу сув газланмаган бўлиши лозим. Кўпчилик яхши кўрадиган газли сув тиш эмалини емириб, қоринни дам қилади, ошқозон-ичак тизими фаолиятининг издан чиқишига сабаб бўлади. Озишни истасангиз, газли сувдан воз кечинг.

15. Мириқиб кулинг.

Олимлар киши 15 дақиқа мириқиб кулса, 50 килокалориядан халос бўлишини таъкидлашмоқда. Кундалик кулгу терапияси 1 ойда 0,5 килограммдан халос этиши мумкин. Кунига биттадан комедик фильм ёки кўрсатув томоша қилганингизда бир километрлик масофага сайр қилгандек бўласиз. 

Яндекс.Метрика