У нас есть только
оригинальные песни

Ozodbek Nazarbekov konsertidan reportaj

calendar 11.04.2016
1096

10 апрель куни Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековнинг концерт кунларига старт берилди. Сайт мухбири концертга бориб, жараён билан танишди.

Зал доимгидек томошабинлар билан тўлган. Концерт соат 19:14да бошланди. Бошловчилик вазифасини хонанданинг ўзи зиммасига олди. Концерт давомида 22та турли мавзудаги қўшиқлар жонли ижрода янгради. Уларнинг орасида томошабинлар сўровига биноан киритилган эски қўшиқлар ҳам бор эди.

"Кетса кетар", "Чиройлигим", "Кел, эй дилбар", "Атиргулим", "Садарайҳон", "Сени топдим", "Севинг", "Самарқандча куйлагим келди" каби қўшиқлар мухлислар томонидан илиқ кутиб олинди.

Учта қўшиққа алоҳида тўхталиб ўтишни жоиз деб топдик, булар - "Ало, Она", "Қарокўз" ва албатта "Жиги-жиги". Буни мухлисларнинг давомли олиқишларидан сезиб олиш қийин эмасди.

"Ало, Она" қўшиғи чет элларга пул топиш мақсадида кетган ёшлар мавзусига бағишланган бўлиб, Озодбек Назарбеков бунга сурхондарёлик мухлиси сабаб бўлганини айтиб ўтди. Қўшиқ сўзлари жуда таъсирчан, муаллиф Ботир Эргашев унинг муваффақият қозонишига умид билдирди.

Яна бир диққатга сазовор тарона шоир Нодир Азимов сўзи ва бастакор Дилмурод Маткаримов ҳамкорлиги натижасида яратилган "Қарокўзим" қўшиғидир. Бу қўшиқ бошланишидан илгари қисқа саҳна кўриниши намойиш этилди: унда ҳозирги ёшларнинг оила масаласига жиддий ёндашмасликлари натижасида ўртада сарсон бўлаётган фарзандлар, яъни қарокўзлар масаласи кўтарилган.

"Айрилмоқлик бу замонда бўлди осон...кимга азоб, бўлди армон қарокўзга" каби мисралар тингловчиларни бефарқ қолдирмади, қўшиқ гулдурос қарсаклар билан кутиб олинди.

Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, ўтган сафарги концертида Бобур ижодига мурожаат қилган санъаткор, бу гал Лутфий ғазалларини куйга солди. Улардан бири "Жиги-жиги" қўшиғи бўлиб, Озодбек Назарбеков танқидий фикрларга жавоб тариқасида унга изоҳ бериб ўтди.

У қўшиқдаги "жиги-жиги" сўзи қадимда севимли ёрни эркалаб чақирувчи сўз бўлганини  таъкидлади.

Хонанда концертда марҳум устози Муҳриддин Холиқовнинг "Ўшал сенму, Наргиз" қўшиғини ижро этди.

Концертда сўз устаси Аваз Охун қатнашиб, томошабинлар кайфиятини кўтарди. Концертда дуэт тароналар янграмади.

Саҳна ортида хонандани Наргиз Тошматова бошчилигидаги "Зиннура" фан-клуби аъзолари ва ўғли Жаъфар қўллаб-қувватлаб турди.

Яндекс.Метрика